muslim.uz
Унутилаётган суннатлар (36-суннат): Уйқудан турганда бурунни қоқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғида тунаган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Доктор Мустафо Шаҳота айтади: “Бурун бўшлиғида микробларнинг бир неча турлари пайдо бўлади ва ривожланади. Ҳар куни таҳоратда бурун бўшлиғининг ювилиши, унинг яллиғланиши ва микробларнинг кўпайишини кеткизади”.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Японияда мусулмонлар сони тез ўсмоқда
Васэда университети тадқиқотчиси Танада Хирофумининг сўзларига кўра, Японияда мусулмонлар сони ўтган 10 йил ичида икки баробардан зиёд кўпайди.
2010 йилда, статистика Японияда мусулмонларнинг сони 110 000 нафар эканлигини кўрсатди. 2019 охирига келиб, уларнинг сони 230 000 нафаргача ошди. Мусулмонлар сонининг ортиб бориши мамлакат бўйлаб масжидлар, намозхоналар ва ҳалол озиқ-овқат ресторанларининг қурилишига олиб келди.
Бугунги кунда Японияда 110 та масжид мавжуд бўлиб, бу ёқимли ўзгариш, дейди маҳаллий мусулмонлар уюшмаси раҳбари Муҳаммад Тоҳир Аббос Хон.
Японияда мусулмонлар жамоавий ибодатларни бажариш учун кўпроқ имкониятга эга бўлса-да, марҳумни дафн этиш учун жой топишлари ҳамон қийин. Япон халқининг 99% га яқини кремация қилинади, бу эса исломда таъқиқланади. "Бугун ўлсам, қаерга кўмилишимни билмайман", - дея ҳасрат қилади Хон.
Islam.ru маълумотларига кўра, Япония мусулмонлар уюшмаси ўн йил олдин янги қабристон учун жой излай бошлади. 70 миллион иен (700 минг АҚШ доллари) йиғишса ҳам яқин атрофдаги қишлоқ аҳолисининг норозилиги сабабли ерни сотиб олишга эриша олишмади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Гўзал ахлоқдан гўзал бўстонлар унар…
Ислом дини гўзал ахлоқдан иборат. Ахлоқ дин асоси бўлганидек, мўминликнинг ҳам белгиси ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда кийим-кечакдан тортиб ўзини тутишгача, муомаладан то тижоратгача, оилавий муносабатлардан ҳатто жамиятдаги хатти-ҳаракатгача – барча феъл-атворнинг умумий жамланмаси ахлоқ дейилади.
Ахлоқ Оламлар Раббисининг фитратимизга жойлаштирган яхшилик, гўзаллик ва раҳм-шафқатнинг бир бутун кўринишидир. Ҳар бир бола Ислом фитратида туғилиб, кейинчалик ота-онасининг тарбияси билан ўз йўлини танлайди. Ҳар бир бола гўзал ахлоққа йўғрилган ҳолда дунёга келади. Вақт ўтиши билан оила давраси, дўст-суҳбатдошлари, атроф-муҳит, иқтисодий имкониятлар, ахборот воситалари каби ташқи таъсир ахлоқнинг гўзаллигига, бир бутунлигига путур етказиши мумкин.
Одам Атонинг фарзандлари Қобил ва Ҳобилдан бошлаб инсон фитратига бир имтиҳон зарурияти сифатида жойлаштирилган ҳасад, хиёнат, ғурур, адоват, эҳтирос каби кишини ёмонликка етакловчи нафсоний туйғулар ҳам энг олий махлуқот бўлган инсонни энг паст даражага – тубанлик жарига қулатиши мумкин.
Бугун дунёнинг манзараларига боқсангиз, урушлар, қонли тўқнашувлар айримларнинг манфаат ва ҳирсларининггина инъикоси эканини кўрасиз. Глобал оламдан ўзимизнинг кичик дунёга “кўчганимиз”да эса юртдошимиз, маҳалладошимиз, ҳатто оила аъзоларимиздан бирининг тоза фитратга зид хатти-ҳаракатларига кўзимиз тушади. Бу аслида ўша бир бутун гўзал ахлоқнинг заифлашганини кўрсатувчи омилдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал ахлоққа бундай таъриф беради: “Гўзал ахлоқ – очиқ чеҳрали бўлиш, инсонларга доимо яхшилик қилиш ва уларга азият етказадиган нарсаларни бартараф этишдир”.
Ўқиганда ёқимли ва қилиш осондек кўринган бу амаллар аслида динимизда энг улуғ савобга эришиш мумкин бўлган мақбул ибодат саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни тарозуда гўзал ахлоқдан ўзга оғирроқ келадиган нарса йўқ”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Шу нуқтаи назардан, асли фитратимизда бор бўлган, бизга олам-олам савоблар келтирадиган гўзал ахлоқни “уйғотиш” унчалик қийин иш эмас.
