Мақолалар

Муслиманинг “тайм менежменти”нинг 7 босқичи

Аксарият одамларнинг “Ҳеч нимага улгура олмаяпман” деган нолишига қўшиласизми? Кунни чўзиб, ишни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун тайм-менежмент яъни вақтни бошқаришни ўзлаштириш керак.

Айримлар бу муслима аёлларга нима учун керак дейиши мумкин. Аёл киши уйда ўтирадими, ишлайдими вақтидан унумли фойдалана олса, ўзига оро беришга ҳам, илм олишга ҳам, соғлом турмуш тарзи кечириши учун турли жисмоний тўгаракларга қатнашга ҳам вақти етарли бўлади. Аёл киши уйда ўтирса қарамоғида бутун кун бўлади, лекин бу ўша кундан унумли фойдалана олди дегани эмас. Ундан ташқари, бугунги кунда муслима аёлларимиз ўқийдилар, ишлайдилар, болаларини турли тўгаракларга олиб борадилар. Буларга қўшимча равишда уй юмушларини қўшсак, натижада ўша югур-югур ва вақт танглиги келиб чиқади.  

Бунга ечим топишда ва хусусан вақтни бошқаришда бизга Меҳрибон ва Раҳмли Зот Аллоҳ йўл кўрсатади.

Аввало, вақтни тежаш учун нимани қисқартириш кераклигини билиб олсак. Иш ва ўқиш вақтини қисқартириб бўлмайди. Ундай бўлса уй ва хўжаликми? Буларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ нарсалардир. Унда барча босқичларни кўриб чиқсак. 

1-босқич. Ният

Ҳар бир ибодатли инсон учун асосий шартлардан бири бу яхши ният ва Аллоҳ номи билан иш бошлашдир. 

2-Босқич.  Уй юмушлари.

Вақтни тежовчи уй ишлари.

- ишларни режалаштириб олиш керак – кундалик ва ҳафталик;

-  ҳар бир ишни ортга сурмасдан белгиланган вақтда бажариш лозим;

- бошқа юмушларга чалғимай ишларни тезда қилиш (эҳтиёткорлик билан, жиҳозларга зарар еткизмаган ҳолда, ўзимизни кучли толиқтирмаган ҳолда);

-ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, доим ўз жойида бўлишини назорат қилиш;

- вақти-вақти билан уйни кераксиз жиҳоз ва нарсалардан холи этиб туриш. 

3 -босқич. Овқат тайёрлаш

Ҳар доимги овқатланиш таомномасини сақлаб қолган ҳолда ошхонадаги вақт сарфланишини қисқартириш.

  • ҳафталик таҳминий овқатланиш таомнома (меню)сини тузиб олиш;
  • уйда тайёрланган ярим маҳсулотлардан фойдаланиш – консерваланган, музлатилган, қуритилган маҳсулотлар;
  • қайлали овқат қилган пайтда қайласини кўпроқ қилиб, фақатгина гарнирини алмаштириб туриш;
  • ошхона жиҳозларидан имкон қадар кўп фойдаланган ҳолда вақтни тежаш учун ҳаракат қилиш. 

4- босқич. Харид

Вақтни ва пулни исроф қилишдан эҳтиёт бўлишда бизга қуйидагилар кўмаклашади:

  • аввалдан керакли маҳсулот ва жиҳозларнинг рўйҳатини тузиш;
  • рўйҳатдаги нарсаларни харид қилишга керак бўлган бўлимларга кириш, бошқаларига кириб вақт сарфламаслик;
  • савдо мажмуаларига киришдан олдин ўзимиз учун тахминий харид вақтини белгилаб олиш. 

5- босқич. Ёрдамчиларни жалб қилиш

Имкон қадар оила аъзоларингизни ёрдамга чақиринг. Бу ҳам ишни осонлаштиради ҳамда оилани жипслаштиради. 

6 -босқич. Вақтни ўғирловчилар билан курашиш.

Вақни энг кўп ва билдирмасдан ўғирловчи бу – телевизор ва телефон. Вақтни исроф қилувчи бу жиҳозлар билан қатъий курашиш керак. Ташлаб юбориш имкони бўлмагани учун жуда бўлмаганда ўчириб қўйиш лозим. Бундан ташқари телефондаги узоқдан узоқ кераксиз суҳбатлардан, ижтимоий тармоқлар ва ҳамма учун ўзига хос бўлган вақт ўғирловчилардан халос бўлиш керак. Булардан зарур бўлган пайтда фойдаланиш лозим. Вақтимизни зое кетказувчиларга сарфлагунча, илм олишга, китоб мутолаа қилишга, Қуръон ўқишга сарфлашимиз дунё ва охиратимиз учун фойдалироқ. 

 7- босқич. Қувватни тиклаш.

Дам олиш жуда ҳам керак! Соғлигимизни тиклаш ва гўзаллигимизни сақлаб туриш учун зарурдир. Ёдда тутинг: яхши, тўлиқ уйқу (6-8 соат атрофида) – жисмоний ва ақлий соғлиққа катта фойда. Ҳафтанинг аксар қисмида тиниқиб ухлаб олишга ҳаракат қилинг.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар сиз Аллоҳнинг неъматларини санайдиган бўлсангиз уларнинг адоғига ета олмайсиз». Вақт ҳам Аллоҳнинг неъматларидан биридир. Ҳар бир ўтган вақтнинг ҳам савол-жавоби бўлади. Шу туфайли вақтдан унумли фойдаланишни ўрганинг. Вақтнинг тўғри тақсимланиши ишлашга, тўгаракларга, уй юмушлария, ҳаттоки сайр қилиб, вақтни чоғ ўтказиша ҳам имкон беради.

 

Моҳира Зуфарова

 тайёрлади

Read 11679 times
Top