Print this page

Мақолалар

Динда саволим бор: Баъзан қурилиш материаллари тежаб қолинади, бундай ҳолларда ишчилар нима қилиши керак?

— Мен қурилиш ишларида ишлайман. Баъзан раҳбар (прораб) буйруғи билан қурилиш материаллари аслида етарлича олиб келинган бўлса ҳам, тежаб қолинади. Баъзан ишни тезроқ тугатишимизни айтади, натижада чала қилишга мажбур бўламиз. Бундай ҳолларда ишчилар нима қилиши керак? Ўша прорабнинг гуноҳига шерик бўлиб қолмайдими?

— Бу очиқ-ойдин хиёнат ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олдилар. Шунда саҳобалар таҳорат сувига шошилдилар. Кимдир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан тушган сувни юзларига суртди, кимдир ичди, яна кимдир нимадирлар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нега бундай қиляпсизлар” деб сўрадилар. “Сизга муҳаббат қилганимиз учун” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга бир амални айтайми, уни қилсаларингиз Аллоҳ ва расулига муҳаббат қилган бўласизлар ва сизларнинг муҳаббатингиз Аллоҳ ва расулининг наздида мақбул бўлиб, Аллоҳ ва расули ҳам сизларни яхши кўради”, дедилар. “Ҳа, Расулуллоҳ”, дейишди.

“Уч амал бор. Шуни қилсаларингиз Аллоҳ ва расулига муҳаббат қиласизлар, Аллоҳ ва расули ҳам сизларга муҳаббат қилади. Биринчиси, гапирсангиз фақат рост гапиринг. Яъни ҳеч қачон ёлғон гапирманг. Иккинчиси, омонатга хиёнат қилманг. Яъни ҳеч кимса ҳақида маккорлик қилманг. Учинчиси, қўшнингизга яхши муомалада бўлинг” дедилар.

Яна бир ҳадисларида “Мўмин ёлғончи бўлиши мумкин эмас” дедилар. Яна бир ҳадисларида “Мўмин мўминнинг ҳақига хиёнат қиладиган маккор бўлмайди” дедилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ёлғон гапириш, бошқаларни молини ноҳақдан қўлга киритиш маҳорат бўлиб қолди. Хусусан, машина бозорларида, мол бозорларида, корхона ва заводларда ва яна ҳозирги тилда айтилганда прораб бўлиб ишловчилар хонадон эгаларига буюртма берганларнинг ҳақини маккорлик билан ўғирлашмоқда. Дўкондан оладиган нарсаларнинг рўйхатини тузиб берилса, дўкончи билан келишиб уй эгасини ҳақини ўмаряпти. Усталар билан тил бириктириб, уй эгасини ҳақини ўмаряпти. Сиз каби ҳунармандлар ўртасига тушиб мижознинг ҳақини ўғирлаяпти. Энг ачинарлиси, ўша уриб қолувчиларни маълум бир йил ўтиб баданига пес тушмоқда, рак касалига дучор бўлмоқда, ўғирлаб едириб катта қилган боласи куйдирмоқда. Қизи эрдан ажрашиб келиб, бузуқлик йўлига кириб кетмоқда. Буларнинг барчасининг гуноҳи эса макр қилганнинг зиммасида қолади. Ишчилар ишни пухта, чиройли қилиб бажаришлари керак. Прорабни бундай йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлашлари керак. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов

Read 1121 times