Версия для печати

Қуръони карим

Бир оят тафсири рукнидан: Сизга қайси бир мусибат етса ўзингиздандир…

وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍِوَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍِ

(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.)  Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир. (Шўро, 30-31)

Ибни Касир ўзининг тафсирида қуйидагиларни айтади: “Ҳой инсонлар! Қачонки сизга мусийбатлар етса, албатта у ўзларингиздан ўтган ёмонликлар сабаблидир.” “Ва У зот кўпини авф қилур”.

Яъни, Аллоҳ кўп гуноҳларингиз сабабли сизларни жазоламайди, балки кечириб юборади.

Ушбу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Аллоҳ таоло мўъминга етган ҳар бир дард ва касаллик, қайғу ва ташвиш сабабли унинг хатоларини кечиради. Хатто унга санчилган тикон учун ҳам” – дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу оят тафсирида шундай дейдилар: инсонга, хоҳ жонига, хоҳ молига, хоҳ бошқа нарсасига бирор мусибат етса, албатта, ўзи қилган гуноҳи сабабли етади. Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.

Ибни Абий Хотим айтади: “Имрон ибн Ҳусайннинг ҳузурига дўстлари кирдилар. Унинг танаси жароҳатланган эди.

Дўстлари унга: “Биз, сизга етган жароҳатни кўраётганимиздан ҳафа бўлдик.” – дейишди.

Шунда У: “Кўраётганингиздан қайғуга ботманг. Сиз кўраётган бу нарса гуноҳ сабаблидир. Аллоҳ таоло кечириб юборган гуноҳларим ундан-да кўпроқдир”- деб: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур”- оятини тиловат қилди”.

Ибни Абий Хотим айтади: Жарир, Абу Билоддан айтади: “У, мен Ало ибн Бадрга айтдим: Аллоҳ таоло Қуръонда: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир.” – деган. Мени кўзим кўрмай қолди, ҳолбуки мен ёш боламан?” – деди.

Шунда у: “Бу нарса ота-онангнинг гуноҳлари сабаблидир” – деди.

Ибн Абу Хотим айтади: Али розияллоҳу анҳу: “Сизларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган, Аллоҳ таолонинг китобидаги энг афзал оят ҳақида хабар берайми? У зот менга бу, Аллоҳ таолонинг: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур” – ояти эканини айтдилар, ва Эй Али мен уни, сенга шарҳлаб бераман” – деб қуйидаги ҳадисни сўзлаб берди:

”Сизларга, бу дунёда етган касаллик ёки бало ва офатлар қўлингиз қилган касбдандир. Аллоҳ таоло бандани охиратда бу нарсага икки марта азоблашдан меҳрибонроқдир. Аллоҳ таоло бу дунёда кечиб юборган нарсани кечгандан сўнг яна қайтаришдан карамлироқдир”.

Абу Ҳасан абу Жуҳайфадан айтади: “Мен Али ибн Аби Толибнинг  ҳузурига кирдим. У киши менга: “Сизларга ҳар бир мўъмин киши англаши лозим бўлган ҳадисни айтиб берайми?” – деди.

Абу Хотим айтади: “Биз ушбу ҳадис ҳақида сўрадик шунда у: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур”, оятини ўқиди ва: “Аллоҳ таоло бу дунёда азоблаган бўлса, қиёмат куни ушбу уқубатни иккинчи марта беришдан меҳрибонроқдир. Аллоҳ таоло бу дунёда кечиб юборган нарсани кечгандан сўнг яна қайтаришдан карамлироқдир” – ҳадисини айтиб берди.

Муъовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу айтади : “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламдан эшитдим. У киши айтдилар: “Мўъминнинг танасига бирон мусийбат етса албатта Аллоҳ таоло бу сабабли унинг хатоларини кечиради”. (Имом Аҳмад ривояти.)

