muslim.uz

muslim.uz

Аудиомаъруза (tas-ix)

Бугун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида “Матбуотда ёритилаётган диний-маърифий мавзуларнинг аҳамияти” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон матбуот ва ахборот  агентлиги биносида ўтказилди. Унда соҳа вакиллари, етакчи олимлар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар вакиллари  иштирок этди.

Анжуманни Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари  Комил Мансуров кириш сўзи билан очиб маърузачиларга сўз берди.

Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмитанинг Конфессиялар билан ишлаш ва экспертиза бўлими бошлиғи Собитхон Шарипов “Республикамиз даврий нашрларида диний-маърифий мавзуларни ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари”, Мазкур қўмитанинг Диний таълим бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамизда ташкил этилаётган илмий марказлар ва диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар”, Қўмитанинг Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Дилшодхон Бобожонов “Республикада экстремизм, миссионерлик ва ақидапарастликка қарши олиб борилаётган тарҳибот ташвқиот ишларида” мавзусида маъруза қилдилар.

Маърузалар якунланганидан сўнг йиғилиш иштирокчилари маърузачиларга саволлар билан мурожаат қилди ҳамда ўз таклифларини билдирди.

Анжуман сўнггида мавзуга оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Туркиялик ва хитойлик олимлар гуруҳи Нуҳ алайҳиссалом кемасининг қолдиғини топишга муваффақ бўлдилар.

Олимларнинг хабар беришича, хароба Туркияда, Арарат тоғида қалин вулқон қоялар ва қор қатламлари остида ётибди. Тадқиқотчилар у ердан қурилиш материали сифатида фойдаланилган ёғоч бўлакларини топишди, деб хабар беради Daily Express.

Кема парчалари денгиз сатҳидан 400 метр баландликдан топилган. Углерод ташхиси топилма 4800 ёш атрофида эканини кўрсатди.

“Бу Нуҳ алайҳиссалом кемасининг қолдиғи деб юз фоиз  ишонч билан гапиришга ҳали эрта. Аммо 99.9 фоиз ишонч билан айтиш мумкинки, бу ўша кеманинг айнан ўзи”, дейди тадқиқотчилардан бири. 

Бундан ташқари, тадқиқотчилар шу жойнинг яқинидан 20 метр узунликдаги зинапоя ҳамда эшик тузилишига ўхшаган ёғоч-тахта бўлакларини ҳам топишди. Бироқ уларни ердан суғуриб олишга ҳали эришилгани йўқ.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

Четвер, 29 июнь 2017 00:00

Тавба надоматдир

Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», – дерлар(Таҳрим, 8).          

Тавба қилиш муҳим ишлардан бўлиб, “тавба” қайтиш маъносини англатади. Тавбада зулматдан нурга, гуноҳдан тоатга қайтиш ният қилинади.   Тавба, дарҳақиқат, руҳни гуноҳлардан поклайди, гуноҳлардан ҳосил бўлган ғашлик ва изтиробни кетказади. Инсон туғилганда унинг қалби худди оппоқ саҳифа каби гуноҳлардан пок бўлади. Унинг амаллар саҳифасига гуноҳу савоб у балоғатга етгандан бошлаб ёзила бошлайди. Инсон гуноҳ қилса, қалби қораяди. Агар гуноҳ ва маъсиятларни кўпайтирса, бу қоралик бутун қалбини қамраб олади. Бу ундаги фитрат нурини кеткизади. Агар инсон мана шу ғафлат уйқусидан уйғониб кетса, тавба манзилига киради. Секин-аста қалбидаги қоронғилик зоил бўлади ва тезда фитрат нурига қайтади.

Агар тавбада шартлари ва арконлари топилмаса, инсоннинг тавбаси тўғри бўлмайди ва қабул қилинмайди. Бу ерда ўша шарт ва рукнларнинг энг муҳимларини зикр қиламиз. Гуноҳлардан ва маъсиятлардан қасд қилган нарсасига қалбида пушаймон бўлиши, шаръий буйруқларни адо қилишда йўл қўйган хатоларига қалбида надомат сезиши. Шунда гуноҳлари надомат ўтида ёнади. Тавбанинг шартларидан яна бири – қилган гуноҳини қайта қилмасликка азму қарор қилиши. Бу икки рукнни амалга ошириш учун инсон доимо гуноҳнинг салбий таъсирларини эслаб юриши лозим. Дарҳақиқат, ривоятларда зикр қилинадики, албатта, маъсият инсоннинг қалбида қора нуқта пайдо қилади. инсон гуноҳу маъсиятларни қилишда давом этаверса, бу нуқта кенгайиб, қалбни тўла қамраб олади, уни ҳақиқатларни кўришдан тўсиб қўяди, кўр қилади. Натижада банда бадбахтликка етади.

