Версия для печати

Кутубхона

Эътиқод дурдоналари: Валийлар султони ҳақида:  Жинлар ҳам саҳоба ҳисобланадими? Энг кўп фатво берган саҳоба; Тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати берилган саҳобалар; Энг узун умр кўрган саҳобалар; Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари.  

 

Валийлар султони ҳақида

35 - وَلِلصِدِّيقِ رُجْحَانٌ جَلِيٌ    عَلَى الأَصْحَابِ مِنْ غَيْرِ احْتِمَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг барча саҳобалардан ҳеч эҳтимолликсиз яққол устунлиги бор.

 

Назмий баёни:

Бордир афзаллиги Сиддиқнинг зоҳир,

Асҳоблар устидан, ҳеч шубҳа йўқдир.

 

Луғатлар изоҳи:

لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.

الصِدِّيقِ – жор мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабардир.

رُجْحَانٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда “афзаллик”, “ортиқлик” маъноларини англатади.

جَلِيٌ – сифат. Луғатда “аниқ”, “равшан”, “яққол” ва “ошкора” каби маъноларни англатади.

عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи.

الأَصْحَابِ – жор мажрур  رُجْحَانٌ га мутааллиқ. صَاحِبٌ калимасининг кўплик шакли бўлиб, луғавий жиҳатдан “дўст”, “ҳамроҳ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “иймон келтирган ҳолатда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган киши саҳоба дейилади”.

مِنْ – “таълилия” (изоҳлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ – жор мажрур, музоф. 

احْتِمَالِ – музофун илайҳ, жумла رُجْحَانٌ га сифат ўрнида турибди.

 

Матн шарҳи:

Валийлар тўғрисидаги баҳслардан сўнг барча валийларнинг энг улуғи саналган  Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазллари тўғрисидаги хабарларга ўтилди. Эътиқодий масалаларга бағишланган китобларнинг деярли барчасида пайғамбарлардан кейинги афзал инсонлар ҳақидаги баҳслар келтирилган. Бу баҳслар чаҳорёрлар ва бошқа саҳобалар тўғрисида бузуқ эътиқодда бўлган шиа фирқаларининг нотўғри қарашларидан омма мусулмонларни огоҳлантириш ва шиаларга раддия бериш тарзида ёзилган. Шиаларга раддия қилиб ёзилган алоҳида китоблар ҳам бўлиб, бу китобларда уларнинг нотўғри қарашлари далиллар билан очиб берилган. Муҳаммад Абдуссаттор Тунсавийнинг “Бутлану ақоиди шиа” китоби ана шундай китоблардан бири бўлиб, унда шиаларнинг ўн еттита бузуқ қарашларига раддия ёзилган. Шиаларнинг келтириб чиқарган зиддиятли баҳс мунозаралари натижасида шу қадар баҳслар юзага келганки, ҳатто чаҳорёрларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсонлар деб билиш аҳли суннанинг белгисига айланган. Қуйидаги ривоят бунга далолат қилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан “Аҳли сунна вал-жамоа” мазҳаби ҳақида сўрашганида: “У икки шайхни, яъни Абу Бакр ва Умарни бошқа саҳобалардан афзал билишинг,  икки куёвни, яъни Усмон ва Алини яхши кўришинг  ва иккала маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билишингдир”, – деб жавоб берган. Бу жавобни Анас ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Икки шайхни афзал билишинг, икки куёвни яхши кўришинг ва иккала маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билишинг суннатдандир”, – деган сўзларидан олган”[1].

Абу Бакр розияллоҳу анҳуни барча саҳобалардан афзал деган сўздан, у зотнинг пайғамбарлардан кейин инсонларнинг энг улуғи экани маълум бўлади. Чунки  саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига эришишдек улуғ мартабага мушарраф бўлган буюк зотдирлар.

 

Саҳобаларнинг фазилатлари

Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Саҳобалар муқаддас Ислом динини бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига кўтарган ҳамда бу вазифани тўла-тўкис адо этган зотлардир. Шунинг учун динини улуғлаган ҳар бир мусулмон уларни ҳам улуғлаши лозим бўлади.  

Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва улуғликка номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги зотдирлар. Қуръони каримда саҳобаи киромларга шундай хитоб қилинган:

﴿كُنتُمۡ خَيۡرَ أُمَّةٍ أُخۡرِجَتۡ لِلنَّاسِ

“Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдиларингиз”[2]

Яъни ушбу ояти каримадаги васф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига тааллуқли бўлса-да, саҳобаи киромларнинг барчаларига мос келадиган хитоб ҳисобланади. 

Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мартабалари шундай баён қилинган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلَا نَصِيفَهُ.  رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд”ига[3] ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”, – дедилар”.  Термизий ривоят қилган.

Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг сўнггисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу жонларини фидо қилган мўминлардир. Кейингилар эса фақат улар етказган нарсаларга риоя қиладиган мўминлар саналади. 

Абу Заръа Розий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни улуғлаш лозимлигини таъкидлаб шундай деган: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини ёмонотлиқ қилаётган бирор кимсани кўрсангиз, билингки, у кимса зиндиқ (динсиз)дир. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ деб биламиз, (у зот олиб келган) Қуръонни ҳақ деб биламиз, бизларга эса Қуръонни ҳам, суннатларни ҳам саҳобалар етказганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ва суннатни ботилга чиқармоқчи бўлган кимсаларгина бу иккаласини етказган зотларни ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Ваҳоланки уларнинг ўзлари гувоҳликлари қабул қилинмайдиган зиндиқлардир”.

 

Саҳобаларнинг адади қанча бўлган?

Саҳобаларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарих уламолари аниқ бир ададга иттифоқ қилишмаган. Фақат баъзи муҳаққиқ олимлар уларнинг адади юз мингдан ортиқ бўлган, – деганлар. Абу Заръа Розий раҳматуллоҳи алайҳдан “саҳобаларнинг адади бир юз ўн тўрт мингта бўлган”, деган қавл ҳам ривоят қилинган. 

 

Жинлар ҳам саҳоба ҳисобланадими?

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар. Бу ҳақида Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги қавлни ривоят қилган: “Саховий: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у зотга имон келтирган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланади, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга ҳам пайғамбар этиб юборилганлари қатъи равишда аниқдир”, – деган. 

Бадриддин Шиблий Ҳанафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб у зотга иймон келтирган жинларнинг охирги вакилларидан бирини Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ дафн этганини ривоят қилган.   

 

Исломни биринчи бўлиб қабул қилган саҳобалар

Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг таҳқиқларига кўра биринчи бўлиб Исломни қабул қилган саҳоблар деганда қуйидаги зотлар тушунилади:

– Ҳур эркаклардан: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу;

– Балоғатга етмаган ёш болалардан: Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;

– Аёллардан: Хадижа бинту Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамиз;

– Озод қилинган қуллардан: Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу;

– Қуллардан: Билол розияллоҳу анҳу. 

 

Фақиҳлик билан машҳур бўлган саҳобалар

Бир қанча саҳобалар фиқҳий масалалар билимдони сифатида машҳур бўлганлар. Шу маънода қуйидаги зотлардан кўплаб фатволар нақл қилинган:

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу;

– Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;

– Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу;

– Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу;

– Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу;

– Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу;

– Оиша розияллоҳу анҳо.

 

Энг кўп фатво берган саҳоба

Энг кўп фатво берган саҳоба “Қуръон таржимони” деб ном олган Абдуллоҳ ибн Аббос[4] розияллоҳу анҳумо ҳисобланади. Чунки хулофои рошидинлар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд[5] сингари илмда пешқадам бўлган зотлар саҳобаларнинг кўпчилиги ҳали ҳаёт бўлган пайтларда вафот этиб кетганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса саҳобалар камайиб, уларнинг илмларига эҳтиёж кучайган вақтларда яшаб ўтган. Шу сабабли бу зотнинг фатволари кўпроқ нақл қилинган.  

 

Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар

Қуйидаги саҳобалар энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар ҳисобланади:

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – 5374 та ҳадис ривоят қилган;
  2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу – 2630 та ҳадис ривоят қилган;
  3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу – 2286 та ҳадис ривоят қилган;
  4. Оиша розияллоҳу анҳо – 2210 та ҳадис ривоят қилган;
  5. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу – 1660 та ҳадис ривоят қилган;
  6. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу – 1540 та ҳадис ривоят қилган.

