Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилиши мумкин

Ўзбекистон элчихонаси Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Мадридда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялари вакиллари учун онлайн-брифинг ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбир 2023 йилда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш учун Самарқанд шаҳри номзоди илгари сурилганига бағишланди. Унда Индонезия, Малайзия, БАА, Бангладеш, Ўмон, Туркия, Жазоир, Ироқ, Эрон, Покистон, Қатар сингари йигирмадан зиёд дипломатия ваколатхоналарининг раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Жахонгир Ғаниев республика раҳбарияти томонидан мамлакат сайёҳлик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этди.

Анжуман қатнашчилари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларнинг диққатга сазовор масканлари ва асосий қадамжолари билан яқиндан таништирилди.

Ўз навбатида, дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари Ўзбекистоннинг 2023 йилда ЮНВТО Бош Ассамблеяси сессиясини ўтказиш учун Самарқанд шаҳри номзодини илгари суриш бўйича ташаббусини маъқуллади.

Қатар элчиси Абдуллоҳ бин Иброҳим Ал-Ҳамар Ўзбекистонда туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланиши, республикада сайёҳликнинг янги турлари, айниқса, зиёрат туризми йўналишини ривожлантириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бундай саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон 2019 йилда мусулмон саёҳлик Глобал индексининг топ-10 рейтингидан жой олганини таъкидлади.

Покистон элчиси Шужат Али Раторнинг фикр билдиришича, Ўзбекистон кучли илоҳиёт мактабига эга бўлган давлатдир. «Бу заминдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий ва бошқа кўплаб дунёга машҳур илоҳиётчилар етишиб чиққанини ҳамма билади. Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани ҳам тасодиф эмас», - деди у.

Индонезия элчихонасининг Муваққат ишлар вакили Баю Хари Сактиаван «Зиёрат туризмини ривожлантиришда асосий қадамлардан бири - мусулмон мамлакатлари, жумладан, Индонезия фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш бўйича республика ҳукуматининг қарори туфайли мусулмон зиёратчилар Ўзбекистонга кичик ҳаж зиёратини бажариш имкониятига эга бўлди», - дея таъкидлади.

Малайзия элчиси Акмал Че Мустафо улкан сайёҳлик ва маданий салоҳиятга эга Самарқанд Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясини муносиб тарзда ўтказишига, Ўзбекистонга ташриф эса иштирокчилар хотирасида ўчмас из қолдиришига ишонч билдирди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар эътиборига Самарқанд ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

186 марта ўқилди