Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора раиси ўринбосари Россиядаги муҳожир ҳамюртларимиз билан учрашув ўтказди

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов шу йил 6-8 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Диний олам: эпидемиологик вазиятни тартибга солиш шароитидаги диний фаолият” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этганди.

Хориж сафари давомида Иброҳимжон домла Иномов Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси вакиллари билан бирга “Торговий дом Балтийский берег” МЧЖнинг 100 нафардан ортиқ меҳнат муҳожирига маърифий учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида ҳамюртларимиз "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони топширилди, уларга меҳнат фаолиятлари тугаши билан Ватанга, оилалари бағрига соғ-омон етиб олиши тиланди. Шунингдек, йиғилганларга бир-бирига ўзаро ҳурмат билан муносабатда бўлиши, ўзбек халқининг анъана ва маданиятини сақлаб қолишга чақирилди. Ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилиш, бирон бир низоларга йўл қўймасликнинг муҳимлигига эътибор қаратилди, хориж шароитларидаги қийинчиликларни қатъиятлик билан енгиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳамюртларимизга сохта ислом ғояларининг ҳалокатли оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди, йиғилганлар турли хил таъқиқланган ва шубҳали интернет-сайтлардан чиқаётган хавф-хатардан огоҳ этилди.

Агар юртдошларимизда диний мавзуда саволлар пайдо бўлиб қолса, текширилган манбаларга мурожаат қилиш зарурлиги айтилди, шу муносабат билан www.muslim.uz сайти тавсия этилди.

Учрашув охирида йиғилганларнинг ҳам диний мавзу бўйича саволларига батафсил жавоб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

866 марта ўқилди