www.muslimuz

www.muslimuz

2020 йил 23 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хавфсизлик ва инсон соғлиғини сақлаш учун бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Пандемия натижасида эълон қилинган Карантин жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам карантин эълон қилади, иш тартиби онлайн режимга ўтади ва аҳолининг мурожаатларини онлайн шаклда қабул қилади ва белгиланган тартибда жавоб қайтаради.

Карантин вақтида асосий ишга таъсир этмаган ҳолда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилади, айримлари масофадан туриб ишлаш тартибига ўтади. Қабулхона, бўлимлар ва хоналарда дезинфекция ишлари амалга оширилади. Карантин жараёнида Диний идора ишчи ҳолатида ўз иш фаолиятини олиб боради. Таъкидланганидек, сўровлар электрон ва телефон орқали қабул қилинади.

Фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг عنوان البريد الإلكتروني هذا محمي من روبوتات السبام. يجب عليك تفعيل الجافاسكربت لرؤيته. электрон манзилига мурожаатларини йўллашлари мумкин. Шунингдек, сўровлар қуйидаги 78-150-64-40 телефон рақами орқали ҳам қабул қилинади.
Шунингдек, мўмин-мусулмонлар диний саволларига жавобларни fatvo.uz сайти, @SavollarMuslimUzBot телеграм боти ва 78-150-33-44 call-марказ орқали ҳам олишлари мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal

«Тараққиёт стратегияси» маркази коронавирусга чалинган бир шахснинг бир ой ичида қанча шахсни зарарлаши мумкинлиги ҳақида инфографика тайёрлади.

Унга кўра, вирус юқтирган киши фаол турмуш тарзини сақлаб қолса у орқали бир ойда 406 шахс касалликка йўлиқиши мумкин, бемор фаолликни қанчалик чекласа, хавф шунча камаяди.

Манба: xabar.uz

 

ФИЛ ЙИЛИ. КАЪБАНИ БУЗИШГА УРИНИШ

Ҳабашистон Яманни босиб олгач, Ҳабашистон подшоҳи Яманга Абраҳани ҳоким этиб тайинлади. Абраҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қуллайс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб, черковида ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққанидан сўнг, куч ишлатиш йўли би­лан ниятига эришмоқчи бўлди.

Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани ўз черковига буришни мақсад қилди. Шу мақсадда катта лашкар тўплади. Урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди. Арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун филларни ҳам олиб, Маккага қараб юриш қилди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Тоиф шаҳри тарафдан Маккага яқинлашиб, аскарлари билан Маккадан 4-5 км узоқликдаги Муғаммас деган жойга келиб тушди.

Сўнг Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб, Бану Ҳошим уруғи раҳбари Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат ва виқорли одам эди.

Абраҳа уни кўрганда қойил қолди, тахтидан тушиб, пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга: «Ундан сўра, менда нима ҳожати бор экан?» деди.

«Аскарларинг менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг», деди Абдулмутталиб.

Абраҳа таржимонга: «Унга айт! Келганингда сени кўриб, қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, туяларингни сўраяпсан», деди.

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, уни ҳимоя қилиб олади», деди Абдулмутталиб.

«Мендан ҳимоя қилолмайди», деди Абраҳа.

Бунга жавобан «Билганингни қилавер», деди Абдулмут­талиб.

Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб, одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, ёлвориб дуо қилди. Сўнг улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абраҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин Мино билан Муздалифа ўртасидаги Муҳассир[1] водийсида катта фил ётиб олиб, ҳеч ўрнидан турмади. Бошқа тарафга буришса, тезлаб юрар, лекин Макка тарафга буришса, яна ётиб оларди.

Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан Қизил денгиз тарафидан тўп-тўп, қалдирғочсимон ва чуғурчуқсимон қушлар учиб келиб, душманлар устига нўхатдай, мошдай, ясмиқдай сопол тошчаларни ёғдира бошлади. Қўшиндагилар бир-бирини босиб-янчиб қоча бошлашди. Тошлар кимга тегса, жойида ўлаверди. Лашкарнинг асосий қисми қирилиб кетди. Тошчалар уларни худди қурт-қумурсқалар чайнаб ташлаган сомон каби илма-тешик қилиб юборди. Абраҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб, Санъогача олиб боришди ва ўша ерда унинг ҳам жони узилди. Таъкидлаш лозимки, тошлар уларнинг ҳаммасига ҳам тегмаган. Саломат қолганлари юртларига қайтиб кетишган. Баъзиларининг кўзлари кўр бўлиб, Маккада тиланчилик қилиб юришгани ривоят қилинади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳоникида ушбу тошчаларнинг бир қафиз (33 литр) сиғимли идишга солиб қўйилганини кўрганлари ривоят қилинган. Тошчалар ақиқнинг йўл-йўл, тарам-тарам бир тури каби қизғиш бўлгани айтилади.

