www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 22 июнь 2020 00:00

Танлов иштирокчилари диққатига!

Маълумки, muslim.uz сайтида халқимиз маърифатини ошириш, мухлисларимизни ижод қилишга рағбатлантириш мақсадида “Ойлар султони – Рамазон!” номли мақолалар танлови ўтказилган эди.

Ушбу танловга 200 дан зиёд материаллар келди. Мақолаларнинг аксари muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Айни кунларда махсус ҳайъат томонидан муаллифларнинг ижодий ишлари белгиланган мезон асосида баҳолаш жараёни давом этмоқда.

Танлов ғолибларини “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” арафасида эълон қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, танлов ғолибларига қуйидаги мукофотлар топширилади: 3-ўринга – Смартфон, 2-ўринга – Планшет, 1-ўринга – Ноутбук. Шунингдек, 7 нафар юқори балл олган иштирокчиларга рағбатлантирувчи мукофот – китоблар жамланмаси тақдим этилади.

Барча қалами ўткир ижодкор мухлисларни танловда фаол иштирок этганлари учун ташаккур изҳор этамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

13 – ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот ҳижрий 591 сана, милодий 1194 санада Ромитанда туғилганлар ва ҳижрий 721 сана, милодий 1321 санада вафот топганлар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ўрта бўйли, юзлари ва бошқа аъзолари ғоятда гўзал бир зот эдилар. У киши фақирликни танлаган эдилар. Зотан, зоҳирда халқ ила, ботинда Ҳақ ила эдилар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ризқу рўз топиш учун тўқимачилик касбини ихтиёр қилган эдилар. У киши хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларининг хизматларига кириб, у зотнинг яқин биродарларидан ва энг улуғ халифаларидан бири бўлдилар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ҳам адиб, ҳам шоир эдилар. У кишининг форсча шеърлари бор. Бу шеърлар ҳикматларга тўладир. Хоразм шоҳи дастлаб у зотдан шубҳаланган бўлса ҳам, кейинчалик шогирд бўлди.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари бир юз ўттиз йил умр кўрдилар. У киши Муҳаммад исмли бешта улуғ зотни тарбиялаб етиштирдилар. Уларнинг ҳар бири илмда, тариқат ва фазилатда камолга етган кишилар эди. Улар зоҳир ва ботин илмларда олим, омил, ориф ва комил эдилар. Мазкур зотлар қуйидагилардир:

 – Хожа Муҳаммад (ўз ўғиллари);

 – Хожа Муҳаммад Куларуз (Хоразмдан);.

 – Хожа Муҳаммад Салоҳ (Балхдан);

 – Хожа Муҳаммад Борудий (Хоразмдан);

 – Хожа Муҳаммад Бобо (Шаммосдан).

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари: «Агар Ҳалложи Мансур замонида хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ёки у кишининг шогирдларидан бири бўлганида, уни ваҳдатул вужуддан ўтказиб, қутқариб олар эди», дердилар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари силсила омонатини хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларидан олганлар.

 

14 – МУҲАММАД БОБО САММОСИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот Ромитаннинг Саммос қишлоғида туғилганлари маълум бўлса ҳам, қайси йили туғилганлари номаълум. Вафотлари эса ҳижрий 755 сана, милодий 1354 санада Саммосда бўлган.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи қорамтир рангли ва юзларидан нур ёғилиб турадиган зот эдилар. У кишининг нигоҳлари таъсирли ва ҳиссиётлари кучли эди.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи хожа Али Ромитаний ҳазратларига умрларининг охиригача ихлос билан хизмат қилганлар. Ҳатто у киши Хоразмга ҳижрат қилганларида, бирга ҳижрат қилганлар. Ана шу суҳбат у кишига улкан фойдалар келтириб, устознинг энг яқин кишиларидан бирига ва кўзга кўринган халифаларига айландилар.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи боғларидаги дарахтларга шахсан ўзлари боғбонлик қилар эдилар. Иш пайтида ғайрат билан ишлар эдилар. Гоҳида хизмат асносидаги зикр туфайли ҳол ғалаба қилиб, қўлларидаги асбоблари тушиб ҳам кетар эди.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи кўп талабаларини ўзлари излаб топар эдилар. Бир куни у киши кураш майдони олдидан ўтиб кетаётиб, майдон ўртасида кураш тушаётган Амир Кулол исмли паҳлавонни кўриб қолдилар. Кейин у зот майдон ўртасидан ўтиб, полвонга назар солдилар ва уни маънавий майдонга тортдилар. Амир Кулол курашни ташлаб, ҳазратнинг хизматларига кирдилар.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига янги туғилган Баҳоуддин Нақшбандни олиб келганларида, у кишини кўрсата туриб, Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳига қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:

«Бу бизникидир. Буни маънавий фарзандликка қабул айладик. Аввал айтганимиз, тариқатимиз келажаги бўладиган шахс, иншааллоҳ, шудир. Бу қишлоқ бундан сўнг Қасри Орифон бўлажак. Эй Амир Кулол! Бу йўргак ичидаги ўғлим Баҳоуддинни сенга ҳавола этаман. Бунинг зоҳир ва ботин тарбиясида ҳеч камчиликка йўл қўймагин!»

«Иншааллоҳ, айтанингизни қилиш учун қўлимдан келган барча имкониятларни ишга соламан», деди Амир Кулол.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи тўртта улуғ халифа етиштирганлар: хожа Суфий Суҳарий, хожа Маҳмуд Саммосий (ўз ўғиллари), хожа Донишманд ва хожа Саййид Амир Кулол.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожаи Азизон Али Ромитаний ҳазратларидан олганлар.

 

15 – САЙЙИД АМИР КУЛОЛ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида таваллуд топганлари маълум ва машҳур бўлса ҳам, таваллуд йиллари номаълумдир. Ўзлари туғилиб ўсган Сухорда ҳижрий 772 сана, милодий 1370 санада вафот этганлар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи бўйлари узун, ранглари қорамтир, кўкраклари кенг, қўллари узун ва қошлари камон каби зот эдилар. У кишининг соқолларида биргина оқ тук бор эди. Гўзал қоматли, паҳлавон киши эдилар. У киши ниҳоятда камтар бўлиб, эътироз ва саркашлик нималигини билмас эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларидан баҳраманд бўлган саййидлардандир.

