Версия для печати

Мақолалар

Мулойимликнинг яққол намунаси

Ҳар бир инсоннинг туғилиши унинг ривожланиш ва камолот сари қўйган дастлабки қадамидир. У жисмонан улғайиш баробарида маънавий жиҳатдан ҳам камол топиб боради. Бу жараённи эса жамиятсиз, жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда эса маънавияти юксак шахсни эътиқодсиз, инсоний аъмолсиз тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Мана шу икки узвий жиҳатни эътиборга олган ҳолда, мазкур мақолада  жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқот масаласини исломий эътиқод нуқтайи назаридан таҳлил қилиб кўрмоқчимиз. Таҳлил обекти сифатида инсоний фазилатлардан бири – мулойимликни танладик. Зеро, Навоий ҳазратлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таъкидлаганидек, “Ҳилм (мулойим табиатлик) инсон вужудининг хушманзара мевали боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Ҳилм — ахлоқли одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир”.

Ҳозирги кунда барча психологлар томонидан мулоқот маданиятининг муҳим узви ҳисобланувчи мулойимлик Исломда ҳам марказий тушунчалардан биридир. Бу хусусда Қуръони Каримда ҳам, Ҳадиси Шарифларда ҳам кўп бора марҳамат қилинган. Жумладан, қуйидаги ҳадисга диққатни қаратайлик:

 Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, бомдод намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга чиқмаяпман. Бунга фалончининг бизга имом бўлиб, намозни жуда ҳам чўзиб юбораётгани сабаб бўляпти”, - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик ғазабланганликларини ҳеч кўрмаган эдим. Бу гапни эшитиб Расулуллоҳ: “Сизларнинг ичингизда инсонларни диндан узоқлаштирадиганлар бор. Қай бирингиз одамларга имом бўлса, (ҳолатга қараб) намозни қисқа қилсин. Чунки уларнинг орасида заифлар, ёши улуғ инсонлар бор”,- дедилар.  (“Манҳал  Ҳадис” китобидан )

  Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилаётган киши намозни чўзиб юбораётган инсоннинг исмини айтмаяпти. Бунчалар гўзал хулқ!  Ваҳоланки, ўша одам уларнинг ичида эди. Расулуллоҳ шикоятни эшитиб, албатта, ғазабландилар, лекин айбдорни айнан койимадилар, балки ўша ерда ўтирган барчага хитоб қилдилар. Бу эса у зотнинг меҳрибон ва юксак олижаноб хулқ эгаси эканлигидан далолат беради. Қолаверса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эди. Агар шу пайтда айбдор шахснинг ўзинигина койисалар, бошқалар орасида хижолат бўлар ва диндан кўнгли совир эди.

Намозни қисқа ўқишга бўлган буйруқдан намознинг қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилиб ўқишлик тушунилади. Агар намозхонлар ичида ҳадисда айтилган сифатли инсонлар бўлмаса ва одамлар намозни узоқроқ ўқишга рози бўлсалар, узоқроқ ўқиш зарар қилмайди, дейди уламоларимиз.

Агар тафаккур қиладиган бўлсак, ушбу ҳадисда мулойимлик, дўстининг  шаънини сақлаш каби инсон маънавий оламини безайдиган гўзал хулқлар тарғиб қилиняпти. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазаблансалар ҳам ғазабини барчага сочмадилар, балки ғазабларини босиб, ўз умматига меҳрини яна бир бор намойиш этиб, ҳалимлик билан шариат ҳукмини ўргатдилар. Агар ҳар бир воқеага қаттиққўллик билан қараганларида, инсонлар у зотнинг  атрофидан қочиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни енгил қилиб кўрсатишни буюрдилар, чунки Ислом дини енгил, енгилликдир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир инсон жамиятнинг бир узви экан, ўзи мансуб бўлган мазкур жамиятнинг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилмоғи, ҳар қандай муаммоли вазиятда ҳам мулойимлик билан муомалада бўлмоғи даркор. Зеро, мулойимлик замонавий мулоқот психологияси томонидан ҳам, буюк алломаларимиз томонидан ҳам, шунингдек, Исломда ҳам эътироф этилган ва улуғланган фазилатдир.

Тошкент ислом институти талабаси

Ҳасанбой Эргашов

ЎМИ Матбуот хизмати

3582 марта ўқилди