
muslim.uz
Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки:
а) 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:
оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади;
б) 2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниб, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бундан мустасно). Бунда, тегишли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилади;
в) бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
3. Фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда:
оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари) қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади;
амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов эълон қилинади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар томонидан очиқ ва шаффоф усулда электрон аниқлаш тизими – махсус электрон платформани ишга туширсин.
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
4. 2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратилсин, шунингдек, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари:
бош миллий мукофот учун – автомобиль;
биринчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари;
иккинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари;
учинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари;
12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирлансин.
Белгилансинки, “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланади.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) барча давлат органлари ва ташкилотлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шакли, шу жумладан, мобиль иловалари тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 2022–2024 йилда ажратилган Давлат бюджети ҳамда уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан яратилишини ташкил этади, кейинги йилларда уларни модернизация қилиш учун маблағ ажратиб боради;
б) 2023 йил январдан бошлаб:
давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, уларнинг мобиль иловаларини яратиш ҳамда модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳа бўйича танлов эълон қилинади. Бунда, ҳар бир танлов учун Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда маблағ ажратилади;
даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловаси яратилади;
2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10 фоиз, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20 фоиз миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади (“Cashback”), реклама хусусиятига эга бўлган даврий босма нашрлар бундан мустасно. Бунда, ушбу харажатлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов) ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) 2022 йил якунига қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловасини яратсин ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилсин ҳамда унинг доимий равишда модернизация қилиниши, техник қўллаб-қувватланиши ва фаолият юритишини таъминласин.
6. Журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини амалиёт билан интеграция қилиш, кадрларнинг малакасини ошириш ва журналистларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
а) олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади;
б) оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра 1-иловага мувофиқ профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади;
в) олий таълим муассасалари ректорларига журналистика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнига оммавий ахборот воситаларининг таниқли ва тажрибали ходимларини, соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ва улар меҳнатини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш ҳуқуқи берилади;
г) журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари кафедраларининг ихтисослаштирилган бўлимлари 2-иловага мувофиқ ташкил этилади;
д) оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг:
хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бунда, улар хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши ҳамда нодавлат таълим ташкилотида ўқиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим;
хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.
Бунда, ушбу “д” кичик бандда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
7. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олий органи қарори билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси деб қайта номлангани маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 16-уй манзилдаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Белгилансинки, 2023–2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, тажриба ўрганиш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилади ҳамда улар учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ўқув курслар ташкил этилади. Бу борадаги тегишли харажатлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг тегишли ҳудудий бўлимлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, сақлаш харажатларини қоплаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия сифатида маблағ ажратиб бориш чораларини кўрсин.
8. Журналистларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг қуйидагиларни уюшма томонидан амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
журналистлар ва давлат органлари, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келган низоларнинг судгача ҳал этилишига кўмаклашиш;
журналистларнинг профессионал фаолиятига тааллуқли жиноят ишлари бўйича иш юритишда уларнинг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида қонунда белгиланган тартибда иштирок этиш;
теле- ва радиоканалларнинг бадиий кенгашлари фаолиятига жалб қилинган малакали экспертларни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан доимий равишда рағбатлантириб бориш.
9. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси олий органи қарори билан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб қайта номлангани маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси томонидан тавсия этилган медиа лойиҳаларни амалга ошириш режаларига мувофиқ вазирлик, идора, ташкилот ва ҳокимликларга уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шартнома асосида медиа маҳсулотлар яратиш, уларни реализация қилиш ҳамда бошқа медиа лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берилади.
10. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига оммавий ахборот воситалари учун грантлар, ижтимоий буюртмаларнинг сони ва миқдорини ошириб бориш ҳамда бу борада алоҳида танловлар ўтказиш тавсия этилсин.
11. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов) Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов), Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) билан биргаликда уч ой муддатда телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш ва қуриш, телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун белгиланган давлат божи миқдорини 50 фоизгача камайтириш ҳамда уни йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашни жорий қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, қуйидагилар учун давлат божининг алоҳида миқдорлари назарда тутилади:
телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш ва қуриш;
мамлакат миқёсида телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) ёки ҳудудий телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш);
радиоэшиттиришларни тарқатиш.
12. Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилида жойлашган “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.
Белгилансинки, ушбу бинога даврий босма нашрларнинг таҳририятлари ижара ҳақи тўламасдан (коммунал тўловлар ва кўрсатиладиган бошқа хизматлар бундан мустасно) жойлаштирилиши мумкин.