Бўладиган бола бошидан маълум, деганларидек, ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи оналарининг қоринларида ҳомила эканликларидаёқ баъзи бир ҳолатлар юзага чиққанини у кишининг волидаи меҳрибонлари қуйидагича ҳикоя қиладилар:

«У қорнимдалик чоғида шубҳали нарса еб қўйсам, қорним оғрирди. Истиғфор айтсам ҳам, роҳатлана олмасдим. Бу ҳол бир қанча вақт давом этди. Кейин ейдиган луқмамнинг ҳалол ва шубҳасиз бўлишига эътибор қиладиган бўлдим. Оғриқ ҳам тўхтади».

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи паҳлавон бўлиб ўсдилар. У киши кўзга кўринган курашчи бўлиб етишдилар. Аммо бу иш узоқ давом этмади. Бир куни ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг кураш санъатларини намойиш қилиб, ҳамманинг олқишини олиб турганларида у ердан шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўтиб қолиб, курашни томоша қилдилар. У кишининг муридларидан бири «Кураш томоша қилиш ҳазратга қандоқ бўлар экан?» деган маънода ҳайрат назари билан қаради. Шунда шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари унга:

«Бу кураш майдонида бир эр бор. Келгусида, иншааллоҳ, кўп кишилар унинг суҳбати баракоти ила камолга етсалар, ажаб эмас. Мен ўша эрнинг бизга шогирд бўлиб, таълим-тарбиямизни олишини истаяпман», дедилар.

Шу пайт кураш тушиб турган ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳузурларига келиб, у зотдан ўзларини шогирдликка олишларини сўрадилар. Биргаликда жўнаб, хонақоҳга етиб бордилар. Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи тавба қилиб, қўл бердилар. Сўнгра у кишидан зоҳир ва ботин илмларни олиб, замонасининг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлиб етишдилар.

У киши саййидликлари устига шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатда ҳам пешқадам бўлдилар. У киши кўйлакчилик билан оила тебратар эдилар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳининг тўрт ўғиллари ва тўрт халифалари бор эди. У киши ўзларининг тўрт ўғилларини тўрт халифаларига биттадан бўлиб бердилар ва уларни яхшилаб тарбиялашни топширдилар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ўз ўғиллари Амир Бурҳонни халифаларидан Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандга топшира туриб:

«Сиз манави ёш йигитни олинг. Уни ўзингиз эришган мартабаларга эриштиришга ҳаракат қилинг. Сизнинг бу ишни қандай адо этишингизни кўрайлик», дедилар.

Бир неча йилдан сўнг Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига у кишининг ўғилларини қайтариб олиб келдилар. Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ҳолни кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Амир Бурҳоннинг етук инсон бўлиб тарбия топганларидан қувониб:

«Амир Бурҳон тариқатда ҳужжатимиздир ва ҳақиқатда бурҳонимиздир», дедилар.

Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанднинг истеъдодлари ва камолотларини кўрган ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ўғлим Баҳоуддин! Кўксимда не бўлса, сизга бердим. Сизнинг истеъдодингиз янада кенг бўлғай. Номингиз оламни тутгай. Сизга изн бердим!» дедилар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларидан олганлар.

 

16 – ХОЖА МУҲАММАД БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот ҳижрий 718 сана, милодий 1318 санада Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида дунёга келдилар ва ҳижрий 791 сана, милодий 1389 санада ўша ернинг ўзида дунёни тарк этдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари узун бўйли, буғдой рангли, кенг соқолли ва кулча юзли зот эдилар.

Аслида хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари туғилган қишлоқнинг номи Ҳиндувон бўлиб, Бухородан бир фарсах узоқда жойлашган эди. Сўнгра у ер хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шарафларига Қасри Орифон деб номланадиган бўлди.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари дунёга келганларида, ўша пайтдаги Хожагон тариқати пешвоси бўлган Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўз шогирдлари билан бирга Қасри Орифонга келдилар ва гўдак Баҳоуддинни маънавий фарзандликка қабул қилдилар.

Ривоятларда зикр этилишича, ўшанда Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўз халифалари Амир Кулол ҳазратларига: «Бу боланинг тарбияси сенга оиддир», деганлар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Амир Кулол ҳазратларига қўл берган бўлсалар ҳам, манбаларда у кишининг ҳақиқий шайхлари ўзларидан бир қанча саналар илгари ўтиб кетган хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳи эканликлари қайта-қайта таъкидланади. Бу хилдаги маънавий тарбияга тасаввуф оламида «увайсийлик йўли» деган ном берилган.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг олий мақомлари у кишининг ёшлик чоғлариданоқ зоҳир бўла бошлади. У киши ўта зеҳнли ва идрокли эдилар. Аллоҳ таоло бу кишига улуғ зотларга шогирд бўлиш бахтини берди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари гўдаклик чоғларида Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳузурларида тарбия олдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Муҳаммад Бобо Саммосийнинг ҳузурларига шогирд сифатида келишлари билан, дарҳол у кишининг суҳбатларида иштирок этганлар. Мазкур суҳбатдан олган завқ ва ҳузурдан сўнг тўғри масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқиганлар ҳамда: «Эй Роббим! Менга бало юкини кўтармоққа кўмак бер! Бу хусусда менга яхшилик қил!» дея дуо қилганлар.

Бу хабар Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳига етиб борганда, у киши: «Илоҳим! Сенинг розилигинг нимада бўлса, ўшани менга бер!» дея дуо қилдилар ва: «Мақсади доимо Аллоҳнинг розилигини топмоқ бўлган кишига бало етмайди. Аллоҳ бир валийсига бало туширса, Ўз инояти ила уни кўтармоққа қувват ҳам беради», деб айтдилар.

Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳининг вафотларидан кейин хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг оталари у кишини Самарқандга юбордилар, у ерда машойихлар суҳбатида бўлдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари қисқа муддатдан кейин яна Қасри Орифонга қайтдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари болалик ҳамда камолот чоғларида Саййид Амир Кулол ҳазратларининг хизматларида бўлдилар.

Шу билан бирга, хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари маънавий жиҳатдан хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳига боғландилар ва у зотнинг таълим-тарбия ҳамда сайри-сулукка оид барча илмларини жамлаб, муҳофаза қилдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ва Саййид Амир Кулол ҳазратларининг таълимот ва талқинотларини ҳакимона тартибга солиб, тариқатда оламшумул асосларни барпо қилдилар.

Хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларидан бошлаб то Саййид Амир Кулол ҳазратларигача бу силсила кишилари жойига қараб гоҳ махфий зикрни, гоҳ жаҳрий зикрни раво кўрар эдилар. Кўпроқ жаҳрий зикр ихтиёр этилар эди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Қуръон ва Суннатдан далиллар ҳамда ўз устозларидан таълимотлар олиб, махфий зикрни устин кўрдилар. У киши: «Сўфий хилватда бўлса ҳам, жамоатда бўлса ҳам, махфий зикр қилгани афзал», дедилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, юқорида зикр этиб ўтилганидек, Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳидан тариқат изнини олганларидан кейин, ўша вақтнинг кўзга кўринган шайхлари ва алломаларидан бўлган Мавлоно Ориф ҳазратларининг суҳбатларида етти йил бардавом бўлдилар. Сўнгра хожа Халил Ота ҳазратларининг ҳузурларида ўн икки йил хизмат қилдилар.

Таълим олиш йиллари ҳақида хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари қуйидагиларни эслайдилар:

«Ёшлигимизда уч киши дўст эдик. Биз учовлон Ҳақ йўлига киришга қарор қилдик ва кирдик. Уларнинг ораларида менинг ниятим Аллоҳдан бошқа барча нарсалардан кечиб, ҳаққа ва ҳақиқатга етишмоқ эди. Бу ниятим холис экан шекилли, Ҳақ таоло менга кўплаб моддий ва маънавий имконлар берди. Охир-оқибат мақсадимга эриштирди».

Кўп йиллик меҳнат, тақво, ҳаракат ва қурбат натижаси ўлароқ, Аллоҳ таоло хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига тўрт буюк қутблардан бири бўлиш шарафини насиб қилди. Мазкур қутблар қуйидаги зотлардир:

Шайх Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу;

Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу;

Саййид Аҳмад Рифоъий қуддиса сирруҳу;

Саййид Аҳмад Бадавий қуддиса сирруҳу.

Ҳозирги кунда ҳам дунё бўйлаб энг кенг тарқалган тариқатлар худди шу тўрт зотнинг номларини олган тариқатлардир.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳанафий мазҳабида эдилар. У киши биринчи дафъа ҳаж қилганларида ўзлари бордилар. Иккинчи марта ҳаж қилганларида ўз шогирдлари Муҳаммад Порсо ҳазратларини ҳам бирга олиб бордилар. Йўлда кетаётиб, Ҳиротга етганларида, Мавлоно Зайнуддин раҳматуллоҳи алайҳининг зиёратларига кирдилар ва уч кун давомида у зотнинг суҳбатларида бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Ҳижоздан қайтишда бир муддат Марвда туриб қолдилар. Сўнгра йўлни давом эттириб, Бухорога етиб келдилар.

Кейин хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Қасри Орифонда бир масжид қурдилар ва қурилишда ўзлари ғишт ташиб, ишладилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари суҳбатларга катта аҳамият берар эдилар. У киши қаерга борсалар, яхшилик қилиш, сулҳ, иршод ва халқ тарбияси билан машғул бўлар эдилар. У киши ижтимоий хизматларга ҳам алоҳида эътибор берардилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз суҳбатларида асосан фарз бўлган илмлардан таълим бериш ва ахлоқ тарбияси билан машғул бўлар эдилар. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг йўли ҳам шу эди.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари:

«Йўлимиз суҳбат йўлидир. Суҳбатни тарк этган йўлни ҳам тарк этган бўлур», дер эдилар.

У киши чарчаш нималигини билмас эдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳар доим кўчаларни озода тутиш, ҳайвонларга ем бериш ва уларни даволаш ишлари билан машғул бўлганлар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг кўпгина шогирдлари етук тариқат ва маърифат намояндалари сифатида дунёга ном таратдилар. Улардан бирлари юқорида номи зикр этиб ўтилган хожа Муҳаммад Порсо раҳматуллоҳи алайҳидирлар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг машҳур шогирдлари, у киши билан доимо бирга юрган ва барча илмларини ўрганган шахс Алоуддин Аттор ҳазратлари ўз устозларининг охирги лаҳзалари ҳақида қуйидагиларни эслайдилар:

«Ҳазрати Нақшбанднинг охиратга интиқол қилиш онларида, Қасри Орифонда, у кишининг ёнларида «Йаасийни шариф»ни ўқиб турган эдик. Суранинг ярмига келганимизда у зотнинг юзларидан нур чиқа бошлади. Ул зот калимаи тавҳидни айтиб туриб, жон бердилар. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олган бўлсин».

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари етмиш уч ёшларида дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари силсила омонатини зоҳиран Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳидан, ботинан хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

  1. Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу;
  2. Хожа Яқуб Чархий қуддиса сирруҳу;

19 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қуддиса сирруҳу;

  1. Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳу;
  2. Дарвеш Муҳаммад қуддиса сирруҳу;
  3. Хожа Муҳаммад Имканагий қуддиса сирруҳу;
  4. Хожа Муҳаммад Боқий қуддиса сирруҳу;

Аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар ичида турли касб эгаларини кўриш мумкин. Шунингдек, касалланиш ҳудудлар кесимида ҳам кенгайиб бормоқда. Анчадан буён коронавирус аниқланмаган яшил ҳудудлар ҳам бир зумда қизил ҳудудга айланаётгани касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканидан дарак беради.

❗️Аввал хабар қилганимиздек, 17 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 189 нафар беморнинг 13 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 18 июнь куни эса 85 нафар бемордан 28 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи пасайган бўлса-да, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ошганини кўриш мумкин.

❗️18 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент вилоятида 14 нафар, Тошкент вилоятида 13 нафар, Қашқадарё вилоятида эса 1 нафарни ташкил этди.

❗️Жумладан, Тошкент вилоятида Тошкент туманида яшовчи фуқарода, Зангиота туманида яшовчи фуқаро ва унинг уч нафар оила аъзосида, Ўртачирчиқ туманида яшовчи 9 нафар фуқарода, шунингдек, чақириқ бўйича тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қабул бўлимига олиб келинган беморда касаллик қайд этилган.

❗️Бугун Соат 10 00 қадар касаллик аниқланган 88 нафар бемордан 10 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган.

❗️Жумладан, Юнусобод туманида яшовчи такси ҳайдовчисида (ўзи келиб намуна топширган), тана ҳарорати кўтарилгач шифокорга мурожаат қилган Олмазор туманида яшовчи уй бекасида, Учтепа туманида яшаб, Сергели туманида озиқ-овқат дўконида ишловчи сотувчида, худди шу тумандаги туғруқ таътилида бўлган уй бекасининг( шу йилнинг 13 июнидан тана ҳарорати кўтарила бошлаган) ўғли ва қизида ҳамда яна Учтепа туманидаги якка тартибдаги тадбиркорда (ўзи бориб таҳлил топширган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқарода (12 июндан тана ҳарорати кўтарила бошлаган) ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Мазкур касаллик аниқланган фуқароларнинг аксарияти тана ҳарорати кўтарилгач, шифохонага мурожаат қилишган ва намуна топширишган.