Гўзал ахлоқ – ширин сўз, яхши муомала, муҳаббат, табассум, марҳамат кўрсатиш, аввало, инсоннинг ўзидан бошланиши керак. Яъни, инсон ўзига яхшилик қилиб, боқий дунёда хайр ва саодатга эришиши учун ана шу яхшиликларга қўл уриши лозим. Зеро, бу амаллар ўз ўрнида уни ҳаловат ва бахт кўчасига олиб киради.
Инсон ўз яратилишига мувофиқ, эзгу ниятлар билан ҳаракат, ҳалол меҳнат қилса, умри давомида муваффақият қозонади, чунки олға қадам ташлаш учун арзирли мақсади бор. Бу хатти-ҳаракатлари, аввало, ўз оиласига, кейин атрофидагиларга хотиржамлик, ижобий муҳит ва албатта ишонч беради. Мўминнинг ишончли ва омонатдор бўлишининг сири ҳам мана шунда.
Таъкидлаш лозимки, инсоннинг бу ҳаракатларидан ҳосил бўлаётган ишонч ва омонатдорлик ҳисси вақт ўтиши билан яқинларидан ўзига қайтади. Бора-бора бу ижобий фазилатлар атрофоламга ёйилади ва ўзи яшаётган, келажакда фарзандлари яшайдиган муҳит ижобийлашувига туртки бўлади. Худди Расулуллоҳ алайҳиссалом яшаган саодат асридагидек… Худди жаҳолат сабаб кин, адоват ва маишатдан бўшамаган инсонлар жамиятида бир бурда нонини ҳам мўмин биродарлари билан бўлишиб еган саҳобаи киромлар шаклланганидек…
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир
Юртимиз мустақилликка эришган илк йилларда 14 январь санасида Ўзбекистон Республикасининг Қуролли кучларига асос солинди. Айнан шу сана ҳар йили мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни деб белгиланиб, юртимиз бўйлаб кенг нишонланиб келинмоқда.
Бугун Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўқитувчи ва талабалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги халқаро хафсизликни тамийнлаш қушинлари ҳарбий қисми кичик сержантлари Б.Бекмуратов, С.Саидов ва Ж.Бабаевлар меҳмон бўлишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанимизни севиш, ҳар бир қариш ерини асраб-авайлаш шарафли ва савобли бўлиш билан бирга, барчамизнинг бурчимиз экани таъкидланди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, деганлар. Ушбу ҳадис инсон ўзи яшаб турган Ватани, дини, оила аъзоларини ҳимоя қилиши улуғ ва хайрли амаллар сирасига кириши маълум бўлади.
Юртни асраш, қўриқлаш, Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш динимиз таълимотида улкан савобли амал саналади. Бинобарин, шижоатли палласини, борингки, ҳаётларини шарафли бурчини адо этиш учун бахшида қилган ўғлонларнинг хизмати сабаб элу юрт хотиржам, заминимиз осойишталик ҳукм сурмоқда.
Бошқа бир ҳадисда юрт сарҳадларини қўриқлаш нақадар шарафли ва савоби қанчалар улуғлиги баён қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кечалари Аллохдан қўрқиб ёш тўкккан кўзни ва Аллох йўлида тунларни посбонлик килиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”, деганлар.
Ушбу ҳадислар қалбида иймони бор ҳар бир мусулмонни сергак торттириши ҳақиқат. Шунингдек, қалбида юрти, Она Ватанига бўлган муҳаббатини ҳам зиёда қилади.
Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида тунни тун демай доимо огоҳ ва сергак туриб, сарҳадларни қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларимиз ҳар доим соғ-омон бўлсин. Аллоҳ таоло Ўзининг ажр-мукофотлари билан тақдирласин!
Адилбай Ережепов,
Билим юртининг маънавият ва маърифат
ишлари бўйича мудир ўринбосари
Муфтий ҳазратлари Пайариқ ва Ургут туманларига ташриф буюрдилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва Пайариқ тумани бош имом-хатиби Мансур домла Абдухолиқов ҳамда Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусиновларнинг ҳамроҳлигида мазкур туманда жойлашган “Тоҳир Шайх” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур масжиднинг янги, замонавий биносининг қурилиши ишлари бошланиш арафасида.
Муфтий ҳазратлари ушбу хайрли ишларнинг боши ўлароқ мазкур масжид пойдеворига тамал тошини қўйдилар ҳамда бу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини Аллоҳдан сўраб ва бундай хайрли ишларга моддий ва маънавий ёрдам бераётган саховатпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ургут туман бош имом-хатиби Шоди домла Хақбердиевлар билан туманидаги янги қурилган, замон талабларига тўла жавоб берадиган масжид биносига ҳам ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари ушбу мўжаз масжидга ташрифлари давомида унинг фаолияти юзасидан муҳим тавсиялар бердилар ва ушбу масжиднинг қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.