muslim.uz

muslim.uz

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ўз ҳузурида энг улуғ кунларни бизга байрам қилиб берган

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ҳазрати Расули муҳтарамга салом ва салавотларимиз бўлсин!

 

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан Сиз азизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.

Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Ийдул адҳа намози адо қилинмаса ҳам Қурбон ҳайити кунлари савобли амаллар бисёр эканини маълум қиламиз. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.  Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровиий манфаатлар борлигини кўрсатади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ

أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилади:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳа намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.
  2. Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.
  3. Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
  4. Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
  5. Имом-хатиблар томонидан бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга оширилсин.

Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.

Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2020 йил 25 июль 

Суббота, 25 Июль 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси аввалги "Мулла Қирғиз" мадрасасида (ҳозирги "Ҳидоя") кўп йиллар устозлик қилган Олимхон домланинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум олимни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Фарзандларингизга уч ҳислатни ўргатинглар: Набиййингизни яхши кўришни, у зотнинг оиласини яхши кўришни ва Қуръон тиловатини яхши кўришни”, дедилар.   (Имом Табароний ривояти)

Шарх:

Ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссаломдан фарзанд тарбиясига оид қисқа  тавсия бор.    Тавсиялар  гарчи қисқа ва лўнда кўринсада,  замирида жудаям катта фойдалар, олам-олам маънолар бор.  Инсон  фарзандининг дунё ва охират саодатига етишлиги учун энг муҳим кўрсатмалар бор.

1-тавсия: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш.  Бу фарзандда Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқлари билан хулқланишни, у зотдаги  раҳм- шафқат, меҳр –муҳаббат, садоқат, вафо, кечиримлилик каби бошқа жудаям кўп ҳислатларни ўзида мужассам қилишга ундайди.

2-тавсия: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласини яхши кўриш. Бу эса, фарзандларда матонат, сабр-бардош, шукроналик, ўзаро ҳурмат ва бошқа оилага оид тарбияни шаклланишида кўмак бўлади.

3-тавсия: Қуръон тиловатини яхши кўриш.  Ушбу ҳислат эса фарзанддда жамийки гўзал, мақталган сифатларни жамланишига, Қуръоний ахлоқлар билан безанмоқликка, Қуръон қайтарган барча амаллар ва сифатлардан узоқ бўлишга сабаб бўлади.

 

Хулоса: Ҳар бир ота-она ўз фарзандини гўзал одоб ва ахлоқ соҳиби бўлиб улғайишини чин дилдан истайди ва бу йўлда ҳаракат қилади. Ушбу орзуларни амалга ошириш учун эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиш жуда манфаатли иш ҳисобланади. Зеро, Росулимизнинг ҳар бир сўзлари дунё ва охиратда саодат топишимиз учун дастурул амал бўлади.

 

 

Олмазор туманидаги   “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

Четверг, 23 Июль 2020 00:00

Сабр – юксак фазилат (аудио)

Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

Четверг, 23 Июль 2020 00:00

Қурбонлик ҳақида

“Қурбонлик” луғатда қурбонлик кунлари сўйиладиган  ҳайвондир. Унинг шариатдаги маъноси, махсус ҳайвонни махсус кунларда қурбонлик нийяти  билан сўйишдир. Махсус ҳайвондан мақсад, Қурбонлик қилиш учун сўйиладиган ҳайвон , қора молларда  икки ёш, туяларда беш ёш, қўй ва эчкиларда  бир ёшдан иборат бўлган ҳайвондир. Лекин, олти ойлик қўзи бир ёшлик қўйнинг кўринишидаги гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш ҳам жоиз бўлаверади.  Мазкурларни урғочисини ҳам қурбонлик қилса бўлади .Туя ва қора молларда етти кишигача шерик бўлиб сўйишлари мумкин. Лекин шерикларнинг ҳаммалари мусулмон ва уларнинг  нийятлари эса фақатгина  қурбонлик сўйиш бўлиши шарт қилинади . Агар  уларнинг бирортаси мусулмон бўлмаса ёки  уларнинг бирларининг  мақсади гўштни  арзонроқ тушишини мақсад қилган бўлса,  барчаларини қурбонлиги жоиз бўлмайди. Бу шериклар сўйилган қурбонлик гўштини  килограммлаб, тенг қилиб тақсимлаб олишларн зарурдир.

Бу  ҳайвонлар айб ва нуқсонлардан холи бўлишлари ҳам шарт қилинган бўлиб, думбаси, думи , кўзи, қулоғи кабиларнинг  учдан бири ва ундан аксари йўқ бўлмаслиги,  ўта озғин,  қурбонлик қилинадиган жойга юриб бора олмайдиган даражада чўлоқ  бўлмаслиги, ғилай, мажнун, касал,  тишларини аксари синган бўлмаслиги ҳам шарт қилинади.  Агар ҳайвоннинг қулоғида йиртиғи ёки аломат учун тешиги бўлса, учдан бири ва ундан аксарига етмаса,  ушбу ҳайвон қурбонлик учун жоиз бўлади.

От, кийик, товуқ, хўроз каби ҳайвонлар билан қурбонлик қилинмайди.

Махсус кунлардан мақсад, қурбонлик сўйиладиган  вақт бўлиб, унинг бошланиши Қурбон ҳайити намози ўқилгандан кейин бошланиб , охирги вақти эса, Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан сал олдиндир.