❗️Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, коронавирус аниқланган пойтахтлик фуқаронинг туғилган кун муносабати билан ўтказган тадбирида иштирок этган 13 нафар оила аъзоси ва қариндошларига юқтиргани барчамизни хушёр торттириши лозим.

‼️Шу боис, шу кунларда турли маросим ва тадбирлар ўтказишдан вақтинчалик тийилиб туришимиз, имкон қадар одамларни тўпламасликка, аҳоли гавжум жойлардан узоқроқ бўлишимиз ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлиги учун энг муҳим қоида эканлигини унутмаслигимиз керак. Шу ўринда ҳозир биргина ана шу воқеа сабаб қанча киши уй ва стацоинар карантинга олинганлигини айтишни ҳожати ҳам бўлмаса керак.

‼️Хавотирли вазиятдан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, аҳолини, жумладан, фаолияти тикланган соҳаларда меҳнат қилаётган фуқароларни хушёрликни йўқотмаган ҳолда, карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади.

 

Манба: https://t.me/uza_uz/33482

Замон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан Қуръони Каримни ўқишда муаммо ҳам кўпайди. Кишиларнинг Қуръони Каримни хато ўқишлари ва ихтилофга тушишлари хавфи кучайди.

Усмоний мусҳафлар шакл (эъроб аломатлари: фатҳа, касра, замма, сукун) ва нуқталардан холи ҳолда ёзилган бўлиб, бу тарзда ёзилиши бир неча қироат ва кўринишларни кўтара оладиган бўлиши учун бўлганини аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Одамлар ўз табиий кўникмалари ва илмлари билан уларни тўғри ўқиш имконига эга эдилар. Қироат қилишда уларнинг шакл, ҳаракатлар, эъроб ва нуқталарга эҳтиёжлари йўқ эди. Абу Аҳмад Аскарий айтганидек, кишилар Қуръони Каримни Усмон мусҳафида қирқ йилдан кўпроқ муддат, ҳатто Абдулмаликнинг халифалиги давригача ҳеч қандай аломат ва белгиларсиз ўқиб юрдилар. Ундан кейин адашишлар кўпайди. Бу ҳолат айниқса Ироқда кенг ёйилди.

Адашиш асосан баъзи Қуръон калималарининг қироатида ва ҳарфларнинг талаффузида содир бўлар эди. Араб бўлмаган кишилар орасида Исломнинг ёйилиши, мусулмон ажамларнинг кўпайиши араблар луғатига ўз таъсирини кўрсатди,

Яна Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ҳаракат қилиш зарур бўлиб қолди. Кераклича олиб борилган маслаҳатлардан сўнг кишилар Қуръони Каримни хато ўқимасликлари ва Қуръони Карим қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатларини қўйиш керак, деган фикрга келинди.

Ҳижрий 65 санада, Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги даврида баъзи мутасаддилар қуръоний матнларга шакл ва нуқталар қўйилмаса, уларнинг ўзгариб кетиш хавфи борлигини айтишди. Сўнгра тўғри қироат қилишга ёрдам берадиган муайян шакллар ишлаб чиқиш кераклиги ҳақида фикр қилинди.

Шу ўринда барча Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийни зикр қилади.

Ибн Зиёд асли форсий бир кишига ёзувда тушириб қолдирилган икки алифлик калималарга ўша алифни қўйиб Чиқишни буюрди. Шунда «قلت» ўрнига «قالت» деб, «كنت» ўрнига «كانت» деб ёзилди. Бу иш Убайдуллоҳ ибн Зиёдга нисбат берилди.

Ҳажжож эеа қуръоний ёзувнинг ўн битта ўрнига ўқишни осонлаштирадиган белги киритган, дейилади. Шундан сўнг қироат қилиш ойдинроқ ва фаҳмлаш енгилроқ бўлди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шу каби имловий безакларга ишора қилиб: «Мусҳафда араблар тез кунларда ислоҳ қиладиган лаҳнларни кўряпман», деган эди.

Демак, бу ўриндаги лаҳн ва белгиларнинг барчаси юқорида зикр этилган шаклда бўлиб, асрлар ва даврлар ўтиши билан шаклланиб турадиган расми хатга тегишли ишлардан эди.

Лекин қуръоний матннинг ўзида бирор нарса ўзгармаган. Балки асл ҳарфларга ёрдамчи ҳарф ва белгилар орттирилган, холос. Қолаверса, қуръоний матн одамлар қалбларида жамланган бўлиб, уни баъзилар баъзилардан оғизма-оғиз талаққий қилиш орқали ва яқиний мутавотир йўл билан олишар эди.

Аммо баъзи ўзини билмаган ва Қуръони Каримга душманлик қилишни касб қилиб олганлар ушбу ишора ва белги қўйишларни Қуръонга ўзгартириш киритиш деб «илмий» даъво қиладилар. Матн ўз ҳолида қолиб, унинг атрофига белги қўйиб, ўқишни осонлаштиришни «ўзгартириш» дейиш илмнинг қайси кўчасига кириши мумкин?!

Қуръоний расми хатнинг сайқалланиши бир дафъанинг ўзида охирига етмаган. Балки ушбу сайқаллаш ишида бир неча авлодлар иштирок этган. Ҳижрий учинчи асрнинг охирларига келиб, мусҳафни безаш ишлари чўққисига чиққан.

Бунда ҳам асл ҳарфларга заррача ўзгартириш киритмаслик шартлари ишлаб чиқилди. Тарихда бу иш «Қуръони Каримни нуқталаш» номи билан ўрин топди.

Уламолар қадимдан Қуръонга биринчи нуқталарни қўйган шахс хусусида ихтилоф қиладилар. Ушбу мавзуда уч кишининг исми такрорланади.

Абул Асвад Дуалий;

Яҳё ибн Яъмур;

Наср ибн Осим Лайсий.

Абул Асвад Дуалий араб тили масалаларида дастлабки дарсларни тақдим қилиш билан машҳурдир. У киши бу ишни Алий ибн Абу Толибнинг буйруқлари билан қилган эдилар. У кишининг Қуръони Каримга нуқталар қўйиши ушбу ишларининг узвий давоми деб ғумон қилинади. Ушбу мавзуда Абул Асвад Дуалийнинг Қуръоннинг софлиги учун кучли ғайрат кўрсатганларига ишора қилувчи бир қисса нақл қилинади.

Абул Асвад Дуалий бир кишининг Тавба сурасидаги

أَنَّ ٱللَّهَ بَرِيٓءٞ مِّنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ وَرَسُولُهُۥۚ

оятини нотўғри қироат қилаётганини эшитиб қоладилар.

