Версия для печати

Кутубхона

Эътиқод дурдоналари: ХОТАМУЛ АНБИЁНИНГ СИФАТЛАРИ

Хотамул анбиё ҳақида эътиқодимиз

24 - وَخَتْمُ الرُّسْلِ بِالصَّدْرِ الْمُعَلَّى     نَبِيٍّ هَاشِمِيٍّ ذِي جَمَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Пайғамбарларнинг сўнгиси “содру муалло” бўлган гўзаллик соҳиби Ҳошимий Набийдир.

 

Назмий баёни:

“Содру муалло”дир хотамуннабий,

Жисмию хулқи гўзал расул Ҳошимий.

 

Луғатлар изоҳи:

خَتْمُ – мубтадо, музоф. Луғатда фориғ бўлинган ишга нисбатан мажозан ишлатилади.

الرُّسْلِ – музофун илайҳ. Бу калима الرَّسُولِ нинг кўплик шакли бўлиб, аслида, الرُّسُلِ бўлган. Назм заруратига кўра мазкур шаклда келтирилган.

بِالصَّدْرِ – жор мажрур маҳзуф كَانَ феълига мутааллиқ. Содр калимаси бирор қавмнинг энг афзал кишисига нисбатан мажозан ишлатилган. 

الْمُعَلَّى – луғатда “юксак мақомга кўтарилган” маъносига тўғри келади.

نَبِيٍّ – “бадал” бўлгани учун мажрур бўлиб турибди. Шунингдек, бу калимани хабар қилиб раф ўқиш ҳам жоиз бўлади. 

هَاشِمِيٍّ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Ҳошимга нисбат бериб айтилган.

 ذِي – “соҳиб” маъносини англатувчи “асмаи ситта”дан бири. نَبِيٍّ га сифат бўлгани учун жор бўлиб турибди. Баъзи нусхаларда ذُو келган. Бунда икки хил таркиб жоиз бўлади:

–  ذُو маҳзуф мубтадонинг хабари;

  • نَبِيٌّ хабар, ذُو унинг иккинчи сифати. 

جَمَالِ – музофун илайҳ. Розиликка ва лутф кўрсатишга тааллуқли бўлган сифатлар жамолий сифатлар дейилади.

 

Матн шарҳи:

Кўкс шарафли аъзо бўлгани ва Расулуллоҳ алайҳиссалом Қуръонда ҳам шу аъзо билан хосланганлари учун уни истиора[1] қилиб келтирилган. Қуръони каримда у зотга шундай дейилган:

﴿أَلَمۡ نَشۡرَحۡ لَكَ صَدۡرَكَ١

“(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?![2]

Шунингдек, “кўкс” дея таржима қилинган “содр” калимаси, “олд”, “ҳурматли мақом” каби маъноларда ҳам қўлланади. Шу маънода ушбу байт: “Пайғамбарлар сўнгиси, энг олдин яратилган зотдир” ёки “Пайғамбарлар сўнгиси, ҳурматли мақомдаги зотдир” каби маъноларни ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳурматли мақомда эканликлари ҳамда энг аввал яратилган пайғамбар эканликлари хабарларда келган.  

 عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ شَقِيقٍ أَنَّ رَجُلاً سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَتَى كُنْتَ نَبِيًّا قَالَ  كُنْتُ نَبِيًّا وَآدَمُ بَيْنَ الرُّوحِ وَالْجَسَدِ.  رَوَاهُ اِبْنُ اَبِى شَيْبَةَ

Абдуллоҳ ибн Шақийқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қачон набий бўлгансиз”, – деб сўради. У зот: “Мен набий бўлганимда Одам руҳ билан жасад орасида эди”, – дедилар”Ибн Абу Шайба ривоят қилган. 

Шарҳ: “Аллоҳ таоло Одам болаларининг жисмларини яратишидан олдин улардан аҳд олганини хабар бергани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳам у зотнинг руҳ ҳолатларида, инсонларнинг жисмлари яратилишидан олдин бўлганини хабар берган”[3].

 

Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириш тушунчаси

Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириш деганда қуйидагилар тушунилади:

  1. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг набийси, расули, ва танлаб олган бандасидирлар;
  2. Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон ва суннатда баён қилинганидек пайғамбарларнинг сўнгисидирлар:

﴿مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَآ أَحَدٖ مِّن رِّجَالِكُمۡ وَلَٰكِن رَّسُولَ ٱللَّهِ وَخَاتَمَ ٱلنَّبِيِّ‍ۧنَۗ وَكَانَ ٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٗا٤٠

“Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир”[4].     