 

“Абодила” (Абдуллоҳ исмли саҳоба)лар

 Абдуллоҳ исмли саҳобалар 300 га яқин бўлган. Лекин ҳадис илмида “Абодила”лар деганда асли исмлари Абдуллоҳ бўлган қуйидаги саҳобалар  кўзда тутилган бўлади:    

  1. Абдуллоҳ ибн Умар;
  2. Абдуллоҳ ибн Аббос;
  3. Абдуллоҳ ибн Зубайр;
  4. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ёки Абдуллоҳ ибн Масъуд.

Ушбу зотлар энг охири вафот этган ва кейингилар уларнинг илмларига ниҳоятда муҳтож бўлиб қолган олим саҳобалар ҳисобланади. Шунга кўра бу зотлар бошқалардан “Абодила”лар номи билан ажралиб турган. Агар бу зотлар бир фатвога иттифоқ бўлсалар, “бу Абодилаларнинг сўзи” – дейилган.  

 

Тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати
берилган саҳобалар

Баъзи саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тириклик вақтларидаёқ жаннатий бўлишларини хабар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида уларнинг ўнтасини номма-ном санаганлар. “Ашараи мубашшара” (башорат берилган ўн киши) номи билан машҳур бўлган саҳобалар қуйидаги зотлардир:

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ.  رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Бакр жаннатда бўлади, Умар жаннатда бўлади, Усмон жаннатда бўлади, Али жаннатда бўлади, Талҳа жаннатда бўлади, Зубайр жаннатда бўлади, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда бўлади, Саъд жаннатда бўлади, Саъийд жаннатда бўлади, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади”, – дедилар”.  Термизий ривоят қилган.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳога шундай деганлари ривоят қилинган:

  أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِى سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ.

“Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишингга рози бўлмайсанми!”.

Имом Насоий[6] ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳақида шундай деганлари ривоят қилинган:

أَنَّ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ سَيِّدَا شَبَابِ أَهْلِ الْجَنَّةِ.

“Албатта, Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”.

Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда номлари айтилган саҳобаларни жаннатий деб эътиқод қилинади. Номлари айтилмаган саҳобалар ҳақида эса жаннатий бўлишлари бошқалардан кўра кўпроқ умид қилинади.    

 

Саҳобаларнинг табақалари

Ҳоким Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни Исломни биринчи қабул қилганлари ва кўплаб улуғ ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганлари эътиборидан ўн икки табақага ажратган:

Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси;

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин Исломни қабул қилганлар табақаси. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Умар Исломга келганидан кейин доим азиз бўлдик”, – деган. Шунга кўра, бу зотдан кейин Исломни қабул қилганлар мусулмонлар азиз бўлгандан кейинги табақа ҳисобланади.  

Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар “Ҳабашистон муҳожирлари” деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади;

 Биринчи ақаба байатида қатнашиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган саҳобалар табақаси;

 Иккинчи ақаба байатида қатнашиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган саҳобалар табақаси;

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси;

Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

Ҳудайбия ғазотидаги “Байъатур ризвон”да қатнашган саҳобалар табақаси;

Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси;

“Фатҳ куни” ва “Ҳажжатул вадо”да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси.

 

Энг узун умр кўрган саҳобалар

Энг узун умр кўрган саҳобалар қуйидаги зотлардир:

  1. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу;
  2. Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром Ансорий розияллоҳу анҳу.

Бу зотлар зотлар жоҳилиятда 60 йил, Исломда 60 йил умр кечиришган. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу "Фил йили"дан 13 йил олдин Каъба ичида туғилган. Ҳижрий 54 йилда Мадинада вафот этган. Ҳассон ибн Собит ҳақида Ибн Исҳоқ ривоят қилишича унинг ота-боболари Собит, Мунзир ва Ҳаромларнинг ҳар бири 120 йилдан умр кечирган. Абу Нуайм Ҳофиз: "Арабларда бошқа бундайлар кузатилмаган", – деган. Ҳассон ҳижрий 54 ёки 50 йилда вафот этган, – дейилган.  

