muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

Ассалому алайкум, муҳтарам мухлис! Бугун биз сиз азизларга юртимиздаги яна бир муқаддас маскан, саждагоҳ  ҳақида маълумот беришга чоғланганимиздан бағоят мамнунмиз.

Эътибор берган бўлсангиз, диёримизнинг турли гўшаларида қад ростлаган тарихий масжидлар азиз халқимизнинг азалий эътиқоди, эзгу умидлари ҳақида сўзлайди.

Асрлар юзини кўрган масжидлар нафақат ибодатгоҳ, балки ибрат макони, зиёрат маскани, инсонни тафаккурга чорлагувчи ҳикмат диёридир. Шу маънода, бугун оламга юзини очган мамлакатизда туризм салоҳиятини ривожлантиришда масжид, зиёратгоҳ ва тарихий обидаларимиз ўрни беқиёс.

Дунёнинг турли юртларидаги мухлисларни бетакрор масжидларимизга ташриф буюришга, зиёрат ва дуолар қилишга чорлаб қоламиз!

 

Ҳазрати Лангар масжиди

“Ҳазрати Лангар” масжиди Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида  юртимизнинг гўзал хушманзара масканларидан бирида  Ҳисор тоғ тизмасининг ёнбағрида Лангар сойининг ўнг қирғоғида баланд қирнинг устида қад ростлаб турибди. Лангар масжиди тўғри бурчакли тўртбурчак шаклида қурилган.  Масжид катта ва кичик икки хонадан иборат.

 Лангар масжидининг қурилиш даври ҳақида турли фикрлар мавжуд. Бу ҳақда масжид меҳробининг ичида ҳам ёзувлар сақланган. Янги масжид меҳробидаги ёзувларни ўқиган рус шарқшунос-саёҳатчи олими Михаил Евгеньевич Массон (1897-1986 йй.) уни 1516 йилда Лангар ота – Шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий (вафоти 1545й.) яшаган даврда қуриб битказилган фикрга келган.

Аммо шу масжид кейинги даврларда ҳам қайта таъмирлангани маълум. Шундай таъмирлаш ишлари 1748 йили ва 1807 йиллари амалга оширилгани бу ерда сақланган ёзувлардан аён бўлади. Албатта, мустақиллик даврида ҳам бу ерда катта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, аждодларимиздан мерос қолган, не-не улуғларимиз бошларини саждага қўйган табаррук масжидни келгуси авлодларга етказиш борасида амалий юмушлар қилинди.

Ўзбекистоннинг узоқ тоғ қишлоқларидан бири Лангарда XV-XVI асрларда барпо қилинган ушбу масжид ўз меъморий ечимлари, усуллари, безаклари, нақшлари ва ёзувлари билан Ўрта Осиё меъморчилиги санъатида алоҳида қиммат ва аҳамиятга эгадир. Бу ерда яшаган кексаларнинг олимларга ҳикоя қилишларича, масжиднинг қурилишида Қашқадарё воҳасида яшаётган кўпгина улуғларнинг вакиллари ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Масжиднинг кичик, яъни ғарбий томондаги хонаси қадимий бўлиб, унинг деворлари дастлаб хом ғиштлардан терилган, ичига эса тўртта бақувват устун ўрнатилган. Кейинги таъмирлаш пайтида хом ғиштларнинг юзасига пишиқ ғиштлар терилган. Сўнг ғиштларнинг устига ганч сувоқ билан суволиб ҳар хил нақшлар ишланган. Масжиднинг шифти ясси бўлиб, у вассалар билан ёпилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, масжиднинг меҳроб қисми алоҳида нозик дид ва катта маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс усулида ёзилган арабча имло билан тўлдирилган бўлиб, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика кишининг диққатини ўзига жалб этади. Одатда бундай ҳашаматли безатилган меҳробни йирик шаҳарларда барпо қилинган масжидлардагина кўриш мумкин. Масжиднинг ички деворлари ҳам нафис ва бетакрор безакларга бой.

Айвондан масжидга кирадиган жойга нақшинкор, икки табақали эшик ўрнатилган бўлиб, бу эшик ёғоч ўймакорлик санъатининг нодир нусхаси сифатида ғоятда қадрли.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, меҳробнинг ичига ва атрофига араб имлосида ёзувлар битилган. Меҳробнинг тепа қисмида тавҳид калимаси:

“لآ اِلَهَ اِلّا اللّهُ مُحَمَّدٌ رَسُوُل اللّهِ”, ўнг томонида эса Марям сураси 11-ояти:

“فَخَرَجَ عَلَىٰ قَوْمِهِ مِنَ الْمِحْرَابِ” ва чап томонида шу оятнинг давоми:

“فَأَوْحَىٰ إِلَيْهِمْ أَنْ سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا” ва бошқа ёзувлар сақланган.

