muslim.uz

muslim.uz

Кеча, 24 август куни Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида муҳтарам Президентимизнинг тавсияси билан бу йилги ҳаж сафарига келган Сирдарё вилояти Сайхунобод туманилик Бахтиёр ота Тоғаев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан самимий суҳбат бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари муҳтарам Юртбошимиз томонларидан она-Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшлар тарбияси ва адашган кишиларни тўғри йўлга бошлашда жонбозлик кўрсатган фуқароларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари доимо эътиборда эканини таъкидладилар. Жумладан, Сирдарё вилояти Сайхунобод туманилик Бахтиёр ота Тоғаев ва унинг турмуш ўртоғи мана шундай юксак эътиборга тушиб, барча мўмин-мусулмонлар орзу қиладиган ҳаж сафарига келиш бахтига муваффақ бўлганларини муфтий ҳазратлари алоҳида изоҳладилар. Бунинг учун Аллоҳ таборака ва талога шукроналар келтириш, давлатимиз Раҳбари ҳақларига кўп дуолар қилиш лозимлигини айтдилар.
Маълумки, шу йил 13 апрел куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз Бахтиёр ота Тоғаевга юзланиб: “Бир эзгу ният қилдингиз, “юртимизнинг тинчлиги, осойишталигага кўз тегмасин”, дедингиз. Барчамиз одамларимизнинг бағрига озгина бўлсада манфаат тегсин, озгина бўлсада тирикчилиги ўзгарсин, деган ниятда яшаймиз. Менинг бир ниятим, истагим бор. Биз сизни оилангиз билан ҳар бир мўмин-мусулмон ният қилган ҳаж сафарига, ўзимнинг ҳисобимдан жўнатамиз”, дея рағбатлантирган эдилар.
Мана шу рағбат амалга ошди, Президентимиз ўз сўзидан чиқди. Бахтиёр ота Тоғаев ва унинг турмуш ўртоғи бу йилги ҳаж сафарига имтиёзли равишда келиб, барча амалларни мукаммал адо этишди. Уларнинг мамнунлиги жуда ҳам улкан. Буни Бахтиёр ҳожи ота қуйидагича изҳор қилди:
– Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари билан бу йилги ҳаж сафарига келиш шарафига муяссар бўлдик. Ҳаж амалларини жуда ҳам чиройли шаклда адо этдик. Ҳарами шарифларда, табаррук манзилларида, меҳмонхоналарда, автобусларда, ошхонада ва тиббиёт марказларида кўрсатилган хизматларнинг савияси жуда ҳам юқори бўлди. Муфтий ҳазратлари ва имом-домлаларимизнинг ваъзу иршодлари мунтазам олиб борилди. Биз, қанийди мана шундай мавъизалар доимий бўлса, деган ниятларни қилдик. Буларнинг барчаси учун муҳтарам Президентимизга, муфтий ҳазратларига, ишчи гуруҳларига, шифокорларга ва барча-барча мутасаддиларга ўз ташаккуримизни билдираман ва доимо уларнинг ҳақларига хайрли дуоларда бўламиз. Она-Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга намуна бўлишга, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялашга, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” сайёҳлик зонасида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлиси бошланди.
 
01.JPG
 
ЎзА мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади
Туркманбоши шаҳри, 24 август.
 
Президентлар аввал тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков иштирок этди.
 
Мажлисда жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурсларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш, бу борада Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
 
1a0d2be5-c87d-4bf1-5ff1-cf8dec72e15e.jpg
 
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳамкорлигида Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозга барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида тузилган минтақавий ташкилотдир. Таъсисчи давлатлар ушбу жамғармага галма-гал уч йил муддатга раислик қилади ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари навбати билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Президенти этиб сайланади. 2017 йилдан 2019 йилгача жамғармага Туркманистон раислик қилмоқда.
 
Таъкидлаш жоиз, мазкур саммит жамғарманинг 2009 йили Тошкентда ўтган тарихий мажлисидан сўнг ташкил этилаётгани билан аҳамиятлидир. Таъсисчи давлатлар раҳбарларининг Тошкент учрашувида минтақада экологик ҳалокатнинг олдини олиш йўлида муҳим саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган эди.
 