 

Саҳобаларнинг энг сўнгги вакиллари
ва улар вафот этган жойлар

Қуйидаги зотлар саҳобаларнинг энг сўнги вакиллари саналадилар: 

– Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 110 йилда Маккада вафот этган;

– Маҳмуд ибн Робиъ розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 99 йилда Мадинада вафот этган;

– Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 96 йилда  Шомда вафот этган;

– Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 93 йилда  Басрада вафот этган;

– Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 86 йилда  Куфада вафот этган;

– Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдий розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 86 йилда  Мисрда вафот этган.

Шу ўринда айтиш мумкинки, мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ушбу саҳобалардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдийларни ҳамда булардан ташқари Жобир ибн Абдуллоҳ ва Оиша бинт Ажрад сингари саҳобаларни кўриб, улардан ҳадис ривоят қилгани ҳақида ҳам саҳиҳ қавллар келган. 

Саҳобаи киромларнинг энг улуғи бўлган зот барча валийларнинг султони бўлиши табиий ҳолдир.  Валийлар султони Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу милодий 573 йилда туғилган. Исми Абдуллоҳ бўлиб, насаби қуйидагича бўлган: Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Саид ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан насаблари Мурра ибн Каъбда бирлашган. Бу зотнинг Сиддиқ деб номланиши ҳақида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деган: “Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари билан Абу Бакрни Сиддиқ деб номлаган”.

Ҳа, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлашда ҳеч иккиланмаганлари сабабли ана шундай иззатга сазовор бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул-Ақсога сайр қилдирилганларида инсонлар буни гапира бошладилар. У зот алайҳиссаломга иймон келтириб, тасдиқлаганларнинг кўпчилиги бундан фитнага учраб муртад бўлиб кетдилар. Шунда Абу Бакр: “Мен бундан ҳам узоқроғини тасдиқлайман, унга эрталаб ё кечқурун самодан хабар келишини тасдиқлайман-ку”, – деди. Шу сабабли у Сиддиқ деб ном олди”.

“Бу зот яхши ишларга доимо илгари ташаббус кўрсатгани сабабли “Абу Бакр” (ўта пешқадам) кунясини олган дейилган”[7]

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазллари ҳақида кўплаб хабарлар келган. Қуръони каримда шундай хабар берилган:

﴿وَسَيُجَنَّبُهَا ٱلۡأَتۡقَى١٧ ٱلَّذِي يُؤۡتِي مَالَهُۥ يَتَزَكَّىٰ١٨ وَمَا لِأَحَدٍ عِندَهُۥ مِن نِّعۡمَةٖ تُجۡزَىٰٓ١٩

“Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаштирилур. Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир”[8].  

Аксар муфассирлар ушбу ояти карималарда васф қилинган инсон Абу Бакр Сиддиқдир, дейишган.

Бу зот  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиш бахтига муяссар бўлганига Қуръони каримда очиқ-ойдин ишора келган:

﴿إِلَّا تَنصُرُوهُ فَقَدۡ نَصَرَهُ ٱللَّهُ إِذۡ أَخۡرَجَهُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ ٱثۡنَيۡنِ إِذۡ هُمَا فِي ٱلۡغَارِ إِذۡ يَقُولُ لِصَٰحِبِهِۦ لَا تَحۡزَنۡ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَنَاۖ

“Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (Абу Бакр)га: “Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!” – деган эди” [9].             

Мана шу ояти каримада зикр этилган икки киши – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эканларига барча муфассирлар иттифоқ қилишган. Шу сабабли ким Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг саҳоба эканини инкор қилса, кофир бўлади, – дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: “Сен Ҳавзда ҳам, ғорда ҳам менинг шеригимсан”, – деганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу хайрли ишларда доимо пешқадам бўлган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ صَائِمًا قَالَ أَبُو بَكْرٍ أَنَا قَالَ  فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ جَنَازَةً قَالَ أَبُو بَكْرٍ أَنَا قَالَ فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مِسْكِينًا قَالَ أَبُو بَكْرٍ أَنَا قَالَ فَمَنْ عَادَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مَرِيضًا قَالَ أَبُو بَكْرٍ أَنَا فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا اجْتَمَعْنَ فِى امْرِئٍ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ.   رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – деди. У зот: “Ким бугун  жанозага қатнашди”, – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – деди. У зот: “Ким бугун  бирор мискинни таомлантирди”, – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – деди. У зот: “Ким бугун  бирор касални бориб кўрди”, – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу ишлар қайси бир кишида жамланган бўлса, у, албатта, жаннатга киради”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.   

