Рамазон

ОЙ кўринса ҳам ҳисоб, тўлса ҳам ҳисоб

Бугун муборак жума - ҳажжул масокин. Ана шундай фазилатли куннинг оқшомида таровеҳ намозини ўқиб бошлаймиз, иншоаллоҳ.

Юртимизда турли фирқалар, диний оқимлар илдиз отиб кетишига йўл қўйилмасдан уларнинг фаолиятига вақтида чек қўйилгани туфайли диний масалаларда ихтилофлар йўқ - Аллоҳга шукр. Аммо шу, ҳар йили Рамазон кирган ва чиққан вақтда айрим кишилар иккилангандек бўлиб қолади: "фалон давлатда рўза бошланибди, писмадон жойда ҳайит байрами бўлибди..." Бу масалада ҳам юртдошларимиз анча тушунчага эга бўлиб, олдинга шубҳа-гумонлар иккиланишларга жой бўшатди, иккиланишлар ҳам деярли барҳам топиб қолди. Шундай бўлса-да, иймонлашишни ният қилиб рўзанинг кунини аниқлаш борасида севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар ва улуғларимиз қандай йўл тутгани ҳақида сўз юритишни ният қилдик.

Оиша онамиз айтадиларки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг кунларини ҳисоблагани қадар бошқа бирорта ойнинг кунларини ҳисобламас эдилар. Рамазон ҳилоли кўринганидан бошлаб рўза тутардилар. Агар булут чиқиб ойнинг юзини тўсиб қолса, Шаъбоннинг кунларини ўттизга етказардилар ва рўзани бошлардилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифдан Рамазоннинг бошланишига ва охирига етишига ишорат қилувчи асосий ҳолат ҳилолнинг кўриниши эмас, ойнинг кун ҳисобига  тўлиши экани аён бўлмоқда. Демак, Пайғамбар алайҳиссалом ҳилолни кўрмасалар ҳам вақт киргани учун рўзани бошлаган эканлар.

Бугунги кунда ҳилолнинг қайси вақтда тўлиши астрономик кузатувлар  туфайли олдиндан билинмоқда. Кўз билан кўрмоқ эса ҳилол тўлганидан 8-10 соат сўнгра юз бериши ҳам мумкин бўлади.

Ҳозирги вақтда баъзи ислом ўлкаларида рўзани бошлаш учун астрономик кузатувлар, баъзиларида эса  эса кўз билан кўрмоқ асос қилиб олинмоқда. 

Астрономик жиҳатдан ҳилолга етишмоқ даврининг ҳисобланиши аниқ ҳисобда қатъий бир вақтни ифода этади. Фиқҳ олимлари иккаласининг ҳам жоизлигини, кишининг ўзи турган жойга кўра ҳаракат этиши кераклигини айтганлар. Саодат асрида юз берган ҳодиса бу фикрни тасдиқлайди.

Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят: 

"Умму Фазл бинти ал-Ҳорис уни Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. У айтадики: 

"Бас, Шомга келиб у (Умму Фазл)нинг ҳожатини бажардим. Мен Шомдалигимда Рамазон кириб қолди, ҳилолни жума кечаси кўрдим. Сўнгра ойнинг охирида Мадинага келдим. Ибн Аббос мендан:     "Ҳилолни қачон кўрдингиз?" деб сўради.

"Уни жума кечаси кўрдик", дедим.

"Сен ўзинг кўрдингми?" деди.

"Ҳа, одамлар ҳам кўрдилар. Рўза тутдилар. Муовия ҳам рўза тутди", дедим.

"Лекин биз шанба кечаси кўрдик. То ўттиз кунни мукаммал қилгунимизча ёки уни кўргунимизча тутаверамиз", деди.

"Муовиянинг кўргани ва рўза тутгани билан кифояланмайсанми?" дедим.

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундоқ амр қилганлар", деди" (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Шарҳ:
Бир иш билан Шомга борган Қурайб розияллоҳу анҳу у ерда жума куни ҳилолни кўрган ва шомликлар билан бирга рўзани тутишни бошлаган. Мадинага келганида ҳам Рамазон давом этаётган эди ва бу ердагилар рўзани бир кун сўнг бошлаганлар.

Шомда бир кун олдин бошланган рўза масаласини Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Шомга эргашишни маъқул топмай, “ҳилолни кўришга қадар”, ҳилол кўрилмаган тақдирда “кун ҳисобида ўттиз кун тўлишига қадар” рўзада давом этмоққа қарор қилмоқда. “Нега Шомга эргашмайсиз?” деган саволга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бундай  ҳолатларда) турган маконимиздаги вақтга риоя этмоғимизни амр этдилар”, дедилар. 

Қуръони Каримда:

 "Қуёш ҳам, Ой ҳам (аниқ) ҳисоб билан (сайр қилур)" (Ар-Раҳмон сурасининг 5-ояти);

"(У) тонг оттирувчидир. Тунни оромгоҳ, Қуёш ва Ойни эса ҳисоб белгилари қилиб қўйди. Бу қудратли ва Доно зотнинг ўлчовидир" (Анъом сурасининг 96-ояти);

"У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобини билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир..." (Юнус сурасининг 5-ояти);

"Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ - ўн икки ойдир..." (Тавба сурасининг 36-ояти);

"Сиздан (Эй Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. "Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир", - деб айтинг" (Ар-Раҳмон сурасининг 189-ояти), деб ой ва йиллар алмашишининг аниқ вақт бўйича ҳарактланиши баён қилинган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу ояти карималарга суянган ҳолда Рамазон бошланиши ва ниҳоясини аниқлашни буюрганлар.  “Ҳилолни кўргандан сўнг рўзани бошланг, уни такрор кўрганда байрам қилинг. Ҳаво булутли бўлиб ҳилол кўринмай қолса, ичида бўлганингиз ойни ўттизга етказинг” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти), маъносидаги ҳадислардан исломда ибодат ҳаётига ва бошқа бир қатор ҳукмларга алоқадор вақтларнинг аниқланиши ҳар бир кишининг  қулайлик билан англаб амалга жорий эта оладиган даражада содда кўринишдадир.

