muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит 

9-ўгит! Беҳуда нарсалардан юз ўгиринг!

Аллоҳ таоло айтади:  “Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”  (Муъминун сураси 3-оят)

Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши Исломининг ҳусни беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир”, дедилар.  (Имом Термизий ва Ибни Можа ривояти)

Хулоса: 

  1. “Улар”дан мурод ҳақиқий мўминлардир. Чунки, аввалги оятларда Аллоҳ таоло нажот топган мўминлар ҳақида сўз бошлаган ва уларнинг сифатларини зикр қилишни бошлаган.
  2. Охиратдаги машаққатлардан ва азоблардан нажот топишга сабаб бўладиган бир амал бу – беҳуда, бекорчи нарсаларни тарк қилишдир.
  3. Беҳуда нарсалардан мурод мусулмон кишининг дунё ва охирати учун фойда келтирмайдиган гап-сўз ёки бирор-бир амал.
  4. Ҳақиқий мўмин киши нафақат беҳуда амалларни бажаришдан тийилади, балки, ана шундай вазиятларга дуч келиб қолганда ҳам, Аллоҳ розилиги учун улардан юз ўгиради.
  5. Ислом динидаги энг гўзал ахлоқий тарбиялардан бири ўзига тааллуқли бўлмаган ишларга аралашмасликдир.
  6. Беҳуда нарсаларни тарк қилиш орқали мусулмон киши динининг гўзаллигини ифода қилади.

 

Аллоҳ таоло барчамизни нажот топган мўминлардан қилсин. Дунё ва охиратимиз учун фойдаси бўлмаган нарсалар билан машғул қилиб қўймасин.

 

 

 

Олмазор туманидаги  “Мевазор”

масжиди  имом ноиби: 

 Ёрбек Исломов

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар Новза жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов билан Зулҳижжа ойи, унинг дастлабки 10 кунлиги фазилати, Қурбон ҳайити, қурбонлик ҳукмига доир масалаларда суҳбат уюштирди. Мулоқот чоғида бугунги кундаги асосий мавзу – хасталиклардан даволаниш ва фақат Яратгандан сўраш борасидаги Ислом таълимоти ҳақида ҳам сўз борди.

Қуйида Ислом динида даволаниш ва дуо қилиб сўраш борасида қандай йўл тутилиши ҳақида билимларга эга бўлишингиз мумкин.

– Ижтимоий тармоқларда ватандошларимиз иккига бўлиниб қолгандек. Кимдир шу касаллик юзасидан даволаниш керак дейди, яна бошқа тоифа «йўқ, фақат Аллоҳдан сўраш керак, тақдирда бори бўлади», деб қўйишади. Албатта, мусулмон сифатида Аллоҳдан сўраш кераклигини эътироф этамиз, лекин динимизда касалликни енгиш учун даволанишнинг ўрни, ҳукми қандай?

– Жуда ҳам ўринли савол бўлди. Мана машҳур ҳадис – Саъд ибн Абу Ваққос розиаллоҳу анҳу айтадилар: «Бетоб бўлиб қолдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўргани келдилар. Шунда кўксимга қўлларини қўйдилар, мен унинг муздайлигини ҳис қилдим ва менга «даволангин, Бани Сақиф қабиласидан бўлган табибга бор. У хурмони олсин-да, данаги билан янчиб берсин», дедилар. Шундай қилган эдим, шифо топдим».

Бундан бошқа саҳиҳ ҳадисларда ҳам пайғамбаримиз: «Даволанинглар, Аллоҳ осмондан қандай дард туширган бўлса, давосини ҳам туширган», деганлар. Даво қидиришлик қанчалик муҳим бўлса, даволанишлик ҳам шунчалик муҳимлиги эслатиб ўтилган.

Бу ерда табобат илми эгаларини ўша касалликни тузатишликка ҳаракат қилишлиги, устида ишлашлиги ва дори-дармон топишлигининг қанчалик шартлиги шу ҳадисларда кўринади. Чунки Расулимиз даволанинглар деб буюряптилар. Қандай дард тушган бўлса, унга қўшиб давосиям туширилган.

