Рамазон

Рамазон-Қуръон ойи

Рамазон Қуръон ойи, муқаддас Ислом динимизни асл негизи бўлган Аллоҳнинг каломи Қуръон айни шу ойда Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган китобдир.

Аллоҳ Қуръони каримда «Албатта, зикр(Қуръон)ни биз нозил қилдик ва албатта, уни муҳофаза қилурмиз»(Ҳижр, 9-оят), деб марҳамат қилади.

Рамазон ойи рўзасини тутмоқлик динимизнинг бешта арконидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир. Бу ойнинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканлигида. Биз айнан шунга эътиборимизни қаратадиган бўлсак, таровеҳ кечаларида хатми Қуръон бўладиган масжидларда қориларимизнинг қироатларидан баҳраманд бўлсак энг катта ютуқни қўлга киритган бўламиз .

Бу йилги Рамазон ҳам ўзгача файзу таровати билан кириб келди. Юртимизда мингдан зиёд масжидларда қориларимиз томонидан хатми Қуръонлар қилинмоқда. Албатта, бу хатмларда ўзгача файз бағишлаётган қориларимиз ҳисобланади. Бундай қорилардан мингдан ошиғи ҳозирги кунда халқимиз хизматида бўлиб, масжидларда Қуръон хатмларини қилиб бермоқдалар.

Ҳар бир муъмин ва мусулмон  ушбу Қуръон ойида, Аллоҳнинг каломига муҳаббатини зиёда қилмоғлиги зарур, чунки бу ой шунчалик фазилатлики уни топмоқлик ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бу ойда Юртимиздаги масжидларда бўлаётган таровеҳ намозидаги хатмоналарга ғайрат билан қатнашиб, Аллоҳнинг раҳматига муяссар бўлиш бахтига эришайлик.

Бугун, Аллоҳ таолонинг охирги ва сўнги китоби бўлмиш Қуръони Каримни тиловат қилишлик кишининг нафсини поклиги ва ахлоқини сайқаллашига жуда катта таъсири мавжудлигини бутун инсоният яхши билади.

Қуръони Карим тиловати жуда ҳам фазилатли амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Фотир ” сурасида: Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.

    Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.”,  деган. (Фотир, 29-30 оятлар)

Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам, юқоридаги ояти каримада мўъминлар сифатлари баён қилинган пайтда биринчи бўлиб Қуръон тиловати келтириляпти.

Ушбу ойда ҳар биримиз эзгу ва хайрли амаллар қилишга ҳаракат қилмоғимиз мақсадга мувофиқдир.  Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва мазкур амалларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади.

Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Кимда-ким Рамазон ойида бирор-бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”. (Байҳақий ривояти)

Шу сабабали хайрли амалларимизни мана шу Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» – деб марҳамат қилган. (Бақара, 185-оят).

Қуръон билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва қизиқиш билан Раббисининг Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади.

Рамазон яқинлашган сайин ҳар куни намозхонлар рўза ва хатми Қуръон ҳақида сўраб суриштиришади, масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони Карим хатми бошланади. Бу эса уларнинг Аллоҳнинг китобига бўлган муҳаббатлари, иштиёқлари баланд эканлигини кўрсатади.

Рамазон – Қуръон ойи, сабр ойи, тақво ойи, дилни поклаш, тавбага юзланиш ойи. Бу қутлуғ онларда инсон танаси покланади, қалби қувват олади, дили нурга тўлади.

Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.

У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.  Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг Рамазон ойи кирса, ҳадис ўқишдан тўхтаб, Қуръон билан машғул бўлишлари нақл қилинган. Абдур Раззоқ айтадилар: “Суфён Саврий Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар”.

Ўтган улуғларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига эътиборларини қаратганлар.

Рамазон ойини ғанимат билиб, имкон қадар Қуръони Каримни тиловат қилиш, Таровиҳ намозидаги Қуръон хатмларида иштирок этиш билан Рамазонни ўтказган инсон нақадар бахтли инсондир!

 Аллоҳ таолога чексиз ва беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни ҳеч бир хавф-хатарсиз, Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўляпмиз. Таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилиб, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилиняпти. 

Азизлар, ушбу “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном олган жорий йилимизда юртимиз мўмин-мусулмонлари буюк ва мўътабар бўлган халқимизнинг дуоларини олиш шарофатига муяссар бўлган ҳолда барча оилалар ўртасида ўзаро аҳиллик, муҳаббат, тарбия ва руҳий фароғат қарор топиши учун тинмай ҳаракат қилишмоқда, зеро бу Қуръон ойи бўлган муборак Рамазон ойи дилларга сурур бахш этадиган ойдир.

Аллоҳ таоло Рамазонни барчаларимизга муборак ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин!

Кириб келган Рамазон ойи барчаларимизга муборак бўлсин! 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси 

А Абдуллаев.

Read 82281 times
Tagged under
Top