Ер шарининг  тухумсимон ёки юмалоқ шаклда экани боис ҳилол ҳар юртда ҳар хил вақтда кўриниши мумкин. Бунга ой туғадиган ернинг фарқлилиги дейилади. Рўзани бошларкан ойнинг қачон кўриниши ёки кўринмаслигига эътибор берилиши ёки берилмаслиги ҳақида олимлар турли фикрларни илгари сурганлар. Ҳанафий мазҳабига кўра, дунёнинг бир жойида кўринган ҳилол бошқа ерга узоқ бўлса, улар ойнинг кўрилишини кутиши кераклиги айтилади.

Илмимиз бойишига ҳисса бўлсин деган ниятда муҳтарам шайхимиз Абдулазиз Мансур ҳазратларининг фатволари ва ҳурматли Муҳаммад Шариф Жуман домла тайёрлаган материални ҳам муштарийларимизга илиндик. 

Ибодат масаласида эҳтиёт бўлайлик

Динимиз бизларга буюрган ибодатларнинг ҳаммаси муайян вақтларда адо этилади. Беш маҳал намознинг вақтларини ҳамма яхши билади. Ҳожатидан ортиқ моли (пули, қўй-эчкиси, қорамоли ва тижорат моллари) нисобга етган кундан бир қамарий йил тўлиши билан кишига закот фарз бўлади. Шунинг учун, ҳар бир киши молининг закотини адо этиш вақтини ўзи учун белгилаб олади.

Аммо қачон рамазон рўзасининг бошланиши ва тугашининг, ҳаж тайин этилишининг шартлари бор. Рамазон рўзасининг бошланишини аниқлаш рамазондан бир ой олдин бошланади. Чунки олдин шаъбон ойининг биринчи куни аниқланиши лозим. Шаъбоннинг йигирма тўққизинчи куни шомдан олдин рамазон ҳилолини кўришга чиқиш вожиб бўлади. Агар шу куни ҳамма ҳилолни кўрса, эртаси куни рамазон рўзаси тутилади.

Рамазон ҳилолини ҳамма кўриши жуда кам бўладиган ҳолат. Ҳаво булутли ё чанг бўлганидан ҳеч ким рамазон ҳилолини кўрмаса, муфтий шаъбонни ўттиз кунга тўлдирилишини ва ке­йинги кун рамазон рўзаси бошланишини эълон қилади. Яъни, бу ҳолда рамазон рўзаси бошланишини фақат муфтий эълон қилади.

Ҳаво булутли ё чанг бўлганида бир киши, шаввол ҳилолини кўрдим деб, эртанги куни оғзини очмаслиги лозим. Агар оғзини очса, бир кун қазо тутиб бериши вожиб бўлади. Агар бир қанча кишилар фалон юртда бугун рўзанинг ўттизинчи куни, эртага ҳайит, улар биздан бир кун олдин ойни кўриб, рўза тутишган экан, десалар, эртанги куни оғиз очилмайди, таровеҳ намози ҳам қолдирилмайди. Чунки улар, ўзлари ё бошқаларнинг шаввол ойи ҳилолини кўришгани ҳақида гувоҳлик беришмаган.

Ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади.

 

“Ҳидоя”, “Оламгирия”

китоблари асосида

Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади

Бизнинг асримизда ҳилолни кўриб, рўза тутиш ва ҳилолни кўриб, ҳайитни белгилаш масаласида бутун ислом оламининг уламолари иттифоқда эмаслар. Зеро, кейинги вақтларда пайдо бўлган замонавий астрономик жиҳозлар, қуёш, ой ҳисобларини тақвимлар билан юритишнинг кенг жорий бўлгани кўпчилик уламоларда замонавий тақвимларга мойиллик пайдо қилган. Масалан, Саудия мамлакатида «руъяти ҳилол»га оид ҳадиси шарифга қаттиқ амал қилиниши натижасида ҳар йили Рамазон ойининг биринчи куни, тақвимда қандай ёзилганидан қатъи назар, янги ой ҳилолини кўрган гувоҳлар сўзига биноан эълон қилинади. Натижада бизнинг минтақамизга ўхшаган кўплаб тақвимга биноан ойни белгиловчи мусулмонлар диёрларида баъзан Саудия билан бир хил эмас, балки бошқа-бошқа кунларда рўзани бошлаш ёки ҳайитни эълон қилиш ҳоллари давом этмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир мамлакат ўзининг иқлимига қараб ҳилол кўринишини белгилаб, ўзининг ҳисоб-китоби бўйича рўза ва ҳайит кунларини белгилаши жоиз экани «Бадое ас-саное» китобида келтирилган.

Шайх Абдулазиз Мансур,

«Минг бир фатво», 2-китоб, 37-бет.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

Read 77576 times
Tagged under
Top