Бемор бўлган инсон ҳам Аллоҳ дард берибди, бўлди энди деб эмас, ҳаракат қилиб берилган давосини топишга уриниши керак. Бундан кўринадики, юқоридаги икки тарафдаги тушунча ҳам муолажа қилишликка муҳтож.

Албатта, бугунги кундаги пандемия бўлсин ёки бошқа касалликлар бўлсин, ҳеч бир нарса Аллоҳнинг иродасисиз бўлмайди ва ўз ўрнида айтиш керакки, шу касалликдан омонда бўлса, ўзини қаҳрамон ҳис қилмасин. Мен зўрман, иммунитетим бақувват ёки қоидаларга риоя қилганим билан касал бўлмаяпман, демасин. Чунки Аллоҳнинг фазли билан шу касалликдан омонда юрибди.

Қуйида Ислом динида даволаниш ва дуо қилиб сўраш борасида қандай йўл тутилиши ҳақида билимларга эга бўлишингиз мумкин.

– Ижтимоий тармоқларда ватандошларимиз иккига бўлиниб қолгандек. Кимдир шу касаллик юзасидан даволаниш керак дейди, яна бошқа тоифа «йўқ, фақат Аллоҳдан сўраш керак, тақдирда бори бўлади», деб қўйишади. Албатта, мусулмон сифатида Аллоҳдан сўраш кераклигини эътироф этамиз, лекин динимизда касалликни енгиш учун даволанишнинг ўрни, ҳукми қандай?

– Жуда ҳам ўринли савол бўлди. Мана машҳур ҳадис – Саъд ибн Абу Ваққос розиаллоҳу анҳу айтадилар: «Бетоб бўлиб қолдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўргани келдилар. Шунда кўксимга қўлларини қўйдилар, мен унинг муздайлигини ҳис қилдим ва менга «даволангин, Бани Сақиф қабиласидан бўлган табибга бор. У хурмони олсин-да, данаги билан янчиб берсин», дедилар. Шундай қилган эдим, шифо топдим».

Бундан бошқа саҳиҳ ҳадисларда ҳам пайғамбаримиз: «Даволанинглар, Аллоҳ осмондан қандай дард туширган бўлса, давосини ҳам туширган», деганлар. Даво қидиришлик қанчалик муҳим бўлса, даволанишлик ҳам шунчалик муҳимлиги эслатиб ўтилган.

Бу ерда табобат илми эгаларини ўша касалликни тузатишликка ҳаракат қилишлиги, устида ишлашлиги ва дори-дармон топишлигининг қанчалик шартлиги шу ҳадисларда кўринади. Чунки Расулимиз даволанинглар деб буюряптилар. Қандай дард тушган бўлса, унга қўшиб давосиям туширилган.

Бемор бўлган инсон ҳам Аллоҳ дард берибди, бўлди энди деб эмас, ҳаракат қилиб берилган давосини топишга уриниши керак. Бундан кўринадики, юқоридаги икки тарафдаги тушунча ҳам муолажа қилишликка муҳтож.

Албатта, бугунги кундаги пандемия бўлсин ёки бошқа касалликлар бўлсин, ҳеч бир нарса Аллоҳнинг иродасисиз бўлмайди ва ўз ўрнида айтиш керакки, шу касалликдан омонда бўлса, ўзини қаҳрамон ҳис қилмасин. Мен зўрман, иммунитетим бақувват ёки қоидаларга риоя қилганим билан касал бўлмаяпман, демасин. Чунки Аллоҳнинг фазли билан шу касалликдан омонда юрибди.

Аксинча, мана шу касалликка чалиниб қолган инсон хафа бўлмасин. Мен бундай бўлиб қолдим, касалликка чалиндим ёки Аллоҳ мени ёмон кўриб қолди демасин. Ундан кўра, Аллоҳнинг фазли билан шундай бўлди, менга гуноҳлардан фориғ бўлиш, покланиш имконияти берилди, деб тушунсин-да, тез муолажасининг ҳаракатини қилсин. Динимиз мана шунга тарғиб қилган, Расулимиз шуни буюрган.