  1. Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин пайғамбарлик даъвосини қилган ҳар қандай кимса ёлғончидир.

عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَقُومُ السّاعَةُ حَتّى تَلْحَقَ قَبَائِلُ مِنْ أُمّتِي باِلْمُشْرِكِينَ وَحَتّى يَعْبُدُوا الأَوْثَانَ وَإِنّهُ سَيَكُونُ فِي أُمَّتِي ثَلاَثُونَ كَذّابُونَ كُلُّهُمْ يَزْعُمُ أَنّهُ نَبِيٌّ وَأَنَا خَاتَمُ النّبِيّينَ لَا نَبِيّ بَعْدِي.   رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ 

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан бир қабилалар то мушрикларга эргашмагунларигача қиёмат қоим бўлмайди, улар ҳатто бутларга ибодат қиладилар. Келажакда умматимда ўттизта ўта ёлғончилар бўлади, уларнинг ҳар бири ўзини пайғамбар деб ҳисоблайди, ваҳоланки мен пайғамбарларнинг сўнгисиман, мендан кейин бирор пайғамбар йўқдир”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.    

  1. Муҳаммад алайҳиссалом яхши кўриладиган ва эргашиладиган инсонларнинг энг улуғидирлар:

﴿قُلۡ إِن كُنتُمۡ تُحِبُّونَ ٱللَّهَ فَٱتَّبِعُونِي يُحۡبِبۡكُمُ ٱللَّهُ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡ ذُنُوبَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٞ٣١

“Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”[5]

Қуръони каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтишга қуйидагича буйруқ келган:

﴿إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰٓئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّۚ يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا٥٦

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг”[6].

Уламолар умр давомида бир марта салавот ва салом айтиш фарзлиги ушбу оят билан собит бўлганини, аммо у зотнинг номлари зикр қилинган пайтда, ё ҳар бир мажлисда, ё ададга чекламасдан доимий равишда салавот ва салом айтиб юриш зарурлиги ҳадислар билан собит бўлганини айтганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг, фаришталарнинг ва одамларнинг салавот айтишлари қуйидаги маъноларга далолат қилади:

– Аллоҳнинг салавот айтиши – у зотга раҳмат юбориши.

– Фаришталарнинг салавот айтиши – у зот учун истиғфор айтишлари.

– Одамларнинг салавот айтиши – у зотнинг ҳақларига дуо қилишлари.  

Ташаҳҳудда, хутбада, жаноза намозида, азондан кейин, дуо қилаётган пайтда ва ҳоказо кўплаб ибодатларда салавот айтиш жорий қилингани салавотнинг аҳамияти нақадар улуғлигига далолат қилади.

 

 

Жисми ва хулқи гўзал Ҳошимий Набий

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ байтнинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Жисмию хулқи гўзал расул Ҳошимий”, маъносида таърифлаган. Ҳошимий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота тарафдан боболари Ҳошимга нисбатдир. Чунки Ҳошимийлар Қурайш қабилалари ичида энг афзал уруғ бўлган.  Тарих китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи қиёфалари ва хулқ-атворлари тўғрисидаги ривоятлар батафсил келтирилган. Ўша хабарларда у зоти бобаракотнинг том маънода комил инсон бўлганликлари, жисмларининг мукаммаллиги-ю, хулқларининг гўзаллиги билан бошқа инсонлардан кескин ажралиб турганлари баён қилинган.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу у зоти бобаракотни шундай хотирлаган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра гўзалроқ кишини кўрмаганман. Гўё юзларида қуёш балқиб тургандек бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра илдам юрадиган кишини кўрмаганман, гўё ер масофаси у зот оёқлари остида ўралиб, қисқариб кетаётганга ўхшарди, у зотнинг бемалол эркин одим ташлаб юришларига етишиб юриш учун, бизлар жидду-жаҳд билан тез юриб ҳам ортда қолиб кетардик”.

Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан хурсанд бўлсалар, юзларидан худди ой парчаси каби нур таралиб кетарди”.

