Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Динимизнинг эзгу фазилатларини қадрлаймиз

Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари аввал ўтган беш йилдаги натижаларга қисқача тўхталиб ўтди, сўнгра келгусидаги асосий мақсадларни баён этиб, жумладан бундай деди:

“Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларимизни турли мафкуравий таҳдидлардан, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари бундан буён ҳам, устувор тарзда диққатимиз марказида бўлади. Биз муқаддас динимизни, эзгу фазилатларимизнинг мужассам ифодаси сифатида қадрлаймиз.

Асрлар давомида миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб келаётган инсонпарвар динимизни, зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз.

Бой диний ва маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси халқаро маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий каби илмий-маърифий марказлар имкониятлари, тўлиқ ишга солинади.

Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур шароит яратишга қаратилган сиёсатимизни изчил давом эттирамиз».

Шунингдек, “Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП съездида.

ЎзЛиДеП съезди давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

773 марта ўқилди