Агар маъсиятлардан тавба қилса, қалбидаги қоралик аста-секин йўқола бошлайди. Унга охират ишлари енгиллашади. Унга Аллоҳ таоло тарафидан илоҳий тавфиқлар муяссар бўлади. “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).

Тавба Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши учун унинг айтиб ўтилган шартларини амалга ошириш керак.

Амирул мўминин Али ибн Толиб (розияллоҳу анҳу)дан “Наҳжул балоға” асарида тавбанинг шуртлари тўғрисида шундай ривоят қилинади: “Истиғфор олти маънога далолат қилади: қилган гуноҳига надомат чекиш; уни бошқа қилмасликка азму қарор қилиш; Яратган зотнинг ҳақларини адо қилмоқлик; жисмини ҳаром луқмалардан поклаш; жисмига маъсият ҳаловатини татитгани каби тоат аламини татитмоқ. Мазкур шартларга яна қуйидаги шартларни қўшиш мумкин:

  • Ноҳақ эгаллаган ҳақларни ўз эгаларига қайтариш. Тавба қилувчи инсон бошқалардан ҳақсиз олган нарсаларини қайтармоғи лозимдир. Қайтаришдан бош тортмаслиги керак, чунки агар улар ундан ўз ҳақларини бу дунёда талаб қилмасалар, албатта, яқинда қиёмат куни талаб қиладилар. Ўшанда унинг савобларидан уларга олиб берилади.
  • Аллоҳнинг ҳақларини адо қилиш. Адо этолмаган фарзларини қазо қилиб бўлса ҳам, ўташи лозим.

Банда Аллоҳнинг раҳматидан, унинг лутфу карамидан ноумид бўлмаслиги керак. Шайтон учун, нафсул аммора учун имкон бермаса, қалбида васваса, шайтоний бузуқ ният бўлмайди. Тавба машақатли кўринади. Лекин инсон тавба қилса, албатта, икки дунё саодатига эришади.

Агар банда кўп гуноҳ қилса-ю, кейин кўп пушаймон қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга йўлни енгил қилади.

Охират йўлидан борувчига риёзат аламини татимоқлиги ва ибодат машаққатига сабр қилмоқлиги лозим бўлади. Агар кечаси гуноҳда бедор бўлган бўлса, бундан тавба қилиш учун кечаси билан ибодатда бедор бўлсин. Кундузи гуноҳ билан юрган бўлса, бир кун рўза тутиб тавба қилсин. Гуноҳларнинг асарлари, изларидан нафсини покласа, нафсинг маъсиятдан олдинги поклигига қайтади.

Тавбадан сўнг бирдан юқори бир даражаларга чиқилмайди ва бу талаб ҳам қилинмайди. Баъзи инсонлар тавбани машаққатли, қийин иш деб ўйлайди ва ундан юз ўгиради. Натижада у бадбахтлар йўлини танлайди. Ваҳоланки, охиратга олиб борувчи қадамлар кичик-кичик одимлардан бошланади. Бандадан талаб қилингани шудир. У мана шу одимларда давомли бўлса, Аллоҳни муҳаббатига сазовор бўлади. Аста-секин бу ишлар унга енгил бўлади. Оқил киши олий мақсадларга етиш кичик-кичик қадамлардан иборат эканини биладилар. Яна банда агар тавбани тўлиқ амалга ошира олмаса, ундан юз ўгирмаслиги, яна гуноҳ ва маъсиятларга қайтмаслиги керак. балки қўлидан келганича ҳаракат қилиши лозим.

Албатта, йўлнинг қийинчилиги инсонни юришдан қайтармаслиги керак. Тавба инсонни абадий бадбахтликдан мутлақ саодатга элтувчи қоситаларнинг биринчисидир.

 

Ҳасан Расулов,

Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси

Инсоннинг саодати Аллоҳ таолонинг амрларига мувофиқ ҳаёт кечирмоғидир. Инсон дунё муҳаббатини қалбидан чиқариб отгани заҳоти кечаю кундуз дунё иши билан машғул бўлса-да, дунё унга зарар етказа олмайди. Чунки унинг қалби Аллоҳ таолога боғланган. Агар инсоннинг қалби дунёга боғланса, дунё иши билан бир дақиқа шуғулланса ҳам зарар кўради.

Бинобарин, Қалб – Аллоҳнинг назаргоҳи. Уни Аллоҳ таолога боғламоқ керак.

Аллоҳнинг дўстлари – маънавий табиблар. Улар қандай қилиб дунёдан кўнгил ўзиб Аллоҳ таолога боғлашни яхши биладилар. Қалбнинг Аллоҳга боғланганининг бир неча аломатлари бор. Агар кишининг қалби Аллоҳга боғланса, у ўша заҳоти фақат Унинг йўлидан, ишқу муҳаббатидан сўзлай бошлайди.