У зотнинг хулқлари қандай бўлганини Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб қўйган:

﴿وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ٤

“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”[7].      

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари илм бўлган, ҳалимлик бўлган, ҳаё бўлган, ибодат бўлган, сахийлик бўлган, сабр бўлган, шукр бўлган, тавозеъ бўлган, зуҳд бўлган, раҳмат бўлган, шафқат бўлган, гўзал муомала бўлган, намунавий одоб бўлган ва булардан бошқа комил инсон учун лозим бўлган қандай олий хислатлар бўлса, уларнинг барчаси у зотда мужассам бўлган. Зеро, оламларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбар булардан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. 

﴿وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ١٠٧

(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”[8].        

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат мусулмонларгагина эмас, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилганлар. Бу зот олиб келган таълимотлар жамодот оламига ҳам, яъни тоғу тошлар ва сувлар каби оламларга ҳам, наботот оламига ҳам, ҳайвонот оламига ҳам, инсоният оламига ҳам ва агар яна булардан бошқа оламлар мавжуд бўлса, уларнинг барча-барчасига ҳам Аллоҳ таоло томонидан ҳадя қилиб берилган раҳматдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу ҳақда шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ إِنَّمَا أَنَا رَحْمَةٌ مُهْدَاةٌ.  رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен ҳадя қилинган раҳматман”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг оламларга юборган ҳадясидир. Бу ҳадяни қабул қилганларга дунёда бахтли ҳаёт, охиратда жаннат ваъдаси берилган. Қабул қилмаганлар эса бахту-саодатни ўрни бўлмаган жойдан излаб овора бўлиб ўтишган.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари мўмин киши учун  намуна ҳисобланади. Қуйидаги хулқларга риоя қилиб, уларни ўзининг доимий одатига айлантириб олган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланган бўлади:

  1. Барча ёмон сўз ва ишлардан тийилиш;
  2. Одамлар билан муомала қилишда овозни баландлатмаслик;
  3. Кечиримли бўлиш;
  4. Зиммадаги вазифани бажаришда сусткашлик қилмаслик;
  5. Кўп кулишдан сақланиш;
  6. Эҳтиёжмандларнинг ҳожатларини раво қилишни ортга сурмаслик;
  7. Аҳли оиласига уй ишларида кўмаклашиш;
  8. Ҳайитларда, тўйларда энг яхши кийимларини кийиш;
  9. Оз таом билан кифояланиш;
  10. Ортиқча мақтовларга рози бўлмаслик;
  11. Бировга азият бериши мумкин бўлган сўзларни ҳазиллашиб ҳам айтмаслик;
  12. Дўстларининг бирортасига ҳам ёмон кўз билан қарамаслик;
  13. Ширин сўзли бўлиш;
  14. Фақат рост гапни гапириш;
  15. Инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам раҳм-шафқатли бўлиш;
  16. Бахиллик қилмаслик;
  17. Тунги уйқуда эрта ётиб эрта туриш;
  18. Жамоат намозига кечикмаслик;
  19. Ғазабланмаслик, ғазаби келган пайтда “аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейиш;
  20. Кўп гапиришдан тийилиш;
  21. Қуръони каримни тушуниб, тадаббур билан қироат қилиш ва ўзгаларнинг тиловатларини ҳам тинглаб юриш;
  22. Доимо хушбўйликлар ишлатиб юриш;
  23. Доимо мисвок ишлатиб юриш;
  24. Шижоатли бўлиш, ўзининг зарарига бўлса ҳам ҳақни гапириш;
  25. Инсонларнинг насиҳатларини қабул қилиш;
  26. Аёллари ва фарзандлари ўртасида адолат билан иш юритиш;
  27. Инсонларнинг азиятларига сабрли бўлиш;
  28. Ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам бўлишини яхши кўриш;
  29. Саломни кўпайтириш;
  30. Кийимлари ва соч-соқолларини доимо ораста тутиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган китобларда у зотнинг сиймолари ва хулқ-атворларига тааллуқли маълумотлар алоҳида-алоҳида гўзал тартибда жамланган.

  

Хотамул анбиёнинг сифатлари

25 - إِمَامُ الأَنْبِيَاءِ بِلاَ اخْتِلاَفٍ     وَتَاجُ الأَصْفِيَاءِ بِلاَ اخْتِلاَلِ

 

Маънолар таржимаси:

(У зот) ҳеч бир ихтилофсиз барча пайғамбарларнинг имомидирлар ва барча (ёмон сифатлардан) холи бандаларнинг нуқсонсиз тожидирлар.

