Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий мажмуасида 10 минг ўринли масжид қурилади

Имом Бухорий мажмуаси реконструкция қилиниб, 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйлари бунёд этилади.

“Зарафшон” газетаси хабарига кўра, бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналистлар ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев маълум қилди.

Унинг айтишича, уч минг нафар зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи, “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.

“2023-2026 йилларда туманлар туризм салоҳиятидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида маданий, зиёрат, MICE туризм, Ургутда экстремал, экологик, қишлоқ туризми ташкил этилса, Пайариқ туманида зиёрат ва қишлоқ туризми, Нурободда тиббиёт, экстремал туризм ривожлантирилади. Самарқанд туманида қишлоқ, тиббиёт, MICE туризмига мослаштирилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд ва Шарқ МФЙларида туризм маҳалласи, Ургут туманидаги Терсак ҳамда Пайариқдаги Чоштепа қишлоқлари “Туризм қишлоғи”га айлантирилиб, 2026 йилда Самарқандга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони 4 миллионга, маҳаллий сайёҳлар 5 миллион нафарга етказилади.

Меҳмонхоналар сони 400 тага ва улардаги ўринлар сони 22 мингтага етади. 300 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил қилинади. Натижада туризм соҳасида 40 минг киши доимий, 70 минг киши эса мавсумий иш билан таъминланади”, - таъкидлади Б.Нуруллаев.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

847 марта ўқилди