Ушбу оламшумул воқеа милодий 571 йилнинг февраль ойи охири – март ойи бошларида, яъни қиш фасли тутаб, баҳорнинг бошланишида бўлиб ўтган.

Бу вақтда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали туғилмаган, оналари у зотга ҳомиладор эдилар.

Ушбу Фил ҳодисаси араблар наздида жуда катта аҳамиятга молик бўлди. Улар тарихни ана шу йилдан бошлаб белгилай бошлашди. Мана шу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар.

Шу ўринда эслаб ўтиш лозимки, Байтул мақдис тарихида ҳам икки марта босқинчилик юз берган. Бану Исроилнинг қибласи бўлган бу муқаддас уйга бутпараст мушриклар икки марта (мил. авв. 587 йил золим подшоҳ Бухтанассор II қўшини ва милодий 70 йили эса румликлар) босқин уюштириб, иккисида ҳам Байтул мақдисни ишғол қилишган. Ҳолбуки, бу Байт аҳолиси ўша пайтда аҳли китоб эдилар.

Ҳабаш насронийлари Каъбани истило қила олишмади. Ҳолбуки, улар аҳли китоб, Каъбанинг аҳолиси эса мушрик эди. Кейинчалик Макка аҳлидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганида бу ишнинг сири очилди!

Арабларнинг иқтисодлари

Арабларга кўра, энг катта бойлик манбаларидан бири тижорат эди. Жохилият даврида араблар тижорат борасида жуда катта шуҳрат қозонишган эди. Қурайш қабиласига кўра, тижорат ҳаётнинг қон томири ҳисобланарди. Қуръони Каримнинг Қурайш сурасида ҳам бу нарса айтиб ўтилган. Улар қишда Яманга, ёзда эса Шом ўлкасига сафар қилишар эди.

 

ФАТРАТ ЗАМОНИ – ИККИ ПАЙҒАМБАР ОРАЛИҒИДАГИ ДАВР

Арабистон яримороли Исмоил алайҳиссаломдан кейии узоқ муддат илоҳий таълимотлардан кесилиб қолган эди, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом пайғамбар қилиб юборилгунларича илоҳий таълимотлар бўлмаган. Бу пайтга келиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илоҳий таълимотларни нафақат Арабистон яриморолидан, балки бутун дунёдан кесиб қўйган эди. У Зот Ийсо алайҳиссаломни осмонга кўтариб олганидан сўнг милодий 610 йилгача, ҳижратдан аввалги 13 йилгача бўлган муддат «фатрат замони» дейилади. Бу «пайгамбарлик кесилган муддат» деганидир.

Бу орада кишилик жамияти ниҳоятда пала-партиш ҳолатга келди. Кишиларда пайғамбарларга бўлган эҳтиёж кучайди. Инсониятни хатолардан қайтариш ва тўғри йўлга бошлаш зарур эди. Хусусан, самовий динлар бузиб юборилгандан кейин бунинг аҳамияти яна ҳам ошиб кетди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам бутун инсониятга ҳидоятчи расул қилиб юборилдилар.

Исломдан олдинги қадимги тарихни қисқача ифодалайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло башариятни яратди. Уларга пайғамбарлар юбориб, Ўзининг ибодатига чақирди, ер юзида шариатининг қоим бўлишини ирода қилди. Одам алайҳиссалом биринчи башар бўлишлари билан бирга, биринчи набий ҳам эдилар. Кетма-кет бир қанча тамаддунлар, бирин-кетин набийлар ва расуллар келди. Энг қадимги тамаддун Ироқда, Мисрда, Шомда, Арабистон яриморолида юзага келди.

Сумарийлар, аккодийлар, ийломийлар, бобилийлар, ошурийлар ва калдонийлар тамаддунлари Ироқнинг энг муҳим тамаддунларидан саналади.

Ушбу юртларнинг набийлари эса Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом ва Юнус алайҳиссаломлардир.

Аммурийлар, финикийлар, канъонийлар, оромийлар, сўнг анботлар ва тадмурийлар, улардан кейин ғассонийлар ва мунзирийлар тамаддунлари Шом ўлкасининг энг аҳамиятли тамаддунлари ҳисобланади.

Шом юртларида яшаб ўтган расул ва набийларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз: Лут, Исҳоқ, Яъқуб, Айюб, Ал-Ясаъ, Илёс, Довуд, Сулаймон, Закариё, Яҳё ва Ийсо алайҳимуссалом. Улар Бану Исроил қабиласидан бўлиб, ҳаммалари ўшa Бану Исроилга ва бошқаларга ҳам пайғамбар қилиб юборилганлар.

Мисрда эса фиръавнлар тамаддуни, шунингдек, Ҳиксус (Гиксос) тамаддуни ҳам вужудга келди.

