Версия для печати

Мақолалар

Тазкия ва тарбия: Тазкиянинг мақсади – 1 қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Тасаввуф бир илмнинг номи бўлиб, унда айтилган гаплар тариқ(ат)-йўл, шу йўлни ихтиёр этиш сулук ва ихтиёр этган шахс солик, деб номланади. Буларнинг маънолари тушунарли оддий, мураккаб эмас. Уларга нисбатан тасаввуф, тариқат ёки сулук каби баъзи калималарни атама сифатида қўллаш у маъноларни тушунарсиз мураккаб қилиб қўймайди. Афсуски, айримлар буни мураккаблаштириб юбормоқдалар. Ҳатто, тасаввуф сўзи баъзилар наздида қалб инкор этадиган, қулоқ малолланадиган, ақл сиғдирмайдиган сўзга айланган.

Тасаввуф илмига назар солсак, у тазкиядан иборат. Ундан бошқаси эмас. Лекин шунга қарамасдан баъзилар бундан қаттиқ дарғазаб. Яна кимлардир бунга кучли муҳаббат қўйиб, чуқур кетган. Жоҳил суфийлар шунчалар ғулувга кетганидан баъзи бидъат-хурофотларгача боришган, воситаларни мақсад ҳисоблашган, шариат ва тариқат ўртасини ажратишган, яна нималарнидир қилишган. Буни кўрган бир тоифа инсонлар тасаввуфга қарши ҳужумга ўтишди. Улар ушбу илмнинг маъно-моҳияти ва мақсадига эътибор қаратмай, балки ўша янги қўшилган номаъқул ишларга қарадилар, холос.

Биз сизга Ислом шариатининг муҳим бир бўлаги, Муҳаммадий рисолатдаги асос мақсадлар юксаги бўлган ва кейин ҳам шундай бўлиб қоладиган ўша ҳақиқат ҳақида бироз тўхталишни мақсад қилдик.

Бу йўлда қилинган хатти-ҳаракатлар, уринишлар, адо этиб бориладиган вирдлар ва амаллар башарият кўзлаган мақсадларининг энг улуғи бўлмиш –Аллоҳ таолонинг розилигини топишга интилиш ҳисобланади. Тасаввуфнинг моҳияти – инсон зоҳирий ва ботиниий амалларни Аллоҳ яхши кўриб, рози бўладиган суратда бажаришда давом этишидир. Зоҳирий амаллар намоз, рўза ва ҳаж каби тана бажарадиган амаллар бўлса, ботинийси қалб амалга оширадиган сабр, тавозе ва шукр кабилардир.

Қалб аъзолар орасида алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун зоҳирий амалларни тузатишда қалбнинг амаллари муҳим рол ўйнайди ва катта таъсирга эга. Зеро, қалб амалларидан ҳисобланган ихлос, хушуъ ва сабр муҳим аҳамиятга касб этади. Биринчиси воситасида амаллар қабул қилинади, иккинчиси билан намозлар гўзал бўлади, учинчиси сабабли ҳаёт тотли кечади...

Инсон хаёлига келган гуноҳлар ва нафснинг ҳийла-найранглари қалб амаллари ҳисобланади. Буни билиб, огоҳ бўлиш керак. Лекин қалб бажарган амалларнинг қай бири ижобий ва қайсиниси салбий эканини ажратиб олиш мушкул. Бунинг учун киши солиҳ ва тажрибали йўлбошчи-муршидга муҳтож. Масалан, баъзида киши кабира гуноҳлардан бири кибр касалига дучор бўлади, лекин уни ўзи сезмайди. Бу гуноҳ саҳиҳ ҳадисда келганидек, ўз соҳибини жаннатдан маҳрум қилади. Бундан сақланиш учун солиҳ инсоннинг тавсиялари керак.

Қалб дунёсида ҳосил бўлган ижобий ҳолатларга фазилатлар дейилса, салбий ҳолатлар эса разиллликлар деб номланади. Фазилатлар ҳақида гапириб, унга эришишга етаклайдиган ҳамда разилликлар ҳақида хабар бериб, ундан қутилиш йўлларига бошлайдиган илм тазкия ёки эҳсон ёхуд тасаввуф дея аталади. Муҳаммадий рисолат мақсадларини баён қилиш чоғида Аллоҳ таоло “وَيُزَكِّيهِمْ”, яъни “..ва уларни поклайдиган...” деб алоҳида баён қилган йўл мана шудир. Бундан тушуниладики, тазкия илмнинг ўзгинаси бўлиб қолмасдан, балки таълим бериш ва тиловат қилиш каби бажарилиши талаб қилинган амалдир.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

1717 марта ўқилди