13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А. Артикходжаев) Қурилиш вазирлиги (Б.И. Закиров), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев), Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) билан биргаликда:
ушбу қарорнинг 12-бандида келтирилган бино ва иншоотлар ҳамда уларга туташ ҳудудда замонавий медиа шаҳарча ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни 2023–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритсин;
ушбу лойиҳа бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун 2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида иқтисод қилинган ва ўзлаштирилмаган маблағлар ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш чораларини кўрсин.
Замонавий медиа шаҳарча лойиҳаси якунига етказилгунига қадар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўз фаолиятини Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 42-уй манзилида жойлашган бинода давом эттирсин.
14. 2022–2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.
15. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3184-сон қарори 2-бандининг учинчи хатбошисидаги, 5-бандининг иккинчи хатбошисидаги, 10-бандидаги ҳамда қарорга 1-илованинг ўн бешинчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги “Журналистлар ижодий уюшмаси” сўзлари тегишли келишикдаги “Журналистлар уюшмаси” сўзлари билан алмаштирилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3195-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.А. Ходжаев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Ш.И. Асадов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Қадрли дўстлар!
Аввало, сиз, азизларни, соҳа ривожига бугун ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётган муҳтарам фахрийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор қиламан.
Биз оммавий ахборот воситалари ходимлари тимсолида ўзининг чуқур билим ва тажрибаси, ноёб истеъдод ва маҳоратини халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, глобал ахборот маконида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишдек олижаноб ишларга бағишлаган жонкуяр ва заҳматкаш инсонларни кўрамиз.
Жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги ва муҳим босқичига қадам қўяётган ҳозирги даврда медиа соҳаси вакиллари – журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле-радио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахона ходимлари Ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Муҳтарам юртдошлар!
Кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини халқ билан мулоқотнинг ишончли кўпригига айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини, соғлом рақобатни ривожлантириш, медиа тармоқларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, устоз-шогирд анъаналарини кучайтириш, соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай юксак эътибор туфайли юртимизда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етгани диққатга сазовордир. Айниқса, хусусий медиа воситалари ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаб бораётгани жамиятимизда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда, туб ислоҳотларни амалга оширишда, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, телевидение ва Интернет тармоғини интеграция қилиш мақсадида замонавий интернет платформаси ва унинг мобиль иловаси ташкил этилгани, миллий ахборот маконимизда интернет нашрларининг сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Натижада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ахборот манбалари янада ортиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга тезкор муносабат билдириш, турли мавзулар бўйича очиқ, холис ва танқидий фикр билан чиқишда катта имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Ахборот соҳасида миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, миллий журналистикамиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш – олдимизда турган долзарб вазифадир.
Ўзбекистон медиа компаниялари ҳам жаҳон ахборот майдонида муносиб ўрин эгаллаб, глобал сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга интилмоқдалар.
Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш, илғор хорижий тажрибалар, замонавий ахборот технологиялари, серқирра таҳлил усулларини ўзлаштириб, доимо изланиб яшаш, миллий журналистикамизнинг янги авлодини тарбиялаш зарур.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ўз ифодасини топган бундай юқори марраларга эришиш учун бизда барча ресурс ва салоҳият мавжуд.
Фуқароларимиз учун ахборот соҳасида қулай имкониятлар яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини кучайтириш – яна бир устувор вазифамиздир.
Шуни қайд этиш зарурки, соҳанинг моддий-техник базасини яхшилаш, ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга бундан буён ҳам доимий эътибор қаратамиз.
Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича куни кеча қабул қилинган Президент қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Унга кўра, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, эҳтиёжманд ва ёш журналистларни уй-жой билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.
Шунингдек, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида Матбуот уйларининг ҳолати танқидий ўрганиб чиқилиб, янги бинолар барпо этиш юзасидан зарур чоралар кўрилади.
Маълумки, жаҳонда эътироф этилган демократик мезонларга кўра, матбуот эркинлиги – барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар орасида алоҳида аҳамиятга эга. Албатта, бу соҳада ютуқлар билан бирга ҳали муаммоларимиз ҳам йўқ эмас.
Кейинги пайтда ижтимоий тармоқлар орқали баъзи жойларда оммавий ахборот воситаси ходимларига менсимай қараш, уларнинг ўз ваколати доирасида эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраётгани ҳақида хабарлар тарқалаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги доимо Бош қомусимиз ва қонунларимиз ҳамда Президент ҳимоясида бўлади.
Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш – бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак. Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим.
