muslim.uz
Етимни жеркиманг!
Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! (Зуҳо, 9).
Динни (охират жазосини) инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?! Бас, у етимни жеркийдиган ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган (кофир) кимсадир (Моъун, 1-3).
Эътибор беринг! Етимни жеркиш ва мискинга таом бермаслик у ёқда турсин, мискинга таом беришга атрофдагиларни тарғиб қилмаслик динни, охират жазосини инкор қилишдек, кофирлик гуноҳи қаторида саналмоқда!..
Эслатма! Халқ орасида “Етим бола боқсанг, оғзи-бурнингни қонга тўлдиради. Етим қўзи боқсанг, оғзи-бурнингни гўштга тўлдиради”, деган гап бор. Шу тўғрими? Йўқ! Оят ва ҳадисларга буткул зид гапдир! Динимиз кўрсатмаларини била туриб, бу гапни қасддан айтиш, мўминликка номуносиб сўздир!
“Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” нақли ҳам бекор гап эмас, албатта. Воқеликда боқиб олинган етимлардан вояга етгач, кутилган натижаларга акс муносабатлар кузатилиши ҳам бор нарса. Бу дегани, етим боқишга тарғиботлар келган оят-ҳадислар нотўғри, етим асраш бошга битган бало дегани ҳам эмас...
Нега шариатнинг ўзида бу ишга тарғиб қилингани билан етимнинг имомликка ўтиши макруҳ дейилган? Нега икки ҳукм бир-бирига зид? Муаммо қаерда?
Калаванинг учи узоққа бориб тақалмайди. Шариатнинг бу ҳукмларида зидлик йўқ. Бу борада воқеликни эътиборга олиб, шундай ҳукм қилинган. Кам ҳолларда, вояга етгач, баъзи бир етимларнинг ахлоқий инқирозга юз тутиши учраб туради.
Биринчидан уларнинг баъзиларини “ота-она”си (ҳайф уларга ота-она аталмиш муқаддас ном!) бузуқилар бўлиб, беникоҳ пайдо бўлган ҳомилани бир нарса қилиб, туғиб, қаергадир ташлаб, жуфтакни ростлаб қолган. Шукрки, болалар уйлари доим бало-гардон бу борада. Палаги “тоза” бола “Қуш инида кўрганини қилади” мақоли таъбирича, қон томирлари орқали кўрганларини қилиши мумкин.
Иккинчидан халқимиз орасида “етимни уриб бўлмайди”, деган тушунча бор. Бу ҳам халқимизнинг етимпарвар ва раҳмдиллигидандир! Тўғри, етимни ҳуда-беҳуда уриб-сўкиб бўлмайди. Лекин уни қарамоғига олган одам, ҳар томонлама: моддий, маънавий ва жисмоний, руҳий, таълим-тарбиявий жиҳатдан ҳам қарамоғига олган ва унга масъулдир! Унда қайсидир жабҳада камчилик кўрса, дарҳол, тўғрилаши керак! Камчилигини ўрганиб, бартараф этмоғи шартдир! Ахлоқи бузилса, танбеҳ бериши, керак бўлса, уриб-туртиб бўлса ҳам, тартиб-интизомга солмоғи лозим! Бўлмаса, у талтайиб, дангаса-ялқов бўлиб, улғайгач, ҳалиги мақолдаги маънони тасдиқлайдиган нобакорликларга ҳам қўл уриши мумкин!
Қоида! Асраб олган етим фарзандига ўзининг фарзанди нимани яхши кўрса, унга ҳам ўша нарсани яхши кўриши лозим. Ўз фарзанди қайси яхши ишни қилса, тақдирласа, етимга ҳам шу ишни қилгани учун мақтов айтиш, ўз фарзанди қайси ёмон ишни қилганда одоб таёғидан насиба олса, етим фарзанди ҳам шу ишни қилган тақдирда ўзига яраша жазо ва насибасини олмоғи керак! Ортиқча эркалатиш – хатарлидир!