Юсуф ва Мусо алайҳимассалом Миср набийларидандир.

Арабистон яриморолида Од, Самуд, Мадян аҳли каби қавмлар яшаб ўтишди. Яман тамаддунида Маъин, Сабаъ, Қимяр ва Қитбон каби қабилалар, Маъриб тўғони барбод бўлганидан кейин эса ҳижрат қилган қабилалар машҳур бўлишди. Сўнг у ерда ҳабашлар ва Исмоил алайҳиссаломнинг зурриётлари ҳукмронлик қилишди.

Арабистон яриморолининг набийлари Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва Исмоил алайҳимуссаломдир.

Шунингдек, ер юзида бошқа тамаддунлар ҳам пайдо бўлиб, ўз ҳукмини ўрнатган. Форслар, қадимги юнонлар ва румликлар шулар жумласидандир.

 

ХУЛОСА

Юқоридаги сатрларда инсоният яратилганидан буён босиб ўтилган тарихий йўлни қисқача ўрганиб чиққан бўлдик. Ўрганганда ҳам, тахмин ва фаразлар асосида эмас, дунёни яратган Зот – Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим асосида, У Зотнинг энг маҳбуб ва афзал бандаси – пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳадислари, иймон-эътиқод асосида, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмаган мўмин бандаларнинг кўзи билан кўриб, қулоғи билан эшитганлари ва ўтган умматларнинг вакиллари келтирган хабарлар асосида билиб олдик.

Хулоса қиладиган бўлсак, қадимги тарих инсониятни гултожи бўлмиш пайғамбарларнинг ва уларнинг умматлари ҳаётлари билан обод бўлган. Шунинг учун ҳам пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақидаги ҳақиқатни билиб қўйишимиз лозим бўлади.

 

НУБУВВАТ ВА РИСОЛАТНИНГ МАЪНОСИ

Ҳозирда араб тилидан бошқа тилларда арабий «нубувват» ва «рисолат» сўзлари ўрнига бир сўз, яъни «пайғамбарлик» деган сўз ишлатиладиган бўлиб қолган. «Набий» ҳам «пайғамбар» дейилаверади, «расул» ҳам «пайғамбар» дейилаверади. Эҳтимол, бу икки маъно бир-бирига жуда ҳам яқинлиги учун шундай бўлгандир. Аслида Аллоҳ таоло Қуръони Карим учун ихтиёр килган араб тилидаги бу икки сўзнинг ўзига хос дақиқ маънолари бор.

«Нубувват» луғатда «набаъ» – «муҳим хабар бериш» ва «нубуъ» – «юқорилаш» деган маъноларни билдиради.

Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг У Зот бандалари ичидан танлаб олган шахсга ваҳий йўли ила етишидир. Бинобарин, набий Аллоҳдан муҳим хабар олган, мартабаси юқори шахс бўлади.

«Рисолат» эса луғатда бир нарсани лутф ила юборишга нисбатан ишлатилади. Арабларда бировга юборилган мактуб «рисола», биров томонидан юборилган элчи «расул» дейилади. Шундан келиб чиқиб Аллоҳ таоло юборган муайян диний таълимотлар тўплами «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатишга амр қилинган элчи «расул» дейилади.

Юқорида зикр этилган маънолардан «набий» ва «расул» орасида фарқ борлиги келиб чиқади. Бу фарқни уламоларимиз ўта дақиқ жойларигача ажратиб берганлар. Жумладан, «Талхийсу шарҳил ақийдатит-Таҳовия» номли китобда қуйидагиларни ўқиймиз:

«Набий ва расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:

  1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, мазкур хабарни (бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва айни пайтда расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, набий бўлади, расул эмас. Бу (айтилган фарқларнинг) энг яхшиси.

Хулоса шуки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилинган, набий эса бунга амр қилинмаган. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими – барибир.

  1. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, инсонлардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таолонинг

«У (Қуръон) ҳурматли элчининг сўзидир» (Таквир сураси, 19-оят) деган сўзида Жаброил алайҳиссалом кўзда тутилган.

Яна У Зотнинг

«Ниҳоят бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттиради» (Анъом сураси, 61-оят) деган сўзида ҳам фаришталар ирода қилинган.

  1. Расул янги шариат билан келади. Набий эса янги шариат билан келмай, олдинги шариатга кўра амал қилади ва уни ўзгаларга ҳам етказади. Бу машҳур фарқдир» (иқтибос тугади).

Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга ижозат бергайсизлар. Қуръони Каримда “расул” ва “набий” сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллалллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик фарқлар борлигини кўриш мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан “набий” сўзи ўттиз мартача ишлатилган бўлса, асосан ўзаро инсониц алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа тақсимлаш каби масалаларда қўлланган.

