muslim.uz

muslim.uz

Бухоронинг эски шаҳар қисмида 864-868 йилларда қурилган ва Сомонийлар даври (IХ-Х аср) меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D нусхаси яратилади.

Таъкидланишича, Исмоил Сомоний мақбарасининг “Digital Twin”, 3D-технологиялари ва географик маълумотлар ёрдамида бирга-бир рақамли нусхасини (эгизагини) яратиш ва “Google maps” тизимига бириктириш ишлари Корея Республикаси ахборот технологияларини ривожлантириш миллий агентлигининг умумий қиймати 150 минг АҚШ доллари бўлган гранд лойиҳаси асосида амалга оширилади.

"Шарқнинг меъморий дурдонаси" номи билан машҳур мақбаранинг интерери уч поғонали, тўртлик – тўрт қават девор, саккизлик – девордан томга ўтиш қисми ва том кўринишидаги гумбаздан иборат бўлиб, бир хонали квадрат шаклида қурилган. Мақбаранинг дизайни жимжима ғиштин безаклари чивиқли тўсиқ ёки қамиш, бўйра тўқимасини эслатади. Усти гумбаз билан қопланган. 

Тўртта бурчаги устунсимон шаклда ишланган ва гумбази атрофига 4 та қубба ўрнатилган. Бироқ қурилишида оддийгина пишган ғишт, тош ва ёғочдан фойдаланилган мақбаранинг кечалари ўзидан нур таратиб туриши бутун дунёни ҳайратга солган ва қизиқишига сабаб бўлган.

Мақбаранинг «эгизаги»ни яратиш мақсадида Бухорога Жанубий Кореянинг “New Layer Co., Ltd”, “EGIS Co., Ltd”, “J-TOD Co.,Ltd”компаниялари ва «ЛХ» корпорацияси вакиллари Леэ Кwанг Се, Канг Сеокчан, Парк Чоондонг, Донгҳо Леэ, Лим Сеонг Ҳа, Ким Жеунгсоо, Жунг Инҳелардан иборат делегация вакиллари келишди ҳамда лойиҳанинг мақсад ва мазмуни билан мутахассисларни яқиндан таништиришди. 

Ўз ўрнида вилоят масъуллари томонидан мақбаранинг рақамли нусхаси яратиладиган объектларда тунги ёритиш тизимини ҳам йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.

Ҳозирги кунда атрофи боғга айлантирилган иншоот сўнгги йилларда шаҳарсозлик, маданий мерос, археология соҳаларида кенг қўлланилаётган “Digital Twin”, “D-Twin” (рақамли эгизак) технологияси ёрдамида мақбаранинг «эгизаги» моделлаштирилади ҳамда у 3D-платформасида ўз кўринишини янада жозибали намоён эта бошлайди.

Мутахассисларнинг айтишича, мазкур лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, эришилган тажриба асосида Хива, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий қисмлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги қалъалар, археологик топилмаларнинг ҳам 3D нусхалари яратила бошланади.

Файзулло Яҳёев, ЎзА

 

Тошкент шаҳар "Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби

Қадимдан Самарқанд шаҳри ўзининг буюк алломалари билан жаҳонга донг таратган. Шундай уламолардан бири Абу Лайс куняси билан танилган Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тусий Балҳий, баъзи ривоятларда Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад (Муҳаммад) ибн Иброҳим Самарқандий.

 Абу Лайс Самарқандий (301-393ҳ) «Имомул ҳуда», «Ал-Фақиҳ» номлари билан машҳур бўлган. Ҳаёти давомида тафсир, фиқҳ, ҳадис, ақида, қироат ва усул ад-дин каби фанларга доир кўплаб асарлар яратган.   

Имом Абу Лайс Самарқандийнинг «Баҳр ал-улум» - «Илмлар уммони» деб номлаган тафсири «Ат‑тафсир бил-маъсур» тоифасидандир. Бу асар Хуросон ва Мовароуннаҳрда шу йўлда яратилган илк асар, тафсир илмининг асоси сифатида баҳоланади. Алломанинг тафсири илмий жиҳатдан ниҳоятда мукаммал яратилган.  

Асар қуйидаги жиҳатлари:  

1. Ҳар бир суранинг қаерда, қандай ҳолда нозил бўлганлиги;  

2. Ояти карималарнинг машҳур муфассирлар қандай шарҳлагани;  

3. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, улар тўғрисидаги маълумотларни аниқ, содда, равон қилиб баён этилганлиги;  

4. Оятларни тафсир қилишда фиқҳий, ақидавий ҳукмларни келтирилганлиги билан эътиборга лойиқ. Шу билан бирга, оятларни ўқилишида қироатхонларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳам таҳлил қилинган.  

Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий «ат-Тафсир вал-муфассирун» асарида Самарқандийнинг «Баҳр ал-улум» тафсири ҳақида шундай деб ёзади: «Бу тафсирни кўп маротаба ўқиб чиқдим, муаллиф бир бобида салаф уламоларидан ривоят қилган ҳолда кишиларни тафсир илмини ўрганишга чақиришини ва унинг фазилатини баён қилишини кўрдим. Сўнг араб тилини ҳамда оятларнинг нозил бўлиш сабабларини яхши билмаган ҳолда оятларни тафсир қилиш мумкин эмаслигини баён қилган. У тафсирга бўлган ҳурматни нафақат ўз фикри билан, балки салаф уламоларининг сўзлари билан ҳам асослайди. Агар бирор киши араб тилини ва ояти карималарнинг нозил бўлиш сабабларини яхши билмаса, тафсирни ўргансин, ёд олишга ҳаракат қилсин, оятлар ҳақида маълумот беришни хоҳласа, бирор олимдан ҳикоя тарзида гапириб бериши мумкиндир», деб таъкидлайди.  

Бизга маълумки, тафсирдаги сўзлар хусусида луғат илми олимларининг фикрлари ҳам ўрин олган. Шарҳни мукаммаллаштириш мақсадида Пайғамбар ҳадисларидан, араб шоирларининг асарларидан иқтибослар берилган, саҳоба ва тобеъинлардан кўплаб ривоятлар келтирган. Шу сабабли "Баҳр ал-улум» тафсири ислом оламида, хусусан, ҳанафия мазҳабида машҳур бўлди. Ўқувчига осон бўлиши учун асарда келтирилган ҳадисларнинг санадлари зикр қилинмаган.  

Ўз замонининг олимлари Абу Лайс Самарқандийни тафсиршуносликнинг асосчиси, дея эътироф этди. Ундан кейин кўплаб муфассирлар Қуръони каримга шарҳлар битди. Уларга Абу Лайс Самарқандийнинг тафсири асосий манба бўлиб хизмат қилди. Шу сабабли замондошлари унга «Имомул-худа» — «Тўғри йўл имоми» деган юксак ном бердилар.  

Самарқандийнинг тафсири кўпчилик муфассирларнинг асарлари орасидан яна шу жиҳати билан алоҳида ажралиб турадики, унда аниқ манбаларга асосланган, қироат турларига эътибор қаратилган, араб тилидаги сўзларнинг маънолари тушунтирилган. Мазкур тафсирдаги ўзига хос хусусиятлардан яна бири, бу – Қуръони каримда тарбиявий жиҳатининг ёритилишга алоҳида аҳамият қаратилган.  

Исро сурасининг 23-оятида “Роббинг фақат Унинг ўзига ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етса, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”  

Ушбу “ота-онага яхшилик қилиш" ояти кариманинг шарҳида меҳрибонлик билан уларга итоат қилиш,«уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт» оятидаги «уфф» сўзи бир неча маънода келади. Бир маъноси ота-онага ёмон сўзларни айтиш, уларни ҳақоратлаш беҳурмат қилиш маъносида бўлса, бошқа маъноси уларнинг олдида "уфф" дейиш «Болам оғир ҳолатга тушиб қолибди-да», деб озор чекишидир.  

Аллома ота-онага яхшилик қилиш, уларга ҳеч бир озорни раво кўрмаслик, уларга фақат яхши сўз айтиш фарзанд учун ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини таъкидлайди. Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясида диний, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг қарор топишида ҳам тафсир илмининг ўрни беқиёс ҳисобланади  

Муфассир салаф уламоларининг саҳоба ва тобиъинларнинг сўзларидан келтириб тафсир қилади. Лекин у ким ривоят қилганини зикр этмайди. Камдан-кам ҳолларда санад (ривоят қилувчи)ларни айтиб ўтади. Маълум ҳолларда қироатларга ҳам эътироз билдиради, баъзан тилга ҳам мурожаат қилиб туради. Абу Лайс Самарқандий араб, форс, туркий тиллар қаторида иброний тилни ҳам мукаммал билган. Ўша даврда Самарқандда 30 минг яҳудий истиқомат қилган. Аллома иброний тилда ёзилган тавротни бемалол ўқирди. Қуръондаги бир оят бошқа бир оятни тушунтириб берадиган бўлса, Қуръонни Қуръон билан шарҳлайди. Исроил қиссаларидан ҳам ривоятлари учраб туради. Кўпинча баъзилар ундай деди, баъзилари бундай деди, деб ҳам зикр этади. Баъзи қийин жойларда ўқувчига савол бериб, сўнг унга ўзи жавоб беради. Қуръонда ихтилоф ва қарама-қаршилик бор, деб ўйлаётган кишиларга эътироз билдириб, уларнинг шубҳаларини бартараф этади. Китоб жуда нодир маълумотларни жамлаган. Унда муфассир нақл бўйича тафсир ва ақл бўйича тафсирни бир жойда жамлаб, нақлий жиҳатни ақлий жиҳатдан устун қўйган. Шунинг учун бу тафсирни манбаларга асосланган (маъсур) тафсир деб ҳисоблаймиз.  