Оролбўйи минтақасидаги экологик вазият ўнглаб бўлмайдиган ҳолатга келган, унинг салбий таъсири тобора кенгайиб бораётган бугунги шароитда давлат раҳбарларининг ижтимоий, иқтисодий, экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳамфикрлилиги алоҳида аҳамият касб этади.
 
Ўтган даврда ОҚХЖ доирасида минтақада мураккаб сув хўжалиги масалаларини ҳал этиш, сув тақсимоти, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини биргаликда бошқариш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик борасида қатор шартномалар ҳамда битимлар имзоланди.
 
Ўзбекистон Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кенг миқёсли лойиҳаларни амалга оширди. Орол денгизи қуриган 350 минг гектар майдонга саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарга етди.
 
Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2013 – 2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.
 
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, экологик фалокат асоратларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити яхшилаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
 
Учрашувда Марказий Осиёда сув соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани, минтақа мамлакатларида сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқариш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди. Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш, сувни тежаш ва ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилашда Марказий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, Оролбўйи ҳудуди учун экологик тоза технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
 

 

ЎзА

20 август куни Саудия Арабистонининг энг табаррук жойларидан бири бўлган Маккаи мукарраманинг Арофат водийсида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон мусулмонлари идоралари вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги консуллиги ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан мулоқот ўтказдилар. Уламолар бир-бирларини Қурбон ҳайити билан муборакбод этиб, энг яхши тилакларни изҳор қилдилар.


Ҳақиқатан, ушбу давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенг қулоч ёйиб бораётир. Айниқса, мазкур мамлакатлар диний идоралари билан алоқалар янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш керак. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондириш йўлида самарали натижаларга эришилмоқда. Масалан, Рамазон ойи, икки ҳайит байрамларининг биринчи кунини белгилаш ва намоз вақтларини аниқлашда олиб борилган уламоларнинг ҳамкорлиги мўмин-мусулмонларнинг аҳиллигини янда мустаҳкамлади. Шунингдек, ўтган йили Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари ҳамкорлигида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуман фикримизни янада қўллаб-қувватлайди.


Арафотдаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган чодирдаги бўлиб ўтган ушбу мулоқотда ҳам мамлакатлар раҳбарлари томонидан бошлаб берилган кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларининг узвий давоми сифати мана шундай учрашувлар ташкил этилгани ҳам алоҳида таъкидланди. Мазкур учрашув тарихий экани ва диний соҳадаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиб бораётганини эътироф этилди.
Мулоқотда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, бугунги кундаги турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондиришда кенгашиб ишлаш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилди.
Мулоқот якунида мана шундай ҳамкорликларнинг истиқболи ва равнақи йўлида хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркияга қарашли бўлган Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари жамғармаси ходимлари жорий йилда Қурбон ҳайити муносабати билан дунёнинг 103 мамлакатида хайрия тадбирларини амалга оширдилар.

Ушбу хайрия тадбирида 2,3 миллиондан ортиқ мусулмонларга қурбонлик учун сўйилган гўшт маҳсулотлари тарқатилган.

Бунда қочоқлар лагерлари, қари ва ёлғиз кишилар, ҳалокат юз берган ҳудудлар аҳолиси, бевалар, мактаб ва шифохоналар, болалар уйларига биринчи навбатда хайрия маҳсулотлари етказилган.

Бундан ташқари Жамғарма томонидан 16 мамлакатда 17 мингдан ортиқ етим қолганларга кийим-кечаклар тарқатилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 24 Август 2018 00:00

Меҳр-мурувват байрами

Қурбон ҳайити – шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, дийдорлашув байрами. У азалдан халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Унда ота-она ва фарзандларга совғалар улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадялар бериб қалбларига сурур бағишлаш муқаддас динимиз талаби.

Ана шу талабга риоя қилган Зокиржон Шарифов домла бошчилигидаги “Тўхтабой” жоме масжиди ходимлари ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга «Вақф» хайрия жамоат фондига келтирилган қурбонлик гўштларидан тарқатиб уларни хушнуд этдилар.

ЎМИ матбуот хизмати

Top