Бинобарин, бу икки сўзни таржима қвилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса, “расул”ни “пайғамбар”[2] деб таржима қилсак ҳам, “набий”ни таржима қилмай, ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади. Аммо икки маънони қўшиб баён қилишда “пайғамбар” лафзи ишлатилса бўлаверади.

 

ПАЙҒАМБАРЛИКНИ АЛЛОҲ БЕРАДИ

Пайғамбарлик ўқиб-ўрганиб ёки касб қилиб эришиладиган мақом эмас. У Аллоҳ таоло томонидан бериладиган илоҳий неъматдир. Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида айтади:

“Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан расуллар танлаб олур. Албатта, Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир” (75-оят)

Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориш билан бирга, бандаларни ўша зотларга иймон келтириш ва уларга эргашишга амр қилган.

 

НАБИЙ ВА РАСУЛЛАРГА ИЙМОН

Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга хоссатан иймон келтириш бизларга вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини биз билмайдиган, фақат Ўзига маълум набий ва расулларни юборганига омматан иймон келтирмоғимиз ҳам вожибдир.

Аллоҳ таоло айтади:

“...ва Биз сенга илгари қиссаларини айтиб берган расулларни ва Биз қиссаларини айтиб бермаган расулларни (юбордик) (Нисо сураси, 164-оят)

“Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар юборганмиз. Улардан кимнингдир қиссасисин сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик” (Ғофир сураси, 78-оят).

Шунингдек, пайғамбарларнинг барчаси Аллоҳнинг пайғамбари эканларига, халойиққа Аллоҳнинг амрини етказишгани ва бу ишда камчиликка йўл қўйишмаганига иймон келтиришимиз вожибдир.

Аллоҳнинг пайғамбарларига бўлган ишонч ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан келиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг пайғамбарларига ҳам ишониши лозим.

 

ПАЙҒАМБАРЛАР БАШАРДИР

Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг танланган, сара элчилари бўлиш билан бирга, оддий башар фарзанди ҳамдирлар. Бу ҳақиқат, гарчи баъзи бир нобакорларда турли фикрлар туғдирган бўлса ҳам, улкан илоҳий ҳикматга молик нарсадир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида бу масалани қуйидагича муолажа қилади:

«Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан ман қилган нарса фақат «Аллоҳ башардан расул юборадими?» дейишлари бўлди» (94-оят).

Одамлардаги бу нотўғри тасаввур «Одам боласи» Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар олий мартабага эга эканини тушуниб етмасликларидан келиб чиққан.

Улар Аллоҳ таоло фаришта ва бошқа махлуқотлардан кўра одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадаи афзал бўлишини идрок этишмасди.

Улар одам боласи ичидан энг пок ва содикдари танлаб олиниб, пайғамбар қилиниши барча инсоният учун шон-шараф эканини тушунишмасди.

Улар одам боласи билан фаришталарнинг хусусиятларини фарқлай олмасдан: «Аллоҳ башардан пайгамбар юбора­дими?» деб ажабланишарди. Шунинг учун ўзларига ўхшаган башарга эргашишдан бош тортиб, иймондан юз ўгирдилар,

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уларнинг бу гапларига жавоб беришни ўргатиб, бундай дейди:

«Айт: «Агар ер юзида хотиржам юрган фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта расул туширган бўлар эдик» (95-оят).

Аллоҳ барча махлуқотларни яратган Зот сифатида уларга қандай нарса мос келишини Ўзи яхши билади. Аллоҳ одамларни яратган Зот сифатида уларга кимни пайғамбар қилиб юборишни ҳам яхши билади. Ер юзида хотиржам ишаб юрганлар одамлар бўлгани учун уларга одамларни пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта пайғгамбар туширган бўларди.

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, Унинг амр ва наҳийларини ўзида намоён этиб, шариат ҳукмларига амал қилишда ўрнак бўладиган пешво киши ҳамдир. Агар одамларга фаришта пайғамбар қилиб юборилса ва у шариат ҳукмларига амал қилиб кўрсатса, «Пайғамбар оддий одамдан бўлмаслиги керак-да», деган нобакорлар биринчи бўлиб: «Бу пайғамбар фаришта, шунинг учун шариат ҳукмларига осон амал қилади. Биз эса оддий инсонмиз, унинг қилганини қила олмаймиз», деган бўлишарди. Пайғамбар оддий башар­дан чиқарилса, улар бундай даъвони сира қила олишмайди.

