muslim.uz

muslim.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой – Робиъул аввал ойи муносабати билан ислом дунёсида, хусусан юртимизда Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ насаблари, пок фитратлари, ибрат ва ҳикмат тўла муборак ҳаётларини тараннум этгувчи мавлиди шариф ўқилиши эзгу анъанага айланган.

Тошкент шаҳридаги масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” ва ўзбек тилидаги саловоти шарифлар ўқилиши режалаштирилган.

Бугун, 1 декабрь куни Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Жума намози олдидан Мавлиди шариф ўқилади: 

Учтепа тумани 

  • “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме масжиди. (Катта Қаъни мавзеси, Лутфий кўчаси 55а уй. Тел.:+998 71 272 91 04)
  • “Абу Ҳанифа” жоме масжиди. (Манзил: Зарафшон кўчаси,15-уй. Тел.:+998 71 274 66 61)
  • “Абу Ҳурайра” жоме масжиди. (Манзил: Қорёғди (Содиқ Мирзаев) кўчаси 2а уй. Тел.:+998 71 228 54 29)
  • “Бешқайрағоч” жоме масжиди. (Манзил: Маннон Уйғур кўчаси 555-уй. Тел.:+998 71 247 01 62)
  • “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжиди. (Манзил: Уккоша кўча (Ёрмухаммедов) 1 тор 35 уй. Тел.:+998 71 241 01 62)
  • “Кўкча оқтепа” жоме масжиди. (Манзил: Шула кўчаси,12-уй. Тел.:+998 71 271 44 98)
  • “Маҳкамбой ҳожи ота” жоме масжиди. (Манзил: Оқшом кўча, 25А-уй. Тел.:+998 71 247 17 40)
  • “Саид Ваққос ота” жоме масжиди. (Манзил: М.Уйғур кўчаси, 591-уй. 147, 53, 114, автобусларнинг “Назарбек” бекати. Тел.:+998 71 247 50 02)
  • “Ҳазрати Али” жоме масжиди. (Манзил: Назарбек кўчаси, 32-уй. 79, 20, 114, 87 автобусларнинг “Чевар” бекати. Тел.:+998 71 274 71 11)
  • “Ҳазрати Умар” жоме масжиди. (Манзил: М.Уйғур кўча, 556а-уй. Мўлжал:”Чароғон” ресторани қаршисида. Тел.:+998 71 228 50 36) 

Юнусобод тумани 

  • “Минор” жоме масжиди. (Манзил: Минор маҳалласи Минор берк кўчаси 1-уй. Тел. :+998 71 235 17 33. minor.uz)
  • “Кулол қўрғон” жоме масжиди. (Манзил: Турон дехқон 6 уй. Тел. :+998 71 225 76 86)
  • “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди. (Манзил: Мирзохожиев кўчаси, 19 уй. Тел. :+998 71 212 44 20.)
  • “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди. (Манзил: А.Жомий махалласи, Боғиравон 2-тор кўчаси 14 уй. Тел. :+998 71 226 77 15.)
  • “Ҳасанбой” жоме масжиди. (Манзил:Ориф Соипов кўчаси 10 уй. Тел. :+998 71 224 70 89)
  • “Юнусобод” жоме масжиди. (Манзил:Рафиков кўчаси 22 уй. Тел. :+998 71 212 08 91)
  • “Юнусобод оқтепа” жоме масжиди. (Манзил: Чинобод кўчаси 127-уй. Тел. :+998 71 222 27 82) 

Олмазор тумани 

  • “Имом Бухорий” жоме масжиди. (2-Чимбой кўча, 1-уй. Телефон: +998 71 249 18 69)
  • “Искандархўжа” жоме масжиди. (Уста Олим кўчаси 46а-уй. Телефон: +998 71 240 67 28.)
  • “Мирза Ғолиб” жоме масжиди. (Мирза Ғолиб 3-тор кўчаси 36-уй.)
  • “Сирож солиҳ” жоме масжиди. («Умид» маҳалласи, Юнусова кўчаси 21а-уй. Телефон: +998 71 228 86 41.)
  • “Тўлқин Акром ўғли” жоме масжиди. (Чиғатой Оқтепа маҳалласи, Форобий кўча 418-уй. “Фаровон” туйхонаси рўпарасида. Телефон: +998 71 246 06 86.)
  • “Чимир ота” жоме масжиди. (Фаробий кўчаси, 455-уй. Шифокорлар шаҳарчаси.

Телефон: +998 71 214 55 14.) 

Мирзо Улуғбек тумани 

  • “Авайхон” жоме масжиди. (Қорасувбўйи кўчаси 87а уй. +998 71 265 66 26)
  • “Олтинтепа” жоме масжиди. (Қурбонов кўчаси 111 уй. +998 71 266 60 96)
  • “Тепамасжид” жоме масжиди. (Ф.Хўжаев маҳалласи, Тепамасжид кўчаси 2а-уй. +998 71 262 01 64) 

Миробод тумани 

  • “Ал Бадр” жоме масжиди. (Сарикўл маҳалласи, Фидоийлар кўчаси 26-уй. +998 71 299 50 38)
  • “Қўйлиқ ота” жоме масжиди. (Қўйлиқ ота маҳалласи, Истиқбол 4-тор кўчаси, 2-уй. +998 71 295 86 83.) 