Қори «Росулуҳу» калимасидаги «лом» ҳарфини жар қилиб, «Росулиҳи» деб ўқийди. Бунда оятнинг «Албатта, Аллоднинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расулининг ҳам» деган маъноси қўпол тарзда бузилиб, «Албатта, Аллоҳнинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расули билан ҳам» бўлиб қолади. Бу лаҳн (хато) Абул Асвад Дуалийни даҳшатга солди ва у «Аллоҳнинг важҳи Ўз Расулидан безор бўлмоқликдан азиздир!» деди. Сўнгра Басрага, Зиёднинг ҳузурига борди ва: «Сен сўраган нарсага ижобат қиламан», деди.

Бундан олдин Зиёд Абул Асвад Дуалийдан инсонлар Аллоҳнинг Китобини осон ва бехато ўқишлари учун аломатлар қўйишни сўраган эди. У эса жавоб беришни ортга суриб юрарди. Юқоридаги ҳодиса содир бўлгач, ўзи даҳшатга тушиб, бу ишга жидди-жаҳд билан киришди. Унинг ижтиҳоди фатҳа аломатини билдириш учун ҳарфнинг юқорисига битта нуқта, касра аломатини билдириш учун ҳарфнинг остига битта нуқта, замма учун ҳарф ўртасига битта нуқта ва сукун учун иккита нуқта қўйиб чиқишга чорлади.

Баъзи уламолар «Абул Асвад Дуалий Қуръонга Абдулмалик ибн Марвоннинг буйруғи билан нуқталар қўйиб чиққан», дейишади. Ушбу турли ривоятлардан Абул Асваднинг Қуръонга нуқталар қўйиб чиқиш сабабларини аниқ айтиб беришимиз қийин. У бу ишни ўзича қилганми ёки бошқанинг фикри билан амалга оширганми? Бу ишнинг асли қандай тартибда рўёбга Чиққан? Бу саволларнинг барчасига қатъий жавоб бериш мушкул. Лекин аниқ биламизки, ушбу оғир вазифани дастлаб ўз зиммасига олган шахс Абул Асвад Дуалий эди. Келтирилган ривоят ва хабарлар ушбу ҳақиқатнинг тўғрилигини билдиради.

Аммо Қуръонга нуқта ва шакллар қўйишни унинг ёлғиз ўзи амалга оширди, дейиш мантиқий жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам тўғри келмайди. Бу каби улкан вазифани якка шахс эмас, балки бир неча шахслар амалга оширади. Уни охирига етказиш бир авлодга эмас, бир неча авлодларга насиб этади. Абул Асвад Дуалийга Қуръонга нуқталар қўйиш, унинг расми хатини сайқаллаш силсиласида дастлабки ҳалқа бўлиш шарафи кифоя қилади.

Ушбу силсиланинг яна бир ҳалқасида Яҳё ибн Яъмур ҳам бордир. Баъзи уламолар бу шахс силсиланинг биринчи ҳалқасидан, деган фикрга мойил бўлишади. Айрим ривоятларда: «Мусҳафларга дастлаб нуқталар қўйган шахс Яҳё ибн Яъмурдир», дейилган.

Қуръонга нуқталар қўйиш ишида Яҳё ибн Яъмурнинг ҳиссаси борлиги маълум. Лекин қўлимизда унинг бу ишнинг бошида турганлиги тўғрисида далил йўқ. Фақат Марвда мусҳафларга биринчи бўлиб нуқталар қўйгани машҳур бўлган. Унинг нуқталар қўйишда аввалги шахс бўлганини билдирувчи энг ишончли далиллардан бири Ибн Халликоннинг «Ибн Сириннинг нуқталар қўйилган мусҳафи бўлиб, уни Яҳё ибн Яъмур қилиб берган эди», деган гапидир. Маълумки, Ибн Сирин ҳижрий 110 санада вафот топган. Демак, шунга кўра, ушбу санадан олдин ҳам комил нуқтали ва мукаммал шакллар қўйилган, ҳаракатлар ўша нуқталар билан ифода қилинган мусҳаф мавжуд бўлганлиги келиб чиқади. Бу жуда нозик иш бўлиб, уни осонликча қабул қилиб бўлмайди.

Наср ибн Осим Лайсий ҳам Қуръонга нуқта қўйиш ишида устозлари Абул Асвад ва Ибн Яъмурларнинг ишини давом эттирди, чунки у мазкур икки олимдан илм олган эди.

Ҳажжож хусусқца турлича фикрлар бор бўлса ҳам, ушбу улуғ ишда унинг хиссаси борлигини, бу шарафли ишга ниҳоятда қизиққанлигини инкор қилиб бўлмайди.

Замонлар ўтиб, қуръоний хатни осонлаштиришга қаратилган ҳаракатлар кучайди. Ушбу осонлаштириш турли шаклларни ўз ичига олди. Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий ал-Аздий нуқталарни синфларга бўлган, уларни китобга туширган ва иллатларни зикр қилган биринчи шахс бўлди. Шунингдек, ҳамза, ташдид, равм (ҳарф ҳаракатини чала айтиб билдириб қўйиш) ва ишмом (ҳарф ҳаракатини овозсиз, фақат лабнинг ҳаракати билан билдириш) аломатларини ҳам мусҳафга дастлаб шу киши қўйди.

Абу Ҳотим Сижистоний Қуръон нуқталари ва шакллари тўғрисида ўз китобини таълиф қилган пайтда мусҳафлар расми илми камолига етай деб қолган эди.

Ниҳоят, учинчи ҳижрий асрнинг охирларига келиб, Қуръон расми илми сайқалланиш ва чирой бериш борасида чўққисига етди. Одамлар гўзал хатларни танлашда, махсус аломатларни қўйишда мусобақалашиб кетдилар. Ташдидли ҳарфларга қавсга ўхшаш аломат қўйишди, боғловчи ҳамза алифига ўзидан олдинги ҳарф фатҳали бўлса, устига, касрали бўлса, остига ва заммали бўлса, ўртасига бир чизиқ чизиб қўйишди.

Қуръоний расми хатни сайқаллашга бўлган ҳаракатлар кўплаб тўсиқларга ҳам дуч келди. Учинчи асрнинг охирларига келиб, уламолар Қуръонга нуқталар қўйиш хусусида ихтилоф қилдилар. Аслида нуқталар қўйишнинг макруҳлиги жуда эрта кўринган эди. Бу хусусда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд:

«Қуръонни холи ҳолда тутинглар, унга бирор нарсани аралаштирманглар», дер эди.

