muslim.uz

muslim.uz

Саудия Арабистони Мисрда мегаполис қуришни режалаштирмоқда, деди Саудия қироли Мухаммад бин Салмон ал-Сауд, Миср президенти Абдулфаттох Сисий билан бўлган учрашувда. Бу ҳақда  “CNBC” нашри хабар бермоқда. Мегаполис Синай ярим оролида қурилади. Бу лойиҳага 10 млрд. доллар сарфланиши кутилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

“Тинчлик ришталари” номли акцияда норвегиялик юзлаб инсонлар қатнашди. Кўп сонли ослоликлар “Жамоат аҳли сунна” масжиди атрофида йиғилиб, ослолик мусулмонларга бундан бир неча ҳафта олдин ўтказган қўллаб-қувватлашга жавоб бердилар. Ўшанда мусулмонлар Осло шаҳри синагоги атрофида йиғилиб акция ўтказишган эди. Акцияда  Норвегия Ислом жамоати котиби Мехтаб Ахтар, яҳудийлар жамоати президенти Эрвин Кон билан бирга қатнашди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Среда, 07 Март 2018 00:00

Қай бири қадимийроқ?

Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) нозил қилинган Қуръони карим оятлари матни ҳижрий 10 (милодий 632) йилда тўла мукаммал бўлди. Ўша пайтда нозил бўлган сура ва оятлар турли ашёларга кўчирилиб, тартибланмаган ҳолда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хоналарида бир жойга жамланган эди.

Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) халифаликлари даврида, яъни ҳижрий 11-13 йиллари Қуръон карим оятларининг ўрама шаклдаги бир нусхасини кўчиришга қарор қилинди. Бу шарафли вазифа йигирма ёшли саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собитга юкланди. Зайд ибн Собит мадиналик ансорийлардан эди. Ўн бир ёшида имонга келиб, ҳамиша Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида юриб, дуоларидан баракот топди. Қатор тилларни ўрганиб, илму ҳикмат соҳиби бўлиб етишди. Мадина шаҳрида Куръон қироати қоидалари, шариат аҳкомлари ва мерос тақсимоти масалаларида беназир зот эди. Зайд ибн Собит Абу Бакр Сиддиқ топшириғи билан оятларни ўрам-ўрам териларга биринчи бўлиб кўчирган, кейинчалик Мусҳафи Усмонни кўчириш ишларига ҳам бош-қош бўлган.

Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) замонига келиб Ислом динимиз шарқда Хитойгача, ғарбда Андалусия (Испания)гача етиб борди. Ҳижрий 13-24 йиллар оралиғида Ислом давлати ҳудуди ниҳоятда кенгайди. Араблардан ташқари Ажам ўлкаларидаги халқлар ҳам Ислом билан шарафланишди. Бу эса Қуръони каримнинг ягона қурайш лаҳжасидаги “андоза расмихат имлодаги” (эталон) нусхасини кўчириш заруратини юзага келтирди.

Бу тарихий иш учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) даврларига тўғри келди. Ҳижрий 25 йили асҳоби киромдан катта бир гуруҳ назорати остида, дақиқ текширувлар натижасида Қуръони каримнинг ягона андоза нусхаси кўчириб ёзилди. Тери саҳифаларнинг иккала юзасига ҳам матн ёзилиб, барча саҳифалар муқова орасига олинди. Қуръони каримнинг китоб шаклидаги бу нусхасига “Мусҳафи Имом” деб ном берилди. Тери варақларга ёзилган Куръон нусхасининг энг биринчи намунаси Ҳазрати Усмонга нисбат берилиб, “Мусҳафи Усмон” атала бошлади. Хаттотлар ана шу мусҳафдан бир неча нусха кўчириб, Ислом етиб борган турли ўлкаларга юборилган. Бугунги кунда Ҳазрати Усмон мусҳафларидан нодир бир нусха Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида авайлаб сақланмокда.

Лангар Қуръони эса милодий саккизинчи асрда номаълум бир хаттот томонидан кўчирилган нусха бўлиб, у қайси саҳоба кўчириб ёзганини айтишга илмий асослар йўқ. Бу нусхада тўлиқ бўлмаса-да, ҳамма ҳарфларнинг нуқта-белгилари қўйилган. Нусха Кашқадарё вилоятининг Лангар қишлоғида сақланиб келингани учун “Лангар Куръони” номи билан машҳур бўлган. Унинг 16 варағи Ўзбекистонда, 82 варағи Санкт-Петербургда сақланмоқпа. Доктор Ефим Резван Петербургда Лангар Куръони варақларининг мажмуасини рангли китоб ҳолида нашр эттирган. Бу нашрнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида ҳам бир нусхаси мавжуд.

Мазкур мусҳафларнинг Марказий Осиёга келтирилгани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар марҳум устоз Шайх Исмоил махдумнинг “Тошкентдаги Усмон мусҳафи тарихи” асарида келтирилган. Мазкур китобда соҳибқирон Амир Темур ва аллома Абу Бакр Қаффол Шоший Мусҳафнинг юртимизга келишига алоқадор экани кўрсатилади. Лекин Мусҳафни айнан ким олиб келгани ҳамон жумбоқлигича қолмокда. Бизнингча, Мусҳафни ҳижрий 54 йили Самарқандга муҳожир бўлиб келган Усмон ибн Аффоннинг ўғли Холид ибн Усмон олиб келган, деган фикр илмий асосга эга. Самарқанддаги Хожа Абду Дарун мақбараси айнан Холид ибн Усмонга мансуб меъморий ёдгорликдир.

Фотима Ҳабибуллоҳ қизи ҲАҚБЕРДИЕВА

ЎМИ Матбуот хизмати

Манбалар:

  1. Шайх Исмоил Махдум. “Тошкентдаги Усмон Мусҳафи тарихи”, Т., “Мовароуннаҳр”, 1995, 37-41-б.
  2. Холид Муҳаммад Холид. “Рижалун ҳавлар Расул”, Байрут, “Дорул фикр”, 387—393-бетлар.

Савол: Бир кунда беш вақт намоз бор, деймиз. Витр намози-чи? Ёки у хуфтон намози таркибига кирадими? 

Жавоб: Йўқ, витр хуфтон намози таркибига кирмайди. У алоҳида намоз, лекин вақти хуфтон намози вақтидир, Пайғамбаримизга фарз, умматларига эса (бизнинг мазҳабга кўра) вожиб қилинган (Сарахсий. “Муҳит”). Чунки Расулуллоҳ  бундай марҳамат қилганлар: “Эй Қуръон аҳли, витр намозини ўқинг! Зеро, Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради(Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

“Витр” луғатда тоқ маъносини бергани учун ҳадисда “Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради”, дейилмоқда.

Витр намози хуфтон вақти кирганидан бошлаб кечанинг охиригача ўқилаверади. Аммо хуфтондан олдин ўқиш жоиз эмас. Агар витр хуфтон намозининг таркибига кирганида, уни кечанинг охиригача кечиктириш макруҳ бўларди. Ҳолбуки, уни кечанинг охиригача (бомдод вақтига қадар) кечиктириб ўқиш мустаҳабдир (“Табйин”).

Ҳанафийликда витр намози уч ракат. Ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади. Унинг биринчи ракатида  Аъло, иккинчи ракатига Кофирун, учинчи ракатига Ихлос сураларини ўқиш мандубдир. Бунга Расулуллоҳнинг  витр намозини ана шундай ўқиганлари ҳақидаги Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Можанинг Убай ибн Каъбдан  ривоят қилган ҳадислари далил бўлади (“Фиқҳул ислам ва адиллатуҳу”).

Витр намозининг учинчи ракатида “Қунут” дуосини ўқиш, саҳиҳ қавлларга кўра, вожибдир (“Жавҳаратун наййира”).

“Сўраган эдингиз” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Среда, 07 Март 2018 00:00

Оналик туйғуси

у ҳайратланарли воқеани Усмон Нурий Тўпбоши мақолаларидан бирида ўқиган эдим. Интернет манзилга кириб, ўша воқеа акс эттирилган видеотасвирни кўрдим. Бу чиндан ҳам ҳайрон қоларли эди.

Биламиз, оҳулар ҳар доим арслонларнинг ўлжаси бўлган. Лекин урғочи шернинг оҳу боласини ялаб-юлқаб, фарзандидек шафқат кўрсатишини, доим бирга юриб, бирга туришини ҳеч тасаввур қила оласизми? Жуда қийин, тўғрими? Бироқ Кениядаги Самбуру миллий қўриқхонасида шундай воқеа юз берди. Ёш урғочи шер қандайдир сабаб билан етим қолган оҳу боласига онасидек меҳрибонлик қилади. Бу илиқ муносабатни сезган оҳуча ҳам шердан айрилмайди. Она шер ёнидаги оҳу боласи эканини яхши билади, чунки уни гўшт билан боқмайди. Оҳу эса сут йўқлиги сабаб япроқларни ейишга уринади. Она арслон ҳатто овга ҳам чиқмай қўяди. Очликдан иккови ҳам заиф кўринса-да, саломатликлари яхши экани кузатилади.

Жараён икки ҳафта давом этади. Бу вақт мобайнида урғочи шер “асраб олган фарзанди”ни ҳимоя қилади, бир лаҳза ёнидан айирмайди. Оҳучани суйиб, эркалайди, қулоқлари, тумшуқларини ялаб-юлқайди. Аммо икки ҳафтадан сўнг буталар ортида пойлаб турган нар шер урғочи арслонни доғда қолдириб, оҳучани тишлаб олиб қочади. Икки ҳафталик очлик таъсирида заифлашиб қолган она шер уни ета олмайди. Чорасиз она ҳозиргина оҳу боласи ўлган жойни искай бошлайди, бир оздан кейин бошини эгиб у ердан узоқлашади...

Кузатувчилар эртасигаёқ урғочи шернинг овга чиққанини кўришади...

Ҳа, оналар шундай, Яратилишидан меҳр-шафқатли. Оналик – энг гўзал хислатлар мужассами. Келтирилган воқеа ҳам шу ҳақиқатнинг бир намойишидир.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top