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оилалари

  1. Қутайла бинти Саъд. Бу аёлига жоҳилият даврида уйланган бўлиб, ундан Абдуллоҳ ва Асмо исмли фарзандлари туғилган.
  2. Умму Румон. Бу аёлига ҳам жоҳилият даврида уйланган. Ундан Абдурраҳмон ва Оиша розияллоҳу анҳолар туғилган.
  3. Асмо бинти Умайс. Бу аёлига Исломга кирганидан сўнг уйланган. Асмо олдин Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг аёли бўлган. Жаъфар “Мўъта” ғазотида шаҳид бўлгач, бева қолган Асмога Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйланган. Асмодан Муҳаммад исмли фарзанди туғилган.
  4. Ҳабиба бинти Хорижа. Бу аёлига ҳам Исломга кирганидан сўнг уйланган. Ушбу аёлидан Умму Кулсум исмли қизи туғилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг ҳижрий 11 йилда рабиул аввал ойининг 12 кунида мусулмонларга биринчи халифа этиб сайланган. Халифалик даврларида муртадларга қарши курашлар ва Қуръоннинг жамланиши каби муҳим ишлар бўлиб ўтган. “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу  ҳижратнинг 13 йилида жумадул охир ойининг 23 куни вафот этган”[10]. Жанозасини Умар розияллоҳу анҳу ўқиган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН:

Умар розияллоҳу анҳу.

 

[1] Иброҳим Ҳалабий. Ҳалабий кабир. – Истанбул: “Дор Саодат”,  1325 ҳ. – Б. 104.

[2] Оли Имрон сураси, 110-оят.

[3] Муд – 544 грамга тенг ўлчов бирлиги.

[4] Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг туғилган йили йили ҳақида икки хил қараш бор:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилган йилда туғилган;
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан уч йил олдин туғилган;

Шунга кўра бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўн ёки ўн уч ёшли бола бўлган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг куняси Абул Аббос бўлган. Бу зотнинг Аббос, Али, Фазл, Муҳаммад ва Убайдуллоҳ исмли ўғиллари ҳамда Лубоба ва Асмо исмли қизлари бўлган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳижрий 68 йилда Тоифда вафот этган. Бу зот вафот этганида Рофиъ ибн Худайж йиғлаб: “Бугун машриқу мағриб орасидаги ҳамма унинг илмига муҳтож бўладиган киши вафот этди”, – деган.

[5] Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳижрий 32 йилда 60 ёшдан ошиб, Мадинада вафот этган. Жанозасини Усмон розияллоҳу анҳу ўқиган. Васиятига кўра, Бақиъ қабристонига Усмон ибн Мазъун қабри ёнига дафн этилган.

[6] Аҳмад ибн Али ибн Шуайб ибн Али ибн Санон ибн Баҳр ибн Динор ҳижрий 215 йилда ҳозирги Туркманистон ҳудудига кирувчи Наса шаҳрида туғилган. Имом Насоий илм талабида Тобаристон, Бағдод, Басра, Ҳижоз, Миср каби шаҳарларда бўлган ва Мисрда яшаб қолган. Имом Насоийнинг энг машҳур китоби “Сунани Насоий”дир.  Бундан ташқари “Мужтаба” каби китоблари ҳам бўлган. Имом Насоий ҳижрий 303 йилда 88 ёшида Байтул Мақдисда вафот этган.

[7] Муҳаммад Ризо. Мавсуату хулофаи рошидин. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2006. – Б. 16.

[8] Лайл сураси, 17, 19-оятлар.

[9] Тавба сураси, 40-оят.

[10] Муҳаммад Ризо. Мавсуату хулафаи рошидин. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2006. – Б. 140.

3583 марта ўқилди