Сўнгра тобеъинлар орасида мусҳафларни хушбўй қилиш ёки саҳифалари орасига атиргул баргларини қўйиш каби ишлар макруҳлиги айтилди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи табаъа тобеъинлар даврида ушбу масаланинг тафсилотини қилиб:

«Уламолар таълим оладиган мусҳафларга нуқталар қўйиш мубоҳдир, лекин она мусҳафларга (Усмон мусҳафларига) қўйиш мубоҳ эмас», деган эди.

Шу билан бирга, Қуръонни ўз ҳолича сақлаш тарафдорлари мусҳафларга нуқталар қўйишни макруҳ дейишда давом этдилар. Баъзи-баъзида нуқталар билан поралар орасини ажратувчи аломатларни фарқловчи мўътадил кишилар ҳам кўриниб турарди. Улар кишиларни: «Дарҳақиқат, нуқталар Қуръонни холи тарзда тутишга халақит қилмайди», деб огоҳлантиришар эди.

Ҳалимий шундай дейди:

«Ҳар ўн ёки беш оятни ажратувчи белгилар, сураларнинг исмлари ва оятларнинг сонларини Қуръонга ёзиш «Қуръонни холи тутинглар» деган қавлга мувофиқ, макруҳдир. Аммо нуқталар қўйиш жоиз. Чунки уларнинг сурати йўқлиги учун улар сабабли Қуръондан бўлмаган нарсани Қуръон деб гумон қилишнинг эҳтимоли йўқ. Дарҳақиқат, нуқталар қандай ўқишга далолат қилувчи белгилар бўлиб, эҳтиёжи бор кишилар учун уларни қўйишнинг зарари йўқдир».

Нуқталар бйлан таъширлар (ҳар ўн оятни ажратиш учун қўйиладиган белги) орасида очиқ-ойдин фарқ бўлишига қарамасдан, Қуръонни ўз ҳолича сақлаш тарафдорлари ҳижрий бешинчи асрнинг бошларигача «Қуръон шакллардан холи бўлган мусҳафлардан қироат қилиниши лозим», деб маҳкам туриб олишди. Масалани тор олувчи бу тоифалар «Аломатларнинг барчаси бидъат бўлиб, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахда» деган тушунчада эдилар. Абу Амр Доний мулоҳаза қилганидек, ғариб ишлардан бири – уларнинг баъзилари Қуръонга ҳаракатлар ўрнига нуқталар ишлатишни енгил санашар, лекин айнан ҳаракатлар билан шакл қўйишга қатъий қарши турар эдилар. Ваҳоланки, ўша асрдаги одамларнинг кўпчилиги ҳаракатлар қўйишда ҳеч қандай зарар йўқ, дейишарди.

Абу Амр Донийнинг ўзи Қуръон матнлари билан уларни равшанлаштириш учун қўйилган ҳаракатлар орасида фарқ борлигини эътироф қилади:

«Нуқталарни қора билан ёзиш жоиз эмас. Чунки бунда расми хат суратини ўзгартириб юбориш бор. Яна турли қироатларни битта мусҳафда жамлаш учун турли ранглар билан ёзиш ҳам жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда расми хатни ўзгартириб ёки аралаштириб юбориш хатари кўпаяди». Донийнинг фикрича, ҳаракатлар, ташдидлар, танвин, сукун ва мадд қизил, ҳамзалар эса сариқ рангда ёзилиши керак.

Сўнгра одамлар нуқталарни макруҳ, деганларидан кейин, мустаҳаб дейдиган замонлар келди. Ҳаракатлар билан шакл қўйишга эътироз билдирганларидан сўнг бу ишни мустаҳаб, деб қила бошладилар. Авваллари нуқта ва шакллар матнни ўзгартириб юбориши мумкин, деган хавфда бўлган эдилар. Кейин агар нуқта ва шакллар қўйилмаса, жоҳиллар матнларни нотўғри талаффуз қилиб, ўзгартириб юборишади, деган хавфга тушдилар. Қуръон матнини сақлашга бўлган ҳарислик баъзида нуқталар қўйишни макруҳ дейишга, бошқа пайт эса мустаҳаб дейишга асосий сабаб бўлди.

Ҳадис илмида кўплаб машҳур китоблар тасниф қилган, муҳаддисларнинг улуғларидан бўлган Имом Ҳофиз Муҳйиддин Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий шундай дейди:

«Мусҳафга нуқталар ва шакллар қўйиш мустаҳабдир. Чунки бу билан у лаҳн ва ўзгаришдан сақланади. Шаъбий ва Нахаъийнинг нуқталарни макруҳ, дейишлари ўша пайтда матннинг ўзгариб кетишидан қўрққанлари учундир. Дарҳақиқат, бу нарсалар янгилик бўлгани учун мусҳаф ўша хавфдан омондадир. Бу янгиликлар бидъати ҳасаналар жумласидан бўлиб, илмни тасниф қилиш, мадрасалар ва работлар бино қилиш каби бўлиб, улар ман қилинмайди. Валлоҳу Аълам».

Уламолар бошида макруҳ деган, сўнгра бу гапдан тўхтаб, мубоҳ ёки охирида мустаҳаб деган янгиликлар, жумладан, ҳар бир суранинг бошига сарлавҳалар ёзиш, оятлар бошига ажратиб турувчи белгилар қўйиш, Қуръонни жузларга тақсим қилиш, жузларни ҳизбларга ва ҳизбларни рубуъларга бўлиб чиқиш ва шуларнинг барчасига ишора ўлароқ, ўзига хос расмни битиб қўйиш кабилар эди.

Одамлар оятларнинг бошига қўйиладиган, бир-биридан ажратиб турувчи рамзларни бошқаларидан олдин ва тезроқ қабул қилдилар. Чунки уларда оятлар тақсимини билишга эҳтиёж бор эди. Хусусан, оятлар тартибининг тавқифий – ваҳий асосида эканига ижмоъ қилишгач, бу иш тезлашди. Улар рамз қўйишнинг турли йўлларини баён қилдилар. Баъзида ҳар бир оятнинг бошига унинг сурадаги тартиб рақамини қўйишар, баъзида эса буни беэътибор қолдирар эдилар. Аҳёнда сурадаги ҳар ўнинчи оятнинг ниҳоясига «عشر» калимасини ёки унинг бош ҳарфи «ع» ни ёки сурадаги ҳар бешинчи оят охирига «خمس» калимасини ёхуд унинг бош ҳарфи «خ» ни қўйишарди. Ва ушбу ишларда ҳеч қандай зарар йўқ, деб билишарди.