 Масжид деворларининг юқорисида ҳам маҳорат билан ёзилган эпиграфик нақшлар бор. Масжид деворларида ғоятда безатилган юлдузсимон нақшлар мавжуд бўлиб, уларга олтин суви югуртирилган. Юлдузларнинг ичида бир пайтлар қимматбаҳо тошлар бўлгани, кейин бу тошлар ўпирилганини қишлоқ оқсоқоллари айтиб юришади. Бу юлдузсимон нақшларнинг устида масжид деворининг шифтида 30х25 см 30х30 см ва 60х30 см ҳажмда турли эмблемалар бор. Улар ҳақида ҳам турли хил фикрлар мавжуд. Шу сабаб бунга алоҳида эътибор қаратилиши ва тадқиқ қилиниши лозим деб ўйлаймиз.

Юқорида Лангар масжиди икки даврда қурилган, ғарбий томондаги кичик масжид анча қадимий экани айтиб ўтилди. Буни масжиднинг қурилишида қўлланган усуллар ҳам, қурилиш ашёлари ҳам кўрсатиб турибди. Шу сабабл дастлабки масжид XV асрда, яъни шайх Абул Ҳасан ҳаётлиги пайтида барпо қилинган, кейинчалик намозхон кўпайгач эса янги масжид XVI асрнинг бошларида шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий даврида барпо қилиниб, умумий айвон ёрдамида яхлит ҳолатга келтирилган дейишга ҳақлимиз.

Масжидда бугунги кунда ҳам Лангарда яшайдиган аҳоли ва бу табаррук масканга зиёратга келган меҳмонлар ибодат ва зиёрат қилишади. Ҳисор тоғ тизмасининг бағрида жойлашган Лангар қишлоғи қадим-қадимларданоқ тоза ҳавоси, ажойиб табиати ва манзараси билан одамларни ўзига жалб этиб келган.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Ибодатдан руҳий лаззатдан баҳраманд бўлмаган ва унга интилмаган одам бу касалликка учрайди.

 

Муолажа услуби

Бу касаллик – инсон фақат риё ёки одамларнинг мақтови учун ибодат қилиши оқибатида келиб чиқади. Шунингдек, бунга амалларда ихлоснинг етишмовчилиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тарк этиш ҳам сабаб бўлади.

Ушбу касалликнинг давоси – қалбни самимийликка бойитиш ва барча ҳаракатларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қилиш саналади. Инсон бу касалликдан қутулиши учун сабр ва бардошли бўлиши, қилган саъй-ҳаракатлари бефойда кетмаслиги учун доимо ҳаракат қилиши керак.

Бу ҳақда Мавлоно Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсоннинг асосий таоми Aллоҳ таолонинг нуридир. Банда ўзи учун зарур бўлган овқатни истеъмол қилиши лозим, жуда кўп таом истеъмол қилиши зарардир. Агар инсон маънавий озуқани унутса, ўзининг хотиржамлигини йўқотади. Бундай одам (тана озиқ-овқатидан) қониқмайди, унинг очкўзлиги чегара билмайди, эҳтирослар уни бутунлай эгаллаб олади, оёқлари қалтирайди, юраги саросимага тушиб, хавотирда уради. Шунинг учун танадан фойдаланишда уйғунлик керак озиқ-овқат ва маънавий озуқа олиш!”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

Аввал хабар берганимиздек, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муасссасасида ўтган ҳафта давомида талабалар ўртасида иккита танлов ўтказилган эди.

“16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Бағрикенглик менинг тасаввуримда” мавзусида иншолар танлови;

Иншолар танловида иштирок этган талабалар бағрикенгликни юрт тинчлигига асос бўлувчи омил ҳамда миллатлараро тотувлик рамзи сифатида, ислом – тинчлик дини, ундаги ғоялар бағрикенгликка тарғиб қилишини таърифлаган. Шунингдек, иншоларда кўп миллат ва элатлар, турли дин вакиллари яшайдиган юртимизда динлараро бағрикенглик жуда муҳимлиги таъкидланган. Инсоннинг ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлари борлиги баён этилди.

Фаол иштирок этган талабалар: 3-курс талабаси Норбоев Дилшод, 2-курс талабаси Юсуфалиев Зиёвуддин, 3-курс талабаси Абдужалилий Комилжонларнинг ёзган иншолари ғолиб деб топилди ҳамда тақдирланди.


Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан“Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида талабалар ўртасида ижодий танлов ўтказилди. Танловда фаол иштирок этган талабаларнинг ижодий ишлари таълим муассасасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинди. Жумладан: энг фаол деб топилган таълим муассасаси 2-курс талабаси Муҳаммаддиёр Муҳаммадовнинг видеоролиги, 2-курс талабаси Билолхўжа Ҳикматжоновнинг видеоролиги, 2-курс талабаси Акбаршоҳ Иноятовнинг “Миллат ва мамлакат рамзи” мавзусидаги мақоласи ғолиб деб топилди ҳамда таълим муассасасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинди.

Мазкур танловларда фаол иштирок этиб ғолиб бўлган талабалар таълим муассасасининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


А.Ғаниев
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top