muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал, жума намозида республикамизнинг барча масжидларида Ақтўбе фожиасида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига тиловати Қуръон қилиниб, дуолар қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсуновдан иборат бир гуруҳ мутасаддилар Қозоғистонда ҳалок бўлган юртдошларимиз хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзоларига Юртбошимизнинг ҳамдардлиги ва таъзияларини билдирдилар.
Ушбу мутасаддилар машъум фожиада вафот этган ҳамюртлармизнинг ҳақларига дуолар қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойлари жаннат боғларидан бир боғ бўлишини сўрашди.
Уламолар ва масъуллар ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларининг мусибатларига шерик эканларини айтиб, республикамизнинг барча масжидларида жума намозларида дуолар қилингани ва мадрасаларда хатми Қуръонлар ўқилаётганини билдиришди.
Мана шундай қайғули кунларда мутасаддилар доимо ҳамроҳ эканларини айтиб, ҳар қандай ёрдамга тайёр эканликларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кеча, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта қайғуда. Ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирдилар.

Шунингдек, уламолар ва имом-домлалар томонидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, масжид-мадрасаларимизда хатми Қуръонлар ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ва яқинларига тасалли бериш каби савобли ишлар бошланди.

Ушбу воқеа муносабати билан бугунги жума намозида республикамизнинг барча масжидларида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига тиловати Қуръон қилиниб, дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Самарқанд вилояти Пастарғом туманида бўлиб ўтган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқич ғолиба аёл-қизлар номи эълон қилинди.
Ҳифз йўналиши:
1-ўринга Зоирова Нафиса муносиб деб топилди.
Тиловат йўналиши:
18-25 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиба бўлди:
1-ўринга Саттарова Шоҳида;
2-ўринга Тошпўлатова Сарвиноз;
3-ўринга Алиева Ҳосилой муносиб деб топилди.
26-40 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиба бўлди:
1-ўринга Рўзиева Севара;
2-ўринга Бойқобилова Кубаро;
3-ўринга Мейлиева Эркатош муносиб деб топилди.

Ҳудудий босқичнинг аёл-қизлар ўртасидаги ғолибалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Бизни кузатишда давом этинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الحمد لله الذي قدر آجال العباد، وكتب أعمارهم قبل موالدهم،  وقال

 وَلِكُلِّ أُمَّةٍ أَجَلٌ فَإِذَا جَاءَ أَجَلُهُمْ لَا يَسْتَأْخِرُونَ سَاعَةً وَلَا يَسْتَقْدِمُونَ

، والصلاة والسلام على سيد الأنبياء وإمام الحنفاء محمد بن عبدالله وآله وأصحابه النجباء

Муҳтарам жамоат! 

2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта қайғуда. Кўплаб юртдошларимиз ўлимига олиб келган ушбу воқеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Маълум бўлишича, Қозоғистоннинг Актўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи “Самара-Чимкент” автомобил йўлининг Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км. узоқликда “Setra” русумли автобус ҳаракатланаётган вақтда аланга олган ва йўловчи автобус ёниб кетган. Ушбу автобус Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган. Автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган.

Ушбу содир бўлган фожиа сабабларини ўрганиш учун муҳтарам Президентимиз топшириғига кўра, Бош вазир бошчилигида ташкил этилган Махсус ҳукумат комиссияси айни вақтда Қозоғистонда бўлиб турибди.

Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, уламолар ва имом-домлалар томонидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, масжид-мадрасаларимизда хатми Қуръонлар ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ва яқинларига тасалли бериш каби савобли ишлар бошланди.

Азизлар, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ

وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ  

яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)

Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ

 

Янгиликлар

Top