Ҳозирда мутахассисларимиз бераётган касалликнинг олдини олувчи маслаҳатларга салбий қараш билан эмас, динимизнинг кўрсатмаси деб қарасак, ибодат даражасига кўтарилади. Масалан, Расулимиз алайҳиссалом юқумли касаллик бор жойга кирманглар, кириб қўйган бўлса чиқманглар деб, бугунги кундаги карантин қонун-қоидасини жорий қилганлар. Мана, бошида биз ҳам касалликка ҳазилакам қарадик, чет элга борма деса, бордик, кўчага чиқма, эътиборли бўл, деганда эътибор қилмадик, мана бугунги кунда шу ҳолатга келдик.

Расулимиз алайҳиссолату вассалам бир қабиладан келган элчилар орасида бир одамнинг қўлида касаллиги борлигини кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ бир вакилга: «Анави кишига айтинг, қайтиб кетаверсинлар, байъатини қабул қилдим», деганлар. Маълумки, байъат дегани қўлни-қўлга бериб, Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш ва мана шу йўлда жон фидо қилишликдир. Бугунги кундаги карантин қоидалари ҳам мана шундай. Агар бунга амал қилсак, динимизнинг бир кўрсатмасига амал қилсак, маданиятли мусулмонга айланамиз.

Агар Аллоҳ лутфига олиб мана шу касаллик билан мабодо вафот топиб қолса, унда шаҳидлик мақомидаги даража ҳам йўқ эмас. Шунинг учун биз азиз халқимиздан, мўмин мусулмонларимиздан карантин қоидаларига беписандлик билан йўл-йўлакай эмас, балки ихлос билан, муҳаббат билан динимиз кўрсатмаси, Расулимиз суннати ва мана шу ишлар Аллоҳнинг изми билан бўляпти, деган муҳаббат билан бу кунларга эътиқод қилсак, кунларимизни ўтказсак, иншааллоҳ нома-ю амалларимиз савобга бурканади ва бу синовли кунлардан ҳам имтиёз билан ўтган бандага айланамиз.

– Демак, муолажа қилинади, дори-дармон қилинади. Шу билан бирга ишонч, ихлосли дуо ҳам бўлиши керак, тўғрими?

– Аллоҳ таоло мана шу касалликни туширдими, демак сабабини ҳам туширади. Мана шу сабаби бизнинг қилган муолажамиз билан, дори-дармон ичишлигимиз билан ва энг асосийси, унга ихлос қилишлигимиз билан бўлади. Инсон бу дорилар бир аъзоимга фойда берса, бошқасига зиён етказади, дейдиган бўлса, албатта бу фожиа бўлиши мумкин.

Шу билан биргаликда Расулимизнинг бизга қолдирган бой ўгитларидан биттаси – касалнинг кўнглини кўтариш. Пайғамбаримиз менга энг маъқул нарса тафовул, яъни фол деганлар. Бу фол ўзбек тилидаги фол очиш эмас. Бу фол араб тилида яхши ният қилиш, яхши сўз гапириш деганидир.

Ҳаттоки, Имом Бухорийда келтирилади: Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган пайтларида бош оғриққа учраганлар. Шунда София онамиз розиаллоҳу анҳо у кишининг зиёратларига кириб, кўз-ёш қилиб йиғлаганларида, «Ё Расулуллоҳ, шу дард менга етса бўлмасмиди», – деган сўзни айтганлар. Шунда Расулимиз алайҳисалом хурсанд бўлганлар. Бу дегани, сенинг дардинг менга ўтиб қолсин, сенинг ўрнингга мен касал бўлай, дегани эмас, балким, шу дардни енгиллаштириш маъносида, келинг шу юкингизни менга ҳам беринг, мен ҳам кўтаришиб юборай, деган маънода айтилади.

Шу ўринда айтиш керакки, мана шу йўлда хизмат қилаётган шифокорларимизга ҳам Аллоҳ ажр берсин. Улар жуда ҳам катта ажр мукофотлар борлигидан умидларини узмасинлар. Юқоридагилардан келиб чиқадики, бутун халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, карантин қоидаларига риоя қилсак, тез фурсатларда касаллик занжири узилса, иншааллоҳ касалликлар барҳам топади ва тез кунларда яратган Эгамиз бу балолардан фориғ қилади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Манба: https://kun.uz

 
Вторник, 28 Июль 2020 00:00

Қурбонлик қилишнинг шартлари

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров

Ҳозир юртимизда карантин давом этаётгани ва айни қурбонлик кунларида транспорт ҳаракати чеклангани сабабли қурбонлик қилишда баъзи қийинчиликлар бўлиши табиий.

