Print this page

Мақолалар

Отанинг кўнгли

Ўроз ота икки ўғлини еру кўкка ишонмай кат­та қилди. Кичик ўғли Аҳмаджон мактабни яхши баҳоларга битириб, ҳарбий хизматни ўтагач, ички ишлар тизимига ишга кирди. Сўнгра оила қурди. Аммо тақдир экан, кунларнинг бирида бурчини бажараётиб ҳалок бўлди. Бундан ота­нинг қадди букилди, сочлари оқарди...

Катта ўғил Дилшоджон тўнғич фарзанд бўлгани учун отаси билан далада бирга ишлаб юрарди. У отасининг қўлидан ишларини олди. Қисқа вақтда бойиб кетди. Бироқ, семизликни қўй кўтаради, деганларидек, у ичкилик балосига мубтало бўлди. Ҳар куни ичиб келиб, уйда жанжал чиқарадиган бўлди.

Ўроз ота ҳар тонг бомдод намозида йиғлаб дуо қилар, Яратгандан Дилшоджонга инсоф сўрар эди. Бир куни аср пайтида Дилшоджон далага ичиб келиб, экинларга сув қўйиб юрган Ўроз отани кўриб, уни куч билан уйга ҳайдамоқчи бўлди ва ўз отасига қўл кўтарди. Ота зарбдан ариққа йиқилди. Ўрнидан зўрға турди. Эртаси куни касалхонага тушиб қолди. Шифтга термулиб ётаркан, ўғлининг тарбиясида қандай хато қилганини кўп ўйлади. Ахир, уларни бировдан кам қилмай ўстирди. Ҳаётда керак бўладиган илмларни қўлдан келганча ўргатди.

“Балки ўғлимга Аллоҳни танитишда хато қил­димми? Ўзим билган оятларни, намозни ўргатдим-ку?” деди ўзига-ўзи. Лекин ёшлигида қилган бир хатоси – отасига қилган саркашлигини эслагиси келмас, гўё у ишни отаси кечириб юборгани учун бу ишларга сабаб деб ҳисобламасди... Отанинг аҳволи кун сайин оғирлашди, у ўғли­нинг қилган ишидан жуда қаттиқ хафа бўл­ди. Аммо ўғлини қарғамади. Чунки қарғиш дилбандини адойи тамом қилишини биларди. Боласини чақириб, кечирганини айтди. Эртаси куни бомдод маҳали бу фоний дунёни тарк этди.

Дилшоджон бўлиб ўтган воқеадан жуда афсусланди. Лекин энди жуда кеч бўлган эди. У отасининг ортидан дуолар қилиш ўрнига тағин ичкиликка берилди. Орадан анча вақт ўтди. Қаҳратон қиш кунларининг бирида Дилшоджон маст-аласт ҳолда уйига келди. Отаси уни кечирганини айтаркан, болаларига: “Сизлар бу ишни қилмаларинг”, деб такрор-такрор танбеҳ берди. Сўнг шом пайтида васвасага тушиб, ўз жонига қасд қилиб қўйди...

Мен бу мудҳиш ишларда биргина сабаб – отанинг кўнгли оғриганини кўраман. Фарзандлар, ота-онангиз билан муомалада жуда эҳтиёт бўлинг. Ҳаётингизнинг масъуд ё бахтсиз ўтиши кўп жиҳатдан отанинг кўнглига боғлиқ...

Абдураззоқ ТОШКАНДИЙ

Read 1039 times