muslim.uz

muslim.uz

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” мамлакатимизнинг бир қанча ҳудудларида кўтаринки руҳда бошланди. Жумладан, шу кунга қадар Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларида мусобақанинг саралаш босқичи якунланган бўлса, бугун, 24 январь куни мусобақанинг ҳудудий босқичи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб ўтмоқда.

Саралаш босқичлари бўлиб ўтмаган ҳудудларда эса нафақат иштирокчилар, балки мухлислар ҳам мусобақанинг бошланишини интизорлик билан кутишмоқда. Буни шаҳар марказларида осилган реклама баннерларининг ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётгани ва уларга интернет томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалардан ҳам билиш мумкин.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигининг Фейсбук саҳифасида Қуръон мусобақасига тайёргарлик шукуҳи вилоятда ҳам ўзгача экани айтилади. Қуръон мусобақаси 2018 йил 5 февраль куни Шаҳрисабз шаҳридаги Ёшлар саройида, 6 февраль куни Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” кошонасида ҳамда 7 февраль куни қориялар (аёллар) учун Қарши шаҳридаги “Қум қишлоқ” жоме масжидида ўтказилиши белгилангани таъкидланади.

Вилоят вакиллиги Қуръон мухлисларини мусобақа таклиф қилиб, кўчаларда катта ҳажмдаги эълонларни жойлаштирган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 24 كانون2/يناير 2018 00:00

Шайхулислом ҳамдардлик билдирди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада юртдошларимиз ҳалок бўлгани муносабати билан хорижий мусулмонлари идоралари раҳбарлари, муфтийлар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси номига ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

Ҳурматли биродарим Усмонхон Алимов!
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобуснинг ёниб кетиши натижасида ҳалок бўлган ватандошларингиз ҳақидаги ҳабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим.
Шу муносабат билан Озарбайжон, Кавказ мусулмонлари ва шахсан ўз номимдан Сизга ва биродар Ўзбекистон халқига чуқур таъзиямни изҳор этаман.
Вафот этганларнинг қариндошлари ва яқинларига бундай мусибатни енгиб ўтишлари учун Яратган Парвардигордан дуо қилиб сўрайман. Барча ўтганларнинг руҳини Аллоҳ раҳматига олсин!
Сизга доимо Қодир Аллоҳнинг чексиз марҳамати ёғилсин! Омин!

Чуқур қайғу билан,
Кавказ мусулмонлари идораси раиси,
шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода


Аввал Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси профессор, доктор Али Эрбош, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек ҳожи Тохтамишев Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Серикбай ҳожи Ораз таъзия билдиргани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу кунларда уламолар ва имом-домлалар томонидан Қозоғистондаги фожиада ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, хатми Қуръон ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ишлари давом этмоқда.
Президентимиз Ҳаким Термизий мақбараси зиёрати чоғида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг ўлимидан чуқур қайғуда эканларини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирдилар. Мана шундай табаррук қадамжода Қуръон оятларидан ўқилиб, муфтий ҳазратлари томонларидан ҳалок бўлган йигитлар ҳақига дуолар қилинди.
Шу куннинг ўзида Шайх Абдулазиз Мансур мотамсаро хонадонларга ташриф буюриб, Юртбошимизнинг ҳамдардлигини етказишди. Масжидларда ҳалок бўлганлар яқинларига таъзиялар изҳор қилинди. Тошкент, Андижон вилоятлари имом-хатиблари мана шундай тасалли бериш ишларини давом эттиришди.
Куни кеча ҳалокат қурбонларига жаноза намози ўқилиб, дафн этилди. Ушбу маросимда аҳоли билан бир қаторда вилоят ва туманлар раҳбарияти, кенг жамоатчик вакиллари ҳам иштирок этиб, ҳалок бўлган йигитлар ҳақига дуои фотиҳа қилдилар. Марҳумларнинг ота-онаси ва бошқа яқинларига сабр-бардош тиланди.
Бугун, 24 январь куни диний идора масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов ва муҳтасиблик бўлими Исломиддин Зуҳриддинов бошчилигидаги уламолар Наманган вилоятидаги мусибат эгаларига муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ҳамдардликларини етказишди. Шунингдек, уларга моддий-маънавий кўмак қилиб, руҳий тасалли беришди.
Шу ўринда ибратли ривоятни келтиришни лозим топдик. Абу Синондан қилинган ривоятда у айтади: “Фарзандим Синон вафот этди. Уни дафн этиб, қабрдан чиқмоқчи эдим, қўлимдан Абу Талҳа Ҳавлоний тортиб чиқарди ва: “Сенга хушхабар айтайми?” – деди. Албатта, дедим. “Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилишича, Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: “Бандамнинг фарзандини қабз қилдингми? Унинг кўз қувончи, қалб мевасининг жонини олдингми?” – деб сўрайди. “Ҳа”, деб жавоб беради фаришта. “Бандам нима деди?” – сўрайди Аллоҳ Ўзи билгани ҳолда. “У сенга ҳамд айтди ва истиржоъ келтирди”, жавоб беради ўлим фариштаси. Шунда Аллоҳ айтади: “Унга жаннатда бир уй барпо қилинг ва уни “Ҳамд уйи” деб номланг!”
Демак, Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳолатда чиройли сабр қилгувчи мўмин бандалар қаторида бўлмоқликни барчамизга насиб этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бутун умрини жонажон Ўзбекистонимиз учун, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлаган. Ўзбекистонда улкан ишларни амалга оширган, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси ва буюк давлат арбобидир.

