Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Зиёратчилар Пайғамбар юртига етиб боришди

Бугун, 22 январь эрта тонгда “Умра – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетгани хақида хабар берган эдик.

Аллоҳга шукр, бугуннинг ўзида дастлабки зиёратчилар Жидда шаҳрига етиб боришди. У ерда бир муддат ҳордиқ олгач, замонавий автобусларда Мадина шаҳрига йўл олишди. Зиёратчиларимиз Пайғамбар алайҳиссалом шаҳрида барча шарт-шароитларга эга бўлган меҳмонхонага жойлашадилар. Эндиликда Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга киришишади, иншо Аллоҳ.

Икки йиллик танаффусдан сўнг бошланган умра зиёрати барча мўмин-мусулмон ватандошларимизни беҳад шод этгани, шубҳасиз. Айниқса, табаррук заминда бўлиб турган умра зиёратчилари хурсандчилигининг адоғи йўқ.

Зиёратчиларимиз Аллоҳ таолога Ўзининг муборак заминига етказгани учун ҳамду санолар айтишиб, соғинч ила кутилган кунларга етишгани учун шукроналар қилишмоқда.

Аллоҳ таоло умра зиёратини бошлаган ҳамюртларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин, муборак зиёратни барча мўмин-мусулмонларга насиб этсин!

Умра сафари тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1649 марта ўқилди
Мавзулар