Print this page

Мақолалар

Масжиди Набавийда жойлашган дунёдаги энг қадимий минора

Пайғамбар алайҳиссалом масжидининг жануби-ғарбий қисмида минораларнинг энг қадимийси мавжуд бўлиб, тарихчилар «Марвоний» минораси деб атайдиган бу иншоот “Бобус Салом” деб ҳам номланади. Чунки пастки қисми квадрат, юқориси конус шаклига эга минора 740 йилдан буён Салом дарвозаси ёнида қад растлаб турибди.

Дунёдаги энг қадимий минора тарихан қурилиш ва бузилиш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш босқичларидан ўтган.

Боби Салом минораси халифа Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ даврида қурилган, кейин халифа Валид ибн Абдулмалик даврида Масжиди Набавийнинг қолган учта бурчагига ҳам минора қурилиб, Боби Салом минораси бошқаларига нисбатан  катталаштирилди.

Мана шу жануби-ғарбий минора “Марвоний номини олди, чунки у Марвон ибн Ҳакам, яъни Бани Умайя хонадонига туташ эди. Умавийлар сулоласи ҳукмронлиги тугагач, уларнинг уйи бузиб ташланди. Шу билан бирга халифа Сулаймон ибн Абдулмалик минорани ҳам бузишни буюрди ва Пайғамбар алайҳиссалом масжидида учта, жануби-шарқий, шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий томонида миноралар қолди.

Салом минораси бир неча аср ўтгач, яна 706 ҳижрий, 1306 мелодий йилда Мамлук султони Носир Муҳаммад ибн Қалавун даврида қайта қурилди.

Масжиди Набавийга “Боби Салом” дарвозаси орқали киришда, ўнг томонда жойлашган кичик эшик мазкур минора эшигидир.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари 

кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

Read 1128 times