Бектемир тумани 

  • “Алибек” жоме масжиди. (Ҳусайн Бойқаро кўчаси 1-уй. +998 91 165 40 56)
  • “Қорасоқол ота” жоме масжиди. (Бинокор маҳалласи Шоликор кўчаси 1 уй.) 

Шайхонтоҳур тумани 

  • “Занги ота” жоме масжиди. (Самарқанд дарвоза кўчаси 122–уй. +998 71 227 05 69)
  • “Имом Ҳасан” жоме масжиди. (Ибн Сино 2-мавзеси, “Шодлик” маҳалласи, 2а-уй. +998 71 218 63 57)
  • “Мунаввар қори” жоме масжиди. (Илғор маҳалласи, Алоқа кўчаси 30-уй. +998 71 242 01 32)
  • “Оқ тунукали” жоме масжиди. (Ҳувайдо маҳалласи, Зафаробод кўчаси 43-уй.)
  • “Олмазор” жоме масжиди. (Олмазор маҳалласи, Олмазор кўчаси 43-уй. +998 71 244 10 34.)
  • “Фирдавс” жоме масжиди. (Боғкўча маҳалласи 21а-уй.+998 71 242 25 08)
  • “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди. (Чўпон ота маҳалласи, Шокир Алимов кўчаси 47-уй. +998 71 273 59 33)
  • “Яҳё қори” жоме масжиди. (Шомаҳмудов кўчаси 50-уй.) 

Сирғали тумани 

  • “Қўшқўрғон” жоме масжиди. (Қўшқўрғон маҳалласи У.Маҳмудов кўчаси 1уй. +998 71 292 55 04)
  • “Маъруф ота” жоме масжиди. (Чоштепа 3-тор кўчаси, 3-а уй. +998 71 287 60 65) 

Чилонзор тумани 

  • “Бўта бува” жоме масжиди. («Бешқўрғон» маҳалласи, Бешқўрғон кўчаси 2а-уй. +998 71 287 99 17.)
  • “Дўмбиробод” жоме масжиди. (Дўмбираобод маҳалласи, Дўмбиробод 4-тор кўчаси 23-уй. Тел: +998 71 279 09 90)
  • “Катта қозиробод” жоме масжиди. (Катта Қозиробод маҳалласи, Чилонзор кўчаси, 82а-уй. +998 71 277 56 85)
  • “Тинчлик” жоме масжиди. (”Тинчлик” маҳалласи, И.Усмонов кўчаси 17-уй. Тел: +998 71 271 32 68)
  • “Чоштепа” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Чорбоғ 2 тор кўчаси, 5-уй.) 

Яккасарой тумани 

  • “Ракат” жоме масжиди. (А.Авлоний кўчаси, 20-уй. Тел.: +998 71 254 47 69)
  • “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди. (“Қушбеги” маҳалласи кичик халқа йўли, Х.Умаров кўчаси №41 уй. Тел.: +998 71 250 27 39.)
  • “Яккасарой” жоме масжиди. (Яккасарой кўчаси 5-уй. +998 71 250 54 09)
  • “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди. (Академик Сирожиддинов кўчаси, 48 уй. +998 71 253 45 60.) 

Яшнобод тумани 

  • “Ислом ота” жоме масжиди. (Жўрабек маҳалласи Фарғона йўли кўчаси, 51 уй. Телефон: +998 71 299 58 82. islomota.uz)
  • “Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди. (Ғалабанинг 40 – йиллиги Тузел маҳалла биринчи мавзе, Чўлпон кўчаси 1-уй. Телефон: +998 71 294 43 99.)
  • “Гўзал” жоме масжиди. (Яшнобод тумани Сокин кўча 50 -уй. Тел: 297-99-27)
  • “Пулемас ота” жоме масжиди. (Алимкент, 5-тор кўчаси, 59А-уй. Телефон: +998 71 296 16 36)
  • “Холид ибн Валид” (собиқ “Янгиобод”) жоме масжиди. (К.Худойбердиев маҳалласи Чилон ота кўчаси 17-уй. Тел: 298-24-14) 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган, саловот айтилган давраларга нур ёғилади, қалблар Ул муборак зотнинг исмлари, муборак сийратлари билан ҳушбўй мушк таратади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугун, 1 декабрь куни Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги Имом Бухорий жоме масжидида бўлиб ўтадиган мавлид тадбирида иштирок этадилар. Ундан сўнг намозхонлар билан биргаликда жума намозини адо этадилар.

Маросим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида тўғридан тўғри намойиш этилади.

Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, 2-Чимбой кўча, 1-уй.

الجمعة, 01 كانون1/ديسمبر 2017 00:00

Темурийлар даврида уламонинг мавқеи

Темурийлар даврида илм-фан, маданият ривожланиб ўзига хос ренессанс вужудга келди. Бу тараққиётга қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

  1. Сиёсий-ҳуқуқий омил. Амир Темур бошчилигида босқинчи мўғулларга қарши озодлик кураши олиб борилган ва юрт босқинчилардан тозаланган. Унинг ўрнида кучли, марказлашган давлат барпо қилинган. Мамлакатда қатъий қонунчилик, адолатли тартиб-интизом ўрнатилган.
  2. Ижтимоий-иқтисодий омил. Темурийлар ҳомийлигида кўплаб суғориш тармоқлари ариқ, каналлар қазилиб, қаровсиз, ташландиқ ерлар экин майдонларига айланган ва деҳқончилик ривожланган. Турли мамлакатлардан уста ҳунармандларнинг Мовароуннаҳрга келиши натижасида ҳунармандчилик ривожланган, мамлакатда пул ислоҳоти ўтказилган, савдо-сотиқ ривожланиб, бой ўлкалар билан алоқалар йўлга қўйилган.
  3. Маънавий-мафкуравий омил. Мўғуллар босқинидан аввалги маънавий-маданий мерос тикланган, илм-фан равнақ топиб мамлакат маънавий ҳаёти юксалган. Темурийлар даврида дин уламоларининг мавқеи янада ошган. Бу даврда Мовароуннаҳрда ва Хуросонда тасаввуфнинг Нақшбандийлик тариқати кенг ёйилган ва жамият ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган. Тасаввуфнинг ушбу тариқати муршидлари мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида катта таъсирга эга бўлган, машҳур шахслар нақшбандийлик пирларига мурид бўлган эди. Жомий, Навоий, Бобур, Машраб каби шоирлар нақшбандийлик тариқатида эдилар. Улар ўз асарларида нақшбандийлик таълимотини тарғиб этдилар.

Саййид Амир Кулол Амир Темурга мўғулларга қарши бош кўтарганда зафар тилаб фотиҳа берган ва Хоразмга боришни маслаҳат берган. Мир Кулолнинг халифаларидан Баҳоуддин Нақшбанд, Шамсуддин Кулол (Амир Темурнинг пири), Ориф Деггароний энг машҳурлари саналган. Унинг ҳаёти ҳақида "Мақомати Мир Кулол" китоби яратилган.

Соҳибқироннинг яна бир пири Саййид Барака ҳам катта ҳурмат-эътиборга сазовор шахслардан бўлган. Мир Саййид Барака биринчи учрашувдаёқ Амир Темурга салтанат тимсоли бўлган ноғора ва байроқ туҳфа қилган. Ўзининг руҳий мадади, кўмаги билан ҳамиша Амир Темурга ҳамроҳ бўлган, ҳарбий юришларида унга зафарлар тилаб дуода бўлган. Амир Темур вафот этганидан сўнг васиятига кўра Саййид Бараканинг оёқ томонига дафн қилинган. Улуғ Амирнинг бундай васият қилганидан у зотнинг Амир Темур давлатида катта нуфузга эга бўлган дейиш мумкин.

Амир Темур давлати марказлашган давлат бўлиб, Шарқ халқлари давлатчилик тажрибалари ва анъаналарини, мустақил давлатчилик учун хос бўлган хусусиятларни, ҳисобга олган ҳолда ўз даври учун мукаммал давлат органлари тизими ташкил этилган эди. Жумладан, Амир Темур давлатида давлат сиёсатининг муҳим масалалари ҳал қилинадиган кенгашлар катта аҳамиятга эга бўлган. Кенгашларда Амир Темурнинг қариндош-уруғлари, олий руҳонийлар табақасининг вакиллари ва олимлар, амирлар ва амирул-умаро, бекларбеги, улуслар ва туманлар бошлиқлари, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар, баҳодир унвонига эга бўлган ҳарбийлар ва бошқалар иштирок этган. Уларнинг мажлис пайтида қаерда ўтириши ёки туриши, мажлисни ўтказиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Бундай кенгашларда дин аҳлининг олий вакиллари иштирок этиши, уларнинг мамлакатда катта нуфузга эга эканликларидан далолат беради. Бунинг эътиборга молик жиҳати шуки, саййидлар, қозилар, уламо. фузало, шайхлар ва улуғлар тахтнинг ўнг томонидан ўрин олганлар. Амир Темур давлатида шайхулислом, садри аъзам каби мансабдор шахслар  ҳам фаолият олиб борган.

Шайхулислом – мусулмон жамоасининг бошлиғи бўлган. Садри аъзам  лавозимидаги амалдор катта ваколатларга эга бўлган. Бу ҳақида “Темур тузукларида” шундай дейилади: “Равшан динга ривож беришда қўллаган биринчи тузугим шу бўлдики, саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга бошлиқ – садр этиб тайинладим. Барча вақфларни бошқариш ва назорат қилиш учун мутавалли танлашни, ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози, муфтий, муҳтасиб тайинлашни унинг ўзига ҳавола қилдим. У саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа арбобларга лойиқ суюрғол белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилсин, дедим”. 

Мамлакатда ислом қозиси фаолият олиб борган ва у аҳдос қозиси ва лашкар қозисидан фарқли равишда шариат асосида қарор чиқарган. Амир Темур давлат бошқарувига оид масалалар юзасидан дин аҳллари билан маслаҳатлашиб турган. “Саййидлар, уламолар, шайхлар ва фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доимо келиб-кетиб, мажлисларимни безаб туришди. Диний, ҳуқуқий, ақлий масалаларни ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдиришарди. Ҳалол ва ҳаромга оид масалаларни мен улардан ўргандим”.

Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, темурийлар давлатида саййидларнинг мавқеи юқори бўлган. Бунинг сабаблари сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин: хожалар, саййидлар сомонийлар давридан бошлаб давлат ишларида муҳим лавозимларни эгаллаганлар. Улар нақиб ул-нуқабо (улуғ нақиб) ва шайхулислом даражаларига эга бўлганлар.  Лекин кейинчалик Чингизхоннинг Ўрта Осиёни босиб олиши, илм-фан ва маданият ўчоқлари бўлган масжидлар, мадрасалар, кутубхоналарнинг вайрон қилиниши, олимларнинг қувғинга учраши, маҳаллий мулкдорлар, жумладан, дин аҳли юқори табақаларининг мол-мулклари талон-тарож қилиниши оқибатида дин пешволари ўзларининг аввалги даражаларини йўқотдилар. Чунончи, “Тузукларда” таъкидланишича кўчманчи мўғулларнинг зулмидан саййид ва саййидзодалардан етмиш киши асир қилиб олиб кетилаётганда Амир Темур уларни қимматбаҳо совғалар эвазига қутқариб олади. Шундан сўнг Соҳибқироннинг саййидлар, хожалар олдида ҳурмати ошиб, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришади.

Амир Темур ва унинг ворислари юрт ободлиги йўлида мўғуллар даврида тўхтаб қолган масжид ва мадрасалар қурилишига катта эътибор берган. Кўплаб мулкларни масжид-мадрасаларга вақф қилиб берган. Баъзи мадрасалар вақф мулкларидан ташқари, давлат хазинасидан ҳам молиялаштирилган. Мадрасаларда ихтисослигига кўра турли фанлар чуқур ўргатилган, масалан, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида табиий ва аниқ фанлар, жумладан, астрономия чуқур ўргатилган. Баъзи мадрасаларда асосан давлат маъмуриятида хизмат қилувчи, давлатнинг дипломатик арбоблари ва лашкарбошилар тайёрланган. Шунга кўра, бундай мадрасаларда Кайковуснинг “Қобуснома”, Низомулмулкнинг “Сияр ул-мулк” (Сиёсатнома), Шайх Саъдийнинг “Бўстон” ва “Гулистон” асарлари ўқитилган. Мадрасалар қайси соҳага йўналтирилишидан қатъи назар унда дастлаб, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф ва шу билан боғлиқ илмлар таълим дастурининг асосини ташкил қилган. Жумладан, тузукларда бу борада шундай дейилган: «Ноибларимга катта-кичик ҳар бир шаҳарда масжид, мадраса ва хонақоҳлар қуришни, йўловчилар ва мусофирлар учун йўл устига работлар солишни, дарёлар устига кўприклар солишни буюрдим. Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари ва ислом дини илмларидан тафсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим».

Нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили Хожа Аҳрор Валий темурийлар давлатида катта нуфузга эга бўлган. Темурийлар сулоласи вакиллари Хожа Аҳрорни ҳурмат қилиб келганлар. У киши тож-у тахт учун курашаётган шаҳзодалар ўртасига тушиб, уларни сулҳ тузишга мажбур қилади, жанжалли ҳолатларни тинч йўл билан ҳал қилишга муваффақ бўлган ва мамлакатни вайронгарчиликлардан халос этган. Темурий Абусаид Мирзо 1451 йили Самарқанд тахти учун бўлган кураш авжига чиққан пайтда ёрдам сўраб Хожа Аҳрорга мурожаат қилади. Абусаид Мирзо ва унинг ўғли Султон Аҳмад Мирзо ҳукмронлиги даврида Хожа Убайдуллоҳнинг мавқеи янада ошади. Чунончи, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида Хожа Убайдуллоҳга қарашли мол-мулк, ер ва катта бойликлар вужудга келади. Абусаид Мирзонинг фармони билан Хожа Убайдуллоҳга қарашли ерлардан ўндан бир миқдорида солиқ олинган, холос. Бошқа ерлардан эса қўшимча солиқлар ҳам ундирилган ва бу деҳқонларни қийин аҳволга солиб қўйган. Шунинг учун кўпчилик деҳқонлар ерларини Хожа Убайдуллоҳга назр қилиш билан унинг номига ўтказиб, ўзлари ўша ерларда ишлашни давом эттирарди ва қўшимча солиқлардан халос бўларди. Хожа Аҳрор бева-бечораларга ва камбағалларга ҳам ёрдам бергани тўғрисида тарихий манбаларда маълумотлар бор. Хусусан, тарихчи Мир Саййид Шариф Роқимийнинг “Тарихи Роқимий” рисоласида ёзишича “Хожа Аҳрорнинг махсус ер майдони бўлиб ундан олинган ҳосилни бева-бечоралар ва муҳтожларга тарқатган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Туркистон ва Хуросонда тутган сиёсий ва ижтимоий юксак мақомидан ташқари, ўзидан қолдирган илмий мероси ва қимматли асарлари билан ҳам диққат-эътибор марказида туради. Хожа Аҳрор ўз мактубларида халқнинг ғамини ейиш, оддий инсонларнинг ҳожатини чиқариш каби хайрли ва савобли ишларга ундарди. Ана шундай инсоний фазилатлари туфайли Хожа Аҳрор “яхшилар қутби”, “шайхлар шайхи” каби сифатлар ҳамда “Аҳрор” (эркин кишиларнинг сардори), “Носируддин” (диннинг ёрдамчиси) лақаблари билан шуҳрат қозонган.

Хулоса қилиб айтганда, темурийлар даврида мўғуллар босқини натижасида оёқости қилинган маданий бойликлар, маънавий мерос ва қадриятлар тикланган. Илм масканлари фаолияти йўлга қўйилган ва маърифатга интилиш, комил инсон тарбиясига катта эътибор қаратилган. Бунинг самараси ўлароқ, нақшбандийлик тариқати жамият ҳаётида кенг тарқалган, дин уламоларининг мавқеи ошган. Бу давр жаҳон тарихидан ва миллий давлатчилигимиз тарихидан муносиб жой олган.

 

Робия САИДХАНБАЛОВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

الخميس, 30 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Расулуллоҳни (с.а.в) севасизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

«Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Барчамизнинг «Аллоҳни севаман» деган даъвомиз бор, Аллоҳга муҳаббатим чексиз, деймиз-у  лекин, амалда исботлай оламизми? У  қайси  амалларда   зоҳир  бўлади? Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг изҳори жилд-жилд китоблар ёзиш,  шеърлар битиш ва қандайдир  баландпарвоз  гапларни гапириш   билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш билан ўз ифодасини топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўйсунаётган инсоннинг Аллоҳга муҳаббати бор, десак бўлади.

Аллоҳ таоло – Мени севаман десанг, Менинг ҳабибимга бўйсунасан демоқда. Мана, Аллоҳ таоло Ўз Расулининг мақом-мартабасини бизга изҳор қилишининг намунаси. Агар Расулимга эргашмасанг, муҳаббатинг ёлғон, муҳаббатинг сохта, демоқда. Аллоҳ Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунганимиздагина бизга муҳаббат қўяди. Аллоҳ таоло муҳаббат қўйган банда қиёмат куни жаннатга кириш ва Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўлади. Шу дунёдаги мукофоти эса  Аллоҳ таоло ўз Расулига эргашган бандасининг гуноҳларини кечаман демоқда ва ўзининг умидбахш бўлган Ғофур – ўта мағфиратли ва Роҳийм – ўта раҳимли сифатларини айтиб башорат бермоқда.

Аллоҳ таолонинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат инсонни қандай ишларни қилишликка олиб бориши мумкин? Келинглар, бу тўғрисидаги мисолларни келтириб ўтайлик.

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтожлик етди. Бу муҳтожликдан бир неча кун давомида егулик бўлмади. Бу хабар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга етиб борди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу нарсани кўтара олмадилар. Кўчага чиқиб, меҳнат қилиб бирор нарса топиб келиш учун хизматга бордилар. Бир яҳудийнинг қўлига мардикор бўлиб ёлландилар. Унинг боғини 17 челак сув билан суғориб бердилар. Яҳудий ҳар бир челаги учун биттадан хурмо бераман деди ва ҳазрати Али рози бўлдилар. Яҳудий хурмоларни кўрсатиб, хоҳлаганингни танлаб ол, деганида, ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ажва хурмосини танлаб олдилар. Ўша хурмони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам ночор ҳаёт кечираётганларини билардилар. Шундан ҳайрон бўлиб: «Эй Али, буни қаердан олдинг?», деб сўрадилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу эса, сизга етган муҳтожликни кўтаролмасдан, бировнинг боғини суғориб шу хурмоларни олиб келдим, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, бу ишни Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббатинг туфайли қилдингми?», дедилар. Ҳазрати Али: “Ҳа, шундай қилдим”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, энди тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай муҳтожликлар етадики, худди жала ёққанида юзи қандай ҳўл бўлиб кетса, шундай камбағалликлар етади. Кимки Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай балолар келадики, ўша балоларга у қалқон бўлиб туриб беришига тўғри келади», дедилар.

Мана шу гапни эшитганидан кейин, анча-мунча одам, агар ундай бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўйишга ҳожат йўқ экан-да, деб юборади.  Чунки баьзилар бошига тушадиган турли-туман  кулфатлар, ҳар хил қийинчиликлар  ва мусибатлардан  холи   бўлиш  билан  бирга, кўплаб    неьматларга  эришиш  воситаси  ўлароқ  ибодатларни  амалга  оширади.  Лекин ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ундайлардан  эмасдилар. Шунинг  учун ҳам  мазкур хабардан  мутлақо  чўчимадилар,  балки  хурсанд бўлдилар, бу сўзлардан кейин кўзларига ёш олдилар. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйганларнинг бошига бундай синовлар тушиши муқаррар. Илло, бу муҳаббат синовсиз бўлмайди.

Тасаввур қилинг, бир инсон оддий бир инсонга кўнгил қўйса, унинг бошига қанчалар мусибатлар тушади. Яқиндагина бир ёш йигит олдимга келиб, йиғлагудек бўлиб, бир қизни севиши, қиз камбағал оиладан экани, ўзининг оиласи бой эканини айтди. Ота-онаси у қизни олиб беришга қарши экан. Йигитни айтишича, у ўз ота-онаси бориб турадиган фолбиннинг ёнига бориб: «Агар ота-онам сизнинг олдингизга  келса, сиздан илтимос, уларга “Фарзандингиз ўша қизга уйланмаса, бўлмайди акс  ҳолда оқибати  ёмон  бўлади”, деб фол очиб беринг, дебди. Бир қизга бўлган нафсоний муҳаббат, ўз эгасини   иймонидан айиришга олиб боряпти. Йигитнинг улфатлари эса ўша қизнинг номусига тегсанг, қиз  сени устингдан шикоят ёзса, ота-онанг иложсизликдан у қизни олиб беришга мажбур бўлади, деб маслаҳат берибди. Яхши ҳам, озгина  тушунчаси, иймони ва диёнати  бор экан, менга: «Домла, ўртоқларим шундай маслаҳат беряпти, мен нотўғри бўлса керак деб ўйлаяпман, сиз нима дейсиз?», деб сўради. Буни қаранг! Бир қизга бўлган муҳаббат қандай ишларни қилишгача олиб бормоқда.

Энди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат имтиҳонсиз, синовсиз бўладими?

Баъзи бир инсонлар: «Намоз ўқисам, рўза тутсам, Қуръон тиловат қилсам, ибодатларни адо этсам, барибир, ҳамон ишларим орқага кетяпти»«қизларимнинг бахти очилмаяпти»«ўғилларим ўттизга яқинлашиб қолди, уйлантиролмаяпман»«қайси ишга қўл урсак юришмайди» ва бошқа шунга ўхшаш муаммоларни айтади. Уларнинг намоз ўқиши, рўза тутиши ва бошқа амалларни қилиши, ўша балоларни келишига сабабчи эмасми? Нима учун? Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатингиз сизни намоз ўқишингиз, рўза тутишингиз, тиловат қилишингизга сабаб бўлмоқда. Шунинг ҳисобига, сизга балолар келмоқда. Буни хурсанд бўлиб, шодлик билан кутиб олиш керак. Нимага? Чунки, менинг муҳаббатимнинг самараси ўлароқ, Аллоҳ менга шу синовларни юборяпти, деб кутиб олиш керак. Агар муҳаббатингиз бўлмаганида, бошингизга Аллоҳ синовларни юбормаган бўларди.

Қанчадан қанча мушриклар, кофирлар, мунофиқлар кайфу сафо қилиб, ялло қилиб яшаяпти. Нима учун? Чунки уларга бу дунёда имтиҳон йўқ. Зотан, улар имтиҳон бўладиган хонага ҳам киролмаганлар. Имтиҳон бўлаётган хонага кириш учун «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» калимаси керак. Улар имтиҳонга яқинлашолмайди ҳам! Дарвозасидан ҳам киролмайди!»,

Талаба бўлишни  истаган ҳар бир йигит ва қиз ўз хоҳиши билан имтиҳон топшириш жойига келади. Агар имтиҳонни хоҳламаса, имтиҳон топширмасдан кўчада юраверсин эди. Бўлажак талаба ҳужжатини топширади, бир ўринга ўнта киши талашиб туради. Бор-будини сарф қилиб бўлса ҳам, шу имтиҳондан ўтишга ҳаракат қилади. Лекин кимлардир кўчада кайф-сафосини қилиб юрибди, ўқишга ҳаракат ҳам қилмайди. Агар сизни унга ҳавасингиз келса, олийгоҳнинг эшигидан кирмасдан, ҳужжатларни топширмасдан, имтиҳонга кирмай ялло қилиб юраверинг эди. Ўз хоҳишингиз ила  бордингиз ахир!

Имтиҳонга киришни бутун вужудингиз билан талаб қиляпсизми, демак, сиз «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан очиладиган эшикни ўз  ихтиёрингиз ила очдингиз, мўмин-мусулмон бўлдингиз. Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббатим бор деб даъво қиляпсизми, энди имтиҳонга чиданг, сабр қилинг! Келиб, «Дод!», деб юборманг! «Қийин бўлиб кетди...», «У бўлмай қолди, бу бўлмай қолди...», «Нима қиламиз энди, яшашга қўядими ёки йўқми?», деманг! Мўминмисиз – яшанг! Иймонингиз борми – чиданг! Сабр қилинг!

Худди шундай. Саҳобалар ҳам Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: 

«Ё, Расулуллоҳ, кофирларни дуои бад қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилманглар. Сизлардан олдингиларнинг гўштларини темир тароқ билан шилиб, суягигача ажратиб тараганларида ҳам иймонидан қайтмаганлар, шошилманглар, шошиляпсизлар», деганлар.

Бизларнинг эса арзимас имтиҳонларга чидолмасдан, муҳаббатимиз синовдан ўтолмасдан қолаётганларимиз кўп.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қиёматга нима тайёргарлик кўрдингки, уни сўраяпсан?», дедилар. Ўша саҳоба: «Ё Расулуллоҳ, менинг қиёмат учун Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сен кимни севсанг, қиёмат куни ўшалар билан бирга бўласан», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сен кимни севсанг ўшалар билан бирга бўласан», сўзларини эшитганда хурсанд бўлганчалик, ҳеч қачон хурсанд бўлмагандик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севаман, Абу Бакрни севаман, Умарни севаман ва қиёмат куни улар билан бирга бўлишни умид қиламан», дедилар (Икки шайх ривоят қилган).

Мана шу дил изҳорини эшитгандан кейин, ҳаммамиз: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севаман, Абу Бакрни севаман, Умарни севаман, Усмонни севаман, Алини севаман, Анас ибн Моликни севаман ва улар билан бирга бўлишни хохлайман” деб айтишимиз керак. Шундагина ҳақиқий муҳаббат бўлади. Анас ибн Моликнинг қобилиятларини, иқтидорларини, тадбиркорликларини қаранг. Жойида жавоб бердилар, уларни севишларини билдирдилар. Биз ҳам шундай бўлишимиз керак. Ана шундай муҳаббат эгалари бўлсак, иншааллоҳ нажот топамиз.

Бошқа бир ривоятда: «Талҳа ибн Барро розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёпишиб оёқларини ўпдилар-да: «Ё Расулуллоҳ мен сизни шундай севаманки, мени қандай ишга буюрсангиз шуни қиламан», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни синамоқлик учун: «Бориб отангни ўлдир», дедилар. Талҳа ибн Барро розияллоҳу анҳу шартта ўгирилиб, оталарини ўлдириш учун кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўхта, мен силаи раҳмни узишлик учун келмаганман, бу ишингдан қайт», дедилар. Синовни қаттиқлигини қаранг! Имтиҳонни қаранг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Талҳа розияллоҳу анҳунинг муҳаббатларига қандай жавоб бердилар? Талҳа розияллоҳу анҳу бетоб ётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини зиёрат қилдилар ва бу касаллик Талҳа розияллоҳу анҳуни олиб кетишини билдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аҳлларига, агар Талҳа ҳақида бирор хабар келса менга хабарини беринглар, дедилар. Кечга яқин Талҳа розияллоҳу анҳунинг вафотлари хабари келди ва кеч бўлиб қолганлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишмади. Эртаси куни саҳар вақтида Талҳа розияллоҳу анҳу вафотларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганларида, қишнинг совуқ кунида, саҳарда Талҳа розияллоҳу анҳунинг жанозасига бордилар ва унда саф тортиб турилганда: «Эй Роббим, Талҳага табассум қилиб турган ҳолатингда Талҳани ўзингга йўлиқтиргин ва Талҳа ҳам сенга табассум қилган ҳолатида Ўзинг билан қовуштиргин» деб дуо қилдилар.

Нимага шундай дуо қилдилар? Чунки  Талҳа розияллоҳу анҳунинг илтимослари шу эди.  У киши: «Мени тезроқ кўминглар, Роббим билан мени тезроқ учраштиринглар. Тезроқ дафн қилинглар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жанозамга чақирманглар. Чунки у зот жанозамга келаётганларида, йўлда бирор  яҳудий уларга мен сабабли зарар бериб қўйишидан қўрқаман», деган эканлар. Мана шу ҳақиқий муҳаббатдир. Аллоҳ  таоло барчамизга  ана шундай  муҳаббатли ва  ихлосли бўлишни  насиб  айласин.

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,

ЎМИ  масжидлар  бўлими  ходими

 

 

الخميس, 30 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Бу уммат – эрка уммат

Аллоҳ таолога беадад ва Ўзининг илмича, улуғлигича ҳамд бўлсинки, бизларни еру қуруқликда мукаррам бўлган Одам авлодидан қилди, ҳайвон қилиб яратмади. Яна бизга энг олий ва буюк неъмат – Ислом неъмати, рушду ҳидоятни иноят айлади. Ўзининг ҳабиб ва маҳбуб пайғамбарининг уммати бўлишни насиб этди. Аввалию охири инсон манфаатлари ва жамият салоҳияти кўзланган шариати Исломга амал қилишга, диндаги амр ва наҳийларга итоаткор бўлишга фақат Ўзигина қодир қилиб қўйди. Лекин табиатида хато қилиш, шошилиш ва адашиш бўлган инсон баъзан Аллоҳ таолонинг қанчадан қанча неъматларига ношукрлик қилади, буйруқларига  итоатсизлик қилади. Нега шундай? Сабаби, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид ва мосуво бўлган иблис Қиёматга қадар инсонларни ўзининг ортидан етаклаш учун бор имкониятини сарфлашга қасам ичди ва васваса эшикларини кенг очиб қўйди. Мана шундай шайтон васвасасига учган инсон дин арконларини бажаришга сусткашлик қилади, оғир, машаққат ишдай тасаввур қилади. Аслида ҳам шундайми?! Йўқ, аслида динга амал қилиш нақадар осон ва қулай. Буни яхшироқ тушуниш учун ўтган умматлар шариатига ислом шариати таққосланса,  динимиз нақадар енгил эканлиги намоён бўлади.

  • Бирор аъзо хато ва жиноят қилса, ўша аъзони кесиш
  • Нажосат теккан жойни кесиб ташлаш
  • Гуноҳкорни тавба учун ўлдирилиши
  • Масжиддан бошқа ерда намозни жоиз эмаслиги
  • Тупроқ билан таяммум қилиб бўлмаслиги
  • Рўзадор уйқудан сўнг ифтор қилолмаслиги
  • Рамазон кечалари аёлидан узоқ бўлиш
  • Гуноҳ сабабли улардан пок нарсаларнинг маън қилиниши
  • Закот молнинг тўртдан биридан чиқарилиши
  • Закот ва ғанималарга салоҳиятсиз нарсаларнинг осмондан олов тушиб куйдириши
  • Битта яхшилик эвазига битта савоб берилиши
  • Кечаси гуноҳ қилганларнинг ишлари эрталаб эшикларига ёзилиб қолиши
  • Бир кеча кундузда 50 маҳал намоз фарзлиги
  • Қасосда афвга йўл йўқлиги
  • Ҳоизаларнинг ўша кунларда одамлар билан аралашиб юришдан маън қилинишлари
  • Гўштдаги ёғ ва қоннинг ҳаромлиги
  • Шанбанинг ҳаром қилингани

Кейинчалик бу ҳукмлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатларида осонига ва яхшисига ўзгартирилиб берилган. Кунига 50 маҳал эмас, бир кунлиги 1 ярим 2 соатни талаб этадиган 5 вақт намоз жорий қилиниши, ифторликдан сўнг саҳаргача еб-ичиш ва бошқа ишларга рухсат берилиши, закот молнинг 40 дан биридан чиқарилиши, закотдан қолган молни киши истаганича тасарруф қилиши, нажосат теккан ер тозаланса пок бўлиши, ер пок қилиниб, истаган ерида намоз ўқиш, таяммум қилишнинг мумкинлиги, гуноҳкорга тавба эшиклари мудом очиқлиги, қилинган айбу хатолар сатр қилиниши, қасос борасида афв қилиб, кечиб юбориш жоизлиги, бир яхшиликка 10 та савоб кўпайтирилиб ёзилиши, гуноҳлар сабабидан пок нарсалар манъ қилинмаслиги, ҳайвон гўштларидаги ёғ ва гўшт ичида қолиб кетган қоннинг ҳалоллиги ва ҳоказо амаллар фақат ва фақат Набийлар сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “эрка уммат”ларига эъзоз ва икром бўлсин учун  жорий қилинган. Энди ибодатларга дангасалик қилиб, шариат ҳукмларини оғир билиб юрган инсонлар, бир тафаккур қилиб  кўрсинлар. Аллоҳ биздан асло қийинчиликни, жонни азоблашни истамайди, мўътадиллик ва енгилликни истайди.  Шунга кўра, биздан талаб қилинган ишларни камайтирмай, ҳаддидан оширмай ихлос билан бажарсак, Раббимизнинг:

وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَنُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا وَعْدَ اللَّهِ حَقًّا وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ قِيلًا

Имон келтириб, солиҳ ишларни қилганларни (эса) остидан анҳорлар оқадиган жаннат боғларига киритурмизулар у ерда абадий қолиб яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳаққоний ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ким ростгўйроқдир?! (Нисо,122) деган ваъдасига мушарраф бўламиз, иншоаллоҳ!

 

Мулла Жийбон Ҳиндийнинг “Нурул анвор” 

китоби асосида Н. Саидакбарова тайёрлади

 

Top