Сураларнинг бошига қўйиладиган сарлавҳаларга келсак, бу ерда уларнинг маккий ёки маданий эканлиги ҳамда оятларининг сони ёзиб қўйилар эди. Бу иш муҳофиз доираларнинг (Қуръонни ўзгаришлардан ҳимоя цилувчиларнинг) қаттиқ қаршилигига дуч келди. Кўпчилик уламолардан тортиб, ҳатто авом халқ ҳам бу ишнинг тавқифий эмаслиги, балки бу хусусда саҳобаларнинг кўплаб ижтиҳодлари борлигини билишар эди.

«Сураларнинг тартиби ижтиҳодий эмас, балки оятлар тартиби каби тавқифий, десак-да, сураларнинг исмлари ҳам тавқифий эканига бизда кучли далил йўқ. Баъзи сураларнинг маккий ва бошқаларининг маданий эканига ижмоъни даъво қилолмаймиз. Зеро, битта суранинг ўзида иттифоқ қилинган гапнинг ўзи йўқ» каби эътирозлар юзага чиқди. Шу каби ихтилофлар сабабли сураларнинг бошланишига сарлавҳалар ёзишга қаттиқ эътирозлар қўзғалди. Лекин вақт ўтиши билан ушбу эътирозлар ҳам енгиллашди, ҳатто одамлар ушбу сарлавҳаларнинг ўзи билан қаноат қилмай, ҳатто уларни зийнатлаш ва тилла билан безашда ҳадларидан ошиб кетишди. Ҳатто баъзи жоҳиллар ушбу сарлавҳалар ҳам қуръоний ваҳийдан ажрамайдиган бир бўлак, дейишгача боришди.

Одамлар оятлар ораеини ажрагиб турувчи рамзларни мубоҳ деб билишгач, сўнгра суралар бошига сарлавҳалар ёзишга журъат қилишгач, мусҳафларни сайқаллашдаги ҳаракатларни тўхтатишнинг имкони бўлмай қолди. Дарҳақиқат, дастлаб мусҳафларни сайқаллаш уларни жузларга ва ҳизбларга ажратишдан бошланди. Кишилар бу ишларини қўллаб-қувватлаш учун нақл қилинган ривоятлардан далиллар излай бошладилар.

Заркаший шундай дейди:

«Ҳизблар ва жузларга бўлиш масаласига келсак, мадрасаларда жузларнинг ўттизталиги ва рубуълар машҳур эди.

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида Абу Довуд ва Ибн Можа Авс ибн Ҳузайфадан ривоят қиладилар:

«У ҳаётлик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан: «Қуръонни ҳизбларга қандай ажратасизлар?» деб сўради. Улар: «Уч, беш, етти, тўққиз, ўн бир, ўн уч. «Муфассал»нинг ҳизби «Қоф»дан охиригача», дейишди».

Мусҳафларни сайқаллаш ва ёзувини гўзал қилишда хаттотларнинг ҳам улушлари беқиёсдир. Манбаларда айтилишича, халифа Валид мусҳафлар ёзиш учун Холид ибн Абул-Ҳайёжни ихтиёр қилган эди. У хатининг гўзаллиги билан машҳур бўлиб, Мадинадаги Масжиди Набавийнинг меҳробига ёзган хаттот ана шу кишидир. Ҳижрий тўртинчи асрнинг охирларига қадар хаттотлар мусҳафларни куфий ҳат билан ёзиб келдилар. Сўнгра бешинчи асрнинг бошларида унинг ўрнини гўзал насх хати эгаллади. Ушбу хатда барча ҳаракат ва нуқталар мавжуд бўлиб, бугунги кунимизгача шу хатдан фойдаланиб келмоқдамиз.

Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундай эҳтиёткорлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Ислом уммати ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий дастур – Қуръони Каримни ана шу тарзда кўз қорачиғидек, балки ундан ҳам авайлаброқ сақлаб келди.

Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръони Каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди.

Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила Ўзининг Китоби матбаа воситаси билан ҳам атрофга тарқала бошлади. Бу иш ҳам, Қуръонни қўлда ёзиш жараёнидаги каби, сайқалланиш ва чиройли қилиш босқичларини босиб ўтди.

– Қуръони Каримнинг илк нусхаси милодий 1530 йилнинг бошларида Бундуқияда (Венецияда) пайдо бўлди. Лекин у каниса ҳукмдорларининг амри билан йўқ қилинди.

– 1694 йили Олмониянинг Гамбург шаҳрида Ҳенкельман (Hinckelmann) Қуръонни чоп этди.

–  Қуръони Каримнинг яна бир нусхасини Луис Маррацци (Louis, Ludovico Maracci, 1612-1700) 1696 йили Падуя шаҳрида чоп қилди. Ушбу матбаада чоп қилинган Қуръоннинг уч нусхасининг бирортаси ҳам исломий юртларда машҳур бўлмади.

–  Қуръони Каримни холис мусулмонлар томонидан дастлабки чоп этиш 1887 йили Русиянинг Санкт-Петербург шаҳрида амалга оширилди. Бу босмани Мавлоё Усмон чоп қилдирган эди.

Худди шу каби босма Қозонда ҳам чиқди.

Эронда бирданига иккита тошбосма Қуръон тақдим қилинди. Улардан бири ҳижрий 1234 (милодий 1828) йили Теҳронда босилган бўлса, кейингиси ҳижрий 1238 (милодий 1833) санада Табризда чоп этилди.

– Г.Флюгель 1834 йили Олмониянинг Лейпциг шаҳрида ўзига хос Қуръонни чоп этди. Ушбу босманинг имлоси янги ва осон бўлгани сабабли оврупаликлар уни катта иштиёқ билан қабул қилдилар. Лекин бу нусха Ислом оламида шуҳрат топа олмади.

Ҳиндистонда ҳам Қуръони Каримнинг бир неча босмалари зоҳир бўлди.

Сўнгра бу улкан ишга 1877 йилнинг бошларида Остона (Турк султонлиги) қўл урди.

Кейин ниҳоятда аҳамиятли, улуғ иш содир бўлди. Ҳижрий 1342 (милодий 1923) санада Қоҳирада Азҳари шарифнинг улуғ шайхлари назорати остида гўзал, дақиқ, жуда ҳам латиф Қуръони Карим нусхаси чоп этилди. Бу иш Малик Фуад биринчи томонидан тайин қилинган илмий гуруҳнинг қарори билан бўлди.

Ушбу мусҳаф Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ равишда тайёрланган эди. Бу мусҳафни Ислом олами яхши қабул қилди, миллионлаб нусха чои этилди ва ундан ҳар йили турли юртларга тарқатилди.

