muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Латвияда рус тилида нашр этиладиган «Freecity» журналида «Туризм Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон ўз иқтисодиётида туризмга алоҳида ўрин ажратаётгани қайд этилган. «Сайёҳлик бу йил пандемиядан тикланмоқда, дейилади мақолада. – 2022 йил сентябрь ойига келиб Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 2021 йилга нисбатан уч баравар кўпайди. Йил бошидан буён сайёҳлик экспорти ҳажми 926 миллион долларни ташкил этди. Хорижий сайёҳларнинг қолиш муддати ўртача 4-5 кунга, харажатлари эса 305 долларгача ошди. Маҳаллий сайёҳлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 3,5 баробарга ортиб, 7,5 миллион кишига етди».
Мақолада Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик маркази ташкил этилгани маълум қилинган. Ушбу кўп функцияли марказ 8 та замонавий меҳмонхона, конгресс-холл, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотларни ўз ичига олади.
Материалда кайд этилганидек, Ўзбекистон туризмининг яна бир истиқболли йўналиши бу зиёрат туризмидир. Ўзбекистонда 1,2 мингдан ортиқ зиёратгоҳ бор. Агар бу имкониятдан тўлиқ фойдаланилса йилига камида 1 миллион сайёҳни жалб қилиш мумкин.
«Умуман олганда, келгуси йили 7 миллион хорижий ва 12 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, сайёҳлик хизматлари экспортини 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд», деб ёзади «Freecity».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот маркази

2023 йил 4 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган хатолар, фуқаролар мурожаатини тинглашдаги камчиликлар, аҳоли билан ишлашдаги муаммолар ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлашдаги оқсоқликлар таҳлил қилинди.

Шунингдек, пойтахтдаги бир нечта туман бош имом-хатиби ва марказий масжид имом-хатиби вазифалари вакант бўлиб тургани оқибатида келиб тушаётган шикоятларга ҳам мажлисда урғу қаратилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов ўз аризасига биноан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасидан озод этилиб, “Абу Сахий” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 04 Январь 2023 00:00

Ихтилофчиларнинг иш услуби

Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда, ихтилофни қўзиган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорлангандан кейин, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз нотўғри иш қилаётган эканмиз деб, ихтилофчига ергашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» дейди ва ҳоказо. Охири, одамлар орасида катта нохушлик содир бўлади.

 

Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрлаётган бўлади. Югурдаклар эса, ўзларига айтилган, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, башаралари кўпчилик ичида намоён бўлмоқда.

 

Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобни олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи ёзилган ва давомида: «Аммо бу гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!

 

Кейинчалик, маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзғаш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмоқда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда. Биз «ихтилофчилар» ва «Бемазҳаблар» деб атаётган мухолифларимиз кимлар?

 

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ. “Ихтилофлар сабаблар ечимлар" китобидан

2023 йил 4 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий ҳайъат аъзолари, Диний идора раҳбарияти, уламолар, мутахассислар ва мударрислар иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бошқа ишга ўтганлиги сабабли, унинг ўрнига Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов раис ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган раиснинг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига Тошкент ислом институти ректори вазифасида ишлаган Уйғун домла Ғофуров тайинланди.

Ушбу институт ректори лавозимига эса Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедраси мудири, доктор, профессор, Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим тайинланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top