Версия для печати

Мақолалар

Миннат – савобни  кетказувчи  иллат

Мукаддас  Динимиз  таьлимотида  бировга  яхшилик  килиш савоб, қилган яхшилигини миннат қилиши  эса  катта гуноҳ  хисобланади. Мусулмон одам савобли иш қилса, садақа берса, муҳтожларга ёрдам кўрсатса, ҳеч кимга айтмайди, одамларга билдирмайди, яхшилигини миннат қилмайди. Агар оила бошлиғи қўл остидагиларга миннат қилса, “Сенларни мен боқяпман. Мен бўлмасам оч қоласанлар!” деб таъна қилса, бир тарафдан, миннат қилгани учун жуда оғир гуноҳга ботади, иккинчи тарафдан, ризқ Аллоҳдан эканини инкор этган бўлади. Чунки, у бўлмаса, Аллоҳ бандалари ризқини бошқа тарафдан, бошқа одам сабабидан етказади. 

 Аллох таоло Қуръони каримда “Эй, иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг”. деган (Бақара сураси, 264- оят). 

 Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар қалбида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлиги жонли тасвир қилинмоқда. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин эса aгap шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келяпти: 

Миннат қилишлик ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради. Берганни миннат қилган кишининг мақсади манманлик, бошқаларни менсимаслик, ўзини кўрсатиш, одамлар ўртасида обрў қозониш бўлади. Миннат қилиш туфайли мол сарфлаган киши молни олувчига озор етказади. Одамлар ичида унинг обрўйини тўкади. Инсоний қадр-қимматини пастлатади. Ҳолбуки, Исломда мол-мулкни сарфлаб, нафақа қилишга тарғиб қилишдан мақсад камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд этиш, бой биродарлари уларни ҳурмат қилишини сездиришдир. 

Миннат қилувчи киши икки жиҳатга кўра маломат қилинади: аввало, у барча ризқ ва неъматни Аллоҳ таоло беришини инкор қилган ва тан олмаган бўлади. Агар ризқ Аллоҳдан эканини ҳаққи-рост билганида бундай қилмасди. Иккинчидан, миннатчи одам қилган яхшиликларини айтиб мақтанади. Бунда у кибр ва риё иллатларига мубтало бўлади. Бу эса ўша яхши амалнинг бекор бўлишига, савобининг кетишига сабаб бўлади.

Яхшилик ва сахийлик қилгандан сўнг миннат қилиш, одамларни камситиш, уларни ҳақорат қилиш ва хорлаш каби иллатлардан узоқда бўлиш даркор. 

Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар”. (Имом Насоий ва Имом Доримий ривоят қилган).

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг: “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар, деган сўзларининг маъноси: улар жаннатга биринчлардан бўлиб кирмайдилар, деганидир. Чунки, аҳли суннат вал жамоат уламолари иттифоқига кўра, кимки Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан вафот этган бўлса, дўзахда абадий қолмайди. Балки, жаҳаннам азоби билан гуноҳларидан поклангандан сўнг албатта жаннатга киради. (Аллоҳ барчамизни дўзах азобидан асрасин).  Қариндошларига яхшилик қилгандан сўнг миннат қиладиган инсон ҳам юқоридаги қаттиқ огоҳлантиришга лойиқдир. Чунки бу феъл ҳам уни жаннатга киришига тўсқинлик қиладиган ишлардандир. Юқорида ўтган гаплардан ота-онага оқ бўлувчи ва силаи раҳмни узувчи кишиларнинг дунё ва охиратда жазога лойиқлигини билдик. Бу ҳадиси шарифда эса Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўп маст қилувчи ичимликлар ичувчини ҳам жаннатга кирмаслигини зикр қилдилар. Шунинг учун, спиртли ичимликлар ичувчи ёки наркотик моддалар ва маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилувчи кишилар бу ҳадиснинг маъносини чуқур ўйлаб кўрсинлар. Ҳамда, Аллоҳга астойдил тавба қилсинлар. 

Яхшиликдан кейин миннат қилиш разил хулқлардандир. Шунга кўра, агар бир инсон бирор кишига яхшилик қилса ёки унга садақа қилса, сўнгра унга миннат қилиб, эҳсон ва садақасини унинг олдида гапирса, батаҳқиқ эҳсон ва садақасининг савоби зое бўлади. 

Миннатчи савобларини зое қилиб, эҳсон қилган одамидан кўпроқ фойда олиш учун унга озор беради ва агар ундан бирор нарса ололмаса, унга бирор зарар етишини орзу қилади. Бу нарса уят ва хорликдан ҳам баттар шармандаликдир. 

Шайх Муҳаммад Арифий айтадилар:

«Таҳорат қиласану, исроф қиласан.

Ҳижоб ўрайсану, атир сепиб оласан.

Таҳажжуд намозига турасану, биродаринг билан аразлашасан.

Рўза тутасану, ғийбат қиласан.

Садақа берасану, миннат қиласан.

Кўзингни оч! Солиҳ амалларнингни тешик халтага солма»

 Аллоҳдан ўзимизга ва барча мусулмонларга ёрдам ва ҳидоят сўраймиз!

 

Одилжон Нарзуллаев Янгийўл туман Имоми Султон жоме масдиди Имом хатиби

2158 марта ўқилди