Print this page

Ўзбекистон янгиликлари

ТАРИХИЙ УЧРАШУВДА МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Симпозиумлар саройи”да Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари иштирокида ўзаро мулоқот бўлиб ўтди.

Икки мамлакатни азалдан тарихий, маданий ва диний ришталар боғлаб келади. Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабатлари қалин ҳамкорлик асосларига эгадир. Аждодларимиз Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага интилганлар. Улар бу ерда Аллоҳнинг уйи – Каъбаи муаззама, Арафот, Мино ва Муздалифа водийлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаи саодатлари ва қабрлари, буюк саҳоблар дафн этилган Бақиъ маскани, Қиблатайн ва Қубо масжидлари, Уҳуд тоғи каби табаррук жойларни зиёрат қилишга доимо ошиққанлар.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабатлари сўнгги йилларда ижобий суръат касб этиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик босқичлари, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ривожланиб бораётгани, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тараққий этаётгани,   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-18 август кунлари икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига бориши ҳамкорлик муносабатини янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилаётгани, энг муҳими, икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик, биродарлик тамойилига асосланган алоқалар кўламини янада кенгайганини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Республикамизда ҳаж ва умра тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли Қарори асосида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик Кенгаши томонидан амалга ошириб келинаётгани, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта тажриба орттиргани, натижада юртимиз зиёратчилари ҳар йилги ҳаж мавсумида энг намунали, деган мақомга муносиб кўрилаётганини алоҳида қайд этди.

Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мазкур ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини такомиллаштириш, айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш сифатини ошириш, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганини маълум қилди.

Вазир жаноблари сўнгги йилларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан шу йил 17-18 август кунлари давлат ташрифи муносабатларни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлади. Айниқса, турли муассасалар билан учрашувлар ўтказилгани ва бир қатор истиқболли ҳужжатлар имзоланганини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон кўрсатмасига асосан Ҳаж ва умра ишлари вазири Ўзбекистонга келгани, ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилиши, айниқса, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан алоқаларни ривожлантириш, ҳаж ва умра тадбирларини юқори даражага олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилишини билдирди.

 Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳаж ва умра қилувчи кишилар Аллоҳ таолонинг меҳмонлари экани, уларга кўмак берган, оғирини енгил қилган инсон улуғ савобга ноил бўлишини баён этди. Ҳаж зиёратчилари сони жорий йилда 12 000 нафардан, умра қилувчилар сони эса 40 минг нафардан ошганини алоҳида қайд этдилар.

Муфтий ҳазратлари ҳаж ва умра қилувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ибодат қилишлари учун Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида янада қулай шароитларни ҳозирлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш, дин уламолари иштирокида анжуманлар ўтказиш, Саудия Арабистони фуқароларини Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларига зиёратларини ташкил этиш кабилар борасидаги бир қатор амалий таклиф ва фикр-мулоҳазаларни тақдим этдилар. 

Музокараларда Саудия Арабистонида “Нигоҳ – 2030” давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани, икки мамлакатнинг кўп ёндашувлари ўхшашлиги ва халқаро доирада бир-бирини доим қўллаб-қувватлаб келаётгани эътироф этилди.

Учрашувда мана шундай ҳамкорликларга замин ҳозирлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари, Икки Муқаддас Масжид ходими Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Aбдулазиз Ол Сауд ҳазрати олийлари ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон жаноби олийларига миннатдорлик билдирилди.

Мулоқот якунида томонлар совғалар топширдилар ва эсдалик учун суратга тушдилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1873 times