Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

ХУШХАБАР: МУФТИЙ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ КИТОБИ НАШРДАН ЧИҚДИ!

#Рамазон_туҳфаси № 7

 Ойлар султони Рамазонда Муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг “Ихлос – амаллар зийнати” номли китоби нашрдан чиқди.

 Моҳи Раҳмонга муносиб туҳфа сифатида чоп этилган ушбу рисолада Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат, жаннат васфи, ҳар бир амални ихлос ила адо этиш, илму маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, устозга эҳтиром, силаи раҳм, Ватан туйғуси каби мавзулар гўзал тарзда баён қилинган.

 Шунингдек, мавзуларга оид ибратли ривоятлар ҳамда ҳаётий воқеалар ўқувчига таъсирчан услубда ифодаланган.

 Китобхонларга қулай бўлиши учун чин кўнгилдан қилинган маърифий суҳбатлар ва жума маърузаларининг видео ва электрон шаклларига QR кодлар орқали ҳаволалар берилган.

 “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриётида замонавий дизайн ва қаттиқ муқовада босилган бу китоб 33 та мавзуни қамраб олган бўлиб, ушбу рисола кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ва аҳли илмлар, воиз-нотиқлар ҳам мутолаа қилсалар фойдали бўлади, инша Аллоҳ.

Зеро, ихлос амалларимиз асоси. Қуръони каримда: “Муҳсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?” (Нисо, 125), деб марҳамат қилинган. Ояти каримада “Амалини ёлғиз Аллоҳнинг ризолиги учун қилган кишидан кўра чиройли, яхшироқ динга эга бўлган ким бор, дейиляпти.

Аллома Имом Ғаззолий «Ихлос – барча амал Аллоҳ учун бўлиб, қалб одамлар мақтовидан роҳатланмаслиги ва ёмонлашидан сиқилмаслигидир», деб ихлосга таъриф берган. Демак, ҳар бир амални фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун қилсаккина гўзал бўлади.

 Ҳақ таоло “Ихлос – амаллар зийнати” номли китобни халқимизга муборак айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Муфтий
muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

1218 марта ўқилди
Мавзулар