Алломанинг «Баҳр ал-улум» тафсирининг бир нечта нусхалари мавжуд. Икки нусхаси Миср Араб Республикаси кутубхоналарида, бир нусхаси Эдинбург кутубхонасида сақланмоқда. Уч жилдлик ушбу асар Миср Араб Республикасининг «ал-Азҳар» университети докторлари Муҳаммад Муавваз, Аҳмад Абдулмавжуд ва Абдулмажид ан-Нутийлар томонидан ўрганилиб, 1993 йил Байрутда нашр этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида 2824 рақамли тафсирнинг тўлиқ нусҳаси ҳамда 3294/IX рақами остида 3 варақдан иборат бўлган парчаси мавжуд. Умумий ҳисобда тафсирнинг 77 нусҳаси ҳозирги давргача етиб келган.  

Хулоса қилиб айтганда, Абу Лайс Самарқандийнинг «Баҳр ал-улум» асарининг мазмун-моҳиятини, ўгитларини ёшларимизнинг қалбига сингдира олсак, ёшларда бағрикенглик онги, тафаккури ва хулқ одобини чиройли шакллантирсак, бугунги кунда уларнинг тарбиясига, саломатлиги ва маънавиятига салбий таъсир ўтказаётган диний ақидапарастлик, гиёҳвандлик, боқимандалик ва оммавий маданият каби иллатлардан ҳимоя қилишимиз осон бўлади.  

Шундагина ғаразли мақсадларни кўзлаб юрган кучлар уларни тўғри йўлдан чалғита олмайди.  

А.Абдуллаев, Тошкент ислом институти «Тафизул-Қуръон» кафедраси катта ўқитувчиси

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

Президентимиз томонидан 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онг-у тафаккурини шакллантириш, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш, диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.

         Ислом дини таълимотида юрти ва миллатига хиёнат қилиш, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ саналади. Исломнинг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда террор ҳаракатларига қарши шундай оятлар келтирилган: Аллоҳ бузғунчилик-фасодни севмайди  (Бақара, 205-оят).    

     Яна бир оятда эса:  “Эй мўминлар, Аллоҳга, пайғамбарига ва ўзларингиздан бўлган бошлиқларга итоат қилинглар”, дейилади. (Нисо сураси, 59-оят).

Ислом дунёсидаги дастлабки террорчилик ҳаракатини қўллаган жамоа сифатида 657 йили вужудга келган “Хорижийлар” оқимини кўрсатиш мумкин. Ушбу гуруҳ  “Гуноҳи кабира” (катта гуноҳ) қилганлар имондан чиқади ва уларга қарши уруш (жиҳод) олиб бориш керак, деб эълон қилган ва ўзларига эргашмаган мусулмонларни қирғин қилишган.

         Шундай экан, ёш авлодда мустақил теран фикрлаш, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам ирода, қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром, мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш туйғусини болаликдан шакллантириш лозимдир.

     Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнгра қалбдаги тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Демак, аста-аста оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Сўнгра тинчлик жамиятга кўчади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам муқаддас динимиз кўрсатмаларида белгилаб қўйилган.

Жаноб Расул Акрам (с.а.в.) муборак Ҳадиси шарифларида айтадиларки: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик".

Инсонда хотиржамлик бўлмас экан, на егулигида ҳаловат бўлсин, на уйқусида. Кўнглига ҳеч нарса сиғмайди, чунки унда хотиржамлик йўқ-да! Агар кишининг саломатлиги бўлмаса, у суйиб тановул қиладиган лаззатли таом ҳам татимайди. Чунки унинг танасида оғриқ бор. Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик улуғ неъматдир. Тинчлик бор жойда юрт равнақ топади.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур.

Донишмандлардан бири шундай деган эди: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. Тўғри, душман қотиллиги, дўст хиёнати – бу оғир мусибат, катта йўқотиш, аммо бепарво ва лоқайдликнинг зарари олдида ҳеч нарса эмас. Чунки лоқайдликнинг зарари кўпчиликка, жамиятга бўлади.

Ҳасан ТАЛХАЕВ  - Пайариқ туман “Чинобод” жоме масжиди имом хатиби

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top