Версия для печати

Дунё янгиликлари

Таиланддаги халқаро кўргазмада ҳалол маҳсулотлар намойиш этилади

Таиланд халқаро озиқ-овқат кўргазмаси иштирокчилари "Ҳалол" ёрлиғи билан озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компанияларнинг катта намойишига гувоҳ бўлади. Мазкур кўргазма шу йил 23 майдан 27 майгача бўлиб ўтади. Кўргазма Таиланддаги экспортчи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 11 та алоҳида павилонда иш олиб боради.

“Ҳалол маркалари” павилонида ишлаб чиқарувчилар “Ҳалол” белгисига эга озиқ-овқат ва ичимликлар турларини, бошқа павилонда эса ҳалол ишлаб чиқариш соҳасидаги энг янги технологиялар намойиш этилади.

Эътиборлиси, Таиланд исломий бўлмаган давлат бўлса-да, ҳалол маҳсулотлар экспорт қилувчи давлатлар орасида ўн иккинчи, ҳалол озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича бешинчи ўринни эгаллайди.

Маълумот ўрнида ҳалол озиқ-овқат ишлаб чиқариш Таиланд умумий озиқ-овқат экспортининг 20 фоизини ташкил қилади. Мамлакат ҳалол озиқ-овқатларининг 60 фоизи Индонезия, Малайзия ва Брунейга экспорт қилинади.

Таиландда “ҳалол” сертификатни “Таиланд Марказий Ислом Кенгаши (CИCОТ)" деб номланган махсус ислом жамияти беради. У ўз навбатида ҳукуматнинг бевосита назорати остида иш юритади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

555 марта ўқилди