Қурбонлик вожиб бўлган юртдошларимиз имкон қадар қўй сотиб олиб, қурбонлик қиладилар. Бунинг иложи бўлмаса, қўй топа оладиган бирор кишини топиб, уни сотиб олиш ва қурбонлик қилишга вакил қиладилар. Чунки Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ўринбосар қилиш жоиз. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил қурбонликни ният қилиши кифоя қилади. Сотиб олишда нархи келишилса кифоя, пулини насия ҳам қилиш мумкин. Телефон ёки бирор восита орқали бирор кишини “мени номимдан қурбонлик қилгин” деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади.

Ҳанафий мазҳабига кўра, бой (яъни, нисоб миқдорига эга) кишиларнинг қурбонлик қилиши вожиб. Бунинг устига қурбонлик ибодати қон оқизишга боғланган бўлиб, қийматни садақа қилиш билан адо бўлмайди. Бу ҳақда аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

لَوْ تَصَدَّقَ بِعَيْنِ الشَّاةِ أَوْ قِيمَتِهَا فِي الْوَقْتِ لَا يَجْزِيهِ عَنْ الْأُضْحِيَّةَ ؛ لِأَنَّ الْوُجُوبَ تَعَلَّقَ بِالْإِرَاقَةِ وَالْأَصْلُ أَنَّ الْوُجُوبَ إذَا تَعَلَّقَ بِفِعْلٍ مُعَيَّنٍ أَنَّهُ لَا يَقُومُ غَيْرُهُ مَقَامَهُ

яъни: “Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир. Асл қоида шуки, агар вожиблик айни бир ишга боғлиқ бўлса, унинг ўрнига бошқаси ўтмайди...” (“Бадоеъус саноеъ”).

Қурбонлик қилиши вожиб бўлган, бой киши қурбонлик кунларида жонлиқ сўя олмаса-ю, қурбонлик кунлари ўтиб кетса, қазоси учун ўртача қўйни қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Аммо фақир киши қурбонлик учун жонлиқ сотиб олиб, уни қурбонлик кунларида сўя олмаган бўлса, қазоси учун жонлиқни тирик ҳолида садақа қилади. Лекин, бундай садақа қилиш билан ўз вақтида сўйилган қурбонликка ваъда қилинган савобга эришилмайди.

Қурбонлик гўштини тақсимлаш ва тарқатишга келсак, ушбу амал шариатимизда мустаҳаб амал ҳисобланади. Бугунги эпидемиологик талаблар қатъий белгиланган бир пайтда вазиятдан келиб чиқиб, гўштни тарқатиш айнан ҳайит кунларида бўлиши шарт эмас. Балки, кейинчалик ҳам тарқатилиши мумкин. Вакил орқали узоқроқ жойда қурбонлик қилдирганлар, хоҳласалар ўша жойда тарқатишлари ҳам жоиз. Валлоҳу аълам. 

 

Ийд намози ўқилмаса, қурбонликни сўйиш қайси вақтдан бошланади?

 

Маълум сабабларга кўра, Қурбон ҳайити умуман ўқилмайдиган шаҳарлар гўё қишлоқ ва саҳролар ҳукмида бўлиб, бундай жойларда ҳайит куни тонг отгандан кейин қурбонлик қилиш жоиз. Лекин қуёш чиққандан кейин қурбонлик қилиш мустаҳабдир.