Бир одам бир авлиёнинг қошига келиб:

 – Аллоҳнинг ризосига қандай етишса бўлади? – деб сўради.

Авлиё унга:

– Сенга муждалар бўлсин, – деди.

Одам:

– Нега? – деб ҳайрон бўлди.

Авлиё:

– У йўлни сўраган одам у йўлга киришни истайди, Аллоҳ унга насиб этади, иншааллоҳ! – деб жавоб берди.

Демак, Аллоҳнинг йўлига қизиқмоқ, доимо унинг билан машғул бўлмоқ Аллоҳ таолога маъқул келадиган амал.

Сахий ибн Абдуллоҳ: “Ким қалбини Аллоҳ таолога топширса, Аллоҳ унинг аъзоларига ҳам соҳиблик қилади”, деди.

Инсон қалбини Аллоҳга топширса, У ҳам унинг кўзларига, қўлларига, оёқларига, тилига, яъни бутун аъзоларига эгалик қилади. Кўзини ҳаромга боқишдан сақлайди, тилининг бетайин гапиришига тўсқинлик қилади, оёқларининг гуноҳ ишларга боришига қаршилик қилади... 

Аслида қалб Аллоҳ таоло яратган бир эт парчаси, холос. Шундай экан, нега уни Аллоҳга топширмаймиз. Уни Аллоҳга топшириб:

“Парвардигорим! Бу қалбни сен яратгансан. Уни сенга топширамиз”, деб Унинг  қаршисига қўяйлик. Ўша заҳоти Аллоҳнинг раҳмати қалбимизга киради ва бутун аъзоларимиз Аллоҳга боғланиб унинг ҳузуридаги ажру савобларга етишади.

Бизнинг бу ишимизга тўсқинлик қиладиганлар  шайтон ва нафсдир. Шунинг учун Боязид Бистомий бундай деган: “Мен нафсимни чақириб, “”Юр, Раббимга борамиз, дедим. Келмади. Модомики, келмас экансан, унда сен қол, мен кетдим”, дедим.

Нафсга “сен қол” дейиш қийин иш эмас. Аммо уни қолдириб кетиш, унинг ҳою ҳавасларидан кечиб кетиш қийин иш. Демак, ана шу нарсаларни тарк этмоқ Боязид Бистомийга қийин бўлмаган. Шунинг учун бундай деган:

 “Бир куни тушимда Аллоҳ таолога дедимки:

– Ё Раббим! Мен сенга қандай ета оламан?

Аллоҳ таоло:

– Эй Боязид, нафсингдан кеч-да кел! – деди.  

Биз бугун нафсимизни едиряпмиз, ичиряпмиз, роҳат эттиряпмиз. Жилла қурса, Аллоҳнинг ибодатини вақтида бажариб қўяйлик. Нафсни ҳар доим тўқ тутиб юрмоқ ибодатнинг қаршисидаги катта тўсиқдир. Чунки демишларки:

“Дунёда доимо тўқ бўлган киши қиёмат кунида оч қолади. Дунёдаги оч киши эса қиёмат кунида тўқ бўлади”. Овқат шаҳватининг зарарларининг баъзилари шулардир:

Аллоҳдан қўрқиш туйғуси қалбни тарк этади;

махлуқотга қарши марҳамат туйғуси қалбдан чиқади;

кўп овқат оғирлик қилиб тоат ва ибодатига монелик қилади;

ҳикматли сўзларни эшитса ҳам қалби юмшамайди;

ўзи ҳикматли сўзларни гапирса ҳам бошқаларга таъсир қилмайди.

Шундай экан, ҳеч бўлмаса, кунда бир-икки соат нафсимизни оч қўяйлик. Озгина бўлса ҳам очлик нима эканини ҳис қилайлик.

Фотимаи Нишопурий бундай деган:

 “Содиқлар ва тақво соҳиблари бу замонда бир денгиз ичидадирлар. У денгизнинг тўлқинлари уларни отиб ўйнамоқда. Улар денгиз ичида буғилгани боис Аллоҳ таолога дуо ва фарёд этадилар”.

Аллоҳ таоло ўша бандаларини гуноҳлардан муҳофаза этади. Ибодатларини ҳам бажаришини насиб этади. Агар биз жуда қиммат нарсамизни йўқотиб уни излаганимиз каби ахтарсак, Раббимиз бизга истаганимизни беради. Ана шу билганларимиз бизнинг маънавий хасталикларимизнинг дориларидир. Бу дориларни билсаг-у, ундан фойдаланмасак, бир беморга  дори олиб бориб уни бир идишга солиб қўйиб, ҳеч фойдаланилмагани кабидир.

Дорини ичмаган хаста соғаядими? Шунинг учун бу билганимиз ушбу дориларни қалбимизга, руҳимизга татбиқ этмоғимиз лозим.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.  

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top