Версия для печати

Сийрат ва ислом тарихи

Саловат айтувчилар

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 56-оятида: “-Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам Унга саловот айтинг ва кўп салом йўлланг!”, деб марҳамат қилган.

Оятдаги “юсоллун” калимаси – “саловот айтурлар" деган маънони англатади. Араб тилида саловат сўзи “салот” калимасининг кўплиги ҳисобланиб, “дуо, мағфират сўраш” маъноларини билдиради. Аммо дуо маъноси Аллоҳ таолонинг саловат айтиши деган маънога тўғри келмайди. Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг ҳаққига дуо қилмайди, чунки бир кишининг ҳаққига дуо қилиш – учинчи томондан унга манфаат сўрашдир. Аллоҳ таолога нисбатан эса бунинг имкони йўқдир. Уламолар: “Саловат Аллоҳ томонидан бўлса, раҳматдир ва бу хос раҳматдир” деб айтиб ўтишган.

Хос раҳмат – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаришталар ҳузурида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни мақташ ва улуғлашдир. Яна Роббул оламиннинг салавоти сано, улуғлаш, икром қилиш, хос шафқат, хос мағфират ва шу каби яхшилик, фазл, икром, мадҳ, сано, нур ва зиё маъноларини ўзида жам қилади. Аллоҳ таолонинг у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улуғлаши бу дунёда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зикрини олий қилиш, динини зоҳир қилиш, шариатини боқий қилиш ҳисобланади. Охират манзилида эса “мақомул маҳмуд”ни ато этиш билан аввалгию охиргиларга у зотнинг фазлларини кўрсатиш, умматларига шафоатчи бўлишлари, ажру савобларини кўпайтириш ва барча муқаррабу шоҳидлардан муқаддам эканларини зоҳир қилишдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “юсоллун” – “Пайғамбарга саловат айтурлар” оятини “баракот тилайдилар” деб, яъни “барака тилаб дуо қиладилар”, деб изоҳлаганлар.

Фаришталарнинг саловати эса истиғфордир яъни фаришталар тарафидан саловат айтиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га фаришталарнинг саловат айтиши у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўминларнинг Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Жумҳур уламолар: “Киши умри мобайнида бир маротаба саловат айтиш вожибдир. Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат йўллаш, зикр – тасбеҳ, ҳамд айтиш каби ибодатдир” – деганлар.

Имом Насоий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади” дедилар.

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда Абдуроҳман ибн Амр (розияллоҳу анҳу): “Кимки Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га битта саловат йўлласа, Аллоҳ таоло ва фаришталар унинг ҳаққига етмишта саловат йўллайди” деб айтганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда эса Омир ибн Робиъанинг отаси бундай дейди: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким менга саловат айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловатининг баробарида саловат айтиб турадилар. Банда саловатни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим” деган.

 Имом Шофеъий ва имом Байҳақийдан келтирилган ҳақисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг жаннатда менга энг яқин бўладиганларингиз, менга саловатни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга саловат айтишни кўпайтиринглар”, дедилар. Ҳадиси шарифдаги “ёруғ кеча”дан мурод жума кечаси, “нурли кун”дан мурод жума кунидир.

Демак, ким у зот (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтувчилардан бўлса, Аллоҳ таолонинг ва муборак фаришталарнинг саловатларига ноил бўлиши, ҳамда жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га манзили яқин бўладиганлар қаторида туриш бахтига етишади, иншоаллоҳ.

Н.Ғофурова,

“Хадичаи Кубро” ўрта-махсус ислом

 билим юрти ўқитувчиси

 

25026 марта ўқилди