Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

ЎЗБЕКИСТОН ҲОЖИЛАРИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ВА ХАЛҚИМИЗГА ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИНИ ЙЎЛЛАДИЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ,

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

 

Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни мусулмон умматининг энг улуғ байрами – Қурбон ҳайити билан ҳаж ибодатини кўтаринки руҳда адо этаётган ҳамюртларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар шундай файзли кунлар учун шукроналар айтиб, Ҳақ таолодан диёримизга қут-барака, халқимизга фаровонлик, фарзандларимизга баркамоллик сўраб дуолар қилмоқдамиз.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз сaллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа куни, Қурбон ҳайити куни ва (ҳожилар) Минода жам бўладиган кунлар – биз аҳли Исломнинг байрамимиздир”, дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолонинг байти жойлашган муқаддас заминга ҳаж ибодатини адо этиш учун келган мўмин-мусулмонлар Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби табаррук жойларда ушбу амални бажарадилар.

Дарҳақиқат, мусулмон фарзанди борки, умрида бир бора бўлса-да, Каъбатуллоҳни тавоф қилиш орзусида юради. Зотан, ҳаж – улуғ ажрларга, мукофотларга ноил қиладиган, инсон ҳаётида яхшилик сари бурилиш ясайдиган буюк ибодат. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, дея марҳамат қилганлар. Демак, гўзал одоб, чиройли хулқ ва чин ихлос билан қилинган ҳажнинг мукофоти жаннат бўлади, инша Аллоҳ.

 

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари, ушбу фазилатли кунларда Сизга мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч-қувват, оилавий бахт-саодат ва фаолиятингизда улкан зафарлар ёр бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Барчамиз эътироф этамизки, Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилганига халқимиз бевосита гувоҳ бўлиб, ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётларида ҳис этмоқдалар.

Ҳақ таолога шукрки, ўлкамизда янги очилаётган масжид-мадрасалар, диёримиз бўйлаб фаолият юритаётган Қуръон курслари, обод бўлаётган қадамжолар, тадқиқ этилаётган алломалар мероси ва ҳаж-умра қилувчилар сони кескин ошаётгани барчамизни чексиз мамнун қилмоқда.

 Сиз Жаноби Олийларининг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифингиз ва олий даражадаги музокаралардан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллик билан ривожланиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишлар ҳам тубдан яхшиланганига муборак заминга келган зиёратчиларимиз бевосита гувоҳ бўлмоқдалар.

Ҳаж квотаси олдинлари бир неча йиллар давомида 5 200 нафар бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 7 200 нафарга етди, 2022 йилда эса 12 000 нафарни ташкил этган эди.

Саудия Арабистони томони билан олиб борилган мулоқотлардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгилангани кўпчиликнинг орзу умидларини амалга оширди.

Келгусида ҳажга борадиган зиёратчилар учун ягона онлайн навбат тизими жорий этилиши, ҳудудларда ҳаж марказлари ташкил қилиниши ва 2030 йилга қадар ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар сони босқичма-босқич йилига 24 минг нафарга етказилиши эл қалбидаги айни муддао бўлди.

Сизнинг ҳаж ва умра зиёратчилари учун юқори даражадаги хизматларни ташкил этиш борасидаги ташаббусларингиз ва ғамхўрлигингиз учун Ўзбекистон ҳожилари номидан самимий миннатдорлик изҳор этамиз.

Мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни қарор топтириш ва мўмин-мусулмонларимиз учун жамики шароитлар яратилгани “Инсон қадри учун” деган олижаноб ғоянинг кенг жабҳадаги намойиши бўлди.

 

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!

Биз — ўзбекистонлик ҳожилар, Ватанимизга қайтар эканмиз, шахсий ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб, жамиятда аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясини янада яхшилаш ва эҳтиёжмандларга кўмак беришдек савобли ишларга бор куч-ғайратимизни, шижоатимизни сафарбар этамиз.

Айни кунларда мабрур ҳажнинг мукофотидан умидвор бўлиб, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилаётган ҳожиларимиз Маккаи мукаррама, Арафот ва Мино каби муқаддас жойларда юртимиз ҳаққига икки дунё саодатини сўраб хайрли дуолар қилмоқдалар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуоларнинг энг яхшиси Арафотда қилинган дуодир», деб хушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло Ер аҳли билан фахрланиб, фаришталарига айтади: “Менинг чангу ғубор босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, узоқ жойлардан келдилар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларнинг гуноҳларини кечирдим, дейди”, деб марҳамат қилдилар.

Шундай экан, биз, ҳожилар гуноҳлар афв этиладиган ва дуолар ижобат бўладиган Арафотда туриб, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва улкан муваффақиятлар тилаб, илтижолар қиляпмиз. Аллоҳ таоло олиб бораётган хайрли ишларингизда доимо мададкор бўлсин. Юртимиздаги бошланган ислоҳотларимиз бардавом бўлишини Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймиз.

Мана шундай файзиёб дамларда уламоларимиз Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланганлари ҳақидаги хушхабар Арафот водийсидаги ўзбекистонлик барча ҳожиларни мамнун этди.

Айни кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган мана шундай тарихий жараёнлар бардавом бўлиши ва олдимизда турган муҳим воқеалар муваффақиятли ўтишини Ҳақ таолодан сўраб дуолар қиламиз. 

Аллоҳ бутун дунё мўмин-мусулмонларига Қурбон ҳайитини муборак айласин, тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин.

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Ўзбекистон ҳожилари

Макка шаҳри, Арафот водийси, 2023 йил 27 июнь

 



#haj2023
#tabrik

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla |@diniysavollar

748 марта ўқилди