Print this page

Мақолалар

Жумага юриб боришнинг фазли

Авс ибн Авс ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жума куни ювса ва ғусл қилса, сўнгра эрта борса, пиёда юриб, (улов) минмаса, имомга яқинроқ ўтирса ва тингласа, беҳуда (ҳаракат) қилмаса, унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлиги ажри берилур», дедилар.
Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Жума намози осон йўл билан улкан савоблар ишлаб олиш учун қулай фурсат эканини олдин ҳам айтиб ўтган эдик. Бу ҳадиси шарифда эса, ният билан пиёда юриб бориш ила ҳар бир босган қадам учун бир йиллик ибодатнинг савоби берилиши ҳақида сўз бормоқда. Мазкур улуғ мақомга эришиш учун қуйидаги ишлар қилиниши керак экан:
1. «Ким жума куни ювса».
Яъни, ювиши керак бўлган нарсаларни ювса. Хусусан, сочни яхшилаб ювишни уламоларимиз таъкидлаганлар.
2. «Ғусл қилса».
Бу ҳақда айтилди.
3. «Эрта борса».
Яъни, жума учун ният билан эрта борса.
4. «Пиёда юриб, (улов) минмаса».
ҳадиси шарифдаги айни шу жумла уни бу биз ўрганаётган «Жумага юриб боришнинг фазли» бобида келтирилишига сабаб бўлган.
Жумага савоб умидида пиёда юриб бориш фазилатли иш. Албатта, соғ-саломат инсон пиёда юриб намозга борса, ҳар тарафлама ўзига фойда.
5. «Имомга яқинроқ ўтирса».
Албатта, имомга яқин ўтиришда яхшиликлар кўп. Жумладан, аввалги сафдан ўрин олади, хутба, қироат ва дуоларни яхши эшитади. Энг муҳими, катта ажру савобларга эга бўлади.
6. «Тингласа».
Яъни, жумага борган одам тинглаши лозим. Хусусан, хутбадаги ваъз-насиҳатни тинглаш, ибрат олиш ўта муҳим.
7. «Беҳуда (ҳаракат) қилмаса»
Чунки озгина беҳуда ҳаракат ўша одамни ҳам, унинг атрофидагиларни ҳам чалғитиб, кўпгина фойдалардан бебаҳра қилади.
Ҳадиси шарифда келган бу етти ишни амалга оширган мусулмонларга улкан хайр-баракалар ваъда қилинмоқда. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлиги ажри берилур», дедилар.
Бас, шундоқ экан, бу ишларни ҳар жума ихлос билан адо этиб, ваъда қилинган ажр-савобларни олишга ҳаракат этайлик.

Ҳадис ва ҳаёт

Read 1585 times