 

Назмий баёни:

Барча пайғамбарлар имомидирлар,

улуғ афиф бандалар тожидирлар.

 

Луғатлар изоҳи:

إِمَامُ  – маҳзуф мубтадонинг хабари. Луғатда “олдинда турувчи” маъносини англатади.

الأَنْبِيَاءِ – ушбу калимадаги اَلْ истиғроқиядир. Шунга кўра барча пайғамбарларнинг имоми деган маъно чиқади.    

بِ – зоида жор ҳарфи.

لاَ – нафий ҳарфи. 

اخْتِلاَفٍ – жор мажрур إِمَامُ га мутааллиқдир.

تَاجُ – тож безак навларининг ичида энг юқорида турувчи энг олийси бўлгани учун Нозим тожни ташбеҳ қилиб келтирган.     

الأَصْفِيَاءِ – бу калима صَفِيِّ кўплик шакли бўлиб, “маънавий кирликлардан пок бандалар”, маъносини англатади. Шунинг учун улуғ афиф бандалар деб таржима қилинди. 

اخْتِلاَلِ – жор мажрур تَاجُ га мутааллиқ. Бу калима луғатда заиф гапларга ва номувофиқ ишларга нисбатан ишлатилади. 

 

Матн шарҳи:

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини баён қилишда давом этиб, у зотни пайғамбарларнинг имоми, улуғ афиф бандаларнинг тожи дея васф қилган. Бу васфдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунида барча пайғамбарлардан  муқаддам туришларига ҳам ишора бор. Бу ҳақида  қуйидаги ривоят келган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ وَبِيَدِى لِوَاءُ الْحَمْدِ وَلاَ فَخْرَ وَمَا مِنْ نَبِىٍّ يَوْمَئِذٍ آدَمُ فَمَنْ سِوَاهُ إِلاَّ تَحْتَ لِوَائِى وَأَنَا أَوَّلُ مَنْ تَنْشَقُّ عَنْهُ الْأَرْضُ وَلَا فَخْرَ. سُنَنُ التِّرْمِذِىِّ

 Абу Саъийддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунида Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас. Ҳамд байроғи менинг қўлимда бўлади,  лекин мақтаниш эмас. Ўша кунда Одамми, ундан бошқасими, менинг байроғим остида бўлмаган бирор пайғамбар бўлмайди. Мен ер унинг устидан ёриладиган биринчи кишиман, лекин мақтаниш эмас”, – дедилар”.  “Сунани Термизий”да келган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Барча афиф бандаларнинг тожидирлар” дея васф қилинди. Афиф инсонлар деганда қалблари нафсий иллатлардан холи бўлган олимлар, шаҳидлар ва бошқа тақводор мўминлар тушунилади. Тож безак турларининг ичида энг кўзга кўриниб турадиган ва энг қиймати юксак  бўлганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам афиф инсонларнинг энг кўзга кўриниб турадигани ва энг қийматлисидирлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймон тақозоси ҳисобланади. Яъни Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган. 

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб, мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман – ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган.  Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ.   رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Саъийддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

СЎНГГИ МУКАММАЛ ШАРИАТ;

ИСРО ВА МЕЪРОЖ БАЁНИ;

 

[1] Истиора луғатда: “Фойдаланишга олиб туриш” маъносини англатади. Истилоҳда: Бир лафзни ўз ўрни бўлмаган жойда, кўзланган маъно билан истеъмол қилинган маъно орасида алоқа бўлганлиги учун, аслий маъносидан буриб турувчи қарина билан бирга ишлатиш истиора дейилади. Қаранг: Хулоса фи улумил балоға. “Мактабатуш шомила”. – Б. 43.

[2] Шарҳ сураси, 1-оят.

[3] Зайнуддин Абдур Рауф Муновий. Тайсир бишарҳи Жамиъис-соғир, 2-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 437.

[4] Аҳзоб сураси, 40- оят.

[5] Оли Имрон сураси, 31-оят.

[6] Аҳзоб сураси, 56-оят.

[7] Қалам сураси, 4-оят.

[8] Анбиё сураси, 107-оят.

2629 марта ўқилди