И.А.Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олийжаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон номини дунёда машҳур қилди. Бугунги кунда бутун жаҳон хавас билан қараётган Ўзбекистоннинг шу даражага эришишида И.Каримовнинг ўрни ва хизматлари беқиёсдир.

2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарор ижроси юзасидан бугун И.Каримовнинг хотирасини, унинг мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишга қўшган улкан ҳиссаси ва шунингдек, унинг меъросини оммалаштириш мақсадида давлат ташкилотлари, идоралар ва таълим муассасаларида турли учрашувлар, давра суҳбатлари, ҳамда И.Каримовнинг асарларига бағишланган кўргазмалар бўлиб ўтмоқда.

Шунга асосан, бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам И.Каримовнинг асарларига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада ТИИ Ахборот-ресурс маркази ходимлари устоз ва талабаларга Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг 23 жилдлик асарлари тўплами, “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси Президенти” номли альбомлар, уларда Ўзбекистон босиб ўтган 16 йиллик, 21 йиллик тараққиёт йўли фотосуратлар орқали тасвирлаб берилган. Шунингдек, “Ўзбекистон буюк келажак сари”, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида”, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” ва “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” каби жами 61 номдаги 103 та асарлари намойиш қилинмоқда, деб хабар беради Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Наманган вилоятидаги барча меҳнат жамоалари, ўқув муассасаларида 2018 йил 20 январь куни иш ва ўқиш фаолияти Қозоғистон Республикасининг Оқтўба вилоятида рўй берган автобус ёнғинида ҳалок бўлган ҳамюртларимизни хотирлаш билан бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

– Қартайган чоғимда пешонамда шундай кўргулик ҳам бор экан, - Шоҳидон қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Ҳусниддин Исомиддинов. – Эндигина йигирмага кирган набирамдан айрилиб ўтирибман. Иложимиз қанча, Аллоҳ барча ўтганларни раҳматига олган бўлсин. Кеча Тошкентдан келган раҳбарлар ҳам таъзия билдириб кетишди. Шундай кунда қайғумизга шерик бўлганларга раҳмат... 

Аввал хабар қилинганидек, дастлабки эълон қилинган рўйхатга кўра, ҳалокат қурбонларининг 22 нафари Тўрақўрғон ва 8 нафари Косонсой туманидан бўлиб, уларнинг оила аъзоларига ҳокимликлар ва кенг жамоатчилик томонидан зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. 

– Аввало, фожиали ҳалок бўлган ҳар бир йигитнинг хонадонига бўлиб, уларнинг оилавий шароитини ўрганиш ва шунга асосан тегишли ёрдам кўрсатиш, оила аъзоларини аҳвол-руҳиясини назоратга олишга алоҳида эътибор берилмоқда, – дейди Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев. – Ҳар бир оилага давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларидан масъуллар, шифокорлар бириктирилди. Ҳалок бўлганлар оилаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион сўмдан маблағ ажратилди, маърака-маросимларни ўтказиш учун ҳомийлар тайин қилинди. Шунингдек, мазкур оилаларнинг коммунал соҳага доир турли муаммолари ҳал этиб берилмоқда. 

Косонсой туманининг Чиндовул қишлоғидаги Ширинбулоқ, Учқўрғон, Чиндовул маҳаллаларида ҳам саккиз хонадонга мавҳум мотамсаролик соя ташлаб турибди. 

– Албатта, бу йўқотишларнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамғармаси Косонсой туман бўлимининг раиси Абдусамад Дадабоев. – Бироқ маҳалла-куй томонидан бу оилалар аъзоларининг ғам-қайғуларини иложи борича енгиллатишга ҳаракат қилинмоқда. Ҳар бир мотамзада хонадонга “Нуроний” жамғармаси томонидан 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилди. Бундан ташқари бир тоннадан кўмир, газ баллони, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top