Версия для печати

Мақолалар

Даврий нашрларда: Шумланиш, ирим-сирим жаҳолатдандир

Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида бундай ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, сафар ойида сафар қилинмайди, шанба куни касал кўрилмайди каби гаплар шулар жумласидан.

Аслида, ой ва кунларнинг ҳаммаси бир хилдир. Уларда турли фазилатлар бор, аммо ҳеч бирида ёмонлик йўқ. Сафар ойи ҳам фазилатли ойлардан бўлиб, унда ёмонлик ҳам, шумланиш ҳам асло йўқ.

Ҳижрий-қамарий 1443 йилнинг иккинчи ойи арабча Софар, халқимиз тилида сафар ойи деб аталади. У 29 кундан иборат бўлиб, милодий 2021 йилнинг 9 сентябридан 7 октябргача давом этади.

Айрим кишиларнинг: “Сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди” деганини эшитиб қоламиз. Хўш, аслида ҳам шундайми?

Сафар ойи йилнинг бошқа ойлари билан бир хил. Бу ойда ҳам сафар қилиш, турли маросимларни ўтказиш мумкин. Сафар ойи номи сафар қилиш маъносини англатмайди. Чунки сафар қилиш “син” ҳарфи билан, “Софар” сўзи эса “сод” ҳарфи билан бошланади.

Ўзбек тили изоҳли луғатида: “Сафар – саёҳат, сайр; бирор жойга бориш”, деган маъноларни англатади. Ой номи бўлган “сафар” атамаси эса “сод” ҳарфи билан бошланади. Бу ўринда ойнинг Сафар деб аталиши “сариқ” ранг маъносида келади. Ушбу ой аталиш тарихида Сафар ойи номи куз фаслида ҳаммаёқ сап-сариқ бўлган пайтга тўғри келгани учун “сариқ”, яъни “софар” деган ном берилади. Шу сабаб Сафар ойида сафар қилинмайди, дейиш нотўғри. Бу Сафар ойидан шумланишга киради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъ йўқ ва сафар йўқ”, дедилар” (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Уламоларнинг фикрича, ҳадисдаги “сафар йўқ” дейилиши жоҳилият давридаги сафар ойидан шумланишни рад этади.

Одамлар орасида энг ёмон одатлардан бири ирим-сиримларга берилиш, бирор нарсадан шумланишдир. Жоҳилият даврида одамлар иш бошламоқчи бўлса, бир нарсанинг бетига “бўлади”, иккинчисига “бўлмайди”, деб ёзиб, уларни осмонга отарди. Ўша нарсанинг ерга “бўлади” деган бети тушса, у ишни қилар, мабодо “бўлмайди” деган бети билан тушса, уни бажармас эди.

Халқ орасида айрим коҳин, кўримчилар китоб айлантириб, фол очиб, баъзи ой ва кунлардан шумланар эди. Айримлар сешанба куни супра ёзиб, уннинг устига чироқ ёқиб, “Биби сешанба” ё “Мушкул кушод” каби бидъат ишларни қилиб, ўзларини ирим-сиримларга кўмиб ташлашарди.

“Биби сешанба” ёки “Мушкул кушод” билан бирор инсоннинг иши ҳеч қачон юришиб кетмайди. Аксинча, бу бидъат маросимлар билан инсоннинг бахт ёки иш йўллари беркилади. Бу ишлар хурофот ишлар бўлиб, одамлар маблағи ва умрининг исрофидир. Улар айрим фолчи ва коҳинларнинг чўнтагини тўлдиради, холос.

Руҳиддин АКБАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан

1698 марта ўқилди