muslim.uz

muslim.uz

Шу кунларда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Республика миқёсидаги аёллар ифтори жаҳон рекордини ўрнатгани маълум қилинди.

Бу ҳақида Қозон теннис академиясида бўлиб ўтган ифторлик ташкилотчилари айтиб ўтди. Тадбирнинг яна бир ташкилотчиларидан бири бўлган “РФ тадбиркор мусулмонлари уюшмаси” ҳам тасдиқлаб: “Биз бундан олдин бу даражада кенг кўламли ифтор ҳали бўлмаганини дадил айта оламиз”, - деди РФ тадбиркор мусулмонлар уюшмаси вице-перзиденти Радика Абдрахманова.

Эслатиб ўтамиз, аёллар ифторида тўрт минг муслима аёл-қизлар иштирок этганлар.

 

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

АҚШ, Европа ва Туркия мамлакатларида истиқомат қилувчи аёллар иштирокида Рамазон ойида ҳижоб кийиш билан боғлиқ акция бошланди. Ушбу акцияда (hijab challenge) мусулмон бўлмаган аёл-қизлар ҳам иштирок этаётгани хабар қилинди. Бу ҳақда "aljazeera.com" нашри маълум қилди.

Мусулмон аёллар билан ҳамфикрлилик ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу акция бошланган. Акцияда иштирок этаётганлар Рамазон ойи давомида рўмол ўрашлари керак.

Аввалроқ, Европа мамлакатларида мусулмонларга ҳамжиҳатликни билдириш мақсадида бирга рўза тутамиз акцияси бошланган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суриянинг Ҳалаб шаҳрида муборак Рамазон ойи шарафига ифторлик дастурхони ёзилди. Бу ҳақда Islam.ru сайти хабар тарқатди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, барча хоҳловчиларни Ҳалабнинг Маашар туманидаги Сайд Раис масжидига таклиф қилинган ва хайрия ифторлиги Рамазон охирига қадар давом этади.

Ифтор таомлари урушдан азият чеккан одамларнинг хонадонларига ҳам етказиб берилаётгани маълум қилинган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 31 май куни “Умра-2018” рамазон мавсуми доирасида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Рамазон ойида 1500 нафар фуқароларимиз “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг замонавий самолётларида жорий йилнинг 7 июнига қадар Саудия Арабистонига олиб борилади.

Зиёратчиларимиз Макка ва Мадина шаҳарларида барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларимиз хизмат кўрсатишлари режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Жанубий Корея Республикасида халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилиб, ушбу мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан 70 га яқин қорилар иштирок этди. Бу ҳақда "azon" нашри хабар берди.

Мусобақа фақат тиловат йўналишида, уч босқичда ўтказилган. Дастлабки босқичда иштирокчилар ўзлари истаган жойдан тиловат қилиб беришган.

Шунга қарамасдан кейинги босқичга фақатгина 20 нафар иштирокчи ўта олган. Иккинчи босқичда иштирокчилар ҳакамлар сўраган жойдан Қуръонга қараб тиловат қилиб беришди.

Шундан сўнг ҳакамлар қўйган баллар ҳисобланиб, ғолиблар аниқланган.

Иштирокчилар орасида Ўзбекистонлик Абдураҳимов Абдурашид Қори Абдулҳаким ўғли биринчи ўринни эгаллагани маълум қилинди. Юқори натижани қўлга киритганларга диплом ва эсдалик совғалари топширилган.

Тижорат ва тирикчилик мақсадида Кореяга борган қори Қуръон мусобақасининг дарагини эшитиб, унда иштирок этди ва халқаро мусобақа ғолибига айланди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top