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизни айни шу руҳда тарбиялашда журналистика соҳаси вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ўзларининг бой тажрибаси ва ибратли фазилатлари билан алоҳида намуна кўрсатадилар, деб ишонаман.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Бугунги байрам муносабати билан соҳа фидойиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани, ҳеч шубҳасиз, барча ижодкорларни янги-янги марралар сари илҳомлантириб, уларга катта ғайрат ва шижоат бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азиз қалам аҳлини қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ижодий фаолиятингизда улкан ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзиянинг Ислом туризми ҳафталигида иштирок этди
Ўзбекистон элчихонаси Путражайя шаҳрида ўтказилган Малайзия Ислом туризми ҳафталигининг расмий очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирни мамлакат туризм, санъат ва маданият вазири Нэнси Шукри ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ислом туризми маркази Бош директори Моҳмед Разип Ҳасан очиб берди.
Нэнси Шукри томонидан туризм ва меҳмондўстлик соҳалари ҳамда уларга бевосита боғлиқ бўлган иқтисодиёт тармоқларининг тўлиқ тикланишини таъминлаш мақсадида Малайзия ҳукумати халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор бераётганини маълум қилди. Шу ўринда Малайзия томони хорижий шериклар, хусусан биродар Ўзбекистон билан биргаликда ўзаро туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга тайёрлигини билдирди.
Вазир Малайзия туризм салоҳиятини кенг ва тизимли тарғиб қилиш стратегиясига тўхталиб, мамлакатнинг дунёдаги етакчи 10 та сайёҳлик йўналишлари сифатида ўрнини тиклаш режалари билан ўртоқлашди. Мамлакат чегаралари жорий йил 1 апрелидан очилганидан сўнг ташриф буюрувчилар оқими июнь ойи ҳолатига кўра 2 миллиондан ошгани сабабли, йилнинг охиригача камида 4,5 миллион сайёҳни қабул қилиш режаси эълон қилинди. Бугунги кунда сайёҳлар оқими асосан тўғридан-тўғри ва мунтазам рейслар амалга ошириладиган мамлакатлар ва қўшни Сингапур билан тикланиб бормоқда.
Моҳмед Ҳасан “Жаҳон мусулмон туризми индекси” рейтингида Малайзиянинг жорий йилда ҳам биринчи ўринни эгаллаганини таъкидлаб, мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси билан ўртоқлашди.
Тадбир доирасида Малайзия мутасаддилари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, Ислом туризми маркази бош директори бу йил Ўзбекистон халқаро рейтингда яна 7 поғона юқорилаб, 138 мамлакат орасида 9-ўринни эгаллаганини алоҳида эътироф этди. Шу ўринда, республика туризм инфратузилмасининг жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар, жумладан Самарқанд шаҳридаги замонавий аэропорт ишга туширилиши ҳамда барпо этилаётган Самарқанд халқаро туризм маркази лойиҳасини Малайзия томони юқори баҳолади.
Туризм соҳасида икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик лойиҳаларининг муҳокамаси натижасида республика Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан тузилган ишчи гуруҳ фаолиятини жадаллаштириш ҳамда Малайзия Ислом туризми маркази раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Бўлажак ташриф доирасида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ходимлари, вилоят ва шаҳар ҳокимларининг туризм масалалари бўйича ўринбосарлари, туризм соҳаси бошқа вакилларининг малакасини ошириш ва илғор тажриба алмашиш мақсадида ўқув семинари ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тинчлик ва хотиржамлик (видео)
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида
Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган демократик ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келаётгани, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиздаги яратувчилик ва янгиланиш жараёнлари, эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари, соҳа учун малакали профессионал кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги самарали фаолияти, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагилар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлансин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан
Максудов Мухаммаджон - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Наманган вилояти телерадиокомпанияси директори Матякубова Назира Тохтабаевна - Қорақалпоғистон Республикаси «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири Тошев Фармон Исхакович - Самарқанд вилояти «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири |
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан
Худайкулов Мухтар - Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг медиа назарияси ва амалиёти кафедраси профессори Шералиев Рахматилла - Тошкент вилояти «Чирчиқ тонги» газетаси бош муҳаррири |
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан
Абасханов Рихсибой Абдилазизович - «Ёғду» нашриёти бош муҳаррири Амирова Шахноз Хатамовна (Шаҳноза Ғаниева) - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «О‘zbekiston» телерадиоканали» давлат муассасаси «O‘zbekiston tarixi» телеканали лойиҳа бошловчиси Эшонкулов Назар Салиевич - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбектелефильм» давлат муассасаси директори ўринбосари – бош муҳаррири |