 

ПАЙҒАМБАР – ОДДИЙ ИНСОН

Пайғамбар башардан бўлиши таъкидланди. Энди пай­ғамбар башар бўлганда ҳам, оддий башар эканини таъкидлаш лозим бўлади, чунки баъзи тушунмаганлар «Пайғамбар башap бўлса ҳам, ғайриоддий башар бўлиши лозим» деган фикрга бориши мумкин. Зотан, авваллари шундай бўлган хам. Аллоҳ таоло бу масалани Фурқон сурасида қуйидагича муолажа қилади:

«Улар дедилар: «Бу не расулки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди. Ёки унга хазина ташланса, ёхуд унинг боғи бўлса-ю, ундан еса». Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар, холос», дедилар» (7-8-оятлар).

Қадимдан одамларга ўзларига ўхшаган оддий инсоннинг пайғамбар бўлиши ғалати туюлиб келган. Уларнинг тасаввурларида пайғамбар қандайдир бошқа ғайриоддий хусусиятларга эга бўлиши керак.

«Улар дедилар: «Бу не расулки, таом еб, бозорда юрадир?!»

Пайғамбарлар оддий одамлардир. Улар ҳам таом ейдилар, бозорга бориб, савдо-сотиқ қиладилар ва бошқа тирикчилик ишларини бажарадилар. Мушриклар ўзларича бу ишларни қусур, пайғамбарга тўғри келмайдиган иш деб баҳолашарди. Уларнинг фикрича, пайғамбар овқат емаслиги, бозорда юрмаслиги ва инсонга оид бошқа ишларни қилмаслиги керак.

«Унга бир фаришта туширилса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди».

Чунки кофирларнинг фикрича, одамдан кўра фаришта пайғамбар бўлишга лойиқроқдир.

Лекин улар Аллоҳ таоло Одамни яратибоқ, фаришталарни унга сажда-таъзим қилишга буюрганини унутишади. Яъни Аллоҳ таолонинг ҳузурида Одам фаришталардан устун эканини эсдан чиқаришади.

Одамларга йўлбошчи, уларга ўрнак бўлиш учун ўзларига ўхшаш одамдан пайғамбар бўлиши улкан ҳикматга эга эканини улар қаердан билишсин?!

Аллоҳ таоло юқоридаги даъволарга жавобан Фурқон сурасининг давомида қуйидагиларни айтади:

«Сендан олдин юборган расулларимиз ҳам таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қилармикансизлар?! Poбинг кўриб турувчидир» (20-оят).

«Эй ҳабибим Муҳаммад, сен мушрикларнинг қилаётган бўҳтонларидан хафа бўлма. Уларнинг гаплари эътиборсиз. Жумладан, «Бу қандай пайғамбарки, таом ер ва бозорларда юрар», деган гаплари ҳам беҳуда.

«Сендан олдин юборган расулларимиз ҳам таом ер ва бозорларда юрар эдилар».

Сенга ўхшаган таом еб, бозорларда юрадиган оддий инсонни пайғамбар қилишимиз янгилик ёки ажабланадиган иш эмас. Бу қадимдан жорий қилинган иш. Бу ишга қарши чиққанлар сенга эмас, Аллоҳнинг жорий одатига қарши чиққан бўлишади. Биз шундай қилиб

«Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик».

Оддий инсондан пайғамбар юбориб, одамларни синовга учратдик. Баъзилари синовдан ўта олмай: «Оддий инсон ҳам пайғамбар бўладими?» деб йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлари эса иймонлилар учун синов бўлди. Қани,

«Сабр қилармикансизлар?!»

Мушрикларнинг инкорига чидаб, илоҳий даъват оддий ин­сон воситаси ила тарқалишига сабр қила олармикансизлар?

«Роббинг кўриб турувчидир».

Роббинг ҳар бир нарсанинг зоҳиринигина эмас, ҳақиқатини ҳам кўрувчи Зотдир. Шунинг учун Ўзи билиб, ҳикмат ила тасарруф қилади. Бандаларнинг иши Аллоҳнинг тасарруфини муҳокама қилиш эмас, балки амрларини бажо келтиришдан иборатдир.

 

ПАЙҒАМБАРЛАР МАЪСУМДИР

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирдан-бир сифатлари уларнинг маъсумликларидир. Яъни маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур етказадиган ва инсонлик қадрини кетказадиган нарсалардан йироқ бўлишларидир.

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг гўзал ахлоқлилари, энг пок амал қиладиганлари ва тасарруфларининг тўғриларидир.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликлари «исмат» тушунчаси асосидадир. «Исмат» сўзи луғатда «ман қилиш», «сақлаш» маъносини англатади. Шаръий маъноси эса – «Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларини гуноҳ ва маъсият ҳамда мункар ва ҳаром ишларни қилишдан сақлашидир».