Аслида қурбонликнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан бошланади. Фақат шаҳар (яъни, Қурбон ҳайити намози адо қилинадиган жойлар) аҳли қурбонликларини ҳайит намозидан кейин қилишлари шарт. Бунинг далили қуйидаги ҳадиси шарифдир, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

من ذبح قبل الصلاة ، فليعد ، ومن ذبح بعد الصلاة ، فقد تم نسكه ، وأصاب سنة المسلمين (أخرجه البخاري عن أنس رضي الله عنه)

яъни: “Ким намоздан олдин сўйса, қайта қурбонлик қилсин, ким намоздан кейин сўйса, унинг ибодати тўлиқ бўлибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди” (Имом Бухорий ривоятлари)

Агар Қурбон ҳайити намозини ўқиш умиди бўлиб, имом узр билан ёки узрсиз намозни (заволгача) кечиктирса, шаҳар аҳли заволдан кейин сўйишлари жоиз. Заволгача кутишларининг сабаби унгача намоз ўқилиши эҳтимоли борлигидир. Бу ҳақда шундай дейилади:

في «الواقعات»: إذا أخر الإمام يوم العيد الصلاة ينبغي للناس أن يؤخروا التضحية إلى وقت الزوال؛ لأن قبل ذلك الصلاة مرجوة

яъни: “Воқеот китобида: “Имом ҳайит куни намозни кечиктирса, одамлар ҳам қурбонликни завол вақтигача кечиктиришлари лозим бўлади. Чунки бу вақтгача намознинг ўқилишидан умид бор” – дейилган” (“Ал-Муҳитул Бурҳоний” китоби, 11-жуз).

Бизнинг ҳолатимиз бундан бироз фарқли, яъни, карантин пайтида ҳайит намози ўқилмаслиги ҳақида фатво берилган ва ҳукумат ҳам уч кишидан ортиқ жамоат бир жойда йиғилишини ман қилиб турган бир пайтда, умуман ҳайит намози ўқилишидан умид йўқ. Бундай ҳолатда шаҳарлар ҳам ҳайит ўқилмайдиган (қишлоқ ва саҳро) жойлар ҳукмида бўлади. “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилади:

وَفِي الْبَزَّازِيَّةِ : بَلْدَةٌ فِيهَا فِتْنَةٌ فَلَمْ يُصَلُّوا وَضَحَّوْا بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ جَازَ فِي الْمُخْتَار

яъни: “Ал-Баззозия китобида: “Бир шаҳарда фитна чиқиб, одамлар ҳайит намозини ўқимасалар ва тонг отгандан кейин қурбонлик қилсалар, қилган қурбонликлари жоиз бўлади. Уламолар ушбу фатвони ихтиёр қилишган”, – дейилган”.

 “Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَفِي الْوَاقِعَاتِ لَوْ أَنَّ بَلْدَةً وَقَعَتْ فِيهَا فَتْرَةٌ وَلَمْ يَبْقَ فِيهَا وَالٍ لِيُصَلِّيَ بِهِمْ صَلَاةَ الْعِيدِ فَضَحَّوْا بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ جَازَ وَهُوَ الْمُخْتَارُ؛ لِأَنَّ الْبَلْدَةَ صَارَتْ فِي حَقِّ هَذَا الْحُكْمِ كَالسَّوَادِ، كَذَا فِي الْفَتَاوَى الْكُبْرَى وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى، كَذَا فِي السِّرَاجِيَّةِ.

яъни: “Воқеот китобида: “Бир шаҳарда узилиш содир бўлса, у ерда Қурбон ҳайитини ўқиб берувчи волий (масъул) қолмаса ва одамлар тонг отгандан кейин қурбонлик қилсалар, жоиз бўлади. Мана шу ихтиёр қилинган сўздир. Чунки шаҳар мана бу ҳукм (яъни, қурбонликнинг вақти) борасида саҳро (қишлоқ)га айланди. “Ал-Фатовол кубро” китобида шундай келган. “Ас-Сирожия” китобида: “Фатво ҳам шунга берилган”, – дейилган”.

Мазкур “Раддул муҳтор” ва “Ал-Фатовол ҳиндия” китобларида келтирилган масаланинг бизнинг ҳолатимизга ўхшашлиги ҳайит намозининг ўқилишидан умид йўқлигидир.

Хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг ҳолатда қурбонликни тонг отгандан кейин қилиш жоиз. Лекин имкон борича бомдоддан кейин қуёш чиққунча зикру тасбеҳга машғул бўлсак ва қуёш бироз кўтарилгач (қуёш чиққанидан 15-20 дақиқадан сўнг), зуҳо намозини адо қилиб, кейин қурбонликларимизни сўйсак, бир нечта суннат ва мустаҳабларни адо қилган бўламиз. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати

Янгиликлар

Top