Учинчидан, қалб кечинмаларини ҳам эътиборга олинса, масала осонроқ ечим топади. Жаҳон чемпиони бўлаётган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам борлигини тан олган ҳолда, яна бир илова борки, баъзи бир ўта шаффоф қалбли, кўнгли ўксик, ҳамиша мўъжиза юз бериб, ота-онаси келиб қолишини кутишга қалби интиқ болалар кўнглига бошқа таълим-тарбиялар сиғмасмикин?.. Болалардек ўйин-кулги қилгиси келганда, ўз уйида ака-ука, опа-сингиллари билан мазза қилиб, яйраб қувлашмачоқ ўйнаб, чарчаб, ёнига келганида бағрига босиб, юз-кўзидан ўпиб, анвойи ширин сўзлар билан эркалаб-эркалаб, бошини силаб, қорнини тўқлаб, алла айтиб ухлатиб, уйғонганида боши узра соябон фариштадек, соғинганидан фарзанди уйғонишини интизор кутувчи гул юзли онасига айни муҳтож пайтида топа олмагани учун одамлардан ранжиб, мурғак қалбида уларга нафрат ҳисси уйғониб қолмаганмикин?! “Мени дадам ҳаммадан кучлилар”, демоқчи бўлиб ўйласа, отасининг суратини ҳаёлига ҳам келтира олмай, аламини йиғидан олган, болалар уйининг ҳеч кимга кўринмайдиган жойига беркиниб олиб, тўйиб-тўйиб йиғлаган пайтлари нима дейсиз, инсониятга меҳри ортганмикин? Ўртоғининг амаки ёки тоғаси келганида ўзининг яқинлари қаерда қолиб кетганини ўйлаб, жавоб топа олмаган саволининг жавоби эмасмикин, унинг бугунги бизга ёқмаётган ишлари?!
Шариатда етимнинг имомликка ўтиши макруҳ дейилгани ҳам, аксар ҳолларда ундай болалар илм олишга имконлари бўлмагани учун, қироат-намозга оид илми етарли бўлмай, қироатда хатоликка йўл қўйиб, намозни бузиб қўйиб, жамоатнинг ғазабига дучор бўлмасин, фитна чиқмасин, деган мулоҳаза ила айтилган.
Одатда етимларга нисбатан халқ пастроқ назарда қараб, унинг имом бўлишини хоҳламай, норозичиликларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар етим бола жамоатдаги одамлар орасида энг қироати яхши ва илмлиси бўлса, ҳеч гап сўзсиз у имом бўлиши мумкин. Ҳақли ҳам бўлади, керак бўлса. Болада ҳеч қандай айб йўқ. Етимлик айб эмас! Қолаверса, имомлик қилиши дуруст бўладиган ёшга етганида у ўзи етимлик ёшидан ўтган, балоғат ва вояга етган кишилар қаторида бўлади. Демак, бу ўринда ҳеч қандай бир-бирига қарама-қарши фикр йўқ, тўғри тушуниб олинса, бас!
Насл-насаби тоза етим болаларни олиб, ўз фарзандлари қаторига қўшган киши бир одамни сақлаб қолган бўлади. Бу эса бутун инсониятни сақлаб қолгандек, баҳоланиб, Ислом динининг беназир инсонпарвар кўрсатмалари бўйича қиёматда Аллоҳ таоло томонидан шунга яраша мукофотлар берилади.
Тавсия! Кузатишларга кўра, болалар уйи ҳисоб рақамига пул ўтказиб бериш, баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини олиб бориб, дарвоза хонаси ёнига ташлаб, савоб бўлар, деб қайтиш ҳам жуда яхши ва таҳсинга сазовор иш! Фидоий тарбиячилар орқали болаларнинг шахсий эҳтиёжларига нима етишмаётганини ўрганиб, ўзингиз олиб келиб, ҳар бир боланинг бошини силаб, қалбига сурур бағишлашингиз – ҳар томонлама энг мақсадга мувофиқ иш бўлади. Қалбингиз юмшаб, кўзингизга ёш қалқиб, бошқача бир енгилликни ҳис қиласиз! Хайр-эҳсонингиз ҳам ўз жойига етганига гувоҳ бўлиб, қалбингиз янада яйрайди, такрор-такрор у жойни йўқлаб турувчи, ўзингиз ҳам танимай қолган бир яхши инсонга айланасиз! Қиёматлик дўстлар орттирасиз! Улар бошқа яқин дўстларингиз ташлаб қочадиган кунда жонингизга оро кирувчи чин ДЎСТЛАР!..