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини хулқий ва халқий (жисмоний) нуқсонлардан ҳамда бошқалар нафрат қиладиган иллатлардан ҳам асраган, чунки Аллоҳ таоло одамларни у зотларга эргашишга, уларни етакчи деб билишга ва уларнинг йўлидан юришга амр қилган. Пайғамбар алайҳиссаломлар барча инсонларга яхши ўрнакдирлар. Агар улардан маъсият ва мункар ишлар содир бўлиши жоиз бўлса ёки улар­дан мазкур нуқсонлардан бирортаси мавжуд бўлса, у нарсалар шариатда бор нарсаларга айланиб қолади. Бу эса мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини маъсум қилган, барча пайғамбарларни Ўзининг доимий инояти ила сийлаган. Шунингдек, Яратувчи Зот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Роббингнинг ҳукмига сабр қил. Сен риоямиздасан», деган (Тур сураси, 48-оят).

Афсуслар бўлсинки, бошқа динларда пайғамбарларга турли гуноҳларни қилганлик нисбати берилади.

 

ПАЙҒАМБАР ОМОНАТДОРДИР

Бунда пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг ўзларига Аллоҳ таолодан берилган рисолатни, бир ҳарфини ҳам ўзгартирмасдан, омонат ила умматларига етказишлари кўзда тутилган. Улар Аллоҳ таолодан келган ваҳийни одамларга етказадилар. Унинг бирор ҳарфини камайтирмайдилар ҳам, унга бирор ҳарф зиёда қилмайдилар ҳам.

Бу маънода Аллоҳ таоло Қуръони Карим ҳақида ва Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васалламнинг уни омонат ила етказишлари ҳамда агар, фаразан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу омонатга хиёнат қилсалар, у зотни дарҳол жазолаши ҳақида Ҳаққо сурасида қуйидагиларни айтади:

«У (Қуръон) карамли расулнинг сўзидир» (40-оят).

Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзидир.

Бу ерда Қуръони Каримнинг Набий соллаллоҳу алайҳи га нисбат берилиши у зот соллаллоҳу алайҳи ва­саллам у каломни тиловат қилувчи ва кишиларга етказувчи эканлари эътиборидандир.

«...а у шоирнинг сўзи эмас. Нақадар оз ишонасиз-лар-а!» (41-оят).

Яъни «Шундай эканига ишонмайсизлар».

«...ва у фолбиннинг сўзи ҳам эмас. Нақадар оз эслайсизлар!» (42-оят).

Яъни «Эсламайсизлар».

«У оламлар Роббидан нозил қилингандир» (43-оят).

Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз сўзлари эмас, оламларнинг Робби томонидан нозил қилинган каломдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васаллам уни етказувчи – омонатдор шахс, холос. Агар у зот Қуръоннинг ҳаммасини ёки битта сурасини ўзларидан тўқиб, «Бу Аллоҳнинг каломи», дейиш у ёқда турсин, баъзи бир сўзларни тўқиб, Аллоҳ таолога нисбат берсалар ҳам, соғ қолишлари мумкин эмас эди.

«...ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиганида» (44-оят).

Яъни агар Муҳаммад, мушриклар даъво қилаётганларидек, Бизнинг номимиздан баъзи сўзларни тўқиса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-саломат, турли мўъжизаларга соҳиб бўлиб, гуноҳлардан маъсум, одамларнинг ёмонлигидан қўриб юрилмас эди. Ундай бўлса,

«Биз уни қудрат билан тутган бўлар эдик» (45-оят).

Яъни «Биз ундан Ўз қувватимиз ва Ўз қудратимиз ила иитиқом олар эдик».

«Сўнгра унинг шоҳ томирини кесамиз» (46-оят).

«Шоҳ томир» деганда юракнинг бош томири тушунилади. Албатта, бу томири узилган одам соғ қолмайди, дарҳол ўлади. Демак, агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга ўзларича бирор нарсани қўшиб: «Бу ҳам Аллоҳдан», дегудек бўлсалар, Аллоҳ у зотни дарҳол ҳалок қилиши турган гaп экан. Бу Қуръони Карим Аллоҳнинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.

«Сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қолувчи бўлмас» (47-оят).

Яъни, фаразан, Биз уни азобламоқчи бўлсак, сизлардан ҳеч бирингиз Муҳаммадни Бизнинг азобимиздан тўсиб қола олмайди.

Бошқа пайғамбарларга муносабат ҳам худди шундай.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Пайғамбар эркаклардан бўлади;

Пайғамбарлар ўз қавмининг тилида юборилган;

Пайғамбарларнинг фазл даражалари;

Пайғамбарларнинг вазифалари;

Пайғамбарларнинг мўъжизалари.

 

[1] Ҳозирда ушбу ҳудудга «Муҳассир водийси» деб ёзиб қўйилган. Ҳожилар ҳайит куни тонг отганида Муздалифадан Минога қайтаётиб, бу ердан тезроқ юриб ўтишлари суннатдир.

[2] “Пайғамбар” сўзи форсча бўлиб, “пайғом” – хабар, “бар” етказувчи демак.