Бу нусха асосий нусха бўлиб қолди. Чунки машриқу мағриб уламолари унинг хати ва расми диққат билан амалга оширилганига ижмоъ қилган эдилар.

Кейинчалик Саудия Арабистонида Малик Фаҳд номидаги Қуръон чопхонаси ташкил қилиниб, Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ равишда Қуръон чоп этилди. Бугунги кунда бу нусха «Мадина босма» номи билан танилган. Ҳозирда ҳам ҳажга борганларга шу нусхадаги Қуръондан жуда кўп сонда тарқатилмоқда.

Лекин фақат ушбу босма мусҳафга қараб қолингани йўқ. Бошқа мамлакатларда ҳам ўзига хос, ажойиб суратда Қуръон чоп этилиши давом этмоқда. Жумладан, Ливан, Миср, Сурия ва бошқа ўлкаларда ҳам бу иш яхши йўлга қўйилган. Узларида имконият бўлмаганлар имконияти борларга буюртма бериб, чоп эттиришмоқда. Қуръон қироатини осонлаштириш учун қўйиладиган ишоралар босқичи ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Хусусан, тажвид қоидаларини ифода этувчи, яъни тажвид қоидалари ранглар билан ифодаланган «тажвидли Қуръон»лар чоп этилди. Қуръони Каримнинг тўғри ўқилиши мақсадида қилинган бошқа ишлардаги каби, ушбу тажвид қоидаларини ифодалашда ранглардан фойдаланишга дастлаб саудияликлар эътироз билдирдилар. Тажвидли Қуръон дастлаб Сурияда чоп этилгач, эътирозлар ҳам сусайди ва ҳатто эътироз билдирган тарафларнинг ўзлари ҳам бу каби Қуръонларни чоп этишни бошладилар. Инсонларнинг Қуръони Каримни ўқишлари осон бўлиши учун қилинадиган хизматлар ҳокимлар учун ҳам, раийят учун ҳам шарафли ишдир. Бугунги кунда интернетда ўқиладиган, овозли электрон Қуръонлар ҳам ихтиро қилинмоқда. Яна қаламли Қуръонлар кашф этилди. Унда қалам қайси бир оятга қўйилса, ўша оятнинг машҳур қори томонидан қилинган қироати янграйди.

Либиядаги «Дунё Ислом даъвати» ташкилоти Нофеънинг Қолундан қилган ривоятига мос мусҳафларни кўплаб чоп этиб, ушбу қироатда ўқийдиган мусулмонларга тарқатди. Шу билан бирга, мазкур қироатдаги Жазоир, Мағриб каби ўлкаларда ҳам шу каби мусҳафлар чоп қилинмоқда.

Уламолар дастлаб бу ишга – Қуръони Каримни чоп қилишга рухсат бермадилар. Улар мазкур услуб ила чоп этиш Қуръони Каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки аввалги чопхоналар мусулмон бўлмаган шахсларга хос бўлиб, Қуръони Каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Ҳақиқатда, агар ўша пайтда Қуръони Каримни чоп этишга рухсат берилса, унинг обрўсига тўғри келмас эди.

Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини аъло даражада ўзлайггириб олганларини, Қуръони Каримни кўплаб чоп этишга эса эҳтиёж ниҳоятда ортиб бораётганлигини эътиборга олиб, уламоларимиз муқаддас Китобимиз ҳимояси учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.

Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси ана шу тарзда амалга ошиб келмоқда. Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони Карим ҳозиргача У Зотнинг ҳузуридан қандай нозил бўлган бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандай ҳолида турибди.

Тарих давомида душманлар Қуръони Каримга ўзгартириш киритиш учун турли йўллар билан ҳаракат қилдилар, аммо Ислом уммати доимо ҳушёр турди. Ҳар бир янги пайдо бўлган Қуръони Карим нусхасини дарҳол синчковлик билан текшириб, хатоси бўлса, ҳамма томонга жар солиб, ўша яусханинг барча ададларини куйдириш йўлга, қўйилмоқда.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, Қуръони Карим ҳозиргача Аллоҳ нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда.

Бу маънода Қуръони Карим ягона Китобдир.

Қуръони Карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб, ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ.

Қуръони Карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани аниқ.

Бошқа илоҳий китобларда мазкур ҳолни топиб бўлмаслиги ҳаммага, жумладан, ўша китобларга эътиқод қилувчиларга ҳам аён.

Мазкур эътибордан, Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло томонидан ҳозирги ҳолида собит бўлгани қатьий эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам зарур. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфининг собит бўлиши қатъий эканига шубҳа қилса, диндан чиқиб, кофир бўлади.

Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги ва шаклдаги Қуръони Карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят, амал қилиб келаётган илоҳий Китобдир. Дунёдаги бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандай нозил бўлган бўлса, шундай сақланиб келаётган яккаю ягона китоб ҳам худди шу Қуръони Каримдир.

Қуръони Каримнинг бу шаклда муҳофазада бўлиб келаётгани аввало Аллоҳ таолонинг инояти биландир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг Ҳижр сураси, 9-оятида:

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз», деб қўйгандир.

Ана ўша ваъдага биноан, Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз Қуръонини у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозирга қадар заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилади. Чунки У Зот Ўз ваъдасига ҳеч хилоф иш қилмайди.

Биз ожиз бандалар эса Аллоҳ таолонинг мазкур ваъдасининг ҳозиргача юзага чиқишига Ислом уммати сабаб бўлиб келаётганини мулоҳаза қила оламиз, холос. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси юзага чиқиши учун мусулмон умматини хизматкор қилиб қўйганини кўрамиз. Бундай мисли кўрилмаган буюк масъулиятни адо этишда Ислом умматига Аллоҳ таолонинг Ўзи доимий ёрдамда бўлди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

УЧИНЧИ ҚИСМ:

Қуръони Каримда насх;

Насх қилинадиган ҳукмларнинг турлари;

Насхнинг ҳикматлари;

Насх билан хослаш орасидаги фарқ;

Бугун, 18 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Бухоро вилоятига сафарлари бошланди. 

Аввал Когон туманида жойлашган “Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳига ташриф буюрилди. Таомилга биноан ўтганларнинг ҳаққига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг руҳи покига бахшида этилди.

Ташриф давомида, мазкур зиёратгоҳ фаолияти, олиб борилаётган амалий ишлар, биноларнинг ҳолатини кўздан кечириб, амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Сафар мобайнида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов ва “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззақов билан ҳам фаолият юзасидан мулоқотлар ўтказилиб, муҳим тавсиялар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top