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси
Қуръон ҳақиқати
“Қуръонни ўрганган сари унинг мукаммал ва улуғлигини тушуна борамиз. Жозибадор Қуръон тоборо инсонни ҳайратга сола бошлайди, ўзига мафтун этади. Кишини ўзини ҳурмат қилишга мажбурлайди ва шу таҳлит ҳаммага таъсир қилади”
Эдмунд, инглиз мутафаккири
* * *
“Қуръон инсонларга мукаммал тарбия дарси беришидан ташқари, уларга шахсий ҳаётларида ахлоқли, олижаноб, хайрпарвар, жасур ва ғайратли бўлишни, ҳамда бутун мусулмонларни севишни ўргатади”.
Арнольд Ховард
* * *
“Тарихда инсоният яратган ҳеч бир қонун бир лаҳза бўлса ҳам, ўзининг комил суратини кўрсата олмаган. Аммо Қуръони карим ҳукмрон бўлган даврида ўзининг ҳар томонлама комиллигини кўрсатиб, араблар ўртасида ақл бовар қилмайдиган ижтимоий ва маънавий ислоҳотлар ўтказган”.
О.Пьери, тарихчи олим
* * *
“Қуръонга ошно бўлган ҳар бир инсон ушбу илоҳий китобнинг бетакрорлигини эътироф этмасдан иложи йўқ. Унинг услубидаги ўзига хослик шунчалар макаммалки, бирор бир Европа тилига таржима қилинганда ундаги мазмунни тўла қамраб олиш мумкин эмас”.
Эдвар Монтенинг “Қуръоннинг француз тилига таржимаси” китобидан
* * *
“Биз нималарни кашф қилган бўлсак, бир неча юз йил аввал келган Қуръонда уларнинг барчаси мужассам. Демак у Аллоҳнинг сўзидир”.
Жоли Самсон, профессор-гинеколог
* * *
“Қуръон шубҳасиз илоҳий китобдир. Унинг энг улуғ ва мўъжизавий китоб эканини инкор этишга бўлган уриниш қачон ва ким томонидан, қандай кўламда бўлмасин, барчаси чиппакка чиқаверади”.
Вольфганг фон Гёте, немис адиби
* * *
“Қуръон Жаброил (а.с.) воситасида Муҳаммад (с.а.в.)га сўзма-сўз ўқиб берилган Аллоҳнинг каломидир. У Аллоҳ ва унинг элчиси Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳақлигини исботлайдиган мўъжизадир. У шунчалик улуғвор ва мукаммалки, бирорта инсон ёки жин унинг энг қисқа сурасининг ҳам ўҳшашини келтиролмайди. Бундан ташқари, ундаги келажак ҳақидаги маълумотлар, Муҳаммад (с.а.в.) асло ўзича айта олмайдиган, ақл бовар қилмас билимга асосланган”.
Херри Гайлорднинг “Исломни тушуниш сири” асаридан
* * *
“Мусулмонларнинг таҳсили ва тарбияси ошиб боргани сари, фикрлари ҳам шу нисбатда Қуръонга таянаверади”.
Доктор Моррис
* * *
“Қуръонда энг ақлли инсонлар энг буюк файласуфлар ва энг қобилиятли сиёсатчилар ҳам айта олмайдиган донишмандона ҳикматлар мажмуасини топиш мумкин. Аммо Қуръоннинг илоҳийлигига яна бошқа далил мавжуд. Бу ҳам бўлса, унинг ваҳий қилинган кундан буён асрлар давомида ҳеч бузилмасдан сақланганидир”
Лаура Вессианинг ““Ислом” номига бир шарҳ” номли китобидан
* * *
“Қуръони каримни ҳар гал ўқиганимда, мен унга янада яқинлашавераман. Гўё у худди шу бугун нозил бўлгандек ва тўғридан-тўғри менга мурожаат қилаётгандек”.
