muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Сўнгги йилларда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши – жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Таъкидлаш лозимки, охирги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ушбу жараён соҳа ходимларидан ҳам алоҳида масъулият ва фаоллик талаб этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, уларнинг фидоийлиги, шарафли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, қадрланмоқда.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ҳамда соҳа ходимлари «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан тақдирландилар.

ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Ахборот хизмати

Понеділок, 20 ноябрь 2023 00:00

Эски кийимларни садақа қилиш

  1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини садақа қилиб юборишга кирмайди. Эскирган нарса ўртача мол ҳисобланади, чунки камбағаллар бундан ҳам эскироқ кийимларни сотиб олишади. Қанчадан-қанча бойлар писанд қилмайдиган кийимлар борки, уларга эришиш камбағаллар учун орзудир. Бундай кийим-кечакларни ахлатга ташлаш ёки ёқиб юбориш мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим». (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).

  1. Ёмон кийимни садақа қилиш макруҳдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олмайсиз», деган. (Бақара сураси, 267-оят). Макруҳ бўлиши билан бирга бундай кийимни садақа қилган одамга садақасига яраша ажр ёзилади, ваҳоланки унга молнинг яхшисини танлаб садақа қилиш афзалдир.

Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди»  («Муғнил муҳтааж», 4/197).

  1. Афзали ўша кийимларни ювиб, дазмоллаб, сўнг камбағалнинг ўзига ёки бирорта хайрия жамғармасига бериш ёки масжид имомидан муҳтож одамларни сўраб олиб, ўшаларга беришдир.
  2. Шунингдек, эски оёқ кийим, идиш-товоқ ва уй жиҳозларини садақа қилиш ҳам мустаҳабдир.

Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.

Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш

 

Понеділок, 20 ноябрь 2023 00:00

Оилавий ҳаёт сокинликдир

Оилавий ҳаётнинг ва эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги бир-икки оятни яхшилаб ўрганишнинг ўзи бу улкан ҳақиқатни тушуниб етишга кифоя қилади, деб ўйлайман.

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (21‑оят).

Инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг биру борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Инсон ҳар доим кўзи тушиб турган нарсаларга кўникиб, эътибор бермай қўяди, аммо эътибор билан, ақл-заковат билан тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёл қилиб, ўзига хос сифатлар билан яратилиши улкан мўъжизадир.

Тўғри, «инсон» деб аталмиш бу икки жинснинг ташқи кўринишида бир-бирига ўхшашлик бор. Иккиси ҳам «инсон» ёки «одам» деб аталади. Кўп аъзолари сиртдан бир-бириникига ўхшайди. Аммо ўша сиртдан бир-бирига ўхшаш эркак ва аёлнинг жисми алоҳида таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, турли ажойиботлар намоён бўлади.

Эркакнинг танаси, суяги, эти, гўшти, пайи, мияси, ақли, ҳис-туйғулари ва ҳаттоки ҳужайралари ҳам аёлникидан фарқ қилади. Унинг бутун вужуди куч-қувват, сабр-бардош, оғирликни кўтариш, машаққатларга чидаш каби эркакларга хос ишларни адо этиши, умуман, эркакликка хизмат қилиши учун мосланган.

Худди шунингдек, аёлнинг танаси, суяги, эти, гўшти, пайи, мияси, ақли, ҳис-туйғулари ва ҳаттоки ҳужайралари ҳам эркакникидан фарқ қилади. Унинг бутун вужуди латофат, юмшоқлик, меҳрибонлик, оғирликни кўтара олмаслик, тез ҳаяжонланиш, она ва хотин бўлиш каби аёлларга хос ишларни адо этиши, аёлликка хизмат қилиши учун мосланган.

Чунки аёл киши хотин, она бўлиши керак бўлганлиги учун, унга алоҳида латиф тана, малоҳатли тузилиш, ўзига хос жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, ҳужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади.

