Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Икки давлат алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилган ташриф

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларида хизмат сафарида бўлди. Ташриф давомида вакилларимизнинг Ислом ишлари ва вақф бош бошқармаси раиси Муҳаммад Матар Салим ал-Кааби билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати маълум қилган.
Учрашув аввалида Муҳаммад Матар Салам ал-Кааби Ўзбекистон делегациясига ташриф учун миннатдорлик билдириб, мазкур юртда қадимдан буюк алломалар етишиб чиққани, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ижобий фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президент маслаҳатчиси БАА Бош бошқарма раисига илиқ кутиб олгани учун миннатдорлик билдириб, икки давлат раҳбарлари ўз мамлакатлари алоқаларини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганликларини таъкидлади.
Шунингдек, делегация аъзолари Муҳаммад Бин Зоид номидаги Гуманитар фанлар университети ректори, доктор Халифа ал-Зоҳирий раҳбарлигидаги университет раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Мулоқотда Ўзбекистоннинг миллий давлатчилиги, дунё тараққиётига ҳисса қўшган олимларининг илмий мероси ва бугунги кунда диний-маърифий соҳа ҳамда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилиб, икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари муҳокама этилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон делегацияси ааъзолари Бирлашган Араб Амирликларининг Бағрикенглик вазирлигида Шайх Наҳаён Муборак Ол Наҳаён билан учрашди.
Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари орасида шаклланган илиқ ва самимий муносабатлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган расмий ташрифи, икки етакчининг доимий мулоқотлари ҳамда бунинг натижасида давлатлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Шайх Наҳаён суҳбат асносида биродарлик ва ҳамкорлик бутун инсоният учун энг зарур ришта экани, башарият аслида Парвардигор томонидан Ерни обод қилиш учун яратилгани, муқаддас ислом таълимотини асраб-авайлаш ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарблигини таъкидлади. Суҳбатда Шайх Наҳаён Ўзбекистондаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорликка тайёрлигини ва ушбу мулоқот ҳамкорликка замин бўлишини билдирди.

ЎМИ Матбуот хизмати

581 марта ўқилди