Фиқҳ

7 саволга 7 жавоб: Қазо намози

1-савол: Қазо намозларни қайси пайт ўқиган маъқул? 

Жавоб: Аслида намозларни иложи борича ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиш керак. Инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Ана шу ҳолатлар сабаб намоз қазо бўлиб қолса, уларни адо этишга маълум бир вақт ажратилмаган. Аммо куннинг уч вақтида – кун чиқаётган, қуёш тиккага келган ва кун ботаётган вақтларда ўқиб бўлмайди (“Баҳрур роиқ”). 

2-савол: Аёл киши умра қилаётган вақтида ҳайз кўриб қолса, нима қилади? 

Жавоб: Аёл киши умра қилаётиб ҳайз кўриб қолса, шу ерда умрасини якунлайди ва сочини қисқартириб, эҳромдан чиқади. Ҳарамдалик вақтида ҳайзи тўхтаса, умранинг қазосини адо қилади. 

3-савол: Боши билан имо-ишора қилиб ҳам намоз ўқий олмаган киши соғайгач, ўқимаган намозларининг қазосини ўтайдими? 

Жавоб: Боши билан имо-ишора қилиб ҳам намоз ўқишга қодир бўлмаган киши кўзлари ёки қошлари билан имо-ишора қилиб намоз ўқимайди. Соғайгач ёки касали енгиллагач, қаралади, агар бир кечаю кундуздан ортиқ намоз ўқий олмаган бўлса, қазосини ўқимайди. Агар ундан кам бўлса, қазосини ўтайди. 

4-савол: Кўп йиллик намозларим қазосини ўқишим учун тартибга риоя қилишим керакми? 

Жавоб: Йўқ. Қазо намозлар бир кунлик, яъни беш вақт намоз бўлса, ўшанда тартибга риоя қилинади. Агар, қазо намозлар олти вақтдан кўпайиб кетса, тартибга риоя қилинмайди (“Ҳидоя”). 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобалар Ҳандақ куни муҳораба сабабли уч вақт намоз – пешин, аср ва шом намозларини вақтида адо этишолмайди. Кечқурун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Билол (розияллоҳу анҳу)га азон айттириб, тартиб билан аввал пешин, кейин аср ва охирида шом намозларининг қазоларини ўқишган ва: “Мен намоз ўқиганим каби намоз ўқинглар”, деганлар. 

Қазо қилинган беш вақт намозларнинг орасида тартиб фарздир (Жомеъур Румуз). 

Агар ўтказиб юборган намозлар олти вақтдан ўтиб кетса, хоҳлаганидан бошлаб қазосини ўқиса бўлаверади (“Мухтасарул Виқоя”). 

5-савол: Витр намозидан кейин қазо намозларни ўқиса бўладими? 

Жавоб: Ҳа. Витр намозини ўқиганидан сўнг қазо ёки нафл намозлар ўқилаверади. 

6-савол: Бомдод намозини уйда ўқийману, лекин иш юзасидан баъзан пешин ва аср намозларини ўқишнинг имкони бўлмай қолади. Ишдан қайтиб, уйда уларнинг қазосини ўқисам, гуноҳкор бўлмайманми? 

Жавоб: Ҳар бир балоғатга етган мўмин ақли жойида бўлса, унга намоз ўқиш фарздир.

Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир” (Мунофиқун, 9), дея марҳамат қилинган. 

Намоз ҳақида ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Менинг наздимда сизларнинг энг муҳим ишларингиз намоздир...” 

Ухлаб қолиш, вақт ўтганини билмасдан ўтказиб юбориш узр ҳисобланади. Унда билган заҳоти намознинг қазосини ўқиб олиши керак бўлади. 

Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Уйқуда камчилик, масъулиятни сезмаслик йўқ, камчилик ва масъулиятни сезмаслик уйғоқ пайтдадир. Қачон сизлардан бирингиз намозни унутса ёки ухлаб қолса, уни эслаган вақтида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: “Намозни мени эслаган вақтингда қоим қил!” деган” (Имом Муслим ривояти). 

Аммо намозни ҳеч қандай узрсиз тарк қилиш, билатуриб ўқимаслик улкан гуноҳдир. 

Айниқса, ҳозирги пайтда юртимизда намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни адо этиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бизнинг турли баҳона ва важларимиз ўринсиз экани аён. Чунки намозларнинг вақти бизлар улгуришимиз учун етарлидир. 

Шунинг учун ўзини англаган ҳар бир мусулмон дарҳол тавба қилиши, Аллоҳга қайтиши, намоз ўқишни ўрганиб, қазоларини ҳам адо этишни бошлаши лозим бўлади. 

7-савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари, саволим шундан иборатки, беш вақт намоз ўқиб юрган киши, ишлари кўпайса, намозни қазо қилиб ўқиши мумкинми? 

Жавоб: Куръони каримнинг Нисо сураси 103-оятида: “Намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз этиб) белгилангандир”, дейилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амалларнинг яхшиси ўз вақтида ўқилган намоздир” деганлар. Демак, мўминларга намозни вақтида ўқиш фарз қилинган. Уни узрсиз кечиктириб ўқиш мумкин эмас. Узр эса ухлаб қолиш ёки унутиб қўйиш билан бўлади. Имкон бўлса, намозни вақт кириши билан ўқиш афзал, бўлмаса белгиланган вақт ўтиб кетмасидан ўқиб олиш лозим. 

Фақат ҳаж ибодатини бажараётганлар Арафотда пешин билан асрни, Муздалифада шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқийдилар. 

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир намозни ухлаб қолиб ёки унутиб ўқимаган бўлса, ёдига тушганида ўқийди”, деганлар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 69939 times
Top