Print this page

Мақолалар

Хиёнат туфайли ажрашаётганлар ёхуд ота-оналик масъулиятига хиёнат қилманг

Ваҳший ҳайвонлар туркумига кирувчи бўриларнинг ўз оиласига вафодорлиги ҳақида жуда кўп маротаба эшитганмиз, бадиий асарларда ўқиганмиз. Бўрилар битта бегона урғочи билан жуфтлашиб, умр бўйи ўша билан яшайди, жуфтига асло хиёнат қилмайди. Шунингдек, урғочиси ҳам бир умр ўша жуфти билан яшайди. Улар ўз болаларини танийдилар. Улар бир она ва бир отадан дунёга келадилар.

Ҳайвонлар ичида фақат бўригина ота-онасига ғамхўрлик қилади. Уларни ўз инида қолдириб, ов қилиб боқади, парваришлайди.

Лев Толстойнинг “Бўри болаларини қандай ўргатади?” номли асарида ҳам она бўрининг ўз боласи олдидаги масъулияти ҳақида ҳикоя қилинади. Она бўри ёш боласига ов қилиш тартибини ўргатиши, хавф туғилганида уни қандай ҳимоя қилиши акс этган эпизодни ўқиган китобхоннинг хаёлида меҳрибон, жасоратли, қатъиятли она тимсоли гавдаланиши табиий.

Биз инсонмизку?! Нима учун айрим ота-оналарда оиласи, фарзандларига нисбатан мана шу бўриларчалик масъулият етишмайди?

ХИЁНАТЛИ УЙДАН ФАЙЗ ҚОЧАДИ

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг Оилавий, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида 36 минг 456 та оилавий ажрим қайд этилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврида 29 минг 98тани ташкил этган бўлиб, 7 минг 358та (20 фоиз)га ошган.

Республика бўйича қайд этилган умумий 36 минг 456 та ажримнинг 9 минг 967 таси ёки 18 фоизи ўттиз ёшга тўлмаган оилалар ҳиссасига тўғри келади. 

Никоҳдан ажралиш сабаблари ўрганилганда характери тўғри келмаганлиги – 14 минг 127та ёки 39 фоиз, хиёнат – 1 минг 72та ёки 3 фоизни ташкил этган.

Халқимизда хиёнатли уйдан файз қочади, деган қараш бор. Бу сўзни эшитиш илгари одамлар учун уят саналган. Оила шаънини асраш учун эркак ҳам, аёл ҳам тўғри йўлдан юришга ҳаракат қилган. Бугунги кунга келиб эса... Афсуски орамизда хиёнат сабаб ажрашаётган ва бундан заррача уялмаётган ота-оналар бор. Хўш, бунга сабаб нимада?

– Хиёнат одамнинг шахсий тарбияси билан боғлиқ масала, деб ўйлайман, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. – Болаларга ёшлигидан ҳаром ва ҳалоллик ўргатилса, нотўғри йўлларда юришнинг оқибати ёмон бўлиши тушунтирилса, оилада хиёнатлар бўлмайди.

ЖУФТ ТАНЛАШДА ШОШМА-ШОШАРЛИК ҚИЛМАНГ

Оила қураётганда икки ёш ҳар томонлама бир-бирини ўрганиши, қарашлари билан ўртоқлашиши, бирор муаммони бартараф этиш йўлида фикрлашиши керак. Шошма-шошарлик, отамга, онамга ёқди бўлди, деган қарашлар билан оила қуриш, ёқмаса ажрашиб кетиш бу жуда катта хатоликдир.

АҚЛЛИ ОДАМЛАР АЖРАЛИШГА САБАБ ИЗЛАМАЙДИ, УНИ БАРТАРАФ ЭТАДИ

Кўпинча биз жанжалкаш, тажанг аёлларга нисбатан эри хиёнат қилади, деб ўйлаймиз. Аммо мулойим, одобли, ўқимишли аёлларга ҳам ўз эркаги томонидан хиёнат қилинаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Аёллар томонидан хиёнат қилинишига эса уларга эркаклар томонидан эътиборнинг камлиги, хоҳиш-истаклар инобатга олинмаганлигини рўкач қилиб айтамиз. Буларнинг ҳеч бири ажрашишга асосий сабаб бўла олмайди.

ҲАР БИР БОЛА ОТА-ОНАСИ БИЛАН ЯШАШГА ҲАҚЛИ

Охирги пайтда хиёнатларнинг кўпаяётгани катталарнинг ёшларга, оилага бўлган муносабати билан боғлиқ. Ёшлар ажрашиб, бошқаси билан оила қураман, деганида катталар ҳам қўллаб-қувватламасликлари керак. Тўғри, оила қуриш шахсий масала, аммо танганинг иккинчи тарафида фарзандлар олдидаги масъулият, бурчни бажариш деган тушунчалар туради. Айрим ота-оналарга мана шу вазифаларни бажариш оғир туюлади. Натижада осонгина ажралиш йўлини танлашади.

Ажрашгач аёл ҳам, эркак ҳам ўз йўлини топиб кетиши мумкин. Лекин боланинг тақдири нима бўлади? Ҳар бир бола ота-онаси билан яшашга ҳақли. Уларни бу ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Оилада эркак ва аёлнинг битта мажбурияти бор: ота-оналик масъулияти. Мана шунга хиёнат қилмаслик керак.

Оилавий қадриятлар, меҳр-оқибат, ота-оналик масъулияти, жамият олдидаги бурч, булар ҳаммаси болага ёшликдан сингдирилиб борилиши керак бўлган тушунчалар. Ёшлар бундай тушунчаларни қаердан ўрганади?  Оилада ота-онасида, бобою бувисидан, мактабларда эса тарбия дарслари орқали ўрганишади. 

Агар мактабларда ёшларга тарбия дарсларини ҳақиқий мутахассис ўтадиган бўлса, оила борасидаги муаммоларга бироз бўлсада ечим топилади. Чунки буларнинг барчаси тарбия билан боғлиқ масалалар.

Нигора Раҳмонова, ЎзА

Read 2146 times