Рожа Горами, француз файласуфи
* * *
“Қуръоннинг нозил бўлганига XIV асрдан ўтиб бораётганига қарамасдан, худди кеча нозил бўлгандек, бугунги ҳаётнинг долзарб муаммоларини содда ва адолатли ҳал этиши унинг нақадар улуғ Китоб эканлигидан далолат беради”.
Либон, франциялик шарқшунос
* * *
Қуръоннинг хусусиятларидан бири шуки, бир мусулмон ёки ҳар қандай инсон Қуръонни қўлига олиб ҳар қайси саҳифасини очиб ўқимасин, жуда долзарб бўлган ҳаётий ғоялар кўради.
Жон Эспозито, машҳур теолог
* * *
“Қуръон инсониятга ўта мос ва одил қонунларни ўз ичига олган ўзгача Китобдир. Унинг оятларига ўҳшаш оятлар бошқа бирор дин манбааларида йўқ ва инсон унга ўҳшаш оятларни яратишга доимо ожиздир”.
Рональд Никольсон, шарқшунос олим
Адабий жиҳатдан қараганда Қуръон ярим шеърий ва ярим насрда ёзилган араб тилининг жозибасини намоён этувчи энг нодир намунадир.
Тилшуносларнинг кўп ҳолларда Қуръонда қўлланган маълум қолип ва ифодаларга тақлид қилганлари, Қуръонга тенг келадиган бирор асар ёзиш учун бир неча марта уринганлари, аммо ҳанузгача бу борада муваффақиятга эришолмаганлари маълумдир”.
Ф.Арбатнотнинг “Инжил ва Қуръоннинг тузилиши” асаридан
* * *
“Агар бирор киши мендан ҳаётдаги ажиб нарса нима, деб сўраса, мен Қуръонннинг асрлар давомида ўз мазмун ва моҳиятини йўқотмасдан келиши, деб жавоб берардим. Агар пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олиб келган Қуръон ҳаётга тадбиқ этилганида эди, бугунги кунда инсоният олдида кўндаланг турган ечилмас муаммолар бир лаҳзада ҳал бўлар эди”.
Жорж Бернард Шоу, инглиз адиби
* * *
“Қуръон, ақийдалар ва ахлоқнинг инсонларга ҳидоят ва ҳаётда муваффақият бахш этувчи мукаммал мажаладир”.
Доктор Стайнгис
* * *
“Қуръон уламоларга илмий симпозия каби бўлиб, луғатчиларга луғат қомуси, тил ўрганмоқчи бўлганларга нахв муаллими, шеърни яхши кўрадиганларга аруз китоби ҳамда ҳуқуқшуносларга қонун-қоидаларни мужассам қилган қомус энциклопедиясидир. Ундан олдин келган илоҳий китобларнинг бирортаси маъноларининг чиройлилиги ва лафзларининг латифлиги жиҳатидан Қуръон сураларига, ҳатто энг қисқа сурасига ҳам тенг келмайди. Шу сабабли биз ривожланаётган табақа кишилари мусулмон умматининг бу китобини маҳкам ушлаб, нутқларини Қуръон оятлари билан зийнатлаган ҳолда иқтибослар келтиришаётганини, фикрларини шу оятлар билан асослаётганини кўрамиз”
Доктор Мурис Франций, франциялик шарқшунос
* * *
“Қуръоннинг ахлоқий ва маданий сабоқлари Исломнинг муҳташам қасрларига бамисоли зарҳал дарвоза ишланган кабидир”.
Чэмберс Энциклопедияси (Англия)
* * *
“Қуръондаги инсон ривожланиши ҳақидаги ифодаларнинг шарҳланишига ёрдам қилиш менга катта завқ бағишлайди. Мен аниқ айта оламанки, бу ифодаларни ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ берган. Чунки бу билимларнинг кўпи юз йиллар давомида кашф қилинмади. Бу менга бир нарсани исботлайди: ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчисидир”
Профессор Кейт Мур, Торонто университети профессори
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Лайлатул қадр қайси кечада эканини биласизми?
Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?
Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:
Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.
Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.
Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.
Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:
تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ
«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар» (Муттафақун алайҳ). Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.
Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ.
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар (розияллоҳу анҳум)нинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.
Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي.
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти). Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.
Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.
Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ
«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.
Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир. Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.
Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».
Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Минг ойлик ибодатга тенг кеча
Рамазон ойида қалбларимизда ўзгача бир туйғу, ҳаракатларимизда ўзгача бир самимият, ҳаёлларимизда Аллоҳнинг чексиз раҳматидан умидворлик, ибодатларимизда ўзгача бир хушуъ бор.
Не не пайғамбарлар охири замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлиш орзусида ўтганлар. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳнинг чексиз марҳаматлари бисёр.
Аллоҳнинг ана шундай неъматлари ичида Рамазон ойи ва унда минг ойданда яхшироқ бўлган Қадр кечасининг фазли биз умматларга берилган бебаҳо бойлигидир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”.
(Имом Бухорий ривояти).
“Тўрт кечанинг кундузи ҳам кечаси каби фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо этган кишининг дуосини рад этмайди, уларни мағфират этади ва улар бу куни мўл эҳсонга эга бўладилар. Булар қадр кечаси, арафа кечаси, барот кечаси, жума кечаси кунларидир.” (Дайламий)
Бундай муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоатларни, ибодатларни ва ҳар турли хайрли ишларни кўпайтириш керак. Аллоҳ таоло ғанимат қилиб берган вақтнинг барокатини, ҳурматини ва шарафини ҳис этишимиз даркор.
Ривоят қилинишича, бир куни Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, - деди. Мусо алайҳиссалом яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, - деди. Мусо алайҳиссалом: “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, - деди. Мусо алайҳиссалом нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, - деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, - деди Аллоҳ. Мусо алайҳиссалом: “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, - деди. Мусо алайҳиссалом яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, - деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).
Қадр кечасида илм ўрганиш, Қуръони каримни тиловат қилиш, қазо намозларини ўқиш, тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, садақа бериш, атрофдагиларга чиройли муомалада бўлиш бошқа вақтда қилинган ибодатларга нисбатан ажри савоби улуғдир.
Ўзимиз, оила аъзоларимиз, фарзандларимиз ва яқинларимизни минг ойнинг савоби ёғилиб турадиган ушбу кечада яхшиликларга чорлаб, эзгу амаллар қилишга ундашимиз даркор. Беморларни бориб кўриш, ночорларга ёрдам бериш, қалбни хурсанд қиладиган сўзлар айтиб, атрофдагилар кўнглини кўтариш ҳам савоб амаллардандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мунира АБУБАКИРОВА
Мушкулот ва дарднинг давоси борми?
Муборак Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлиги – дўзахдан озод бўлиш даҳаси ҳам бир зумда ўртасига яқинлашиб қўйди. Энди ибодатларимизни, зикруллоҳларимизни янада кўпайтирамиз, уйқумизни эса янада камайтирамиз. Барибир, Рамазонга тўймай қолаверамиз. “Бу ойдан фойдаланиб қолинг, биродарлар, хатмга соме бўлинг. Рамазон ўтгандан сўнг бундай жамоани бу соатларда топа олмайсиз, қориларга ялинсангиз ҳам хатм қилиб бермайди сизга!” дейди Бектемир туманидаги “Алибек” жоме масжиди имом-хатиби Искандар домла.
Ҳа, Рамазондаги фазилатни бошқа ойларда топиш қийин. Чунки бу ойда ҳамма фойдали ишлар бизнинг манфаатимиз учун бир неча баробар орттирилган. Умра ҳажга тенг, нафл ибодат фарзга тенг, фарз ибодатнинг савоби етмиш баробар орттирилган ва бошқа яна биз билмаганлари қанча... Аллоҳ таолонинг меҳрибончилигини қарангки, бу ойда қилинган зикрларга ҳам одатдаги ойлардагидан ортиқ савоблар ёзиб, ўша зикрлар шарофати ила дуоларимизни мустажоб қилар экан. Биргина истиғфорнинг ўзи жамики мушкулларимизни осон қилиб, дардларимизга даво бўлар экан. Айтганларимиз тасдиғи учун динимизнинг икки буюк сиймоси ҳаётидан иккита лавҳани сизга илинишга журъат қилдик.
