Версия для печати

Мақолалар

Ижараси шунчами?..

Яқинда касбимиз юзасидан никоҳ ўқишга бордик. Келиннинг уйидан қайтаётганимизда куёвга қўнгироқ бўлди. Гап келин кўйлак масаласида эди. Келин кўйлак 25 миллион сўм экан. Уни эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. “25 миллион сўмга ҳам кўйлак олиб берасизми, у қанақа кўйлак ўзи? десам, “Қори ака, сотиб олмаяпмиз, тўй куни киядиган кўйлакнинг ижара хаққи у”, деб жавоб берди куёв бола. Шу сабаб бўлиб тўйлардаги исрофгарчилик хақида гаплашдик.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Еб-ичинг лекин исроф қилманг, чунки у исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф, 31), деб марҳамат қилган.  Бир кунлик кийиладиган  кўйлак 25 миллион сўм бўлиши исроф эмасми. Боз устига, бу кўйлаклар очиқ-сочиқ миллатимиз урф-одатига, асл қадриятларимизга тўғри келмайди. Шуни била туриб бундай кўйлакларни қизларимизга кийгизиб ҳаммага кўз-кўз қилишимиз уят эмасми!

Ҳозирги кунда баъзи ҳаёли қизларимиз ўзимизнинг миллий матоларимиздан келин кўйлакларни тиктириб ҳамма аёлларнинг ҳавасини келтирадиган либосларда тўйхонага кириб келганларини эшитиб хурсанд бўлдик. Баъзи қизлар эса орзу-ҳавас деб бораётган хонадони ва ота-онасини қийнаб қўйяпти. Ахир инсоф билан ўйлаб кўрайлик, шу биргина бир неча соат кийиладиган куйлак фалон сўм бўлсая, яна бошқа ҳар хил гуноҳ, тўғрироғи, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган бир қанча амаллар борки, уларни ҳозирги ёшларимиз ҳам, ота оналари ҳам оддийгина қилиб орзу-ҳавас деб ниқобламоқчи бўлади. Аслида улар эса шайтонга эргашаётганларини билмайдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тўйларни ихчамлаштириш ҳақида фатво чиқарган. Айниқса, бугунги кунда юртбошимиз ташаббуси билан тўйларни ихчамлаштириш давлат сиёсат даражасигача кўтарилган. Пайғамбаримиз Мухаммад  соллаллоҳу алайҳи ва саллам кизлари Фотима онамизни  ҳазрати Алига никоҳлаб берганларида, теридан бўлган ёпқич ичига хурмо фатиласи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиш ва иккита мешча юборганлар. Фотима онамизнинг сеплари ана шулардан иборат бўлган. Ҳазрати Алининг ҳеч нарсаси йўқ эди. Биргина совутни сотиб келинга тўй қилганлар. Жаннат аёллари саййидаси Фотима онамизнинг никоҳ тўйлари оддийгина бўлган. Бир теридан тикилган матолари бўлган, устиларига ёпиб ётишган. Устиларига тортсалар оёқлари очилиб қолган. Шу ҳолларида ҳам дунёнинг энг бахтиёр келинчаги бўлганлар.

Ҳозирги кунимизда келин-куёвларга қилинаётган сарпо-суруғлар ҳар хил анжомлар ва ортиқча зебу зийнатлар исрофдир. Бунинг ўрнига  ҳаётларида керак бўладиган “Бахтиёр оила”, “Эр-хотинлик асослари”, намоз, таҳорат ва ғуслга оид китобларни сеп қилиб беришимиз керак. Чунки ана шу китоблар келин-куёв учун зарурроқ.  

Касбимиз тақозоси ила кўплаб инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Шундай оилалар борки моддий-маънавий ёрдамга муҳтож. Ҳар биримизнинг атрофимизда бундай инсонлар учраши турган гап. Наҳотки, шу фалон сўмлик кўйлагу бир неча қўшиқчилар ва дабдабали тўйхоналарда ўтказилган тўй фарзандларимизнинг бахтли бўлишига кафолат берса.  Баъзи жойларда тўйдан аввал келин-куёвни ҳар хил ҳолатда суратга олиб тўйда келган меҳмонларга намойиш этилар экан. Бу нима дегани, ўзини ўзбекман, мусулмонман деган йигит ўз жуфту халолини элга кўз-кўз қиладими. Ота-боболаримиз ўз аёлларини қандай асрашган. Бегона кўзлардан нари тутишган. Ҳар хил нобоп йиртиқ-ямоқ очиқ-сочиқ кийимларни кийдиришмаган, лекин бахтли хаёт кечиришган, борган жойларида хам итоатли ва сабрли бўлиб дунё тарихида буюк ном қолдирган шахсларни тарбиялашган.

Абдулло РАҲИМОВ,

 Шайхонтохур туманидаги “Султонҳожи” масжиди имом-хатиби

 

3305 марта ўқилди