Эркак ва аёлдаги ўзига хосликларни таҳлил қилиб кўрган ҳар қандай илмли киши улардаги Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматини кўриб, Аллоҳнинг оят-белгиларига тан бермай, иложи йўқ.

“Бахтиёр оила” китобидан

Понеділок, 20 ноябрь 2023 00:00

ҲАМДАРДЛИК

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Вақф" хайрия жамоат фондининг “Вақф” хайрия ишлари бўйича директори Сардор Раҳимхоннинг оналари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло Сардор Раҳимхон ва марҳуманинг фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумани ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».

Понеділок, 20 ноябрь 2023 00:00

«Мен яқиндирман»

Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар.

Ибн Аби Ҳотим ривоят қилишларича, бир аъробий (саҳролик араб) келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Роббимиз яқинми, муножот қилсак ёки узоқми, нидо қилсак?!» деганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сукут сақлаб туриб қолганлар. Шунда Аллоҳ таоло: «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар» оятини нозил қилган экан.

Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз бандаларига яқин эканини баён қилмоқда. Ҳадис имомлари Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам шу маъно бор. У киши айтадилар:

«Пайғамбар алайҳиссолату вассалом билан ғазотда эдик. Тепаликка чиқсак ҳам, пастликка тушсак ҳам, баланд овоз билан такбир айтиб борар эдик. У зот бизга яқинлашиб келдилар-да:

«Эй одамлар, ўзингизга раҳм қилинг. Сиз карга ёки ғойибга дуо қилаётганингиз йўқ, балки эшитувчи, кўрувчи Зотга дуо қиляпсиз. Сиз дуо қилаётган Зот сизга минган уловингизнинг бўйнидан ҳам яқин», – дедилар».

Мулоҳаза қилинса, оятда бандалар Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг олдиларига келиб, Аллоҳ таоло ҳақида сўраяптилар.

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман».

Жавоб эса бевосита Аллоҳдан бандаларига бўлмоқда. Одатдагидек, «Уларга айт», деб Набий алайҳиссаломни восита қилмаяпти. Шу нозик нуқта ҳам Аллоҳнинг Ўз бандаларига яқин турганлигини кўрсатади. Худди шу маъно кейинги жумлада ҳам бор:

«Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман».

«Дуосини эшитаман, ҳисобга оламан», эмас, «ижобат қиламан», – деяпти. Бу ҳам бандаларни Аллоҳга кўпроқ дуо қилишга қизиқтиради. Аллоҳ таоло томонидан шундай яқинлик, ҳозиржавоблик бўлиб турганда, бандадан ҳам шунга яраша ҳаракат бўлиши керак. Улар ҳам Аллоҳнинг чақириғига «лаббай» деб жавоб бериб, унга иймон келтириб, итоат қилмоқлари лозим:

«Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар».

Бандалар ижобат қилиб, иймон келтирсалар, кимга фойда бўлади? Баъзи ҳолларда одамлар буни тўғри тушуна олмай қоладилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда Аллоҳнинг даъватига истижобат қилиш, иймонга келиш банданинг ўзига фойда келтиришини таъкидлайди:

«Шоядки, тўғри йўлни топсалар».

Ҳожатларнинг барчасини Аллоҳ таолодан сўраш, Унга ҳамиша илтижода бўлиш мўмин банданинг доимий ишига айланиши керак. Дуо ибодатларнинг мағизи ҳисобланади. Набий алайҳиссаломдан дуо ҳақида кўплаб ҳадислар келган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот:

«Мусулмон одам гуноҳ ва қариндошларига ёмонлик қилмай туриб дуо қилса, унга Аллоҳ уч ҳислатдан бирини беради: сўраган нарсасини тезда беради. Ёки охиратга сақлаб қўяди. Ёки сўралган нарса миқдоридаги ёмонликни ундан қайтаради», – деганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Набий алайҳиссалом:

«Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат бўлади. «Дуо қилдим, қабул бўлмади», – демасин», – деганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)

Сторінка 34 з 305

Янгиликлар

Top