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банданинг гуноҳлари кўпайиб унда ушбу гуноҳларни кечирилишига сабаб бўладиган нарсаси бўлмаса, Аллоҳ таоло уни кечиридиган қайғу билан имтиҳон қилади”.(Имом Аҳмад ривоят қилган.)

Имом Қуртубий ўзининг тафсирида қуйидагиларни келтиради. Заҳҳок айтади: “Киши Қуръондан ўрганиб кейин уни унутган бўлса, фақатгина қилган гуноҳи сабабли унутгандир”.

Ҳамадоний айтади: Мен Шурайҳнинг елкасида шилинган ярани кўрдим ва унга: “Эй Абу Умайя бу нима?” – деб сўрадим.

Шунда у: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур”деб жавоб берди.

Ибн Авн айтади: Муҳаммад ибн Сирийн қарзга ботиб қолганида хафа бўлиб: “Мен бунинг сабабини биламан. Бу қайғу қирқ йил илгари мен қилган гуноҳ туфайлидир” – деди.

Икрима айтди: “Бандага етган бирор бахтсизлик ёки ундан каттароқ мусийбат унинг қилган гуноҳи сабаблидир. Аллоҳ таоло уни ушбу мусийбат сабабли кечиради ёки шу мусийбат билангина эришадиган даражага етказиш учун беради”.

Ривоятда келишича, бир киши Мусо алайҳиссаломга; “Эй Мусо, Аллоҳ таолодан ўзи ҳукм қиладиган менинг ҳожатим ҳақида сўра, Унинг ўзи бу ҳожатни яхши билади”, – деди. Мусо алайҳиссалом унинг айтганини қилди.  Мусо келганида йиртқичлар бояги кишининг танасини бурдалаб, ўлдириб қўйганини кўрди. Мусо алайҳиссалом: “Эй Роббим бунинг ҳолига нима бўлди?” – деди. Шунда, Аллоҳ таоло: ”Эй Мусо бу мендан бир даражага етишни сўради. Мен уни бу даражага амали билан ета олмаслигини билдим. Ва уни ушбу даражага етишга восита қилиш учун сен кўраётган ушбу мусийбатни бердим” – деди.

Имом Исмоил Ҳаққий ўзларининг “Руҳул баён” номли тафсирида: “Оятда бандаларнинг ва мусийбат аҳлларининг қалбларига тасалли бордур” – дейди. Яъни агар сизларга охиратда авф қилишга сабаб бўлувчи хато ва гуноҳларнинг мусийбати етган бўлса биз уни фоний дунёда сизлардан содир бўлган беодоблик учун жазо бўлиши ҳамда сизлар қилган доғларни тозалаш учун берганимизни олдиндан огоҳлантиришимиздир. Агар бандага келаётган балоларнинг сабаблари кўпайиб кетса, у ўзининг қилаётган ёмон қилмишлари ҳақида тафаккур қилсин. Бу ояти карима ҳар бир кишини бирор хатога йўл қўйган вақтида ўзини сўроқ савол қилишга чақиради. Натижада у ўзини ҳалокатдан қутқариш учун тавба қилишга шошади” – дейдилар.

Абу Сулаймон ад Дороний раҳматуллоҳи алайҳига: “Оқилларга нима бўлдики, уларга етган ёмонликдан ўзларини қоралаб таъна қилмоқдалар?” – деб савол беришди.

Шунда у киши: “Чунки улар Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳлари сабабли синовга тутганини билдилар”- деб жавоб берди.

“Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.”  Агар Аллоҳ таоло сизларга бало ва синов беришни ирода этса, сизлар қаерда бўлсангиз ҳам ундан қочиб қутила олмайсиз ва уни ман қилишга кучингиз ҳам етмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзигина сизга валий, ҳомий, дўстдир. Фақат Аллоҳнинг Ўзигина сизга ёрдам берувчидир.

 Тафсир китоблари асосида

Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби

Анвар қори ТУРСУНОВ

 тайёрлади

 

6376 марта ўқилди