«Меҳнат шуҳрати» ордени билан
Джураева Ранохон Гафуровна - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фахрийси Иванова Анна Витальевна - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Каримова Хатичахон - Фарғона вилояти «Ойдин» газетаси бош муҳаррири Маликов Эркин - «Ҳилол» нашриёти муҳаррири Турсунова Мавжуда Хафизовна - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фахрийси Шодиев Махамаджон Махмуджонович - «Овози тожик» газетаси бўлим муҳаррири |
«Дўстлик» ордени билан
Абдуллаева Татьяна Самуговна - «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясининг офсет босма цехи мусаҳҳиҳи Айходжаева Азиза Саденовна - «Нурлы жол» газетасининг қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт бўлими мудири Алимов Чори - Қизириқ тумани «Тараққиёт» газетаси бош муҳаррири, Сурхондарё вилояти Жуманиязова Халима Тагановна - Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳри «Маконим» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Каримова Шахзода Ғоппоровна - Балиқчи тумани «Ғалаба» газетаси бош муҳаррири, Андижон вилояти Ли Сергей Алексеевич - «Народное слово» газетасининг иқтисодиёт бўлими муҳаррири Магдиев Баходир Кабул-Кариевич - «Oriat» телерадиокомпанияси» масъулияти чекланган жамиятининг «Oriat Dono» радиоси бошловчиси Марценяк Валентина Викторовна - «Ishonch-Доверие» газетаси масъул котиби Мирзаахмедов Мурабас - «Миллий» телеканалининг «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатуви бошловчиси Саматов Фахриддин Умиркулович - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston» телеканали «Ассалом, Ўзбекистон!» студияси масъул котиби Сафаров Мамадамин Абдуғаппарович - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари Хайдарова Дилбархон - Наманган вилояти «Мураббий» газетаси бош муҳаррири |
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени
Сейданова Лала Алмуратовна - Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг «Қорақалпоғистон» телеканали ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий дастурлар бош муҳаррири Хамидова Мухаббат Махмудовна - «Гулхан» журнали бош муҳаррири ўринбосари |
«Соғлом турмуш» медали билан
Каримов Захид Бахримуратович - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Sport» телерадиоканали» давлат муассасаси директори |
«Содиқ хизматлари учун» медали билан
Алиқулова Гулчехра Тимуровна - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси ижодий муҳарририят гуруҳи бош муҳаррири Мамадаминов Алмурат Маматкулович - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг фотоахборот таҳририяти фотомухбири Рахманбердиев Жавдат Каримбердиевич - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати Медиа-маркази бош мутахассиси Саидов Комилжон Саипджанович - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази бошлиғи Ходжаахмедов Суннат Абдуллаевич - «Ўзбекистон нашриёти» давлат унитар корхонаси муҳаррирлар бўлими бошлиғи Хожиев Фарход Жумабаевич - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston 24» телеканали гуруҳ бош муҳаррири Шарасулов Шамахмут Шакаримович - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Madaniyat va ma’rifat» телерадиоканали» давлат муассасаси режиссёри |
«Келажак бунёдкори» медали билан
Боходиров Сарварбек Санжарбек ўғли - «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» дастури бошловчиси Убайдуллаев Хикматилла Шухратилла ўғли - Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари |
«Шуҳрат» медали билан
Адилов Улуғбек Шахарбаевич - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Аллаев Фируз Абдунасимович - Тошкент шаҳридаги «Asaxiy books» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асроров Улуғбек Холбоевич - «Янги Ўзбекистон» газетаси таҳририятининг ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва ҳуқуқ бўлими мудири Бободўстов Файзулла Муродович - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси ижодий муҳарририят гуруҳи бош муҳаррири Буриева Хулкар Туракуловна - Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston 24» телеканали сухандонлар гуруҳи сухандони Игамбердиева Фарида Бурикуловна - «Darakchi.uz» интернет оммавий ахборот воситаси бош муҳаррири Исломов Низомжон Илҳом ўғли - «Aniq.uz» веб-сайти муҳаррири Курбанов Шухратбек Равшанбекович - «Kurbanoff.net» блоги администратори Мусаева Наргиза Абдуллаевна - Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Бўка тумани ахборот-кутубхона маркази директори, Тошкент вилояти Нугманов Бекзод Алимович - Тошкент шаҳридаги «Media News» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Пулатов Аброржон Масутович - «Авторадио» радиостанцияси таъсисчиси Турдибаев Олимжон Арипджанович - «UzReport» масъулияти чекланган жамиятининг «UzReport TV» телеканали бош муҳаррири Худайкулова Зилола Рахматовна - Бухоро вилояти «Истиқлол-ТВ» телерадикомпанияси бош муҳаррири Шадрин Константин Михайлович - Тошкент шаҳридаги «Kolorpak» масъулияти чекланган жамияти дизайнери |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев