Рамазон-2018

Рамазон рўзасининг  фазилати

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб етиши қийин.

Бу ибодат Қуръони карим оятлари, Пай­ғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадислари ва Ислом умматининг ижмоъи ила собит бўлгандир. Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни санаб адоғига етиш қийин.

 

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир». Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.

 

Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан, рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида:

 

«Шоядки, тақво қилсангиз», деган.

 

Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб:

 

«Эй имон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).

 

    Ва яна:

 

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган (Бақара. 185).

 

Бундан аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша «саноқли кунлар – «Рамазон ойи» эканини баён қиляпти. Айни чоқда, Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти.

 

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни:

 

«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фур­қондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».

 

 Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар» (Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар).

 

 

 

Рўзанинг фазилати ҳақида Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда:  «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар»   (Бешовлари ривоят қилганлар).

 

Бошқа бир ривоятда: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилган.

 

Демак, инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Фақатгина тутган рўзаси Аллоҳ учундир. Буни бундай тушуниш мумкин:  Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътибор пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одам таҳорат қилганида, намозга жой танлаганида ва ниҳоят намоз ўқиётганида бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди.

 

Шунга ўхшаб, закот берганида ҳар қанча яширса ҳам ҳеч бўлмаганда закотни олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади.

 

Ҳажга борганида эса, умуман, шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келади. «ҳожи ака» ёки «ҳожи она» деган ном билан чақирилади.

 

Рўзада эса, бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма баробар юраверади. Ифтор вақти кираётганда ҳам, ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ана шуларнинг ҳаммаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.

 

Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда.

 

Шу билан бирга, рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганидандир.

 

Дарҳақиқат, азизлар, бизларга Аллоҳ таоло баракот ойини насиб қилди. унинг қанчалик даражада баракалик эканлигини, имонимиз ва ишончимиз  даражаси ила ҳис қиламиз. Аммо бу раҳмат ойида кўп яхшилик борлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. чунки бу ойда тутаётган рўзаларимиз билан кўп ўзимиздаги ёмонликлардан тийиламиз. “Мен рўзадорман” деб анча мунча ножоиз ишларимиздан тўхтаймиз.

 

Пайғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, рўза бу омонатдир, рўза бу ибодатдир. Шунинг учун бу иссиқ кунларда тутаётган рўзалармизни чиройли адо этайликда Парвардигордан унинг ажрини кутайлик. Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилдилар:

 

Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир

 

Агар менинг умматим Рамазон ойи ичидаги нарсаларни билганларида эди, албатта, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлсайди, деб орзу қилардилар. Зеро, савоблар Рамазон ичида йиғилгандир ва тоатлар мақбулдир, дуолар мустажобдир ва гуноҳлар кечирилгандир ва жаннат рўзадорларга муштоқдир.

 

Read 48752 times
Top