Версия для печати

Мақолалар

Ухлаш олдидан чироқларни ўчиринг!

Буюк Британиянинг “Current Biology” номли илмий-оммабоп журналида ухлаш пайтида чироқнинг ёниб туришининг инсон танасига салбий таъсирлари ҳақида мақола эълон қилинди.

Голландиялик олимлар сичқонлар устида тадқиқот олиб бориб, тундаги чироқларнинг уларга таъсирини ўрганишди.

Тадқиқот натижасида ухлаш пайтида чироқ ёниб туришининг кўплаб касалликларга боғлиқлиги аниқланди. Шунингдек, олимлар кундузи ёруғлик кўрмаслик, қоронғу хонадан чиқмаслик ҳам соғлиқ учун зарар эканини таъкидлашмоқда.

Хуфтонни ўқибоқ ётиш ва эрталаб эрта туриш жисмнинг тунда ёруғликка, чироққа кўп рўпара бўлишидан сақлайди. Зеро, инсон уйқудан тургандан кейин кечга қадар етарлича ёруғликка тўйинади.  

Соҳа мутахассисларининг айтишича, ухлаш асносида хонадаги чироқнинг ёниқ туриши саратон, иммунитет пасайиши, эрта қариш каби бир қанча касалликларга сабаб бўлар экан.  

Илмий тадқиқот хулосасида ухлаш олдидан чироқларни ўчириш зарурий иш экани, бунинг фойдаси инсон танаси, саломатлиги ва бахтиёрлигида акс этиши ҳам қайд этилди.

Бу ҳақиқат мана бир неча йил олдин маълум бўлди. Ўтган аср бошида одамлар “Ухлаётганда чироқнинг ёниқ туриши мияга салбий таъсир қилмайди” деб ўйлашарди. Лекин кейинги тадқиқотлар бунинг нотўғрилигини, тунги чироқлар ухлаётган инсон миясига, кўзига салбий таъсир этишини аниқлади.

Энди мана бу ҳадисга эътибор қаратайлик!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ухласангиз, чироқларни ўчиринглар!” дедилар. Абу Довуд ривояти.

Бу муборак ҳадисда ухламоқчи бўлган одам хонадаги чироқларни ўчириб, кейин уйқуга ётиши кераклиги таъкидланмоқда. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадисда биз умматларини ухлаш олдидан чироқларни ўчиришга буюрмоқдалар. Бу эса чироқнинг ўчирилмай қолиши ухлаётган инсоннинг миясига, кўзига, терисига ва бошқа жиҳатларига салбий таъсир этишини англатади.

Энди савол туғилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 20-аср охирларида аниқланган бу илмий ҳақиқатни бундан 14 аср олдин қаердан билиб айтдилар экан?”

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу ҳақиқатни у зот алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг ўзи билдиргандир! Ушбу ҳадиснинг ўзиёқ у зоти бобаракот Аллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига гувоҳлик беради! 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

3499 марта ўқилди