Юқумли хасталикни тез орада инсоният бошидан аритишини Аллоҳдан сўраган ҳолда Тошкент ислом институти талабалари ҳамда талаба қизлари томонидан 97 марта "Хатми Қуръон" қилинди.
Шунингдек, талаба қизлар "Саҳиҳул Бухорий" китобини хатм қилдилар.

?@Oliymahad

 

Ҳурматли юртдошлар!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгаши карантин даврида осойишталикни сақлаш ва инсон соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадидаги ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақиради.

Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус хасталигига чалинган беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган кишиларни ўз вақтида аниқлаш ва инфекция тарқалишининг олдини олиш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан бир қатор чекловлар ва  муайян чоралар кўрилмоқда. Жумладан:

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилади. 

25 март кунидан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади.

Тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган «тадбиркор»ларга қатъий чоралар кўрилади.

23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан қатъи назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.

Барча савдо ва дехқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилиши кабилар қарорда маълум қилинди.

 

Тартиб-интизом ва ишбошиларга итоат – вожиб (шарт)!

Азизлар, бундай ҳолатларда тартиб-қоидаларга беписанд бўлиш, нафақат қонунни бузиш, балки шаръий томондан ҳам тўғри бўлмайди. Чунки ишларда кўпчилик томонидан сайланган раҳбарларга, ҳукуматга бўйсунишнинг лозимлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Қуръони каримда бундай баён қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) ишбошиларга итоат этингиз!» (“Нисо” сураси, 59-оят).

Имом Табарий “ишбошилар” сўзининг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг “Улар сизлардан бўлган амирлар”, деб изоҳ берганини ривоят қилганлар.

Маълум бўладики, мусулмон киши, аввало, Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, дин ва дунё ишларидаги ишбошиларга, агар улар гуноҳга буюрмасалар, итоат этиши вожиб бўлади. 

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ислом уламолари “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарз айн даражасигача кўтарилади”, дейдилар. Демак, Ислом динида итоат қилиш ибодат даражасига кўтарилган ва мўмин-мусулмонлар айни ҳозирги ҳолатда табиблар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари жуда ҳам зарур.

 

Карантинни бузиш жоиз эмас!

Ҳозирги мураккаб шароитда амалга оширилаётган тушунтириш ишлари ва кўрилаётган чораларга қарамасдан, карантин тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар ҳам учрамоқда.

Инсон карантин ва чекловни бузиши ёки касаллик ўчоғига борганлик, беморлар билан мулоқотда бўлганликни яшириши нафақат ўзи, балки жамият учун ҳам катта хавфдир. Масалан, жорий йилнинг 15 мартидан 23 март кунига қадар юртимизда ушбу касаллик 46 нафар шахсларда аниқланган бўлса, касалларнинг 16 нафари 1 бемор билан мулоқотда бўлганлар. Демак, бундай вазиятда энг асосийси, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишдир.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Италия давлатида коронавирус кенг тарқалишининг асосий сабаблари – карантин чораларини татбиқ этмаслик, жамоат транспортлари ва жойлардаги ҳаракатларни чекламаслик ҳамда соҳа мутахассислари фикрларига қулоқ солмасликдир. 

Демак, карантин даврида шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидалари, айниқса, вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, пандемия даврида фуқароларнинг турли жойларда тўпланиши, ҳар хил йиғинлар қилишлари, шу жумладан, масжидлар олдида жамоат ҳосил қилишлари ҳам карантин талабларига хилофдир. Бундай ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар республика махсус комиссияси томонидан белгиланган чораларни қўпол равишда бузишлари баробарида, аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликлари, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари ҳамда бу каби ишларга қўл урмасликлари зарур.

Ислом дини таълимотларида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касал туялари бор киши уларни соғлом туялари бор кишининг туялари олдига келтирмасин”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир ерда вабо (тарқалгани)ни эшитсангиз, у ерга кирманглар. Агар сизлар турган ерда шу нарса (вабо) бўлса, у ердан чиқиб кетманглар”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бугун карантин чораларига қатъий риоя қилиш зарурлигини тушуниб етдик. Гарчи юртимизда саноқли кишилар вирусни юқтирган бўлса-да, лекин ҳаммамиз – юртимизнинг 34 миллиондан зиёд фуқароси бир тану бир жон бўлиб ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!» (“Моида” сураси, 2-оят), дейилган.

Демак, жамият соғлигини сақлаш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилиш – Ислом дини тавсия этилган амаллардандир.

 

Касаллик манбаларидан сақланиш ҳаётий муҳим талабдир

Касаллик тарқашига замин бўладиган воситалардан бири бу – жамоат транспортлари. Тошкент шаҳрида транспорт турлари ҳамда қатнов кўламининг кенглиги, йўловчилар оқими юқорилиги касаллик тарқалишида муҳим омил бўлишини инобатга олиб, Тошкент шаҳрида автобус, метро ҳамда йўналишсиз такси қатновлари вақтинча тўхтатилди.