Ривоят қилишларича, Шайх Шиблий ҳазратлари баланд бўйли, алп қоматли, ниҳоятда ҳайбатли одам бўлган экан. Сафарга чиққанида кеч тушиб қолганда бир шаҳарга кириб борибди. Масжидга кириб хуфтон намозини ўқибди. Кейин масжидда қолмоқчи бўлган экан. Масжид қоровули: “Бу ерда қолиш мумкин эмас”, дебди. “Ундай бўлса, масжид ҳовлисида ётиб қолай, мусофир кишиман”, дебди Шайх. Қоровул: “Бу ерда қолиш ҳам мумкин эмас”, деб уни орқасидан итаргандек бўлиб кўчага олиб чиқибди. Ўша вақтда кўчадан бир одам ўтаётган экан. Уларнинг ғавғосини эшитиб: “Эй шаҳримизга меҳмон келибди-ку, юринг, бизнинг меҳмонимиз бўлинг”, деб уни уйига олиб кетибди.
У новвой экан. Чой дамлаб келса ҳам, нонни ушатса ҳам, хамир қорса ҳам, тандирнинг тагини ёқса ҳам, хуллас, нима иш қилса, ”астағфируллоҳ” дер эмиш. Уни кузатиб турган Шиблий ҳазратлари: “Шу калимани неча йилдан бери айтасан?” деб сўрабди. “Эсимни таниганимдан бери”, дея жавоб берибди мезбон. “Дуо қилсанг қабул бўляптими?” деб сўрабди Шайх. “Фақат биргина дуойим қабул бўлгани йўқ – Шайх Шиблийни зиёрат қилишни истаб ҳар доим дуо қиламан”, дебди новвой. Бу гапни эшитган Шайх: “Масжиддан бизни сенинг дуонг ҳайдаб чиққан экан-да”, дебди.
Буюк тобеин Ҳасан Басрий ҳазратлари дўстларидан бири билан бирга ўтирган эди. Бир киши келиб унга: “Бизнинг диёрда ёмғир ёғмаяпти, қурғоқчилик бошланди, ҳолимиз танг бўлди, нима қилсак бундан қутуламиз, эй имом?” деди.
Ҳасан Басрий унга жавобан: “Бориб “астағфируллоҳ” дея истиғфор айтинг, Аллоҳ сизга ёмғир беради, иншааллоҳ”, деди.
У кетгандан сўнг бошқаси келди ва: “Ё имом! Мен моддий жиҳатдан жуда қийналиб қолдим. Қарзларим кўпайиб кетди, улардан қутула олмаяпман маслаҳат беринг”, деди.
Ҳасан Басрий унга: “Бориб тавба қил, Аллоҳ қарзларингдан қутулишингга ёрдам беради”, деди.
У кетди. Учинчи одам келди-да: “Ё имом, Аллоҳдан солиҳ фарзанд талабидаман”, деди.
Ҳасан Басирий унга: “Бориб тавба қил ва истиғфор айт”, деди.
Дардман, сиқилган... ким келса, уларга шу гапни айтаверди. Ҳамма кетганидан сўнг дўсти ундан:
“Ё имом, келганларнинг ҳаммасининг дарди бошқа-бошқа эди. Аммо сиз ҳаммасига бир дорини беравердингиз, бир нарсани тавсия этавердингиз. Нима уларнинг ҳаммасининг давоси тавба эдими?” деб сўради.
Имом Басрий раҳматуллоҳу алайҳ унга: “Ҳа, ҳаммасининг давоси тавбадир, чунки Аллоҳ таоло: “Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ сурасининг 10,11,12-оятлари), деб марҳамат қилган.
Тавбанинг фазилати шундай улуғ. Шунинг учун унинг қийматини билмоғимиз керак. Ҳамма фойда унда бор. Нима истасангиз: мол-мулк, фарзанд, охират, дунё, барчаси мужассам. Фақат биз уни маҳкам ушламоғимиз, дўстларимизга ҳам буни ўргатмоғимиз зарур. Боринг: қўшнингизга айтинг, қариндошларингизга айтинг, ҳар бир кишига тушунтиринг, уларни жаҳаннамдан қутқаринг, жаннатга даъват этинг”, деди.
Дамин ЖУМАҚУЛ