Қурбонлик нияти билан сўйишдан мурод эса, ҳар бир қурбонлик қилмоқчи бўлган кишининг мақсади  қурбонлик эканини қалбидан ўтказиб бўлса ҳам нийят қилмоғидир. Агар ҳайвон  сўйишдан мақсад қурбонлик эканлигини нийят қилмаса,  унинг сўйгани оддий гўштдан фарқи бўлмайди. Чунки инсоннинг одатий қилиб юрган ишлари билан унинг ибодатини орасин ният  билан ажратилади.

Муборак Рамазон ойида Фитр садақа бериши лозим бўлган эркак ва аёл кишига  қурбонлик қилиши  вожибдир. Вожиб амалини қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Вожиб амалини қилмаган одам гуноҳкор  бўлиб, иқобга қолади.

Қурбонлик қилиш унга вожиб бўлган киши қурбонлик сўйиш кунларида қурбонлик қилмай вақтни ўтказиб юборса,  ҳайвонни  қийматини садақа қилиб юборади. Қурбонликка қодир  бўлмаса ҳам “Қурбонлик қиламан”, деб нийят қилиб ўзига қурбонликни вожиб қилиб олган киши эса ҳайвонни  сотиб олган бўлса, уни тириклайин садақа қилиб юборади ва агар жонлиқни сотиб олмаган бўлса унга ҳеч нарса лозим  бўлмайди. 

Бир кишининг учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандларининг алоҳида моллари бўлиб,  нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади. 

Қурбонлик сўйиш учун ҳайвон сотиб олмоқчи бўлган киши, ҳайвонни қийматини тайин қилиб сотиб олмагунича ўша  ҳайвонни  қурбонлик қилиши жоиз эмас. Ҳайвонни сўйиб гўшини тортиб олиб, қанча килограмм гўшт чиқса шуни пулини бериш шарти билан жонлиқ сўйиб қурбонлик қилса унинг қурбонлиги  қурбонлик эмас.

Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирларнинг  нархи нисоб миқдорига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Қурбонлик қилгучи қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, бир қисмини эҳсон қилиб  едириши, бир қисмини сақлаб қўйиши яхшидир . Агар қурбонлик қилувчи оилада кўпчиликни ташкил қилсалар,  қурбонлик гўштини садақа қилмасдан оиласи учун захийра қилишлари дурустдир.

Қурбонлик қилишдан асосий мақсад Аллоҳ таолога итоат қилишдир. Инсон маълум маблағга эга бўлиб ўша маблағни ҳолис Аллоҳ таолонинг  розилиги учун сафлаши бу, инсоннинг  Аллоҳ таолога бўлган иймони ва муҳаббатининг  аломатидир.

 Ваҳоланки Аллоҳ таоло инсонлар томонидан қилинадиган бирор бир амалга эҳтиёжи йўқ бўлган зотдир. Аслида сўйилган қурбонликдан Аллоҳ таоло эмас балки бандаларнинг ўзларигина  манфаатланадилар. 

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. ("Ҳаж" сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат инсон фақатгина Аллоҳ таолога итоат этиб жонлиқ сўйиб қурбонлик қилади лекин унинг гўштларидан қурбонлик қилгувчининг ўзи, қариндош уруғлари, қўни қўшнилари ҳамда кам таъминланган эҳтиёжманд кишиларнгина фойдаланиб кўнгиллари кўтарилади.

Инсон бу қилган қурбонлиги билан амалда ўзнинг имони ва Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ҳамда тақвосини намоён қилиб, Аллоҳ таолодан ажр ва мукофатларга эга бўлади ва қиёмат кунида дўзах ўтидан омонда бўлади.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:

“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Шунда у(Фотима онамиз):

“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз аҳли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.

Шунда у зот:

“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар”.

Имконияти бўла туриб қурбонлик қилмаган киши эса вожиб амалга эътиборсиз ҳисобланиб гуноҳкор бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарийфда Пайғамбримиз алайҳиссалом, “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” деганлар . (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари ). 

Ушбу ҳадиси шарийфда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг  қурбонлик қилишга қодир бўлатуриб қурбонлик қилмаган  кишига қанчалик нафратлари маълум бўлади. Ҳатто бундай инсонларга мусулмонларнинг ийдгоҳларига  яқинлашмаслик айтилди. Ҳақиқий Мусулмон ва чин уммат учун  бу гап жуда ҳам оғир ва қаттиқ гап .

Лекин минг афсуслар бўлсинки  имкони бор бўлган баъзи мусулмонлар қурбонлик сўйишга бепарво бўлиб гуноҳкор бўладилар.

Оила ташвиши, бошқа юмушлар билан оввора бўлиб , Зулҳижжа ойи кирганлигидан  хабар топмаган, ҳали қурбонлик сўйишга тараддуд кўрмаган бўлсак , бизларга қурбонлик сўйишга тайёргарлик кўриб жонлиқ сотиб олишга вақтимиз бор.

Аллоҳ таолонинг  барча буйруқларини чин ихлос ва муҳаббат ила адо этган инсон иккала дунёда ҳам камчилик ва йўқчилик кўрмайди.

Шундай экан бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиб ҳаёт кечирмоғимиз, қурбонлик каби молиявий ибодатларнинг савобларини  ҳам унутмаслигимиз , савобли ишларни ғаниймат билиб, яхшилик қилишда яна ҳам эътиборли бўлишимиз лозим.

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Янгиликлар

Top