muslim.uz
Тамаддунлар уйғунлиги тимсоли – Париж бош жоме масжидига саёҳат
Франция Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни кутмоқда. Ташриф олдидан бир қатор журналистлар Париж бош жоме масжидида жума намозини адо этдик. Тарих ва маънавият нурлари ёғилиб турган бу масканни француз халқининг мусулмонларга бўлган ҳурмати ифодаси деб аташ мумкин.
1914 йилда бу масжид комплекси лойиҳаси ишлаб чиқилади, аммо биринчи жаҳон уруши бошланиши бу ишни ортга сурди. 1920 йилларга келиб яна ҳаракатлар бошланди ва француз ҳукуматининг ўзи масжид қурилиши учун 500 минг франк маблағ ажратди. Ер ва дастлабки сармоянинг мавжудлиги ишларни жадаллаштириб юборади ва 1922 йилга келиб илк тошни қўйиш маросими ўтказилади.
Масжид, минора ва анжуманлар залини ўз ичига олган комплекс қурилиши 1923 йилда авж паллага киради ва 1926 йилнинг 15 июлида масжиднинг расмий очилиши бўлиб ўтади. Тантанали тадбирда Франция президенти Гастон Думерг ва Марокаш султони Мулай Юсуф иштирок этади.
Шундан буён бу маскан маҳаллий ва кўп сонли сайёҳ мусулмонларга хизмат қилиб келмоқда. Унинг мунтазам тўлиб туриши сабаби тушунарли, зеро миллионлаб сайёҳлардан ташқари Франция аҳолисининг тахминан 5 фоизи мусулмонлардир.
Масжид шунчаки ибодатхона эмас, сўлим боғ, кутубхона, маърифий ва хайрия ишларини жамлаган ўзига хос маскан. Унга турли миллат, мазҳаб ва сиёсий қарашларга эга минглаб мусулмонлар оқиб келадилар. Масжидда ибодатдан ташқари диний маърузалар тайёрланади, тасвирга олиб тарқатилади.
Умумий майдони 7500 кв/метр бўлган комплекснинг ярми дарахтзорлар. Унинг қошида мадраса ҳам фаолият юритади. Мачит минг кишининг ибодат қилишига мўлжалланган бўлса-да, жума намозларида намозхонлар сони каррасига кўпайиб кетади. Масжид 1983 йилдан буён тарихий обида ҳисобланади ва “Йигирманчи аср мероси” номини олган.
1982 йилдан буён масжид Жазоир ҳукумати томонидан молиялаштириб келинади ва йилига 10 млн евро атрофида маблағ билан таъминланади. Бу пуллар масжидни лозим даражада сақлаб туриш, намозхонларга хизмат кўрсатиш, ходимлар маоши ва хайрия каби мақсадларда сарфланади.
Қизиқарли факт: Иккинчи жаҳон уруши даврида масжид қошида мингга яқин яҳудийлар паноҳ топишган. Улар нафақат ҳимоя ва егулик билан таъминланган, балки истаганларига “Келиб чиқиши мусулмон” деган сертификат ҳам қилиб берилган.
Аброр Зоҳидов, Париж. Kun.uz
Жаҳонгир қори Рўзиевнинг ХХ Москва халқаро Қуръон мусобақасидаги чиқиши
Мўътадил мусулмон билан мутаассиб мусулмоннинг ўртасидаги асосий учта фарқ
Биринчиси, мўътадил мусулмон ўзининг имони билан машғул бўлади. Мутаассиб мусулмон эса, ўзганинг имони билан машғул бўлади.
Иккинчиси, мўътадил мусулмон ўзини ва ўзгаларни жаннатга киритиш ҳаракатида бўлади. Мутаассиб мусулмон эса, ўзганинг дўзахга киришини исботлаш ҳаракатида бўлади.
Учинчиси, мўътадил мусулмон ўзгаларнинг хато ва камчиликларини кечириш учун узрга йўл ахтаради. Мутаассиб мусулмон эса, ўзгаларни айблаш ва обрўларини тўкиш учун хато ва камчиликларини ахтаради.
(Али ас-Солабий)
18 ноябр – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун!
Мамлакатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигига бу йил 31 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси таассаруфидаги таълим муассасаларида давра суҳбатлари, тадбирлар, турли мақола ва видео чиқишлар ташкил этилди. Мазкур тадбирлардан видеолавҳалар: Кўкалдош, Ҳидоя.
Ҳомиджон домла Ишматбеков Буюк миллат мажлиси депутатини қабул қилди
Шу йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси депутати, “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Осман Местенни қабул қилди.
Ҳомиджон домла Ишматбеков Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга ривож топаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари муносабатларга катта замин бўлаётгани, диний-маърифий соҳада муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, хусусан, Туркия диёнат ишлари бошқармаси билан ҳамкорлик алоқалари равнақ топаётгани кабиларга алоҳида тўхталди.
Ўз навбатида, Осман Местен ҳозирги пайтда икки мамлакат ўртасида диний-маърифий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорлик ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, депутат Туркий давлатлар орасида Ўзбекистоннинг Ислом дини тамаддуни маркази сифатида ўзига хос ўринга эгалиги, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам нуфузи, илмий меросларга бойлиги билан муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди.
Осман Местен шу йил 10–11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳақида тўхталар экан, унинг айнан Имом Бухорий каби буюк тарихий алломаларнинг юрти Самарқанд шаҳрида ўтказилиши туркий халқларининг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашда катта маънога эгалигини қайд этди.
Учрашувда икки диний идоралар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қардош халқлар фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.