Рамазон

Ҳар тунинг “Қадр” ўлибон....

“Қадр” қадри улуғ, фазилати буюк қилинган кечадир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!)ҚадркечасинимаэканиниСизга не ҳаманглатур?!Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар.У (кеча) то тонготгуничасаломатликдир” (Қадр, 1–5).

Бу кечада Қуръони карим «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга туширилди, Жаброил (алайҳиссалом) бошчилигида фаришталар ерга туширилади, бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади. Шу сабабли ҳам мўмин-мусулмонлар бу кечани тоат ибодат билан ўтказишлари лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (алайҳиссалом): “Ким Лайлатул Қадрни имон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Термизий ривояти).

Ислом уламолар кечани қойим ўтказишнинг қандай бўлиши борасида батафсил тўхталиб ўтганлар. Бу кечада хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқиш, кечанинг қолган қисмида эса нафл намози ўқиш, Қуръони карим тиловати билан банд бўлиш лозим.

Агар бу амаллар имон ва ихлос билан адо этилса, гуноҳлар мағфират этилиши ваъда қилинмоқда ҳадиси шарифда.

Бу кечада қилинадиган ибодатларнинг ажри минг ой қилинадиган ибодатларга тенг экани ҳадисларда келтирилади. Бу ҳам уммати Муҳаммадга Аллоҳ таолонинг бир инъоми, марҳаматидир.

Қадрнинг Рамазон ойининг қайси кечасида экани ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келтирилган. Оиша (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар ва “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар” деб эдилар (Имом Термизий ривояти).

Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадисда эса бундай дейилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда ва беш кеча қолганда”, дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Аҳад қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Лайлатул Қадр  йигирма еттинчи кечададир”.

Уламоларнинг иттифоқига кўра эса Рамазоннинг охирги ун кунлигининг  тоқ кечаларининг баврчасини бедорликда ўтказиш фазилатли амал саналади. Бу кечаларда қилинган ибодатларга улкан ажрлар берилади, иншоаллоҳ!

Аслида эса ушбу муборак ойнинг ҳар бир кечасини муборак билиш янада фазилатлироқдир!

Аллоҳ таоло барчамизгна қадр кечасининг барокотидан тўлиқ улуш олишни насиби рўз айласин!

Нигора МИРЗАЕВА

Read 97789 times
Top