Пойтахтимиз аҳолиси бундай чораларнинг барчаси биринчи галда уларнинг саломатлигини асраш мақсадида амалга оширилаётганини тушунадилар.

Яна бир муҳим масала: барча савдо ва деҳқон бозорларида, савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш мутахассислари фикрига кўра, ижтимоий масофаланиш – коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг муҳим чора экан. Жамоат жойларида аҳолининг ўзаро яқин масофада бўлишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу чора «ижтимоий масофаланиш» деб номланади. Ижтимоий масофаланиш, оддий қилиб айтганда, бу – одамлар ўртасидаги масофани 2 метр атрофида сақлашдир.

 

Пандемия – тафриқа эмас, бирлашиш вақти

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётганларга нисбатан айтар сўзимиз шуки, бугунги синовли пайтларда барчамиз бирлашиб, халқимизга тўғри ва асосли маълумотларни тарқатиш орқали ушбу оғир хасталикни енгиб ўтайлик.

Ҳозирги масъулиятли онларда зинҳор шайтон васвасасига берилмаслигимиз керак. Ҳар қандай қийинчиликни бирдамлик, ҳамфикрлик билан енгишимиз мумкин. Тарихда ҳам халқимиз бундай машаққатларни бошидан ўтказган, сабр-қаноатлари ва кучли имонлари билан уларни енгиб ўтган. Бу сафар ҳам, бу касалликни Аллоҳ таолонинг мадади ила биргаликда енгамиз.

Бундай вазиятларда биз, аҳли илм, олим уламоларимизнинг кўрсатмалари ўлароқ динимизнинг аҳкомларига асосан мўмин-мусулмонларни, айниқса бундай пайтларда ваҳима тарқатиб оммани саросимага солувчи айрим инсонларга таълим ўлароқ, Ислом динимиз таълимотларига амал қилишларига ундаб қоламиз.

Ҳар қандай машаққатга сабр қилиш энг афзал иш эканига хушхабарлар бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур» (“Зумар” сураси 10-оят). Шундай экан биз ҳам саноқлик кунларда имтиҳон ўлароқ юртимиздан Яратганнинг Ўзи бу касалликни кўтариб яна тинчлик ва саломатлигимизни барқарор қилсин.

 

Хулоса

Айтиб ўтилган чораларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир юртдошимиз саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилгандир.

Шундай синов даврида фуқароларимиздан осойишталикни сақлаб қолишни, ваҳимага берилмасликни, асоссиз маълумотлар таъсирига тушмасликни яна бир бор сўраб қоламиз. Унутманг, ҳукуматимиз, мутасаддилар ва шифокорлар сизнинг соғлигингиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қайғурмоқдалар.

Коронавирусга қарши биргаликда кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш ўзимиз, оила аъзоларимиз ва юртдошларимиз саломатлигини асраш борасидаги энг тўғри йўл эканини унутмайлик.

 

Дуою тазарруда бўлиш айни муддао

Азизлар, бугун ҳижрий йил ҳисоби бўйича Ражаб ойининг 27-кунидир. Шу кунда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳақ таолонинг ҳузурига кўтарилганлар. Бу кун “Исро” ва “Меърож” воқеаси билан тарихда машҳурдир. Жалолуддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Жоме ал Кабир» китобида қуйидаги ҳадиси шарифни зикр қилади: “Ражаб ойида шундай кеча борки, бу кечада амал қилган киши учун юз йиллик ҳасанот ёзилур”. Кимки шу кунда тавсия этилган ибодатларни адо этиб, шундан кейин дунё ва охират ишларида хоҳлаган нарсани сўраб дуо қилса, Аллоҳ таоло барча дуоларини ижобат қилади, деган мазмундаги ривоятлар келган (Мулла Али Қорий, “Ал-адаб фи Ражаб»).

Дуолар мустажоб бўладиган шундай вақтларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай синовли вазиятларда Аллоҳ таолога юзланиб, гуноҳларимизга истиғфор сўраб, тавба-тазарру этиб, бир-биримизнинг ҳақимизга хайрли дуолар қилишни тавсия этади.

Азиз юртдошлар, аждодларимиз бундай синовларни донишмандликка хос вазминлик билан енгиб, эртанги кунга катта ишонч ва умид боғлаб, дуо ва илтижо ила интилиб яшашган. Янада ҳамжиҳат бўлсак, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, албатта, бу бало Ҳақ таолонинг изни ила юртимиздан чекинади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолари Кенгаши

 

Милодий 2020 йил 22 март

Ҳижрий 1441 йил 27 Ражаб

Top